1. Skip to Menu
  2. Skip to Content
  3. Skip to Footer

Дунё «юлдуз»лардан зерикди

Инсон бир кишини бошқалардан ажратиб кўрсатиш учун баъзида мақтовни керагидан ошириб юборади. Шу равишда юлдузлик касалини келтириб чиқарган «юлдуз» (звезда), «супер юлдуз» (супер звезда), «энг ёрқин юлдуз» (самая блестяшая звезда) каби бир қанча муболағали ифодалар кўпайиб кетган. Мақтаб сифатлашга бошқа сўз топа олмай қийналиб қолишяпти. Бунақа ҳар турли «юлдуз»ларга ер тўлиб кетди. Бу ёққа қарасанг ҳам «юлдуз», у ёққа қарасанг ҳам «юлдуз». Баъзида бир нечта «юлдуз»нинг «Мен юлдузман» деб талашганларини, бирор бир тантанада навбат ва иззат талашиб жанжал қилганларини эшитган одамнинг кулгиси келади.
Бу ёзилганлар «юлдуз»лар ва улар атрофидаги ҳодисаларга ташқаридан назар солиш эди. Энди «юлдуз»ларнинг ички тарафига кўз ташлаб кўрамиз.
Улар «юлдуз»лик даражасига етиш учун анча-мунча тер тўкканлари аниқ. Кимлардир осон ва тўғри йўллар билан, ўз истеъдоди туфайли, яна кимлардир қинғир-қийшиқ йўллар билан бу номга эришади. Улар энди атрофдагилар учун оддий инсон бўлиб қолиши жуда қийин. Чунки давраларнинг тўри уларники, одамлар тўй-ҳашамларини ҳам уларнинг вақтига қараб мўлжаллашади, шундайки, баъзида одамлар бир-неча ойлаб навбатда туришади, кунора журналистлар йўқлаб туришади, айниқса, байрамлар ва тадбирларда уларга олдиндан таклифномалар берилади, кундан-кунга танишлари сони ортиб бораверади, уларга илтимос билан келувчилар сони кўпаяди, улар илтимос билан бирор кишига мурожаат қилишса, зудлик билан амалга ошиб кетаверади, телевидение-радиода чиқмай қолишса, одамлар «фалончи, нега кўринмай қолдингиз» деб безовта қилишади, касал бўлиб қолса, атрофи одамга тўлиб кетади... Хуллас, уларнинг ҳар бир босган қадами ҳам, кийган кийимию еган овқати ҳам, ичадиган ичимлиги ҳам одамларнинг эътиборидан четда қолмайди, агарчи «ўҳ-ҳў» деб йўталиб қўйишса ҳам, одамларга ошкор бўлади. Энг кулгилиси, баъзи аёл санъаткорларнинг неча ойдан сўнг туғруқхонага боришини ҳам ёзишади.
Айрим «юлдуз»лар машҳурликдан ўзларини йўқотиб қўйишмайди, айримлари эса, қандайдир даражада такаббурликка берилиб, босар-тусарини билмай қолишлари ҳам мумкин. Машҳурлик касалидан ўзини йўқотиб қўймайдиганлар бир кун келиб «ўз осмонларидан ерга тушиб» қолсалар-да, халқнинг орасида оддий бир инсон сифатида умргузаронлик қилиб юраверишади, аммо машҳурликни нотўғри истифода қилганлар халқнинг орасига кира олмай қолишади.
Абдулла Ориповнинг бир тўртлигида машҳурликка берилиш, шон-шуҳратга ҳаволанишнинг оқибати чиройли фалсафа билан ўз бадиий ифодасини топган:
Гоҳо ер меҳрини ўйларкан,
Эсга тушар дорнинг сиёғи:
Ажаб ҳикмат — одам ўларкан
Узилганда ердан оёғи.
Шеърнинг биринчи ва зоҳирий маъноси: ернинг инсонга қанчалар меҳрибонлигини билиш учун дорнинг ишига қарамайсанми: одамнинг бошига сиртмоқ солиб тортганда унинг оёғини ердан узиб олади ва одам ўлади, ваҳоланки, дор ерда турибди, фақат у ернинг меҳрини унутиб қўйган одамни жазолади, токи бошқалар бундан ибрат кўзларини очиб олсинлар. Шеърнинг ички ва ботиний Маъноси шуки, инсон ўзи мансуб бўлган миллат ва халқнинг қадрини билиб, унинг ҳурматини оёқ ости қилмаслиги керак, агар у ўз миллати ва халқига нонкўрлик қилиб, ўзини улардан баланд тутса, албатта, инқирозга юз тутиб, заволга учрайди.
Санъаткорлар даврасига тез-тез аралашиб турадиган бир шоир дўстим бор. Дўстим менга улар ҳақида жуда кўп нарсаларни айтиб беради. Санъат соҳасида ўқийдиган бир қиз шоир жўрам билан танишибди. Кўришиб, суҳбатлашиб турадиган бўлишибди. Бир гал самимий суҳбат вақтида қиз шоирга ўзининг режаларини айтиб, илтимос қилибди. Илтимоснинг мазмунича, шоир қизга шундай бир ҳомий топиб берсаки, ўша ҳомий бу қизни «кўтариб» қўшиқчи санъаткор даражасига чиқарса, қиз ҳомийга ўзининг «қизлик» иффатини бағишламоқчи экан. Шоир кулибди-да: «Сенинг айтган нарсанг ҳомийлар сарфлайдиган миллион-миллион маблағнинг олдида арзимас нарса, улар кўпроқ нарсани хоҳлайди», дебди. Бечора қиз жим қолибди.
«Бобурнома»нинг бир неча жойида Заҳиридцин Муҳаммад Бобур бобомиз «мулкгирлик дағдағаси» деган иборани келтиради. Бу ибора «дунёни олишга интилиш, қизиқиш» маъносида ишлатилади. Яъни Бобур ҳазратлари демоқчиларки: «Мени подшоҳ бўлиш руҳида тарбиялашган, шунинг учун дунёни эгаллаш менинг доимий қизиқишим, интилишим бўлиб келган».
Юлдуз бўлишга ҳавасманд кишилардаги қизиқишни ҳам қандайдир маънода «мулкгирлик дағдағаси» деса бўлади. Улар ўз натижалари билан нафақат ўзи яшаётган диёр, балки бутун дунёни қойил қилгилари келади. Майли, қойил қилишсин, лекин адашиб кетишмасин. Ҳар кимни ҳам яхши орзуларига етказсин. Орамиздан юксак орзу-интилишни ният қилган халқ ёрдамчилари чиқаверсин. Оқибатлари ҳам хайрли бўлсин. Лекин «юлдуз» даражасига интиладиганлар бир кун келиб юқори даражадан осонгина қулаб кетишлари ҳам мумкинлигини ҳисобга олиб, халқ бйлан муомаласини тўғрилаб юрса, нур устига нур бўларди. Чунки ҳар бир сафарнинг охири бор, баланддан йиқилиш эса ҳеч қачон енгил бўлмаган.
Деярли ҳамма вақт такрорланиб турадиган ҳолат бор: кўпинча эмас доимо санъаткор аёлларга «Ё оилани танла, ё санъатни танла, дейилса, қайси бирини танлайсиз?» деган савол беришади. Бундан аёл киши иккаласидан биттаси билан бўлиши керак экан, деган фикр туғилиши ҳам табиий.
Лекин эркакларда ҳам мазкур савол айланиб туради. Ўтган кузда машҳур хонанда йигит билан бўлган суҳбат газетада эълон қилинди. У қаергадир концерт беришга кетган экан, уйда ўғлининг тоби қочиб қолибди. Уйдагиларнинг болани касалхонага олиб боришига тўғри келибди. Қачонки хонандага бу хабар етганда, у фарзандини кўриш учун шифохонага шошилибди. Унинг кўнглидан «Ўғлимга ҳеч нарса бўлмасин, ишқилиб, агар, Худо сақласин, бирор нарса бўладиган бўлса, санъатни тарк этаман» деган ният ўтибди. Ўғли қисқа бир вақтда соғайиб кетибди ва у хонандалигини давом эттиришга қарор қилибди.
Баъзи санъаткорлар у ёки бу сабаб билан санъатни тарк этиб кетганлари ҳақида ҳам бир-неча мисоллар бор. Лекин бу ерда уларнинг мисолларини келтириш шарт эмас.

Бахтиёр Муҳаммадамин Абдурраҳим ўғли

Ҳозир сайтимизда 82 та меҳмон бор, сайт аъзолари эса йўқ