1. Skip to Menu
  2. Skip to Content
  3. Skip to Footer

Жар ёқасида


Бир тарафдан сарлавҳа ўрнида берилган бу жумла англаш осон бўлган сўзларнинг ўзаро бирикмасидир. Нимадир бир ернинг ёқасида, четида турибди. Қулаш мумкин бўлган бир мавҳум жой. Ҳаёлга келган нарса шу, холос. Аммо бирикманинг қандай муаммони тасвирлаш учун ишлатилаётганига қараб муаммо кўлами, унинг сабабларини аниқлаш ва унга ечим излаб топиш анча қийинлашиб бораверади. Бугун жар ёқасида турган нарсаларнинг сони кўп бўлиши мумкин. Ҳар бир шахснинг ўз дунёси бўлиб, ҳар бир шахс учун жар ёқасидаги муаммоларнинг турлари ҳам ҳар хил. Омма эътибори учун ҳавола қилишни истаганимиз бу мақолада сўз юритадиган мавзу жамиятимизда, хусусан, кўплаб оилаларда диққат марказига айланиб улгурган – эркакларнинг никоҳдан ташқари енгил-елпи муносабатлари ҳақида бўлади. Жар ёқасида турган оила деган анъанавий мавзудан бироз четлаб, жар ёқасида турган эр ҳақида фикр юритамиз. Мақола ҳамма учун эмас, мақола кам сонли инсонлар учун, мақола уни ўқигандан кейин мен бугундан ўзгараман деб аҳд қилишга тайёр ҳақиқий мусулмон ўзбек юртдошларимиз учун. Ҳозир буни ўқиб мен ундай эмасман дея оладиган намунали эр мақомига лойиқ ака-укаларимиздан эса қуйидагиларни ўқиш жараёнида Яратганга ҳамд-у сано айтиб, аёлларига адолат қилишда давомли бўлишларини сўраб қоламиз. 

Ҳозирги кунда хоҳ у ёш оила бўлсин, хоҳ анча малакага эга бўлган йигирма йиллик қўрғон, эркакларнинг оиладан ташқарида “сокинлик” қидираётганига кўп гувоҳ бўлиб  турибмиз. Аксар аёлларнинг фикрича, эркакларнинг ҳаммаси хотинбоз ва буни ўзгартириб бўлмайди. Охирги пайтларда Facebook, Одноклассники, Telegram, Whatsapp каби мулоқот воситаларининг жамият ичида кескин оммалашиб кетиши бунга яна ҳам кенгроқ йўл очиб бераётгандек гўё. Лекин буларнинг ҳаммасига фақат ва фақат Интернет айбдорми? Ижтимоий тармоқдардаги гуруҳларми? Ёки эркакларни йўлдан оғдираётган шарм-ҳаёсиз қизларми? Ёки интернет воситалари орқали фахш тарқатишда кимўзар ўйнаётган ҳурматли эркакларимизнинг ўзларими?

Аслида эркакларнинг кўчадан “меҳр” қидириши бу аёл киши учун жуда ҳам оғир мусибат. Бундай ҳолатларга аёлларнинг ўзлари сабабчи бўлиши ҳолатлари ҳам кам эмас. Аёлларнинг лаёқатсизлиги, эрига етарли эътибор қаратмаслиги, уларнинг узлуксиз шикоятлари эрининг кўнглини совутиб қўйиши ва ҳоказолар ҳақида кўплаб ёзилган ва гапирилган. Айбни аёлларида деб биладиган эркаклар ана шу мақолаларни топиб аёлларини ислоҳ қилиш йўлида фойдаланишлари мумкин. Лекин айрим намунали рафиқалар, бир сўз билан айтганда “хотинликни қойиллатиб қўяётган” аёлларга нисбатан эрлари томонидан қилинаётган ҳиёнат ва зулмнинг жуда ҳам ҳунук тури катта ижтимоий ҳалокат бўлиб, буни вақтида англаб етишимиз ўта долзарбдир.

“Курсдошим билан гаплашсам нима қилибди? Ёки мен у билан ёмон ишлар қилиб юрибманми? Эри билан чиқиша олмаётган экан, шунга бироз дардини тўкди, холос. Шунга нима бўпти энди?”

Ҳозирги кунда муҳтарам эрларнинг шунчаки “бекорчиликдан”, “зерикишдан”, “у синфдошим, унинг ҳам эри бор, у ҳамма нарсадан хабардор” каби важларни кўрсатиб аёлларга қилаётган муомаласи бизнинг урф-одат ва анъаналарга чамбарчас боғланган ўзбек жамиятимизда аёллар учун ҳақиқий синов вазифасини ўтаб келяпти. Муҳтарама рафиқаларнинг кўпчилиги эса бунга кўз юмиб, оила тинчлиги, нима қилиб бўлса ҳам эрни сақлаб қолиш каби масалаларни кун тартибига қўймоқдалар. Аёлларга нисбатан қилинаётган бундай зулмни кузата туриб, аёлларга ҳамин қадар ачинсак-да, эркакларнинг қилаётган ишлари ва бу ҳатти-ҳаракатларнинг оқибатлари ҳақида ўйласак танамизни ачинишдан кўра кўпроқ ҳавотир ҳисси эгаллайди. Хавотиримизнинг боиси шундан иборатки, наҳот аёллар иддао қилганидек, ҳамма эркаклар “хотинбоз” бўлиб улгурган бўлса? Наҳотки? 

Бу саволга жавоб топишдан аввал, бу енгил-елпи муносабатларнинг келиб чиқиш сабабларига бир назар ташласак. 

Биринчидан, ҳозирги кунга келиб бизнинг жамиятимизда энг оммалашган мулоқот воситаси бу Facebook, Одноклассники, Telegram, Whatsapp каби ижтимоий тармоқ ёки тезкор хабарлар хизмати ҳисобланади. Ҳаммаси бир чапани синфдошимизнинг собиқ синфдошларни йиғиб, синфдошлар гуруҳи очиш таклифидан бошланади. Ёки бўлмаса, бир шўх дўстимизнинг бизни “топ” гуруҳлардан бирига қўшиб қўйиши биз учун янги дунё эшикларини очади. Ўғил-у қиз аралаш гуруҳ ўз фаолиятини бошлагач, жараён жуда секин давом этади. Аввало сиз мактабда ёқтирган бир қиз сизнинг телефон рақамингизни гуруҳ орқали аниқлагач, шахсийда сиздан хабар олади – “Яхшимисан, …?”. Биринчи қадам қўйилгач, мактаб даврларини эслайсиз, ширин хотиралар ёдга тушади. Кун келиб у ўз оилавий муаммоларидан гап бошлайди, эри чет элда, хабар олмайди, аёлини ёлғиз қолдирган, ёки етарлича эътибор бермайди, аёлига тоғ керак, эркак, таянч керак ва ҳоказо. Ўз навбатида сиз ҳам охирги пайтлар хотинингиз кўп нолийдиган бўлиб қолгани ёки борган сари ҳунуклашиб кетаётгани ҳақида нолишни бошлайсиз. Бечора аёлингизнинг айби сизнинг, ота-онангизнинг хизматини қилгани, уй юмушлари билан овора бўлиб ўзига эътибор бермай қўйгани бўлди. Хотин ёқмай турганда, сизга ана шу узоқдаги синфдошингиз билан суҳбатларингиз оромбахш туюлди. Энди сиз учун янгича бир кайфият бағишлаган синфдошингиз билан муносабатларингизнинг давоми қандай тус олади, Аллоҳ билади…

Иккинчидан, аёл кишининг ҳомиладорлик даври эр учун ҳам хотин учун ҳам муҳим давр ҳисобланади. Чунки бу даврда аёл киши турли қийинчиликларни бошидан кечиради. Кўнгли ҳар хил нарсаларни тусаши бир масала бўлса, инжиқ бўлиб қолиши иккинчи масала. Бундай синовли муддат ҳар қандай эркак учун осон кечмайди. Мана шундай муҳим бир вазиятда баъзи эркаклар кўчадан “меҳр” қидиришга тушади. Бечора аёлнинг айби аржумандингизни қорнида кўтариб юриб сизга ёқмай қолгани бўлди. Бечора аёлнинг айби ҳомиладорлиги сабаб юзларига бир нималар тошгани бўлди. Сизга нима заҳмат? Сиз осонгина бошқасига мурожаат қила қоласиз. Асабларни бузмайди, ул-бул сотиб олиб бер демайди, кўнглингизни хушлайди ва сиз яна ҳеч нима бўлмагандек уйга кириб келаверасиз. 

Шунингдек, эркакларнинг бундай муносабатларга ружу қўяётганининг улкан сабабларидан яна бирлари – кўп вақтни интернетда ўтказиш, асосан бекорчи нарсалар билан банд бўлиш, хусусан, ҳар хил беъмани гуруҳларнинг фаол аъзосига айланиш кабилардир. Сир эмаски, “Telegram” ёки шунга ўхшаш ижтимоий тармоқларда айни дамда бир неча юзлаб ўзбек гуруҳлар мавжуд бўлиб, кўплаб гуруҳларнинг аъзолари бир тўда йигит-қизлар ҳисобланади. Одатда, бу ёр-у биродарларнинг кўпчилиги диндан бехабар бўлади. Шариат аҳкомларига кўра, никоҳдан ташқари бўлган аёллар билан яқинлик ва мулоқот қандай бўлиши ҳақида ҳатто бошланғич тушунчага ҳам эга бўлмайди. Сиз эса ҳеч нарса бўлмагандек, "ишқий" муносабатларингизни аёлингиздан яширишга уринасиз. Ваҳоланки, сиз ёлғон гапирасиз. Аёлингиз сизни "тутиб олганда" эса сизнинг ягона баҳонангиз – “мен ёмон иш қилмаяпман”. Бундай иддао икки сабаб натижасида қилиниши мумкин. Биринчиси, билмаслик. Иккинчиси, аёлини гўл қилишга уриниш. Иккала томон ҳам яхши англаб етиши керак бўлган нарса эса қуйидагидир. 

Холид Саййиднинг “Интернет иймон, ахлоқ ва ақллар учун синовдир” мақоласида таъкидлашича, Европа фатво ва тадқиқотлар кенгаши раисининг муовини шайх Файсал Мавлавий йигит ва қизларнинг интернет орқали мулоқоти уларнинг бевосита мулоқоти кабидир деб айтган. Бундай мулоқот учун жиддий, асосли сабаб, шаръий зарурат (!) бўлиши лозим. Масалан, агар йигит билан қиз бир компаниянинг ходимлари ёки бизнес ҳамкорлар бўлишса, ишга тегишли масалаларни аниқлаштириб олиш учун интернет орқали мулоқот қилишлари мумкин (агар бошқа турдаги мулоқот имкони бўлмаса); агар улар синфдош ёки курсдош бўлсалар, ўқув жараёнига тегишли масалаларни бир-бирларидан сўрашлари, бошқа манбаадан билиш мумкин бўлмаган маълумотларни алмашишлари мумкин.

Иккинчидан, бундай мулоқотнинг мазмуни мазкур заруратга тегишли мавзулар доирасидан четга чиқмаслиги, яъни ишга ёки ўқув жараёнига тегишли гаплардан бошқа, бекорчи мавзуларга ўтилмаслиги, айниқса шариат ман қилган мавзуларга тааллуқли бўлмаслиги, йигитлар ҳам, қизлар ҳам ҳаё, ибо ва иффат доирасидан чиқмасликлари шарт.”

Минг афсуслар бўлсинки, муҳокама мавзуси бошидан охиригача фаҳшга ботган интернетдаги бу гуруҳларда эркаклар учун ҳам аёллар учун ҳам етарлича “қизиқарли” материаллар топилади. Энди мана шу гуруҳларнинг аксар аъзоларига назар ташланса (мукаммал статистика ўтказишни вақтни бекор сарфлаш деб билдик), улар оилали эркаклар бўлиб чиқади. Нафақат оилали, балки бир нечта фарзандларнинг отаси бўлса ҳам ажаб эмас. Бизга ўз хатида бу мавзуни кенг ёритиб, эркаклардан бундай одатларини бас қилишларини илтимос қилишимизни ёлвориб сўраган бир синглимизнинг гапларига кўра, у таниган-билган аёлларнинг юз фоизи (!) эркакларнинг бу одатини ва бунга қарши кураш чораси йўқлигини эътироф этади. 

Айниқса, эркакларнинг мана шундай енгил-елпи муносабатларни “хиёнат эмас” деб билишлари эса, тўғриси, биринчи эшитганимизда бизни ҳайратга солди. Зотан, бу ҳам зинонинг бир тури, яъни зинога олиб бориши мумкин бўлган бир қабоҳатдир. Ҳолбуки зинонинг ўзи эмас, унга яқинлашиш йўлларидан ҳам узоқ бўлишга буюрилганмиз. Бунга Қуръон буюрган. Аллоҳ таоло қуйидагича марҳамат қилади: “Ва зинога яқинлашманглар. Албатта, у фоҳиша иш ва ёмон йўлдир” (Исро сураси, 32-оят). Шуни биласизми? Билмаганлик катта айб ҳисобланмаса-да, мана энди билиб олингки, бундай мункар ишлардан қайтишингизда Яратганнинг ўзи сизга кўмакчи бўлсин. 

Кўпчилик учун, бу муаммо шунчалар илдиз отиб улгурганки, буни бартараф этишнинг иложи йўқдек гўё. 

Биринчидан, эркаклар учун бу иллатни бартараф этишда бирламчи услуб бу илм-маърифат йўлидир. Илм эса фарз. Яъни сиз бу нарсаларни билишингиз шарт. Имом Муслим, Абу Довуд ва Моликлар видолашув ҳажи ҳадисида Жобир розияллоҳу анҳудан ривоят қиладилар: «Бас, аёллар ҳақида Аллоҳдан қўрқинглар! Чунки сиз уларни Аллоҳнинг омонати ила олгансизлар. Уларнинг фаржларини Аллоҳнинг калимаси ила ҳалол қилиб олгансизлар...». Аёл киши Аллоҳ таоло вақтинча муддатга берган омонатдир. Омонатга қандай муносабатда бўлишингизга қараб эртага сиз бундан сўраласиз. Сиз яхшигина ҳисоб-китобдан ўтасиз. Сиз уни ҳурмат қилишингиз, асраб-авайлашингиз керак. Сизнинг аёлингизга қилган ҳар бир ноҳақлигингиз эртага ўзингизнинг бошингизга тош бўлиб қайтади, шуни ёдингиздан чиқарманг! 

Аллоҳ азза ва жалла айтади: «(Эй Муҳаммад), мўминларга айтинг, кўзларини (номаҳрам аёлларга тикишдан) тўссинлар ва авратларини (ҳаромдан) сақласинлар! Мана шу улар учун энг тоза (йўлдир)» (Нур: 30). Сиз учун энг тоза йўл қайси эканлигини сиз-у бизни йўқдан бор қилган Зот Ўз Китобида баён қилди. Келинг, тан олайлик. Бизни Яратган зотнинг қонун-қоидаларига бўйсуниш бизни фақат яхшилик сари етаклайди. Бизга фақат наф келтиради. Бу дунёйимизда ҳам у дунёйимизда ҳам бизнинг яхши амалларимиз бизнинг кўзларимизни қувонтиради. Шундай экан, тоза йўлни танланг, кирликдан йироқ бўлинг.

Иккинчидан, инсоф билан бир тасаввур қилиб кўринг. Сизнинг аёлингиз ҳам бир “синфдоши”ни топиб олди, ёки бир йигит билан танишди, у билан интернет мулоқот воситалари орқали дардлашяпти, пинҳона эмас, ошкора қиляпти буни, камига нима деяпти денг, “Мен у билан ёмон ишлар қилиб юрибманми, шунчаки синфдошим/танишим, холос. Бу қанақасига хиёнат бўлсин”, деяпти. Хўш, ўзингизни яхши ҳис қиляпсизми? Давом этамиз, сиз ишдан чарчаб келинг-да, иш оғир бўлганлиги, муаммо кўпайиб кетганлиги ва ҳоказолар билан аёлингизнинг бошини қотиринг. У эса устбошини олсинда, чиқиб кетсин. Эртаси эрталаб кириб келсинда, ҳеч нима бўлмагандек бағрига босиб эркаласин. Эндичи, ўзингиздамисиз? Йўқ, аёлингиз ундай қилмади. Қилмайди ҳам, у сизга бутун борлиғини бахшида қилди. Сиз уни ҳалоллаб уйландингиз. Аллоҳ Таоло Қуръони каримда мўъмина аёллар ҳақида шундай дейди: «...Улар покиза, зинокор эмас ва ўйнаш тутмаган бўлсинлар...» (Нисо сураси, 25-оят). Сиз шундай бир мақомдаги солиҳа ёрни ўзингиз учун бир умрга ҳамроҳ қилдингиз. Энди ўзингиз ўйлаб кўринг, сиз унга қандай муомала қиляпсиз? Сиз уни кимларга алмашяпсиз? Иссиқ-совуғингиз, яхши-ёмон кунингизда “Лаббай” деб турадиган ёрингизни кимлар учун қурбон қиляпсиз? Ўйлаб кўринг. Ахир бу сизга адолат қилган инсонга нисбатан адолатсизлик-ку!

Сўнгсўз ўрнида муҳтарам ака-ука ва опа-сингилларимизнинг барчасига мурожаат қилмоқчимиз.  Инсоф қилинглар. Шунчаки, аёлингиз, эрингиз ёки ана шу “танишларингизнинг” оиласига бироз инсоф қилинг. Улар ҳам сиз каби бир инсондир.  Сизда қандай истак-орзулар бўлса, уларда ҳам шундай. Агар сиз ҳам четдан ношаръий тарзда ўзингизга ёр қидириб, қизларни ёки йигитларни овлашга тушиб кетсангиз, аёлингиз ёки эрингиз ҳам хиёнат кўчасига кириб боради. Ахир Аллоҳ таоло бизга ўргатган ҳақиқат борки, "Нопок хотинлар нопок эркаклар учундир. Нопок эркаклар нопок хотинлар учундир. Покиза аёллар покиза эркаклар учундир. Покиза эркаклар покиза аёллар учундир..." (Нур сураси, 26-оят). Ёки сизга мумкин-у, унга мумкин эмас деб ўйлайсизми? Сиз жар ёқасида турибсиз. Кейинги қадамингиз аёлингиз/эрингиз, фарзандингиз, айниқса сиз бир аъзоси бўлган жамиятингиз учун хатарли бўлиши мумкин. Тўхташ керак... Оиладаги муаммолар сабаб бу иш бошланган бўлса, муаммони гуноҳ ва маъсият билан эмас балки илм-у маърифат билан енгиб ўтиш керак. Кўпроқ изланиб, ўрганиб, ўзингиз учун, аҳли-аёлингиз учун, ҳатто бутун жамият учун фойда келтирадиган гўзал бир оила – қўрғон қурмоқ керакки, ҳамма сизга ҳавас қилсин. Ҳамма сиздан ўрнак олсин. Ҳамма учун намуна бўлинг. Қўлингиздан келмайди, деб ўйлайсизми? Албатта, келади. Сиздан кўп нарса талаб қилинмаяпти, ушбу мақолада аввал билмаган нарсаларингиз ҳақида бирор маълумот кашф этган бўлсангиз, унга амал қилинг, шунинг ўзи кифоя. Бу эса сизнинг қўлингиздан келади. Чунки сиз бизнинг мусулмон биродаримиз, муслима синглимизсиз. Биз ҳам сиз каби севиб ардоқлайдиган ушбу жаннатмакон Юртнинг фарзандисиз. Бизнинг юртдошимизсиз. Сизнинг қўлингиздан келади. Биз бунга ишонамиз.

Чексиз ҳурмат ила Тошкенбой

Ҳозир сайтимизда 77 та меҳмон бор, сайт аъзолари эса йўқ