1. Skip to Menu
  2. Skip to Content
  3. Skip to Footer

Никоҳингиз учун хавотирли 4 қўнғироқ

Ажримлар бир зумда содир бўлмайди, никоҳдаги босим ва тушунмовчиликлар ўзоқ муддат давомида етилади, яъни бу узоқ давом этадиган жараёндир, унга ўз вақтида чора кўрилмаса, инсон никоҳидан маҳрум бўлиши мумкин. Оилавий ҳаётда иттифоқни бузадиган бир нечта хавотирли қўнғироқлар мавжуд, улар юзага келганда эҳтиёт бўлиш ва кечиктириб бўлмас чораларни кўриш керак бўлади.

1. Эр – хотинлардан бири ажрим ҳақида кўп ўйлайди
Амалиёт шуни кўрсатадики, аксар ажрашган инсонлар у содир бўлишидан анча илгари ажрим ҳақида узоқ муддат давомида ўйлашган. Ажрим ҳақида ўйлаётган инсон муаммони ажралиш йўли билан ҳал қилишга диққатини қаратган бўлади ва ўзини шунга тайёрлайди. Ва агарда инсон ажралишни истамаса, биринчи навбатда у бу ҳақида ўйлашни тўхтатиши лозим. Агарда турмуш ўртоғингиз кўпинча шу ҳақда ўйлашини сезсангиз, унга ажрим сабабли нималарни йўқотишингизни ва нималардан маҳрум бўлишингизни тушунтиринг.
Ажралиш ва кетиш ҳар доим энг осони бўлган, кейин ҳам ўзга келишмовчиликлар бўладиган бошқа инсонлар бўлади ва бу сўнгсизликка қадар давом этиши мумкин, лекин Аллоҳ Таоло бизларни жуфтларимиз билан тотувликда, ўз иззат – нафсимизни енгган ҳолда муносабат қуришимиз ва Унинг розилиги учун тил топишишимиз учун яратган.

2. Сиз мулоқот қилмайсиз
Агар никоҳдаги мулоқот “салом - ҳайр” ва “овқат ейсанми” каби кундалик иборалардан иборат бўлса, сиз ўз ҳиссиётларингиз билан ўртоқлашмасангиз, қалбан суҳбатлашмасангиз, қувончни бирга баҳам кўрмасангиз, ҳушёр бўлинг: сизнинг никоҳингиз ажрим бўсағасида. Соғлом мулоқотсиз никоҳингизнинг ютуққа эришиши даргумон.
Бу муаммони қандай ҳал қилиш керак? Ҳар қандай муаммони ҳал қилиш уни тан олишдан бошланади. Турмуш ўртоғингизга дўст бўлишга ва кўнгилдагилар билан ўртоқлашишга ҳаракат қилинг, худди дўстлардай эшитиш ва устидан кулмаслик қобилиятига эга бўлинг. Ўзингиздан бошланг, фикрларингиз, орзуларингиз ва ҳисларингизни баён қилинг, агарда орангизда муҳаббат бўлса, муз эриб кетади ва сиз илгаригидай яқин бўласиз.

3. Сиз кўп баҳслашасиз
Мулоқот йўқлигидан ҳам ёмонроқ нима бўлиши мумкин? Бу ёмон мулоқот, доимий жанжаллар ва муносабатларга ойдинлик киритишга уринишлар. Агар сиз мунтазам бир – бирингизга бақираётган, баланд овозда гаплашаётган бўлсангиз, никоҳингиз ҳалокатга маҳкум. Барча жуфтликлар вақти – вақти билан жанжаллашиб туради, бу оилавий ҳаётнинг бир бўлаги. Лекин баҳслар доимий бўлса, сиз шахсиятга ўтиб, бир – бирингизни ҳақоратлаб, камситаётган бўлсангиз, бу хавотирли аломатдир. Агарда бу муаммо сиз учун муҳим бўлса, ишни ўзингиздан бошланг, турмуш ўртоғингиз ўзгаришини кутманг, унга ҳурмат кўрсатинг.

4. Сиз вақтни бирга ўтказмайсиз
Агар биргаликда вақт ўтказишдан кўра бошқа жойларга боришни танласангиз ва ҳар қандай имкониятда уйдан кетишни кўзласангиз, бу хавотирли белги. Эр – хотинлар биргаликда вақт ўтказмаса ва бирон машғулот билан шуғулланмаса, улар ўзаро совий бошлашади ва бир – бирларидан узоқлашишади, бу ўз – ўзидан тўридан – тўғри ажримга олиб боради. Агар сиз никоҳингиз аянчли тарзда якунланишини хоҳламасангиз, бир – бирингизга кўпроқ вақт ажратинг.
Умуман олганда ажрим яхши нарса эмас, у инсонни изтиробга солади ва унинг одатий турмуш тарзини парчалайди. У, шунингдек, жамиятга ҳам салбий таъсир этади. Лекин ҳаёт шундай, баъзида икки инсон шунчаки биргаликда яшай олмайди, Қуръон оятлари, маслаҳатлар ва бошқа нарсалар ҳам ёрдам бера олмайди ва бу ҳолда улар учун энг яхшиси ажралишдир.
Шунга қарамасдан, инсон Аллоҳ Таоло ҳузурида энг қимматли бўлган оиласини кучи етганича сақлаб қолишга ҳаракат қилиши керак. Эркак киши аёлига яхши муносабатда бўлишга интилиши ва унинг баъзи қилиқларига кўз юмиши лозим.
«Агар уларни ёқтирмасангиз, шоядки, Аллоҳ сиз ёқтирмаган нарсада кўпгина яхшиликларни қилса” (Нисо сураси, 19).
Аёллар эрларига итоат қилиши ва уларга ҳурмат билан муносабатда бўлишлари лозим:
“Солиҳа аёллар–итоаткор ва Аллоҳнинг ҳифзи-ҳимояси бўйича ғойиб(эр)ларининг муҳофазасини қилувчилардир (Нисо сураси, 34).

Шахноза Олимбой қизи таржимаси

Ҳозир сайтимизда 34 та меҳмон бор, сайт аъзолари эса йўқ