1. Skip to Menu
  2. Skip to Content
  3. Skip to Footer

Никоҳда пулнинг роли

Ҳозирги пайтда дунёвий ҳаёт ва маиший қулайликларга интилиш кўпчилик учун устувор аҳамиятга эга бўлмоқда ва бу тенденция анча эрта ёшда бошланмоқда деб айтсак, асло муболаға бўлмайди. Ҳозирги кунда дунёда муваффақиятга эришиш битта омилга – бойликка асосланади. Ҳар ҳолда, кўпчилик айнан шунга интилмоқда.

Бу шкала бўйича етарли даражада моддий неъматларга эга бўлмаганлар, ҳаттоки бу одамнинг соғлиғи жойида, яхши маълумот олган, севимли оиласига, қадрдон ва ишончли дўстларига эга бўлса ҳам, у даражада тўлақонли ҳисобланмаяпти. Банк ҳисобрақами аста-секинлик билан муваффақият мезонига айланиб бормоқда.
Никоҳ институти замонавий ҳаёт бўҳронларидан суғурта қилинмаган ва худди шу тарзда моддий неъматлар пойгасига мубтало бўлмоқда. Аслида, молиявий томон қадимдан никоҳ тузишда асосий таркибий қисмлардан бири ҳисобланади. Исломда бўлғуси эр-хотин бошқа мезонлар – тақводорлик, ҳалоллик қаторида бир-бирининг моддий фаровонлигига ҳам этибор қаратади.

Мулсулмонлар дунёсида динамика

Пайғамбаримиз Муҳаммад соллоллоҳу алайҳи васаллам аёл эркак билан никоҳ қуришининг асосий сабабларидан бири – турмуш ўртоғи ёки унинг оиласи молиявий ҳолати эканлигини аниқ изоҳлаб берганлар. Шунингдек, Аллоҳ эркакларга исломий никоҳ нуқтаи назаридан моддий жиҳатдан уларга қарам бўлган хотинларининг эҳтиёжлари учун пул сарфлашни мажбур қилиб қўйган. Эр хотинини уй хўжалиги ишларини юритишга ўз маблағларини сарфлашга мажбурламаслиги керак. Ҳаттоки хотин бадавлат бўлиб, унинг пулларига муҳтож бўлмаган тақдирда ҳам эр хотинини барча зарур нарсалар билан таъминлаши шарт.
Эрнинг пул ишлаб топиш ва сарфлаш мажбурияти нима учун мусулмонларда эр оиланинг бошлиғи саналиши сабабларидан бири ҳисобланади. Афсуски, Ислом ҳуқуқи меъёрлари, одоб-ахлоқ ва ҳадисларни билиш бу ҳали уларнинг кўрсатмаларини амалиётда бажаришни англатмайди. Бу синовдан қандай ўтганлигимиз борасида ҳаммамиз Аллоҳнинг олдида жавоб берамиз. Гарчи Ислом никоҳнинг иқтисодий таркибий қисмини белгилаб берган бўлса-да, реал воқеликда доим ҳам айнан шундай бўлиб чиқавермайди.

Сиз танлай олмайсиз

Кўплаб замонавий ёш эр-хотинлар биргаликдаги ҳаётининг илк кунлариданоқ муаммоларга дуч келади. Турмуш ўртоғингизда сизга ёқмайдиган ва сиз уларни камчилик деб ҳисоблайдиган хислатлар исталган пайт топилиши мумкин. Сиз кўнглингиздаги барча хислатларни санаб ўтган ҳолда ўзингизга муносиб турмуш ўртоғини тилаб Аллоҳдан тинмай сўрашингиз мумкин, бироқ натижа сиз кутгандан албатта фарқ қилади. 
Бундай ҳолат рўй беришининг сабаби шундаки, Аллоҳ бизга якунда нима олишни истасак, шунинг устида ишлашни амр қилади, У бизга ҳамма нарсани тайёр ҳолда ликопчага солиб муҳайё қилмайди, айнан бандаси қўлидан келганча барча ҳаракатларни қилиши керак. Бу Унинг амрларидан бири, холос. Турмуш ўртоғингизнинг молиявий ҳолати, пул ишлаб топиш ва турмуш даражасини оширишга интилиши сизга ёқмйдиган омиллардан бирига айланиши мумкин.
Кўпинча, айниқса, гап келишув бўйича никоҳ ҳақида кетганда, моддий фаровонлик мавжуд бўлганда ёш оилани порлоқ ҳаёт кутади деб ҳисобланади. Лекин шунга қарамай, статистика бошқа нарсадан далолат беради: кўплаб «стажи» катта жуфтликларнинг айтишича, ҳаттоки пул кўп бўлганда ҳам муаммолар ҳеч қаёққа йўқолмайди. Оиланинг бадавлат ёки камбағал бўлиши – Аллоҳнинг амри билан инсонлар бошига солинадиган синовдир. Уларнинг биронтасини ҳам осон деб бўлмайди.

Умидлар қачон оқланмайди

65 яшар Сафиянинг ҳаёт тарзи анъанавий ҳисобланарди. Унинг ўғли ва келини у билан битта уйда, бир қават юқорида яшарди. Набиралари мактабда ўқирди, қолган вақт эса уларга бобоси ва бувиси қараб турарди. Келиннинг ота-онаси қизини кўргани келиб турарди ва ҳар сафар меҳмонга келганида Сафиянинг ҳам уйига кириб, унга ҳам  совға қолдириб кетарди.
Оила тинчлигини, уйғунликни қайнонаси унинг эркинлигига раҳна солаётган деб ҳисоблаган ва шу сабабли эри билан алоҳида яшашга қарор қилган келин бузарди. Унинг ота-онаси анча бадавлат эканлиги сабабли улар ёшларга ўзлари яшайдиган жойга яқин бир уйдан кичик хонадон сотиб олдилар. Энди Сафия набираларини ҳам кандан-кам кўрмоқда ва амалда уларни тарбиялашда иштирок этмаяпти. Мустақиллик ёндашув оила учун қариндошлар томонидан молиявий қўллаб-қувватлаш йўқлигига ҳам олиб келиб,  бу эса, афсуски, эр-хотин ўртасида низоларга сабабчи бўла бошлади. Бунинг устига, Сафия келиннинг ота-онаси меҳмонга келиш у ёқда турсин, қўнғироқ ҳам қилмай қўйганидан шикоят қилди.
Бир қарашда бундай вазият адолатсиз ва шафқатсиз бўлиб кўриниши мумкин, лекин амалда у икки оила кутган натижаларнинг амалдаги акси бўлиб чиқди. Келиннинг ота-онаси куёвнинг уйида қизларига ҳурмат билан ва яхши муносабатда бўлишларига интилади. Шу сабабли айрим ота-оналар куёвнинг уйида қимматбаҳо мебел бўлиши, тўйда қимматбаҳо совғалар берилиши ва бошқа «суғурта»лар талаб қилиб туриб олади.
Бошқа томонидан, куёвнинг ота-онаси келин улар ҳақида ғамхўрлик қилишини, уларни ҳурмат қилиши ва ёрдам беришини, уйи бўш бўлмаслиги учун фарзанд кўришини кутадилар. Уларнинг бу умидлари оқланмагач ёки томонлардан бири у ёки бу сабабларга кўра кутилган натижага эришмагач, бу ўзаро муносабатларда кескинлик юзага келишига сабабчи бўлади. Шу тариқа кўп йиллик оила ришталари, жумладан, моддий даъволар туфайли узилиши мумкин.
Дарҳақиқат, қайнота-қайнона билан қалин алоқалар, никоҳ каби, бир-бирининг олдидаги мажбуриятларни адо этишга асосланади. Агар томонлардан бирортаси ҳеч нарсага: диққат-эътибор, совға-саломлар, қўллаб-қувватлаш, шу жумладан моддий эътиборга эга бўлмаса, узоқ истиқболда бахтли турмушни кутиш қийин.

Молия борасида кутилмаган ҳолатларга тайёр туринг

Кўплаб мусулмонлар Аллоҳнинг буйруғини бажариб, ўз эътиқодлари ва поклигини ҳимоя қилиш учун никоҳ қурадилар деб даъво қилишади. Лекин шунга қарамай, уларнинг барчаси бўлғуси турмуш ўртоғи борасида маълум бир, маданий ёки шахсий тахминлар мавжуд бўлади. Ҳар бир никоҳда юксалиш ва пасайиш бўлади. Эр ишидан айрилиши мумкин. Сизнинг мартабангиз тўсатдан ўсишдан тўхтаб қолиши мумкин. Қарзлар қор кўчкиси каби ўсади. Уй таъмирга муҳтож бўлади. Автомобил  бузилади.
Пул маблағлари ёки жамғармалар эр-хотиннинг муносабатларига бевосита ёки билвосита таъсир қилади, лекин бахтли ҳаёт фақат уларга боғлиқ эмас. Аксинча, талабларда камтар бўлиш ва турмуш қийинчиликларни биргаликда бартараф этиш қобилияти мустаҳкам ва узоқ давом этадиган никоҳнинг гарови ҳисобланади. Бундан ташқари, эр ва хотиннинг ота-оналари ҳам муҳим рол ўйнайди, чунки улар ёш оилага баҳоли-қудрат ёрдам бериши мумкин.

Абу Муслим таржимаси

 

Ҳозир сайтимизда 103 та меҳмон бор, сайт аъзолари эса йўқ