1. Skip to Menu
  2. Skip to Content
  3. Skip to Footer

Қандай қилиб тушкунликка тушмаслик мумкин?

Мен рус миллатига мансуб мусулмон аёлман. Менда шундай муаммо бор... Болалигимда, афтидан, ота-онам яхши кўз-қулоқ бўлиб туришмаган ва тишларим қаттиқ шикастланган. Энди эса менинг бор маънавий кучим ва пулларим уларга сарфланмоқда, мен ўзим пул ишлаб топаман ва бунга сарфлайман, ички кучни ҳис қилмайман, ҳеч қандай ижобий туйғу йўқ, мен аёллик кучига ва саломатликка, гўзалликка эгаликни ҳис қилмайман - гарчи жуда гўзал қиз бўлсам ҳам, ҳаммасидан ҳам кўра болалар туғишдан қўрқаман. Бу менинг ташқи қиёфамга ҳам бевосита таъсир қилади - мен табассум қилмайман.

Бундан ташқари, аёллар жозибадорлигини сезиларли даражада белгилаб берадиган ташқи кўриниш билан боғлиқ бошқа бир муаммо ҳам бор. Мен 28 ёшдаман, лекин ҳанузгача турмушга чиқмаганман, мени доимо қарилик ва ўлим ҳақидаги ёмон фикрлар таъқиб қилади, тишлар билан боғлиқ муаммолар қарилик билан боғлиқ ҳолда тасаввур қилинади, мен эса ҳали битта ҳам бола туғмаганман ва нимагадир туға олмайман деб ўйлайман. Агар туға олсам ҳам, эримга қарашга кучим қолмайди, у мени ташлаб кетиб қолмаслиги учун гўзалликни қаердан оламан, менинг учун ягона киши – дўст ва эр жуда муҳимдир...
Ёрдам, қандай қилиб ижобий ва маънавий кучга эга бўлиш мумкин? Мен маъюслигим ва ўзимга бўлган ишончсизлик билан бошқаларни, жумладан, эркакларни ўзимдан узоқлаштираман. Мен ҳар доим ўйлайманки, одамларнинг бундан ҳам ёмонроқ муаммолари бор, лекин соғлиқ аллақачон бузилган, мен бундай муаммога етукрок ёшимда бардош беришим мумкин эди, лекин мен ҳали турмуш қурмадим ва энди турмушга чиқмасам керак деб ўйлайман, мен бундай аҳволда кимга ҳам керакман...

Дин нуқтаи назаридан:
Гўзаллик – етарли даражада субъектив тушунча, ҳар бир маданиятда ва турли даврларда ўзининг гўзаллик идеаллари бўлган. Бу мода асосчиларининг маданият идеаллари, ҳамманинг ва ҳатто кўпчиликнинг ҳам эмас. Аллоҳ одамларни нафақат ташқи кўринишидан, балки характери, хоҳиш-истаклари ва бошқа психологик жиҳатлари бўйича ҳам турлича қилиб яратган. Айрим эркаклар нигоҳида сиз шунчаки гўзал эмас, балки энг гўзал аёл бўлиб кўринишингизга шубҳа ҳам қилманг.
Энди соғлиқ борасида. Бу дунё Аллоҳ томонидан бизга абадий ҳаёт макони ва ватан қилиб берилмаган, бу синов майдони, холос. Бу ерда бизга беирлган қисқа муддат ичида Унинг барча буйруқ ва амрларини бажариб, Яратувчига содиқ эканлигимизни исботлашимиз керак. Аллоҳ Таоло одамларга турлича қиёфа, бойлик, ақл, соғлиқ беради… Буларнинг барчаси синовдир.
Албатта, сиз ҳам, бошқа одамлар ҳам соғлом, энг соғлом бўлишни истаган бўларди ва бу нормал ҳолат саналади, чунки одам доимо энг яхши нарсаларга интилади. Эҳтимол, сизнинг соғлиғингиз у қадар яхши эмасдир, лекин ишонинг, соғлиғи бундан ҳам ёмон бўлган одамлар, умрининг неча куни қолганлигини санаб ўтирган одамлар ҳам бор. Бир кун онкология касалхонасига ташриф буюринг, уларга қаранг, у ерда бўлган болаларга алоҳида эътибор беринг ва кейин соғлиғингизга баҳо беринг. Ҳаммаси шунчалик ёмонми, тушкунликдан бошқа ҳеч нарсага ўрин йўқми? Туну-кун Яратганга шукур қилинг, танангиз бут, барча аъзоларингиз ўрнида, юра оласиз, овқатнинг таъмини ҳис қиласиз, ҳожатингизни чиқара оласиз... Ахир минглаб одамлар бор ва агар биз сайёрамизнинг барча аҳолисини мисол қилиб олсак, демак миллионлаб одамлар борки, буларнинг барчасидан маҳрум!
Гўзаллик ва бошқа кўплаб хусусиятлар баъзида ёшлар турмуш ўртоғи излашда бирламчи мезон деб қарасада, улар ҳам абадий эмас ва бахтни кафолатламайди. Тақводорлик, Яратувчига итоат этиш ва Унинг дини барча қонунларига риоя қилиш бунга кафолат беради, бу дунёда ҳам, нариги дунёда ҳам бахтни кафолатлайди. Художўй бир қизнинг олдига фақат шундай эркаклар совчи юборади, художўй эркак ҳар бир юбка кийган қизнинг ортидан юрмайди, бошқаларга қарамайди. Бирор қизга фақат гўзаллиги туфайли уйланганлар, одатдагидек, хотинидан кўра гўзалроқ аёлларга эътибор беришни бошлашлари мумкин.
Фақат дин амрига тўлиқ риоя қиладиган йигитга турмушга чиқинг. Бола туғинг ва ҳеч нарсадан қўрқманг. Агар сиз фақат ҳар томонлама соғ-саломат одамларгина соғлом фарзанд кўриши мумкин деб ўйласангиз, хато қиласиз – бундай ҳолатда дунё аҳолиси сони 7 миллиардга етмаган бўларди. Ҳаттоки ВИЧ-инфекцияга чалинган ва иммунитети умуман йўқолган аёллар ҳам гоҳида соғ-саломат бола туғадиган бўлса, соғлиғи билан қандайдир арзимаган муаммолари бор аёллар ҳақида гапирмасак ҳам бўлаверади. Ҳаммаси Аллоҳнинг иродаси билан, буни ҳеч қачон унутманг, агар она бўлиш насиб этган бўлса, сиз она бўласиз, у тақдир қилинганми ёки йўқми, буни фақат Аллоҳ Таоло билади. Сизга чин қалбдан соғлиқ ва мустаҳкам оила тилайман.

Психология нуқтаи назаридан:
Ташқи кўринишидан тўлиқ мамнун бўлган биронта қизни топиш қийин, агар умуман имконсиз деб айтмасак. Ишда кўпинча шундай вазиятга дуч келиш мумкинки, ҳатто объектив жиҳатдан жозибадор қиз ҳам у ёки бу даражада ўзининг мукаммал эмаслик комплекси туфайли хавотирланади. Улар фақат шу билан фарқланадики, ўз камчиликларига турлича муносабатда бўлади. Кимдир шунчаки оддий одам эканлигини ва шу сабабли бенуқсон бўла олмаслигини тушунган ҳолда, уларга эътибор бермайди. Бошқалар эса турли косметик хизматларга мурожаат қилган ёки ҳатто жарроҳлик амалиётига рози бўлиб, бу туйғуни тузатишга ҳар томонлама уринади. Қоидага кўра, бу тоифадаги одамлар, ўзининг мукаммал эмаслигини яширишга уриниб, янада кўпроқ нуқсонлари аниқланиб боради. Бунинг учун психологик фанда махсус атама ажратилган - гиперкомпенсация. Аммо учинчи шахслар тоифаси мавжуд бўлиб, афтидан, сиз ҳам улар қаторига кирасиз. Булар ўз камчиликларини деярли «культ» даражасига чиқаришни бошлайдилар ва шу туфайли ҳар қандай истиқболларни рад қиладилар. Улар сояда бўлишни ва ўзларини ортиқча кўрсатмасликни афзал кўрадилар. Бу одам ўзини ўз қўрқувининг тубига туширадиган, Салтиков-Шчедриннинг "Қўрқоқ мешчан" эртак қаҳрамонининг хатти-ҳаракатларига бироз ўхшайди.
Муаммоларингиз шундаки, сиз ҳаётингизда учраши мумкин бўлган эҳтимолий муваффақиятсизликлар ҳақида кўп ўйлайсиз. Улар ҳақида ўйлаб, сиз вақт ўтиши билан бу фикрларга объектив реаллик каби муносабатда бўла бошлайсиз, гўёки улар ҳақиқатда ҳам сизнинг ҳаётингизда ўринга эгадек, улардан узоқлашиш бўйича режалар туза бошлайсиз. Буларнинг ҳаммаси биргаликда шундай фикрга олиб келадики, ташланиб кетилган ва умидсизликка тушгандан кўра ҳеч нарсани бошламаган маъқул деб ўйлай бошлайсиз.
Келинг, энди ўзини ўзи севмайдиган бўлмаса ҳам, қаердадир ўзидан уяладиган одамга қандай муносабат шаклланиши мумкинлиги ҳақида биргаликда ўйлаб кўрамиз. У билан зерикарли бўлиши ва у ҳеч қандай қадр-қимматга эга эмаслигини ўйлайдиган одам билан мулоқот қилишни бошлаган бўлардингизми? Бундай очиқча гапираётганим учун мени кечиринг, лекин ўзингизни ташқи томондан кўриш, ўзингизнинг қўрқувингизнинг моҳиятини тушунишингиз жуда муҳимдир. Гап шундаки, сиз ўзингиз бундан шубҳаланмасдан қандайдир ёпиқ доирага тушиб қолишингиз мумкин. Бир томондан, ўзингизнинг камчилигингизга бўлган ички ишонч сизни ҳаётдаги ҳар қандай ўзгаришлардан қочишга мажбур қилади, бошқа томондан эса одамлар сизнинг ёнингизда узоқ вақт қолмасликларига олиб келади. Бу ерда сиз ўзингизга бўлган муносабатингизни жиддий равишда ўзгартиришингиз керак. Агар сиз ўзингиз ўзингизни севмасангиз ва қадрламасангиз, бошқалар сизни севиши ва қадрлаши жуда қийин бўлади. Биз барчамиз,  у ёки бу одам билан нима содир бўлаётганини ички туйғулар асосида тушунамиз, ҳатто буларнинг барчасини мантиқий асослаб беролмасак ҳам. Ички табиий инстинкт деярли ҳар доим у ёки бу одамни масофада туриб ушлаб туриш кераклигини айтади. Шунчаки, барчамиз ҳам ўзимизни тинглай олмаймиз.
Ўзингизнинг камчиликларингизга ёпишиб олишнинг ҳожати йўқ, ишонинг, уларнинг ҳар бирига яраша устунлик топилади, энг муҳими, кучли томонларингизни синчиклаб текширишдир. Аниқ ҳаракат режасини тузинг, тузатишингиз мумкин бўлган нарсани тузатинг. Яхши стоматолог маслаҳатини олинг, у сизга тўғри йўл кўрсатиши мумкин. Пул керак бўлиб қолиши мумкин, лекин сиз бугун унчалик ҳам керакли бўлмай турган нарсадан воз кечадиган бўлсангиз, эрта-индин тишларингизни тўғирлаш учун керакли миқдорда пулга эга бўлишингиз мумкин. Умуман олганда, ҳаётингизни ҳар хил хира фикрлар билан заҳарлашингиз шарт эмас, дунёда жуда кўп қизиқарли нарсалар мавжуд.

Мухаммад-Амин Магомедрасулов
теолог
Алиасхаб Анатольевич Мурзаев
Оила ва болаларга ижтимоий ёрдам бериш Маркази психолог-маслаҳатчиси

Ҳозир сайтимизда 34 та меҳмон бор, сайт аъзолари эса йўқ