1. Skip to Menu
  2. Skip to Content
  3. Skip to Footer

Муҳаббат, ишқ ва рашк

 

Бу уч туйғунинг инсонлар қалбида ўз ўрни бор. Ҳар ким улардан ўзига яраша жабр кўради. Шундай бўлсада, улар борасида керагича сўзлаган, уларнинг шаръий маъно ва чегарасини баён қилиб, инсон қай ҳолда уларни поймол қилиши ё ундан чиқиб кетишини кўрсатган бирор кишини топма-дик. Балки, бу ҳақда гапиришга улар разолат, зино ва бузуқликка алоқадор, деган ўй тўсиқ бўлгандир. Бу ўй хато.

Зеро, инсонлар бу уч туйғу билан ўзаро боғланадилар. Бу уч туйғу номус ва шарафни сақлаш боисидир. Бинобарин,уларнинг чегарасини, нодир, яхши ва ёмон жиҳатларини кўрсатиб ўтишни лозим кўрдик.
Муҳаббат. Муҳаббат қалбнинг маҳбубга майлидир. Муҳаббат кўнгил иши. У зоҳирий аъзоларнинг иши эмас. Оила эр-хотин ўртасидаги муҳаббат ва майлга асослангандагина бахтли ва мустаҳкам бўлади.
Кўриш муҳаббат калитидир. Шунинг учун Расулуллоҳ, соллаллаҳу алайҳи ва саллам, уйланмоқчи бўлган йигитни бўлажак қаллиғини кўришга ундадилар. Имом Аҳмад ва Насаий Муғира ибн Шўъбадан (розияллоҳу анҳу) ривоят қилади: «Мен бир аёлга совчи қўйган эдим. «Уни кўрдингми?» деб сўрадилар Пайғамбаримиз. «Йўқ», дедим. «Уни кўргин. Зеро, кўриш ўрталарингда майл пайдо қилади», дедилар Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам)».
Кўп кишиларнинг, хусусан, ёшларнинг муҳаббат ҳақида сўзлашдан тортинишларини биламиз. Кўплар бу ҳақда гапиришни ҳатто, ҳаром деб ўйлайди. Шунинг учун бу мавзу қаршисида гуноҳ ҳиссини туйишади, ўзларини гуноҳкор ҳисоблашади. Агар қалби бировга мойил бўлгудек бўлса, гуноҳ қилгандай туюлади.
Ҳақиқатда уларнинг муҳаббат ва муҳаббатдан унадиган эр-хотин ўртасидаги муносабатлар ҳақидаги тушунчалари аралашдир. Муҳаббат шиори остида қонунсиз алоқа қиладиган, бирга ўтирадиган, тунларни бедор ўтказадиган, ўйин-кулгу қиладиган, ичадиган ва ҳатто зино қиладиган бузуқ эр ва аёлларни кўрганлар муҳаббатни гуноҳ деб ҳисоблашади. Зеро, улар муҳаббат фақат шунақа ишларга олиб келади, деб ўйлашади. Аслида эса ундай эмас. Бутунлай аксидир. Эркакнинг аёлга ва аёлнинг эркакка майл қилиши нафс истакларидан бири. Аллоҳ таоло инсон қалбини у билан банд қилган. Оли-Имрон сураси 14-оятининг мазмуни бундай: «Одамларга аёллар, фарзандлар, уюм-уюм олтин-кумушлар, саман отлар, чорва ва экинларга нисбатан меҳр
қўйиш зийнатли қилиб қўйилди...».
Инсон қалбини бу истакларга мойил ва унга банд қилган Зот Аллоҳ зулжалолдир. Инсон уларга қаттиқ муҳаббат қўяди. Имом Аҳмад, Насоий, Ҳоким ва Байҳақий бундай ривоят қиладилар: «Пайғамбаримиз (соллаллоҳу алайҳи ва саллам): «Дунёингиздан мен учун аёллар, хушбўйликлар суюклидир. Кўзим қувончи намоздадир», дедилар. Эрнинг аёлга ва аёлнинг эрга муҳаббати бўлмаганида, уйланиш ҳам, зурриёт ҳам, оила ҳам бўлмас эди.
Аммо Аллоҳтаоло эркакка аёлни, аёлга эркакни улар ўртасида ҳаром алоқалар юзага келиши учун эмас, балки улар ўртасида қонуний эр-хотинлик алоқалари юзага келиши учун бирини-бирига суюкли қилди.
Ибн Можа Абдуллоҳ ибн Аббосдан (розияллоҳу анҳу) ривоят қилади: «Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) айтдилар: «Севишганлар учун никоҳдек мақсадга мувофиқ нарса йўқ».
Аллоҳ таоло мусулмонларга бузуқ йўллардан сақланиш учун аввало кўзни тийишни буюрди. Зеро, кўриш қалб калитидир. Хато ва бузуқликка олиб борувчи барча йўлларни, бегона аёл билан ёлғиз қолиш, тақалиб туриш, қўл олишиш, аёл ва эркакларнинг ўзаро ўпишиши каби йўлларни ҳаром қилди. Бу ишлар қалб майлига сабаб бўлади. Қалб майл қилгач, нафсни жиловлаш ўта мушкул бўлади. Аллоҳ таоло раҳм қилганларгина ўзларини тийиб қолишлари мумкин.
Инсон қалб майли учун гуноҳкор бўлмайди. Аммо қалб майлининг боиси ҳаром бўлса, ундан сўнг келадиган ҳаром ишлари учун гуноҳкор бўлади. Масалан: эркак ва аёл бир-бирлари билан нигоҳ алмашсалар ё танҳо қолсалар ёки ўтириб суҳбат қурсалар, сўнг қалблари бир-бирларига мойил бўлиб севишсалар, бу қилган ишлари учун, шунингдек, ундан сўнг қиладиган барча ҳаром ишлари учун гуноҳкор бўладилар. Аммо майл учун эмас, зеро, у қалбга боғлиқ, инсон қалбини бошқаролмайди.
Аммо пок, танҳо севги учун гуноҳ йўқ, балки савоб бор. Суютий каби баъзи уламолар бундай дейишган: «Севгисини яширган иффатли ошиқ ажр олади».
Инсонни турли бахтсизикларга дучор қиладиган муҳаббат тузоғидан қалбни асрашнинг энг яхши йўли унинг барча боисларига яқинлашмасликдир. Фақат озчилик одамларгина бунга муваффақ бўлади.
2. Ишқ. Ҳаддан ошган муҳаббат ишқдир. Иффатли ишқ ва бузуқ ишқ бўлади. У фақат бир хилда, бузуқ ва ёмон ишқ бўлмайди. Ошиқ ўз поклиги ва иффатини сақлаган ё тубан ва бузилган бўлиши мумкин.
Ишқ ҳам муҳаббат каби инсон бошқара олмайдиган кўнгил ишларидан. Аммо инсон унга олиб борган ҳаром йўллар ва бундан келиб чиққан ҳаром ишлар учун жавоб беради. Иффатли ишқ ва уни сдамлардан пинҳон тутишда ажр бор. Таҳовий «Мароқил Фалоҳ» ҳошиясида Суютийдан нақл қилади: «Иффатли, ишқини яшириб ўлган киши, агар унинг сабаби ҳаром бўлсада, охиратда шаҳидлар қаторида бўлади».
Суютий сўзларининг маъноси бундай: «Ошиқ, эр ё хотин бўлишидан қатъий назар, ишқида иффатли бўлса ва маъшуқига етолмаганидан уни яширса ва сабр этса, ишқи туфайли ўлса, охиратда шаҳидлар ажрига етишади».
Биз ошиқнинг сабрини ҳақиқий баҳолай олсак, бу ажабланарли туюлмайди. Зеро, у истаги ортидан чопадиган бузуқ ошиқ эмас, инсонлар қадрини поймол этувчи пасткаш ҳам эмас. Балки у қалбида нотинчлик ва маъшуқига интизорлик бўлишига қарамай, сабрли ва иффатлидир, нафсининг жиловини тутган, аъзоларини бошқаргандир. Унинг аъзолари назоратдан чиқиб кетмаган. Аммо қалбини ўзгартиролмайди, унга молик эмас. Шунинг учун сабр қилади, иффат ва ишқини яшириш билан ўзини асрайди. Бунинг учун ажр олади.
3. Рашк. Инсоннинг ўз ҳаққига бошқанинг шерик бўлишини ёмон кўриши рашкдир. Рашк муҳаббатдан келиб чиқади. Киши яхши кўрганини рашк қилади. Рашк, эркакка ҳам, аёлга ҳам бирдай яхши сифат ва олий хислат ҳисобланади.
Шубҳасиз, аёл рашк қилади. Эри унинг устига хотин олмоқчи бўлганида қаттиқ ғазабланади. Бу табиий ҳол. У эрига танҳо ўзи эгалик қилишни истайди. Зеро, уни севади. Севмаса эди, парво қилмасди.
Аллоҳтаоло мўмин бандаларига жаннатда ато этадиган ҳуринлар хусусида мусулмон аёлларга шу гапларни айтамиз: мусулмон аёлнинг рашк қилиб, мўминлар учун жаннатда ҳуринлар борлигини инкор қилиши ё ёқтирмаслиги мумкин эмас. Чунки у, биринчидан, эри билан жаннатда бирга бўлиши ё бўлмаслигини билмайди. Иккинчидан, жаннатда, дунёда бўлганидек, рашк бўлмайди. Учинчидан, Аллоҳтаоло жаннатда аёлларга ҳам, биз тафсилотини билмайдиган, уларни рози этадиган неъматлар ато қилади. Жаннатда кўз кўрмаган, қулоқ эшитмаган, инсон хотирига келмаган неъматлар бор. Сажда сурасининг 17-ояти мазмуни бундай: «Бас, уларнинг қилиб ўтган амалларига мукофот учун яшириб қўйилган кўзлар қувончини (охират неъматларини) ҳеч ким билмас».
Мўмин ва мўминалар истаган неъматларини ва кўнгиллари тусаган нарсани жаннатда топадилар ва тўла рози бўладилар. Улар жаннат неъматлари ва Аллоҳтаоло раҳматига етиш учун яхши амал қилишлари керак.
Эркак учун ақли ва номусини ҳимоя қилиш вожиб; номус ва шарафни рашк этиш бурчдир. Бу рашк оилада Аллоҳ рози бўлмаган нарсанинг бўлишига йўл қўймайди. Хотини ва қизини рашк қилган эр уларнинг бегона эркаклар олдида яланғочланишига, шармандалик ва ҳазил-мутойиба қилишига, улар билан ака-ука ёки фарзанддек муомала қилишига йўл қўймайди.

Муҳаммад Аҳмад Канъоннинг
"Эр-хотинлик асослари" китобидан

Ҳозир сайтимизда 43 та меҳмон бор, сайт аъзолари эса йўқ