1. Skip to Menu
  2. Skip to Content
  3. Skip to Footer

«Эр - подшоҳ, хотин - вазир»

 

 

 

Бу кеча ёки олдинги кун айтилган гап эмас. Демак, унга амал қилинса, яхши бўлиши умид қилинади. Амал қилинмаса, қандайдир меъёр бузилиши юзага келади. Чунки бу мақолнинг асли Қуръони каримдан олинган, яъни Илоҳий тартиб. Чор атрофга қарасак, кўпинча бу мақолнинг тескариси бўлаётганининг гувоҳи бўламиз. Бахт саодат ва барака ҳам шунга яраша камроқ бўлаётганга ўхшайди, гўё. Чунки аёл эридан қолишмай, оиладаги тартиб-интизом бир маромда кетишига халақит қилгандан кейин ўз-ўзидан бошбошдоқлик, икки ҳокимиятчилик юзага келади: оиланинг обрўси кетади, фарзандлар тарбияси йўлдан чиқиши хавфи пайдо бўлади, файз-барака кетади, ҳатто, баъзида яхши ният билан қурилган оиланинг ўзи ҳам парчаланиб кетади. Шунинг учун улар ўртасида «меники тўғри» деб гап талашиш эмас, фақат яхши маслаҳат билан оила тебратиш тарзи барқарор бўлгани маъқул. Икки тараф ҳам қўлидан келганича сабр ва босикдикни ўз жойига қўйишса, бир умрлик оила қўрғони мус-таҳкамлигича сақланаверади.
Лекин... Атрофга разм солинса, «Эр — подшоҳ, хотин — вазир» кенгашига асосланган оилавий бошқарув института унча яхши ишламаётганга ўхшайди. Чунки ҳар бир ёш жувон ёки қизнинг, ҳар бир бўз йигитнинг орқасида оила деган ижтимоий ҳукумат туради. Улар инкубатордан кўпаймаганлиги, вокзал ёки кўчада яшамаслиги аниқ.
Тунов куни кўчада ёшгина укасини ўйнатиб юрган ўн икки-ўн уч ёшлар чамасидаги узбек қизига кўзим тушди, қўлида сигарет, чекиб кетяпти. Ҳайрон қоласиз: у қандай оилада катта бўляпти, унинг эртаси, индинги куни нима бўлади, олдида етаклаб юрган укачасининг келажаги қандай бўлади? Ундай қизлар кўпайиб кетса, нима чора кўриш мумкин?
Ота-оналар қизларини сўнгги қўнғироқ, битирув кечаси, туғилган кун каби тантаналарга, тўйларга елкалари, сонлари очиқ ҳолда юборишяпти, шунчаки орзу ҳавас деб. Майли биров билан ишимиз йўқ. Бироқ фарзандлар ҳозирги кунда, яъни ёшлик фаслида ота-онанинг айтганини қилади, эртага эса уларни кўчадан қайтариб бўлмай қолади, ёки «Йўқ, мен шундай кийинишни хоҳлайман; мен дискотекага боришни истайман; мен фалони билан севишиб қолдим, билмасдан ҳомилали бўлиб қолдим, энди унга турмушга чиқишга мажбурман!», ёки «Дадажон, аяжон, мен фалони қиз билан шўхлик қилиб қўйган эдим, у ҳомиладор бўлиб қолди, менга ўша қизни олиб бермасангиз бўлмайди», каби гапларни эшитиш оғир бўлиши аниқ-ку»! Худо сақласин бундай ҳолга тушиб қолишдан!

Кўчада, боғларда, жамоат жойларида уялмасдан ўпишиб турган ўзбек йигит қизлари оила тарбиясини олмаганлигидан шу даражага етишиб турибди. Уларнинг ҳар бири аввалдан ўз ҳолича бу ҳаёсиз ҳаракатлар учун «тайёргарлик» кўрган бўлади. Барибир, энг олдинги «пойдевор» оила қўрғонидаги лоқайдликдан бошланади. Ё оилада беҳаё киноларга бемалол томоша қилиш шароити бор (кабелли телевидение бўлса ҳам, DVD плеер ёки компьютер бўлса ҳам, беҳаё газета журнал, китоблар бўлса ҳам, фарқи йўқ, натижа бир-биридан бадтар бўлаверади), ё бундан олдин кимлар биландир ўпишиб, қучоқлашиб анча-мунча тажриба орттирган бўлади-ю, эндиги навбатда кимнидир чув тушириб тузоғига илинтириши лозим бўлади, пировард натижада юз пардалари йиртилгач, бу ўпишиб турган жуфтлик аъзолари ўзининг «одамлар кўзича тортинмасдан сурбетлик қилиш» санъатини намойиш қилароқ, ўз оғушида турган шеригини келажакда расво қилиш учун «тадбиркорлик» қилаётган бўлиб чиқади. Чунки «Кўр кўрни қоронғида ҳам топаверади» деган халқ мақоли бекорга айтилмаган. Бинобарин, ўзи ифлослик ботқоғига ботиб бўлгандан кейин кимни бўлса ҳам ботқоққа тортишга мажбур бўлиб қолади, чунки бошқа йўл йўқ, бўлар иш бўлган, ётиб қолгунча отиб қолиш керак, акс ҳолда ботқокда ўзи ёлғиз «чириб кетиши»га тўғри келади. «Бирники мингга, мингники туманга» мақоли шу ерда ҳам амал қилади, яъни шу тариқа ифлослар кўпайгандан кўпайиб кетади. Бошқасини айтмаган тақдирда ҳам, ундайларнинг ЭЛ КЎЗИДА қўйиб турган томошаси яна кимларгадир яхшигина «мактаб» вазифасини ўташи аниқ. Бу «мактаб»га ҳаваси кетган ёшлар ҳам шу йўлдан юришлари мумкин бўлади. Охир оқибат жамият маънавий ва моддий зарар кўради. Энг ачинарлиси - бу зарарнинг товон тўловчисини топишнинг иложи бўлмайди. Бундай боши берк кўчага кириб қолмасликнкнг ягона йўли - кенг жамоатчилик сергак туриб ҳаракат қилиш, ҳар бир оилада кунига ҳеч бўлмаганда ўн-ўн беш дақиқа фарзандлар билан юзма юз туриб мулоқотда бўлиш орқали жидду жаҳд қилиш-дир. «Эр - подшоҳ, хотин - вазир» мақолига риоят қилинса, ҳар ҳолда бир ёқадан бош чиқариш имкони бўлади. Бу осон иш эмас. Лекин обдон ҳаракат қилинса, қийин ҳам эмас. Хоҳиш ва ният бўлса, ҳаммаси ўз йўлига тушиб кетаверади. Биздан ҳаракат бўлса бас, Худой таолодан баракат ёғилаверади. Бу шубҳасиз.

Мавриди келганда айтиб ўтмасак, бўлмайди, ҳозирги кунда мактабдан тортиб коллеж лицейлару университет, институтларнинг каттаю кичик ўқитувчилари ўз талаба ва ўқувчиларига мурожаат қилганларида «ўғлим», «қизим», «синглим» каби сўзлар билан гапиришга ҳам малолланиб қолишган. Чунки беадаблик ва беҳаёлик кучайиб кетяпти. Улар учун яхшиси — ўқувчи ва талабаларнинг фамилияси ёки исмини айтиб чақириш. Шунинг учун оилада ҳамда жамиятда тарбия ишларига кун тартибидаги биринчи масала деб қаралмаса бўлмайдиганга ўхшаб қолди. Лекин «Оққан дарё оқмай қолмас». Умидимиз катта.

 

 

 

Ҳозир сайтимизда 89 та меҳмон бор, сайт аъзолари эса йўқ