1. Skip to Menu
  2. Skip to Content
  3. Skip to Footer

Айтилган сўз...

 

 

 

Бу воқеани муҳандис биродарим Муҳиддин Мағзумов ҳикоя қилиб берган эди: «Қўшним Ҳакимжон ишдан қайтаётиб қаршисидан келаётган нуроний мўйсафидга «Ассалому алайкум!» дея салом берди. Аммо мўйсафид алик олмай индамай  ўтиб кетаверди. Ҳакимжоннинг жаҳли чиқди: «Вой-бў, яна мусулмонлик даъво қилгани-чи… Оёғини гўр тортиб турибдию, саломга алик олишни билмаса! Ё бурни шунчалик кўтарилиб кетганми? Энди асло салом бермаганим бўлсин!». Жаҳли чиқиб тутоққан Ҳакимжон чолнинг орқасидан маломатларга кўмиб ташлади. Орадан кўп ўтмай Абдураҳмон ота бандаликни бажо келтирди. Ўшанда Рамазон ойининг даҳаси эди. Жаноза жумага тўғри келди. Тумонат одам йиғилди. Марҳумни сўнгги манзилга қўйиб келишди.
Одатга биноан Ҳакимжон ҳам эл қатори эртасига Абдураҳмон ота хонадонига таъзия билдиргани борди. Отанинг эшик олдида қўл қовуштириб турган ўғилларига ҳамдардлик билдирди, сабр тилади. Отанинг тўнғич ўғли падари бузрукворининг қилиқ ва фазилатларини хотирлар экан, гап орасида шундай деб қистириб ўтди: «Кейинги вақтда отамизнинг қулоқлари анча оғирлашиб, унча-мунча гапни эшитмайдиган бўлиб қолган эдилар». Шу пайт лоп этиб Ҳакимжоннинг эсига кўнгилда доғ қолдирган ўша салом-алик воқеаси тушди. «Наҳотки Абдураҳмон ота ўшанда саломимни эшитмай ўтиб кетган бўлсалар?». Таъзиядан кўнгли хижил бўлиб қайтган Ҳакимжон ҳасрат билан «Астағфируллоҳ» деб юборди. Аликсиз қолдирилган салом учун чолни билимсиз, нодон, кибрли кимсага чиқариб, маломат тошларини ноҳақ ёғдирганига надоматлар чекди. «Ахир кекса кишининг қулоғи оғирлашиб қолиши мумкин-ку, наҳот шунга ақлим етмаса?» деб ўзини анча койиди…
Иккинчи воқеага эса ўзим шоҳид бўлганман. Каттагина хонада илм аҳллари иштирокида мажлис бўлаётган эди. Шу пайт йигирма беш ёшлар чамасидаги, замонавий кийинган, бошяланг бир йигитча салом бериб кириб келди. Уни таниганлардан икки-уч қария ўрнидан туриб, йигитчани тўрга таклиф этди. У розилик бермай қуйига чўкди. Аммо тўрдагилар бунга рози бўлмай ёнларига  чорлайверишди. Шунда у ноилож улуғлар ёнидан жой олди. Бу воқеани кузатиб ўтирган ёнимдаги бир басавлат димоғдор амаки секингина тўнғиллаб қўйди: «Бу тирмизакка шунча ҳурмат нечун? Бунинг устига, шундоқ маъракага бошяланг келгани-чи! Яна иззатталаблигига ўлайми?!». Йигитчани  танимаганим учун бирор эътироз билдиролмадим.
Мажлис тугаб, маъраканинг улуғларидан бири «Қани, фалончи қори, бир тиловат қилиб беринг», деб қолди.  Йигитча чўкка тушганича, кўзларини юмган кўйи Қуръони карим оятларини шундай бир муҳаббат билан, қоидаларига риоя қилган ҳолда ажиб бир савт ила ўқиб бердики, ўтирганлардан икки-уч киши чидай олмай баралла такбир айтиб юборишди. Фотиҳадан сўнг қори йигит, ота-онаси ва устозларининг ҳаққига дуо қилинди. Боядан бери йигитчанинг ташқи қиёфасидану  одамларнинг унга муомаласидан энсаси қотиб ўтирган ёнимдаги бадқовоқ кишининг нафаси ичига тушиб кетди… 
Дарҳақиқат, инсон шошқалоқ. Ўзимиз билган-билмаган одамлар ҳақида, кўрган-кўрмаган воқеалар хусусида шошилинч ҳукмлар чиқарамиз. Бир биродаримиз дунё ташвишларига ғарқ бўлиб, бизни кўрмай ўтиб кетса, хулосамиз тайёр: «Намунча кеккайиб қопти, пули кўпайиб кетибди-да!».
Ёки  синглиси, рафиқаси билан машинада кетаётган дўстимиз ҳақида ёмон фикрга борамиз: «Бу чиройли аёл билан қандоқ танишдийкин?»
Ёхуд яхшилик маъносида айтилган сўз ё қилинган ҳаракатдан дарров шубҳага борамиз: "Нега менга бунча меҳрибон бўлиб қолди, бир балоси бўлмасин тағин…»
Бирор дўстимизнинг кайфияти нохушроқ ҳолда сўрашганини кўриб, ундан душман ясаймиз: «Ўзи анчадан буён олақараш қилиб юрувди, гап бу ёқда экан-да»
Ёмон гумонларга бораверамиз, маломатлар қилаверамиз, гуноҳларни кўпайтираверамиз. Боринг, аслида шундай бўлганида ҳам, негадир яхши гумон қилмаймиз. «Шошиб, кўрмай ўтиб кетгандир?», демаймиз. «Синглисини олиб кетаётгандир», деб ўйламаймиз. «Менга бирор яхшиликни кўзлаётгандир», деган хаёлга бормаймиз. «Эҳтимол тоби йўқдир, шунга нохуш сўрашгандир», дея хулоса чиқармаймиз. 
Одамлар тўғрисида билиб-билмай ёмон гумонларга бориш энг аввало ўзингизга зарар: масала ойдинлашганида уялиб қолишингиз, баъзан бир умр виждон азобида ўтишингиз бор. Қолаверса бу ҳаром иш ахлоқимизда ман қилинган. Жамиятни ёмон гумонлардан тозалаш, кишилар ўртасида ишонч ва бошқа инсоний муносабатларни мустаҳкамлаш учун виждонларимизни ёмон гумон, бирор киши ёки воқеа ҳақида шошқалоқлик билан, билиб-билмай хулоса чиқариш ифлослигидан тозалаб олишимиз керак бўлади.
Ҳақиқатан гумон, ғийбат, бировни ёмонлаш, одамлар ҳақида ёлғон-яшиқ сўзларни тарқатиб юриш, чақимчилик, беҳуда валақлаш каби иллатлар жамиятда парокандалик, безовталик, ишончсизлик, хусумат туғдириб қолмай, балки ўша гапларни оғзидан чиқарган кишига ҳам кўп заҳматлар, кулфатлар етказади. 
Баъзан бехосдан оғзингиздан ўзга бир инсон ҳақида ёмон фикр чиқиб кетади ёки унинг бирор нуқсонини айтиб юборасиз. Ҳеч шубҳасиз, бу гапингиз айланиб-айланиб унинг қулоғига албатта етиб боради. Чунки олдингизда ҳайбаракаллачилик қилиб турганларнинг ўзи «холис хизмат» қилиб унга етказишади. У одам бу гапингиздан асло хурсанд бўлмайди. Қалбида сизга нисбатан нафрат ва адоват уйғонади. «Ҳап саними» деб муштига туфлаб қўяди. Бир куни боплаб ўч олишни кўнглига тугади. Сизнинг камчиликларингизни ҳамма ерда овоза қилишга киришади. Қарабсизки, кечагина ундан яқин дўст йўқ эди, бугун эса ундан маккорроқ душманингиз ҳам йўқ. Ўша бир оғиз ўйламай айтилган сўзнинг жабри-жафосини ҳали кўп йиллар тортишга тўғри келади.
Яхшиликлардан тўсувчи ҳамма нарсадан узлат қилиш ва итоатда юриш ажойиб бир даво бўлиб, қалб табиблари уни жуда муваффақият билан синаб кўришган. Шунинг учун бекорчи, танбал, ишсизлар суҳбатидан ҳазир бўлинг. Қаланғи-қасанғилар билан аралашиб юриш нафсониятга ва обрўга қарши уруш эълон қилиш ҳамда дунё тинчлиги ва руҳ хотиржамлигига  қарши хатарли таҳдиддир.  
Аммо яхши сўзлар, яхши ишлар бўлса майли, одамларга аралашавериш керак. Шунда вақтингизнинг зое бўлишидан, умрингизнинг беҳуда кетишидан, тилингизни ғийбатдан, қалбингизни безовталикдан, қулоғингизни уятсиз гаплардан, нафсингизни ёмон гумонлардан сақлаган бўласиз.  
Айниқса ғийбат инсонлар ўртасида ихтилоф, адоват ва душманлик уруғини сочадиган қабиҳ иллатдир. Бирор кишининг орқасидан гапириш, айбини топиш, ёмонлаш, бола-чақаси, хотини, хулқи, бойлиги, илми ва бошқа жиҳатлари ҳақида бемаза гапларни гапиришнинг барчаси ғийбат саналади.
Олимларнинг биридан сўрашибди: «Пайғамбаримиз даврларида қачон ғийбат қилинса, ёмон ҳид келаркан, ҳозир ҳар қанча ғийбат қилинса ҳам ҳеч билинмайди, сабаби нимада?» Олим бундай жавоб қилибди: «Ҳозир ҳамма ғийбатчи бўлиб кетган. Икки-уч одам йиғилди, дегунча ғийбат қизийди: қўшни қўшнини, ҳамкасблар бир-бирини ғийбат қилади. Илгари бу ярамас амал фақат аёлларга хос эди, энди эркаклар ҳам майдалашиб, улардан қолишмайдиган бўлиб кетган. Ғийбат ош-нонга айланиб қолгани сабабли ҳаммаёқ сасиб бўлган. Одамлар худди кўнчининг келинидай ўрганиб, ҳид сезмайдиган бўлиб қолишган. Ғийбатнинг уяси бўлишда чойхона билан масжиднинг фарқи қолмади». 
Ҳасан Басрийга: «Бир киши сени ғийбат қилди», деб айтишди. У дарҳол ғийбат қилган кишига бир товоқ хурмо юборди. У киши хурмони олган заҳоти Ҳасаннинг олдига етиб келди ва: «Мен сизни ғийбат қилган бўлсаму сиз менга бир товоқ хурмо юборибсиз, бунинг сабаби нима?» деди. Ҳасан Басрий унга: «Сен менга яхшилик юборган экансан, мен эвазига хурмо жўнатдим», деб жавоб қилди. Бундан англашиниладики, ғийбат уни қилинган одамга яхшилик, қилувчига эса зарар ва кулфат келтиради. Демак, сизни ҳам ғийбат қилишса, хафа бўлиб, асабингизни бузаверманг. Бундан ҳеч нарса ютқазмайсиз, аксинча яхшилик кўрасиз.
Тил югуриги бошга, деганларидек, инсон бўлар-бўлмас сўзлари билан бошига кўп ғавғолар келишига ўзи сабабчи бўлиб қолади. «Одам тили билан ҳайвондан устун, аммо тилдан ножоиз фойдаланса, ҳайвондан баттар», деган Саъдий Шерозий. Боболаримиз «Сўзлаганинг кумуш бўлса, жим турганинг олтиндир», дейишган. 
Абу Абдуллоҳ Рўдакийнинг «Кўпинча сўз айтиб бўлдим пушаймон, Айтмаган сўзимдан доимо шодмон» деган доно сатрлари бор. Сўзга ёлғон қўшиш, бировнинг иззат-нафсига тегадиган сўзларни сўзлаш кишига зарар етказмасдан қолмайди. Шунинг учун беҳуда сўзлар сўзлашдан тилингизни тийиб юрганингиз маъқул. Беҳуда сўз яширин айбларни ошкор этади, душманларнинг қаҳр-ғазаб ва адоватини қўзғайди. 
Луқмони ҳакимдан: «Сиз бировнинг қоратанли чўпони эдингиз, энди улуғ даража эгаси бўлдингиз, нима нарса сизни бу улуғ мартабага кўтарди?», деб сўрашганида, у: «Доимо тўғри сўзладим, омонатга хиёнат қилмадим, маъносиз, беҳуда сўзларни айтишдан чекиндим, мана шу уч хислат мени улуғ даражага кўтарди», деб жавоб қилган экан. Шайх Жунайд Бағдодий айтади: «Ёлғон сўзлаш, иғво, эзмалик, такаббурлик, чақимчилик кишининг обрўсини йўқотади». Бир донишманд шогирдларига шундай насиҳат қилган экан: Чақимчилик билан одамларни бир-бирига душман қилиб уруштириб юрган кимса энг ёмон, ярамас кишидир. Бирингиз иккинчингизнинг сўзини менга етказманг. Мен сизларнинг ҳузурингизга саломат ва роҳатдаги хотиржам қалб билан келишни истайман».
Омонликнинг асоси сукут сақлашдир. Оғизга келганни сўзлашнинг охири вой. Донишмандларнинг айтишларича, ҳамиша омонликда, саломат юришнинг шарти ўн нарсада экан, шундан тўққизтаси сукут қилишда ва биттаси одамлардан четланишда экан. Ҳазрати Али: «Сукут сақланг, унинг энг оз фойдаси омонликдир», деганлар. Бир киши Умар ибн Абдулазиздан: «Қачон гапирай?» деб сўради. Амир: «Жим бўлишни хоҳлаганингда», деб жавоб қилди. «Қачон жим бўлай?», деб сўради ўша киши. «Гапиришни хоҳлаганингда», деди Умар ибн Абдулазиз. 
Хотиржам, руҳий фароғатда яшашни истайман, деган одам айниқса ўз сирини ҳаммага айтавермаслиги, дуч келганга ёрилавермаслиги лозим. Баъзан арзимас сирингизни билиб олган ғанимларингиз ундан сизга қарши катта айбномалар тўқишлари ва улкан зарарларни етказишлари мумкин. 
Хожа Самандар Термизий айтади: «Кўп кишилар борки, улар ўз сирларини сақлай билмасликлари туфайли ҳалокатга дучор бўлишади». Али ибн Абу Толибнинг мана бу сўзларига эътибор беринг: «Ичимизда сақлар эканмиз, ҳар қандай сир бизнинг асиримиздир. Ошкор этган пайтимиздан бошлаб биз унинг асирига айланамиз». 
Американинг собиқ президентларидан бири: «Фақат уч кишигина сир сақлай олади, агар уларнинг иккитаси ўлган бўлса», деган. «Агар сирингни душманинг билмасин десанг, уни дўстингга ҳам айтма», деб насиҳат қилади Қобус. Яна бир файласуф: «Ўз сирини сақлаш – донишмандлик, бироқ буни бошқалардан кутиш – тентаклик», деган фикрни айтган. 
Ўзингиз беҳуда сўзларни айтишдан, чақимчилик, ғийбат, иғволарга аралашишдан четланган бўлсангиз-да уларни эшитишдан қочмасангиз, бу ҳам ҳаётингиздан хотиржамликни кетказади. Одамлар ҳақида тарқайдиган ғийбат, миш-миш, иғво гапларни эшитиш, уларга эътибор беришдан сақланинг. Акс ҳолда ўзингиз кутган маънавий саломатликка эриша олмайсиз.

Аҳмад Муҳаммад

 

 

 

Ҳозир сайтимизда 26 та меҳмон бор, сайт аъзолари эса йўқ