1. Skip to Menu
  2. Skip to Content
  3. Skip to Footer

Абадийлик нима?

Дунё ҳаддан ташқари тез ўтиб бормоқда. Мен бунинг сирини унчалик тушунмасдим. Ҳа, энди вақт бўлгандан кейин ўтади-да, деб қўярдим. Аммо бир уни отам билан суҳбатлашиб ўтирганимда, бу масаланинг ечимини топгандек бўлдим. Отамиз коллежда физика фанидан дарс берадилар, шу боис бўлса керак, деярли ҳамма муаммони ўша фан орқали ечишга уринадилар. Вақт нима, деб сўрадилар мендан. Мен ўзимча ақллилик қилиб, «Холислик сари» дастурида кетган чиройли бир ҳикматли сўзни ай-тиб қутулган бўлдим: «Файласуфлар вақт ҳақида тортиша-тортиша вақтларини ўтказганлари қолди, холос!»

Отам эса менга ўхшаб айлантириб ўтирмадилар ва вақтнинг нима эканлигини тушунтира бошладилар: «Мактабда ўқигансан, уни билишинг керак: вақт тезликнинг зидди ҳисобланади. Яъни, тезлик қанчалик ошса, вақт шунча камаяди. Тошкентдан Жиззахгача 200 километр, яёв йўлга тушсанг, бир неча кун юрасан, аммо машинада икки ярим соатда борасан. Кўрдингми, тезлик ошгани сайин вақт камаймоқда.

Ҳозирги кундаги вақтнинг файзи кўтарилгани ҳам техника асрига бориб тақалади. Одамлар машиналарни, самолётларни кашф қилишаёганида, ўзларича: «ҳамма ишларимиз бир зумда битиб қолади ва энди бўш вақтларимиз ҳаддан ташқари кўп бўлади» деб ўйлаган эдилар. Лекин айнан ҳозир одамлар бир ишни битиришга вақт топа олишмаяпти. Бўш вақт тугул, қадимгилар то пешинга қадар бажариб бўлган ишларни тезкор машиналарда кечгача битира олишмаяпти. Демак, ўғлим, вақт бу - Аллоҳнинг маҳлуқоти экан! Аллоҳ вақт деган ҳолатни, тушунчани яратганидан сўнг, Унинг ишларига банданинг ақл юргизиши ўта аҳмоқсизликдир!»

Отамнинг бу гапи юрак-юракларимни эзиб юборди. Чунки шу пайтгача мен вақт Холиқ томонидан яратилган бир нарса эканлигини ўйлаб кўрмаган эканман. Агар вақт яратилган бўлса, дўстлар, ақлимиз томонидан берилган кўпгина хулосалар ўта нотўғри бўлиб чиқади. Отам менга ўшанда бошқа бир саволни ҳам берганди: «Ўғлим, мана сен физикадан яхши бахо олгансан. Вақтнинг вужудга келиши, яъни йил ва куннинг пайдо бўлиши ер шарининг қуёш атрофида айланишига ва ернингўзўқи атрофида айланишига боғлиқ. Тўғрими? Энди савол - Тасаввур қил, ер ўз ўқи атрофида айланишни тўхтатди, қуёш ер атрофида айланишни тўхтатди. Шунда вақт деган тушунча қаёққа кетади? Соат миллари айлангани билан ВАҚТ ўтадими ёки йўқми?»

Бу савол мени ўйлантириб қўйди. Югуриб бориб, Қуръони Каримнинг маънолар таржимасини очдим. Ажиб ҳолат: Қуръонда Қиёмат ҳақида гап кетганида, «Ўша Кун» деб эслатилган эди. Кунлар эмас, балки Кун дейилмоқда. Қуёш ер атрофида айланишни тўхтатадиган онда энди биз билмаган, бизнинг тасаввуротимиздан анча юқори бўлган бир Кунда ҳаммамиз тўпланар эканмиз. Қўрқиб кетдим. Чунки мен «Ўша Кун»ни ҳақиқий маънода ҳис қилгандим ўшанда. Кейин эса АБАДИЙЛИК ҳақидаги ўйларимга ҳам бус-буткул якун ясадим: Яъниким, мен ВАҚТнинг махлуқ эканини тушуниб етдимми, демак, АБАДИЙЛИК тушунчасини бир куни тушуниб етаман. Аллоҳ таъолога бу нарса жуда ҳам осон эканлигига амалий суратда иймон келтирдим.

Шунинг учун бўлса керак, одамлар томонидан: «Дунё бевафо, жуда ҳам тез ўтиб кетмоқда!» деган гаплар янграб қолса, мен ичимда ўйлайман: «бу одамлар ўзлари тушунишаётганмикан айтаётган сўзларини?

Маҳмуд Асрор

Ҳозир сайтимизда 56 та меҳмон бор, сайт аъзолари эса йўқ