1. Skip to Menu
  2. Skip to Content
  3. Skip to Footer

Фотиҳаси бузилган қиз тақдирида айбдорми?

 

 

 

Кейинги пайтларда одамлар орасида унаштириш дастурхонини бекор қилинаётганлар, ҳаттоки фотиҳа тўйини бузаётганлар ҳақида гап-сўзлар тез-тез қулоққа чалиниб қоляпти.  Фотиҳаси бузилган йигит-ку ҳаётда яна ўз ўрнини топиб, кўнглига, ўзига мос қиз билан турмуш қуриши мумкин. Қизга эса бу ҳолат жуда қимматга тушади. Жамиятимиздаги бу хил қараш фотиҳаси бузилган қизни буткул айбдорга чиқариб қўяди. Аслида-чи, аслида ҳам шундайми? Ахир вазиятга оқилона ёндашиб, танганинг ҳар икки томонига синчковлик билан назар солганда, унаштирув ёки фотиҳа тўйининг бузилишида ҳамиша ҳам қиз айбдор бўлавермайди-ку? Ваҳоланки, биз шундай нохуш воқеа баёнини эшитган заҳотиёқ қизнинг бирор айби бор эканми, деган хаёлга борамиз.

Мисга айланган тилла
Таниш қизнинг фотиҳаси бузилгани ҳақида эшитиб кўнглим оғриди. Жуда одобли, андишали, ҳаёли қиз эди. Сабабини сўрагани истиҳола қилиб юрган кезларим танишим қўнғироқ қилиб қолди.
— Бошимда шу кунлар ҳам бормиди?! Кўринишидан туппа-тузук йигитга ўхшаркану…- деди  у тушкун алпозда.- Совчи қўйишларидан аввал мени роса суриштиришибди. Мактабда қандай қиз бўлганман, ким билан гаплашаман, нима қиламан, нега ўттиз ёшга тўлгунимча турмушга чиқмаганман, хуллас ҳамма-ҳаммасини сўраб-суриштиришибди. Бизникилар қуда томоннинг сарпо-суруғи, дабдабасига учдими, ёки Аллоҳнинг хоҳиш-иродасида ота-онамнинг эътиборсизлиги тақдир қилинган эканми, ишқилиб тезда унаштирилдик. Ҳар учрашувда йигит менга жуда қимматбаҳо совғалар берарди. Қиммат қаҳвахона –ресторанларга таклиф қилиб, кўнглимни топишга уринарди. Тўйдан аваал загсга ариза бердик. Улар тиббий кўрикдан ўтиш учун рухсатнома беришганди, негадир унинг ранг-рўйи ўзгариб кетди. Мен қувончим билан овора  бўлганим учунми, ундаги ўзгаришга эътибор бермаган эканман. “шу ташвишларни тўйдан кейин бафуржа бажарсак бўларди”, деди у оғринган куйи. Унамадим. Тўйимда, никоҳ оқшомида загс ходималари никоҳ гувоҳномасини тутқазишини астойдил орзу қилганимни айтиб оёқ тираб олдим. Тиббий кўрик натижалари эса… ҳамма орзу-ниятларимни чиппакка чиқарди. Йигитда ОИТС хасталиги белгилари аниқланибди…
Фотиҳа бузилди. Билишимча улар ўғлининг шу жирканч касаллик билан оғриганини била туриб, менга совчи бўлиб келишган экан. Совғаларини, сарпо-суруқларини қайтариш учун у билан учрашсам, “Қўяверинг, менга ҳеч нарса керакмас. Ўзи шундоғам сизнинг олдингизда хижолатлиман. Мен сизни яхши кўриб қолдим, покиза, одобли қиз экансиз. Афсус, мен бунчалик бўлишини истамагандим. Худбинлик қилибман, сизга уйлансам, бу дардни орттириб олганимни ҳеч ким билмайди, деб ўйлаган эканман… Мени кечиринг” деб тураверди. Буёғига нима қилишга бошим қотган. Одамларнинг кўзига кўринишдан ор қиламан. Гўёки бу юзқаролик мен томонимдан бўлгану, фотиҳам бузилгани учун йигитга туҳмат қилаётгандайман.  Бир-икки одамларнинг кўзларидаги истеҳзодан ўзимни йўқотар даражага бориб, кўчага чиқишга ҳам безиллаб қолдим... Қиз боланинг тақдири бунча ҳам қийин бўлмаса? Энди номим ёмон отлиқ бўлмаслиги учун ўша оғир касал йигитга турмушга чиқшим керакмиди?.. Мен ким тушунади?..
Чиндан ҳам бу ҳолатда қизни ким тушунади? Биз вазиятга бир томонлама қарашга ўрганиб қолганмиз. Фотиҳаси бузилган қиз ҳақида эшитганимизда дарров калтафаҳмлик билан қизнинг хато ва камчиликларини хаёлан таҳлил қилишга тушамиз. Фотиҳаси бузилган қиз ҳаммма вақт ҳам тақдирида айбдор бўлавермайди. Тўй тўхатилишига айрим ота-оналарнинг

Молпарастлиги ҳам сабаб бўлади!
—    Маҳалламизнинг энг олди қизига нотаниш жойдан тўй келди,- дейди таҳририятимизга қўнғироқ қилган бухоролик муштарийимиз. – Қиз ҳар томонлама расо, гўзал, ўқимишли бўлгани учун, шундай қизга тақдири қўшилган йигитга ҳаммамизнинг ҳавасимиз келди. Фотиҳадан кўп ўтмай маҳаллада қизнинг фотиҳаси бузилгани ҳақида гап-сўз тарқалди. Бундай бўлиши тушимизга ҳам кирмаганди, ҳайрон қолиб сабабини суриштирсак, ҳалиги қуда бўлмишларнинг хонадонида узатилиб кетган катта қизнинг фикри билан ҳисоблашиб қарор қабул қилинаркан. Хуллас ўша катта опа маҳалладошимизникига келиб, тап тортмай келинчакка олиб қўйилган сарпо-суруқларни, мебелларни кўрмоқчилигини айтибди. Болаларини контрактда ўқитиб, ўқитувчилик қилиб топадиган маоши билан бир амаллаб кунини ўтказадиган ота-она хижолатдан ер чизиб қолишган экан, ҳалиги бўлажак куёвга опа бўлмиш “Бизга бунақанги камбағал қудаларнинг кераги йўқ, тўйни тўхтатамиз” дебди. Одамларнинг шунчалик ҳам нафсу кўзи оч бўлиб кетган эканми, деб ўйлаб қолдим бу гапларни эшитиб. Инсон боласи ҳам шунча пастлаб кетса бўларкан-а...
Воқеа тафсилотларини эшитиб тўғриси нима дейишни ҳам билмай қолдик. Ризқ-насибани, давлатни Аллоҳ ато этади. Банда ўзига тақдир этилган ризқини меҳнат қилиб касбу кори ортидан топиб ошайди. Бу борада Аллоҳга таваккул қилиб, фақат ризқ берувчидан сўраш ўрнига янги ҳаётга қадам қўяётган қиздан мол-дунё таъма қилиш қайси мантиққа тўғри келади?!
Шунга ўхшаган воқеани шаҳримиз маҳаллалари бирининг оқсоқоли гапириб берганди. Айтишича, ўғил уйлантираётган хонадонга қиз томондан юборилган мебелларни ўрнатишга келган усталардан мебелларнинг хорижники эмас, ўзимизда ишлаб чиқарилганини эшитган қайнона бўлмиш роса жанжал кўтарадилар ва қуда томонга қўнғироқ қилиб тўй бўлмаслигини, уларни ерга уриб (!) ўзимизнинг устахоналарда ишлаб чиқарилган мебелдан қизларига сеп қилгани учун ҳаммаси тугагани айтадилар. Қиз томон индамай қолаевришибди.
—    Ундайлар на каттанинг ва на кичикнинг гапига киришади,- дейди биз билан суҳбатда бўлган маҳалла фаоли.- Кўзига нарса – буюмдан бошқаси кўринмайди. Ундайлар учун бахт, инсоннинг шаъни-обрўси — пул ва мол-дунёда. Хуллас, минг уриниб тушунтирмайлик, молпараст қайнонани аҳдидан қайтариб бўлмади. Тўй тўхтатилди. Қарангки, ўша қизнинг Аллоҳга айтгани бор экан, биринчи фотиҳаси бузилгани билан тақдири очилиб, яхши, илм-маърифатли хонадонга келин бўлди. Молпараст онанинг ўғли эса... Уч йилда икки маротаба уйланди... Иккала келинчак ҳам бир олам сарпо-суруқ, хорижда ишлаб чиқарилган мебеллар билан кириб келди. Биринчисини икки йилда фарзандли бўлмадинг, деб ҳайдаворишди. Иккинчиси ҳам олти ойдан бери қайнонанинг зуғумига чидаб келяпти. Аллоҳнинг тадбирида хато йўқ. Мол-мулкни баҳона қилиб тўйни қолдирган қайнонадан қутилиб қолган қизнинг Худога айтгани бор экан.
Арзимаган нарса-буюм баҳонасида фотиҳаси бузилиб, ҳаёти издан чиқиб кетган қизлар ҳам орамизда анча. Шундайлардан бири ўксинганча тақдирини ҳикоя қилганди:
—    Ёшлигимда отамнинг яқин оғайниларининг ўғлига айтилган эканман. Балоғатга қадам қўйиб, бошқа тенгдошларимдай йигитлардан хат оладиган пайтимда онам мени атаб қўйишганини айтдилар.  Шу-шу ўша йигит билан муносабатларимиз илиқлашиб кетди. Вақт-соати келиб фотиҳамиз бўлди. Фотиҳадан кейин ота-онам айниб қолиб, тўйни тўхтатишди. Сабаби бизникилар давлат ишини ташлаб, бозорга чиқиб кетишган, анча ўзига тўқ оила, мен узатилаётган хонадон аҳли эса маош билан тирикчилик қиладиган оддий одамлар эди. Биз икки томонда чирқиллаб қолавердик. Ота-онам уялмай-нетмай фотиҳани бузиб юборишди. У йигит орадан кўп ўтмай обрўли хонадонинг қизига уйланди. Мен эса мана йигирма бешни қоралаяпман, ҳануз бахтим очилмаяпти... Ота-онамнинг бойликпарастлиги сабабли бахтсиз бўлиб қолдим...
Воқеаларга каттароқ нигоҳлар билан разм солсак, аксарият ҳолларда фотиҳа бузилишига қиз айбдор бўлмаса-да, асосий жабрланувчи бўлиб қолаётгани кўнгилни ғашлайди. Одамлар фотиҳаси бузилган қиз ҳақида эшитишса, юқорида таъкидлаганимиздай, бор нафратини қиз бечорага қадашга ўрганиб қолган. Қиз бола қачон фотиҳа бекор бўлганида айбдор бўлади, қачонки

Номус ва ҳаёдан айро тушган бўлса! 
—    Ўғлимни уйлантириш учун қиз излаб юргандим, бир қўшним шаҳарлик синглисининг қизини тавсия қилди. –дейди ҳамкасб опамиз.- Қизни кўриб, маъқул кўриб ўғлим билан учраштирдик. Ўғлим  ўзимга қўйиб бергани учун дарҳол тўй ҳаракатига тушдик. Сарф-харажат камроқ бўлсин деб унаштирув ва фотиҳа тўйини бирга ўтказиб юбордик. Бир куни ўғлим бўлажак келинчак билан бўлган учрашувдан жуда маъюс бўлиб қайтди. Сабабини сўрасам хижолатдан бошларини эгиб олди ва “ ойи у қизга уйланмайман... Фотиҳани бузинглар... Айтишича, бир йигит билан севишиб юриб иффатидан айрилиб қолган экан” деди. Ўғлимнинг гапини эшитиб ҳушим бошимдан учиб кетди. Нима қиларимни билмай қолдим. Ахир фотиҳа — Аллоҳнинг ризолиги бўлса, фотиҳаси бузилган кишининг кейинги ҳаёти изга тушиб кетиши қийин... Буларни тилимга кўчиролмадим. Ўғлимнинг изтиробли нигоҳларига дош беролмадим. Ҳалиги шармисор уялмай-нетмай, “ҳозир келиннинг қиз бола бўлиши шарт эмас, замонавий қизларнинг ҳаммаси шунақа бўлади” дебди. Бу гапдан кейин чидаб туролмадим. Фотиҳани буздик. Аммо қиз томон биз фотиҳа тўйида сарфлаган харажатларни қайтаришмади. Майли, муҳими ОРимиз, номусимиз омон қолгани, деб индамай улардан узоқлашдик...
Шунақа, ҳозир айрим “замонавий” шармисорлар касрига фотиҳаси бекор қилинган йигитларни ҳам учратиш мумкин. Умуман олганда, фотиҳа бузилиши йигит учун ҳам, қиз учун ҳам бирдек нохуш ҳолат. Бироқ юқорида айтилганидек, бундай ҳолатга тушган қиздан кўра йигит кишига ҳаётини ўнглаш бирмунча осон кечади. Демак, ён-веримизда кимнингдир айби ёки қандайдир англашилмовчилик туфайли фотиҳаси бекор қилинган, шу изтиробдан азият чекаётган қизлар бўлса, имкони борича уларни тушунишга, қўллаб- қувватлашга ва ҳаётини изга солишга ёрдам бериш ҳар биримизнинг инсонийлик бурчимиз саналади. Нима сабабдандир фотиҳаси бузилган, унаштирилган йигити вафот этгани учун номига “шумқадам” деган тавъқ ёпиштирилган қизларни ҳам тушуниш, уларни қисматида айбдор қилиш тўғри эмас. Ҳатто ҳақиқатдан ҳам қиз боланинг айби билан фотиҳа бузилган бўлса-да, унга тўғри йўлга тушиб олиш имконини топишида ёрдам бериш керак.  Чин инсондан фақат яхшилик қолади. Тўғрими?

Баҳор Турсунзода

 

 

 

Ҳозир сайтимизда битта меҳмон бор, сайт аъзолари эса йўқ