1. Skip to Menu
  2. Skip to Content
  3. Skip to Footer

Талоқ ҳақида манзума

Бир ҳадис шарҳин ўқиб тафаккур айладим, боз, 
Баъзилар қилмишидан дилим оғриди бироз.

Расулим олдига бир эркагу аёл келмиш, 
Бир-биридан ўпкалаб, баёни арз-ҳол қилмиш.

Улар ҳамроҳи эрди етти ёшли бир ўғил, 
Ачингайдир ҳолига душмани, дўсти тугул.

Ўртада талоқ содир, ажралишди ва аммо, 
Келишувга йўқ нозир, хал бўлмади муаммо.

Ота айтур: Отаман, ўғлимга мен ҳақлироқ,
Она айтур: Мен билан болам бўлур бахтлироқ.

Бола ҳайрону гирён, боқар икки тарафга,
Сукут сақлайди ночор, қўшилмайди бу гапга.

Аҳли супа асҳоблар - заковатли аҳбоблар, 
Мунтазирлар ҳукмга - бўлур кимга алтофлар?

Ҳазратим шариатнинг ҳукмини ўтказдилар, 
Гўдакни ота-она ёнига ўтқаздилар.

Дедиларким: “Эй ўғил, танла булар бирини, 
Сенга рухсат берурман, айлагин тадбирини”.

Еш гўдакнинг бу сўздан боши ҳам қотиб қолди, 
Нима дейиш билмасдан қайғуга ботиб қолди.

Меҳрибони, ғамхўри, отасини десинми?
Дилу жони, маҳбуби, онасини десинми?

Оҳ уриб хўрсинди-ю, қилди сўнгида фарёд, 
Худонинг қайта-қайта номини айлади ёд.

Жумла ҳозир жамоат юрак-бағрин тиғлади, 
Балки, аҳли самовот бўлиб ҳамдард миғпади.

Афтодаҳол равишда бахтсиз ўғил бўзлади, 
Мунгли, ҳазин товушда нималардир сўзлади.

Хаёлотга берилдим, мен ҳам унда бўлгандаи, 
Назаримда ёш гўдак бўлди шундай дегандай:

“Отажоним, Сиз менинг мисли танда жонимсиз, 
Суянчиғим, таянчим, томиримда қонимсиз.

Сиздан ажраб, отажон, ҳолим нелар кечгуси? 
Соғинганда ташна қалб заққум сувин ичгуси.

Ўртоқларим отасин орқасидан чопганда, 
Эркаланиб хар доим ҳаловатин топганда,

Етимлигим билиниб, кимдан меҳр кутаман? 
Юрак-бағрим эзилиб, наҳот қонлар ютаман?

Оталар фарзандларнинг бошларин силашган вақт, 
Ким силайди бошимни ғам-андуҳ илашган вақт?

Бошқа биров одамни “отажоним” дейинми?. 
Эшигида нонини бўйним қисиб ейинми?

Сизсиз менга бу дунё бўлмасмикин зулумот?
Ёш бошимга минг бало солмасмикин бу ҳаёт?

Тириктуриб сиз, ота, етим кунин кўрайми?
Ёт кишини “ота” деб, мурувватин сўрайми?

Худойим ажратмаса, йўқдир сиздан ажралгум, 
Истагим рад этмаса, ажралишдан асралгум.

Бунчалар хор бўлмаса, бу ғариб бошим менинг, 
Кор қилмагай ҳеч кима фиғоним, ёшим менинг.”

Сўнгра она бағрига қўйди шўрлик бошини,
Артар эди қўлида, тўхтатолмай ёшини.

Бу ҳолатдан вужудим қалтираб кетди мутлақ, 
Сўзларини қулоғим эшитмай қолди бутроқ.

Хаёлимда хорланиб, бужмайтирди лабини, 
Дудуқланиб, тутилиб, аранг айтди гапини:

“Онажоним, жон онам, она мўътабар зотдир, 
Меҳридан ажр олмоғим букж бахт, саодатдир,

Онадан юз ўгирмоқ узри йўқ жиноятдир, 
Фарзандликка нолойиқ, бадкорлик, хиёнатдир.

Хизмат қилсам бир умр, муздмас бир тўлғоғига, 
Арзимас бир лаҳзалик тўлғоқнинг қийноғига.

Қорнида кўтаргандир мени роса тўққиз ой,
Қанча мушкул бўлмасин, қилган эмас оҳу-вой.

Нажосат бирла гоҳо булғаб қўйсам либосин, 
Маломатлар қилмади, аён этиб ҳаёсин.

Кўтаргандир эркалаб, юргунимча неча вақт, 
Шому сахар, эрталаб тиззасийди менга тахт.

Оғрисам учган қути, бошимда гирён бўлган, 
Кўксидан берган сути танамга дармон бўлган.

Меҳридан сувлар ичиб бағрида ўсган ниҳол,
Ўзга ерда авж олиб ўсмаги амри маҳол.

Униб-ўсган боғимдан бошқа боғда ўсайми?
Онам ҳаёт, ўгайдан меҳру-шафқат сўрайми?

Онажоним, жон онам, она мўътабар зотдир, 
Онамсиз кўнглим уйи вайрона хароботдир.

Во дариғо, найлайин, қадарда шу ёзилмиш, 
Ҳазратимга муносиб муаммони ҳал этиш”.

Ҳозип эрди мажлисда Жабал ўғли Муоз хам, 
Кўплаб ҳадис ровийси саҳоба сарфароз ҳам.

Расулим дедиларким: “Эй Муоз, солгин қулоқ,
Ер юзида Худонинг яхши кўргани атоқ.

Яратган нарсасидан ёмон кўргани талоқ”.
Дора Қутнийдин марвий ҳадис маъниси шундоқ.

Набийдан Умар ўғли қилди шундай ривоят: 
“Оллоҳ ҳалол талоқни ёмон кўрди бағоят”.

Заруратда ҳалолдир, шариат рухсати бор, 
Беҳудада малолдир, надомат, иллати бор.

Эҳтимол, жуфт яшашнинг қолмагандир имкони, 
Балки, бирга яшашнинг бор бўлгандир зиёни.

Турли динда турлича бордир ҳукму тушунча, 
Баъзисида никоҳи бузилмайдир ўлгунча.

Бу мантиқсиз тизимда расман мамнуъдир талоқ, 
Лек бемалол ўзгага беникоҳ очгай қучоқ.

Ва ниҳоят бу қилиқ шумлйги бўлмиш сабаб, 
Эр-хотинлик бурчи йўқ, йўқолди наслу-насаб.

Баъзи бир дину мазҳаб талоқни беҳад санаб, 
Уларда инсонга хос қолмади хулқу адаб.

Бизда, ислом динида никоҳ чиндан муқаддас, 
Унинг ҳукму бурчидан лозим бизга олмоқ дарс.

Аллоҳ ҳам Расул исми бирла ўқилса никоҳ,
Унда ҳозир бўлсалар мусулмон икки гувоҳ.

Мард бўлиб ақд боғлагач, ваъдада турмоқ керак, 
Аччиғин татиб гоҳо, айшини сурмоқ керак.

Никоҳ, талоқ нелигин тушунмоқ керак обдон,
Талоқ ҳалол ва лекин Худо ҳам кўрган ёмон.

Агар сенда бор бўлса, мусулмонлик даъвоси,
Яна талоқ қилмоқлик қатъийят муддаоси,

Ҳайзу нифос вақтида “талоқ”ни айтма зинҳор, 
Яратганни олдида бўлма қаттиқ гуноҳкор.

Яна поклик даврида агар бўлгансан яқин,
Қайта поклик вақтини кутмоқ шаръийда таъйин.

Ривоятда келибдир Умар ўғли бир куни,
Завжасин қилди талоқ, ҳайзда эрди хотуни..

Расулим топгач хабар, ғазабланди бу ишга, 
Шариатга хилоф деб, буюрдилар қайтишга.

Қарангки, бу ҳукмнинг қанчалик ҳикмати бор, 
Камаймоқда талоқни қанчалик қиймати бор.

Талоқ кўпроқ ғазабдан, ғазаб келса ақл кетгай, 
Ўшал пайт талоқ айлар ҳаргиз ўйламай-нетмай.

Кимки бўйин эгса мусулмонлик ҳукмига,
Ҳасрату надоматлар қадалмасдир куксига.

Эҳтимол, кутиб муддат, ўтса бир ойча фурсат, 
Қайтадан меҳри жўшиб, қаҳри топғуси узлат.

Махмуд ибни Лабийддан тингланг ҳадис муҳимроқ, 
Хотунмни бир киши қилди жамлаб “уч талоқ”

Бу хабарни эшитгач, Расулим айлаб ғазаб,
Туриб кетди ўрнидан, деди қавмига қараб.

Ичингизда мен туриб, Худонинг китобини 
Қилингайми ўйинчоқ, буйруғи - хитобини.

Ғазабланган Набийнинг ҳолатидан бир шужоъ 
Ўрнидан туриб дарҳол Унга қилмишдир нидо:

Рухсат беринг бадкорнинг қатлини айлай бажо, 
Ақли бўлмаган бошни танидан айлай жудо.”

Ҳадисдан бўлди маълум “уч талоқ” лафзи ҳаром, 
Кимки уни айтадир, ақли ноқис, нотамом.

Талоқнинг турлари кўп, боини, ражъийи бор, 
Ҳароми, бидъати бор, ҳалоли шаръийи бор.

Бу талоқпар шарридан қуда-анда қариндош, 
Бир-биридан жудодир яқин дўсту маслакдош.

Қанча-қанча бегуноҳ норасида етимдир,
Қанча жонон дилсиёҳ, қанчаси бетинимдир.

Алфозида бурди йўқ заифчалиш шалоқлар, 
Беҳудага неча бор такрор-такрор талоқлар.

Сўнгида ахтариб йўл, кўча-кўйда сарсондир, 
Мушкул ҳолда қолибдир, чунки тарки фармондир.

Шармандаю шармисор, баҳонаси мастлиги, 
Ичганлиги ўзи айб, ақли ноқис, пастлиги.

Дейман: “Бўлгин бешбаттар, шариатни хор тутдинг, 
Бурнинг ерга ишқалсин, Ҳақ ризосин унутдинг.

Жазосини бир танҳо ўзи тортса қанийди,
Хешлари ҳам бу ғавғо аламини тагийди.

Латифа бор: Афанди сигирини урибди,
Бузоқтутқич бермаса, онасидан кўрибди.

Қисман борга ўхшайдир латифада ҳақиқат,
Турмуш қуриш олдидан берилмаган тарбият.

Жон оналар, қизларга йиғгунча бўғчалаб сеп, 
Рўзғор тутиш ўргатинг, ахлоқига беринг зеб.

Қайнонага дастёр-у, дилдор бўлсин ёрига,
Кўнсин аччиқ-чучукка, эрнинг йўғу борига.

Отахонлар, ўғилни ҳаётга этинг тайёр,
Сўнгра биров қизига майли бўлинг харидор.

Такасалтанг, ишёқмас қилиб ўстирманг уни, 
Маломат тоши ёғгай бошингизга бир куни.

Қўйди-чиқдига кўпроқ қайноналар ҳам сабаб,
Кўнгли қора, чақимчи ҳамхоналар ҳам сабаб.

Қайнота бўлса лақма, занчалиш, аёл мижоз, 
Бундайин оилада ҳамжиҳатлик бўлур оз.

Бу каби камчиликлар йўқолса, топса барҳам,
Не ажаб, ҳеч гап эмас, Худойим берса ёрдам.

Шу тақлид ажралишлар камайса имкон қадар,
Қайғу, ташвиш, нохушлик бизлардан топса басар.

Қиссадан ҳисса шулдир: ҳар бир мўъмин, мусулмон, 
Хақ ризосин йўлида бўлмасин тарки фармон.

Ҳалолни ҳалол фаҳмлаб, ҳаромни кўрсин ёмон, 
Макруҳни кариҳ ақглаб, ғам-ғашдан бўлсин омон.

Тирикдур ота-она, етим бўлмасин фарзанд, 
Меҳрибонлик уйлари ҳаргиз бўлмасин тирбанд.

Ҳеч бир аёл бошига тушмасин рўзғор ғами, 
Аёллардек кун кўрсин, бўлсин ҳомий, ҳамдами.

Эрларимиз ғурурли, ҳамиятли бўлишсин,
Ваъдасида бир сўзли, қатъиятли бўлишсин.

Қайноналар бидъату хурофотга ботмасин,
Ёш оила бошига малол тошин отмасин.

Ғийбатчию, чақимчи, қора ният ҳасадгўй,
Нафасидан ҳеч бир уй ҳаргиз бўлмасин бадбўй.

Бўлсин сургун-бадарға тиллардан лафзи талоқ,    
Қалблар қалбга пайванду ғам-қайғу бўлсин йироқ.

Ҳаёт тарзимиз ўрнак бўлсин аҳли жаҳонга,
Тан берсинлар мўъжиза бўлмиш ҳукми қуръонга.

Шариатни билганлар кўзга илмас пандингни,
Бехабарлар наздида қиймати йўқ қандингни.

Абдураҳим лангарлик нофеъ бўлсин ҳар коринг,
Топиб Ҳақнинг ризосин ҳосил бўлсин муродинг.

Абдураҳимхўжа Муҳаммадхон ўғли Лангарий, Наманган шаҳри

Ҳозир сайтимизда 74 та меҳмон бор, сайт аъзолари эса йўқ