1. Skip to Menu
  2. Skip to Content
  3. Skip to Footer

Битирув оқшоми” ўйлари...

 “Илм – дунёнинг иззати” деган эди Абдулла Авлоний. – Илм инсон учун ғоят олий ва муқаддас бир фазилатдир. Зероки, илм бизга ўз аҳволимизни, ҳаракатимизни ойна каби кўрсатур. Зеҳнимизни, фикримизни қилич каби ўткир қилур”.  Дарҳақиқат, илм — инсон камолотида муҳим аҳамият касб этади.  Киши дастлабки илм сабоғини таълим-тарбия маскани бўлмиш мактабдан олади. Мактаб шахс тарбияси, билим олиши ва маънавий дунёқарашининг  шаклланишида асосий пойдевор вазифасини ўтайди. Ҳар бир даврда, ҳар бир давлатда мактаб аталмиш даргоҳга нисбатан катта маъсулият, талаб ила ёндашилиб келинган.
Эртага сўнгги қўнғирок садолари остида жонажон мактаблар бағридан чиққан битирувчилар ҳадемай коллеж ва лицейлар томон ошиқадилар.  Унга қадар эса...
Сўнгги қўнғироқ айниқса битирувчилар кўнглига ўзгача ҳис-туйғулар бағишлайди. Тўққиз йил мобайнида бир оиланинг фарзандидек бўлиб қолган тенгдош дўстларнинг  ҳаёт бошлаган турфа йўлларга қараб кетиши ҳам ҳаяжонли ва ҳам бироз қайғули. Неча йилдирки, битирувчи синф ўқувчиларининг мактабларда дўсту дугоналари, уларга таълим- тарбия берган устоз-мураббийлари билан бирга  Битириш оқшоми, Хайрлашув кечалари каби тадбирлар ўтказилиб келинмоқда. Қизиғи, бундай  тадбирларнинг ўтказилши анъана тусига кириб, боз устига ҳар йили уларга  янгича одат қўшилади. Тўққизинчи синф ўқувчилари қолиб, тўртинчи синфни якунлаб, бешинчи синфга ўтаётган болакайлар ҳам битирув оқшомлари ўтказишлари урфга айланиб кетди.  Майли, шодиёналарнинг, яхши кунларнинг борлигига, қувончли дамларнинг кўплигига шукр. Аммо ҳар нарсанинг ўз меъёри, мувозанати бўлган маъқул. Яқинда таниш аёллардан бири шу хусусида гап очиб қолди:
-    Май ойининг охирида тўртинчи синфни тугатаётган қизчамнинг  байрами бўлар экан. “Хайр биринчи ўқитувчим”ми нимадир дейилар экан. Ота-оналар йиғилиши ташкиллаштирилди. Болаларимизнинг ўқиши, тартиб-интизоми ҳақида уёқ-буёқдан гапирган бўлишдию, ўқитувчиларнинг биз ота-оналарни чақиртиришдан асосий мақсадлари  бошқалиги шундоқ сезилиб турибди. Бир пайт қизимнинг синф раҳбари бошқа гапларинг бўлса ўзаро гаплашиб олаверинглар, деб хонадан чиқиб кетди. Ота-оналар орасида ўқитувчининг қариндошимией, дугонасимией бор экан. Дарҳол ўртага чиқиб, унинг болаларимизга тўрт йил мобайнида таълим – тарбия бергани ҳақида гап сота бошлади. Хуллас қариндош хонимнинг маърузаларидаги мақсад — “Хайр биринчи ўқитувчим” кечасини  машҳур тўйхоналардан бирида ўтказиш ва ўқитувчига тилла тақинчоқлар мажмуаси совға қилиш экан. “Яна ўзингиз биласизлар” деган кесатиқли якундан кейин барча бир овозда маърузачи аёлнинг фикрини тасдиқлади. Хуллас, фалон пулдан йиғишга келишилди. Тўғриси, улар бир овоздан қабул қилган суммани эшитиб, ҳушимдан кетиб қолай дедим. Ахир бу йил иккита эгизак қизим тўққизинчини тамомлайди, уларнинг битириш оқшомига қаердан пул оламан? Дадаси икковимиз маош билан рўзғорни амаллаётган бўлсак. Эрта буларнинг ўқиши, келажаги бор, бир кунлик тадбирга шунча дабдаба нимага керак экан? Ёш болаларни исрофгарчиликка, беҳуда ҳойи ҳавасларга ўргатишдан кўра, китоб ўқишга, тил ўрганишга даъват этишса бўлмайдими ўқитувчилар? Бундай бемаза фикрлар ўқитувчиларнинг ўзидан чиқса, ҳали дунёқараши тўла шаклланиб улгурмаган болалардан нима кутиш мумкин?..
Чиндан ҳам бу каби ўйлар аксарият ота-оналарнинг кўнглидан кечаётган бўлса, ажаб эмас. Бироқ ҳеч бири бу борадаги фикрлари билан битириш оқшоми ёки хайрлашув кечаларини соддароқ тарзда ўтказиш, ортиқча чиқим ва дабдабаларга йўл қўймаслик ҳақида гапиришга журъат қилмайдилар. Биринчидан, бу фикрлар пулини қайга сарфлашни билмай ўтирган дабдабавозларга ёқмайди, иккинчидан, болам бошқалардан кам бўлмасин, кўнгли ўксиб қолмасин деган фикр билан тилларини тишлашади. 
   Ўзи йил бўйи турли йиғим ва харажатлардан ўқувчиларнинг боши чиқмайди. Ижара китоблардан тортиб, аллақандай театру кино, борингки, бадаллару мактаб таъмири учун пул йиғавериб, ота-оналарнинг ҳам чўнтаги шилиниб кетгани тайин. Энди битирув оқшомининг дабдабаси. Боз устига синф раҳбарига қимматбаҳо эсдалик совғаси ва ўзларига дарс берган бошқа ўқитувчиларга ҳам камида эллик-олмиш минг сўмлик совға олишлари керак...  Бугунги кун ўқитувчиси ўз ўқувчисининг келажаги, тарбияси ҳақида фикр юритяптими ёки ўқув йили сўнггида «оқшом»ни бошқа синфларникидан кўра дабдабалироқ, «бир умрга татигулик» қилиб ўтказиш ҳақида ўйлаяптими? Аслида инсон онгида нима «бир умрга татийди»? Тафаккур, маънавий ва ахлоқий тушунчалар эмасми? Мактаб ўқувчига фақат билим берибгина қолмай, тарбияни ҳам устоз мисолида ўргатиши керакмасми?  Хўш, бугун кўзи ўзи ўқитган ўқувчиларининг қўлига қадалиб қолган ўқитувчидан келажак авлод  қандай тарбия олсин? Порахўрликними ё таъмагирликними?..
Катталар ҳамиша исроф гуноҳ эканлигини, тежамкорлик, ҳар нарсани борида қадрлаш инсоний фазилатлар ичида энг олийси эканини таъкидлашади.  Ўқувчи ёшлар  буларни фақат китоблардагина ўқимай, балки илм даргоҳида, ўзига таълим-тарбия бераётган устозлари мисолида амалий исботини  кўриши лозим.
Шундай экан, фарзандларимизнинг битирув оқшомларини дабдаба билан ўтказиш устида эмас, уларнинг биздан кўра кучли, билимли ва албатта бахтли бўлишлари хусусида бош қотириш шарт. Бир кунлик “оқшом” ўтади-кетади. Уни бир умр эсда қоларли қилиб ўтказиш учун бир неча соатларга ўртача оилани бир ой боқишга етгулик маблағни сарф қилиш бориб турган мантиқсизлик, бизнингча. Сизнинг мулоҳазангиз қандай?

Умида Адизова

Ҳозир сайтимизда 67 та меҳмон бор, сайт аъзолари эса йўқ