1. Skip to Menu
  2. Skip to Content
  3. Skip to Footer

Тиланчими талончи?

Рамазон шукуҳи кезаётган айни кунларда “Чорсу” бозори атрофида бўйнига  “Илтимос, менга ёрдам беринг. Аҳволим оғир. Нонга пул беринг” каби дийдиёлар ёзилган қоғозни бўйнига илволиб, одамлардан садақа тиланиб юрган эркакка кўзим тушди. У бозор яқинидаги бекатда тўхтаган транспортларга бирма –бир чиқиб йўловчиларнинг қаршисида турганча  бўйнидаги  ёзувни мажбуран ўқитар, садақа қилишни истамаганларни ҳам ўзига пул беришга мажбурларди. Тиланчи йўловчилар оралаб менинг олдимга келди. Ишшайганча бўйнини қийшайтириб ёзувга ишора қиляпти. Чўнтаги қаппайиб турибди, шундоқ қараганда  бир даста пулларнинг ранги кўзга ташланади.
-    Тортинг, садақа тиланаётган қўлингизни! Чўнтагингиз пулдан қаппайиб туриб, сизга пул бериш гуноҳ! Фақат бир кунлик нонга етадиган пул қарз бериш керак, ўша одам ўлмаслиги учун. Ундан ортиқ садақа қилиш гуноҳ бўлади,- дедим башарасига қарашни ҳам истамай. Орада бошқа бир йўловчи аёл ҳам гапга аралашди:
-    Оғзингдаги тилла тишингни сотиб е,- денг. Буларда уят ҳам қолмабди. Бемалол тилла тишини кўрсатиб садақа сўрашини-чи!..
Йўловчилар ўзаро чувиллаб қолишди. Аммо тиланчи бетини қаттиқ қилиб ён-атрофдагилардан  садақа сўрашда давом этарди.
Тиланчику майли,  бир гадой экан, ўз қадрини, ҳурматини билмайди. Меҳнат қилиб, бир бурда нонини беминнат топиб ейиш завқини туймайди. Бизга-чи, бизга нима бўлган?  Садақа қилиш керак экан, деб  дуч келган одамга, қўлини чўзган кимсага садақа қилаверадими? Тўғри, садақа радди бало, дейдилар. Динимизда ҳам садақанинг афзаллиги, садақа қилган кишига ёзилажак савоблар ҳақида етарлича далил қилинган. Бироқ, садақа қилишнинг ҳам ўзига хос ўрни, тартиби, қоидаси бор. Бу гаплар ҳам ўз йўлига, нега деганда раҳм-шафқатли элмиз. Ғанимат кунларнинг қадрини билиб эҳтиёжмандларга имконқадар ёрдам қўлини чўзиш учун халқимиз ушбу дамларнинг ҳар онидан фойдаланишга ҳаракат қилишади. Аммо

Талончиликнинг ўзига хос йўли  

 билан одамларни талаётган тиланчи ниқобидаги кимсалар ўзи билан ўзи ёлғиз қолганида виждон кўзгусига қандай қарашар экан?..
-    Шаҳримиздаги серқатнов чорраҳалардан бирида бекатда ўзимга керакли автобусни кутаётгандим,- дейди Маҳлиё исмли жувон. Йигирма-йигирма икки ёшлар чамасидаги бир йигит ўрта ёшлардаги бир аёл билан гаплашиб туришганди. Бир пайт қизил чироқ ёниб машиналар тўхтаб қолганди, ҳалиги туппа-тузук турган йигит бирданига оёғини қайрилтириб, қўлини алламбало қилиб, ичига тортиб, башарасини қийшайтириб машиналарнинг ойнасидан қўл чўзиб тиланчилик қила бошлади. Ҳайратдан оғзим очилиб қолди. Уни кўрган одам “шўрлик жуда ёмон аҳвода экан, ногирон кишига мурувват кўрсатиш савоб” деб ўйлаши тайин эди. Ундаги маҳорат, актёрлик “қобилияти” манаман деган халқ артистида ҳам топилмаса керак! Одам деган ҳам шунчалик риёкор бўлар экан-да. Бекатда турган уч-тўрт йўловчи бир-биримизга маъноли қараб қўйдик. Яшил чироқ ёниб, машиналар юриб кетганди ҳалиги “оқсоқ”, “чўлоқ”, “ногирон”  тиланчи асл ҳолига қайтиб, сурбетларча қаддини тик тутиб йўлдан ўтди ва ҳалиги боягина ўзи билан гаплашиб турган аёл томонга юриб кетди. Ана шунақа, меҳнатга бўйни ёр бермаган текинхўрлар ўзларини ҳар кўйга солиб, пешона тери билан пул топадиган раҳмдил одамларни тунаб юришаркан...
Азизлар, орамизда бу қадар мунофиқ, иккиюзламачи кишиларнинг пайдо бўлишига ўзимиз ҳам айбдор эмасмизми? Ахир, бугун аксарият тиланчилар гадой эмас, нақ талончининг ўзи эканини кўпчилигимиз  биламиз! Демак, биз ҳам уларга шерикмиз. Очиқчасига айтишдан уяламиз, андиша қиламиз. “Арзимаган пулни деб  тиланчи  билан талашамизми?” деймиз-да, ҳеч нарса билмаган кишидек ўз йўлимизга равона бўламиз. Гап пулда эмас. Унинг қанчалигида ҳам эмас. Агар, биз кичик бир қоидабузарликка кўзимизни юмсак, ҳаққимизни талаб қилмасак, унга ўрганиб қоламиз. У кейинчалик одатий ҳолга айланади. Кейин эса, каттароқ иллатни кўриб кўрмаганликка оламиз. Сўнгра бошқа бир жиноят ҳар кунги ҳаётимизга кириб келади. Қарабсиз-ки, қаллоблик ва фосиқлик, жаҳолат ва қабоҳат, мунофиқлик ҳукм сурувчи жамиятнинг бир қисмига айланади. Бу баландпарвоз сўзлар эмас. Афсуски, ҳақиқат.

“Одамлар алдоқчи бўлиб кетяпти!”

 деб бонг урамиз-у, ўзимиз бу ҳолатга биринчи бўлиб кўзимизни юмамиз...
-    Туманимизда жойлашган зиёратгоҳда тиланчилик  қилиб юрадиган бир одам бор,- дейди бир ҳамкасбим. Бир куни шифокор танишим билан ўша зиёратгоҳдан чиқаётсак, ҳалиги тиланчи биз билан салом-алик қилди-да, ҳамроҳимга қараб “Ҳа дўхтир, тўйлар яхши ўтдими?”- деб сўради.  Шифокор ҳайрон бўлиб  “ҳа, Худога шукр, ўтказиб юбордик..” деганди, тиланчи ҳам безрайиб “Ҳа, келин-куёв ўтирадиган мошинага бизнинг ўғилларнинг “Лимузини”ни опкетишти-да, шундан билдим, тўй қилаётганингизни” деди...
Садақа қилиш, эҳтиёжмандга ёрдам қўлини чўзиш савоб амаллардан ҳисобланади. Аммо садақа, моддий ёрдам МУҲТОЖга қилинади, ҚОРНИ ТЎҚга эмас! Мискин, бечора, етимларга мурувват қилинади. Биз бўлсак хорижий русумдаги автомашиналарини ижарага берадиган, турмуши шоҳона кимсаларга не азобларда топган маблағимизни эҳсон қиламиз. Ҳам  пулимиздан айриламиз, ҳам гуноҳга ботамиз.

“Одам аввал ўзидан уялсин!..”

-    Бир куни уйда ўтирсам эшик тақиллаб афт-ангори бус-бутун, тўрт мучаси соппа-соғ йигит остонада турибди,- дейдилар бухоролик онахон Шарофат ая.- “Келинг, меҳмон” десам, бирданига чўккалаб  ўтириб олди-да,  фотиҳага қўл очиб ўзича нималарнидир вайсаб дуо қилган бўлди. Дуосини охирлаб, юзига фотиҳа тортгунича индамай кузатиб ўтирдим. “Худо йўлига хайр қилинг, онахон” деб қолди дуойи фотиҳадан кейин.  “Уялмайсанми, болам, куч-қувватинг жойида, соппа соғсан, мен ариқдан бир челак сув олиб келолмайман. Чой дамлагани чиқсам, ҳолдан тойиб қалтираб қоламан. Бирор юмушга ярамай қолганим учун ҳам давлат менга пенсия тайинлабди. Энди ўша пенсия пулимдан сенга садақа қилайми? Кунинг қари кампирнинг пенсия пулига қолдими? Шу гавданг, шу қуватинг билан эшикма эшик гадойчилик қилиб юргани қандай юзинг чидайди? Мардикорчилик қилсанг ё бозорда арава тортсанг ҳам одамларга фойданг тегади, ҳам пешона теринг билан ҳалол ризқ топасан. Ҳали ёш экансан, касб-ҳунар ўргансанг ҳам бўлади. Йигит ҳолингга тиланчилик қилиб юриш уят”  деб роса гапирдим. Билмадим, гапларим унга кор қилдими, йўқми. Лекин бинойидеккина эркаклар, аёлларнинг тиланчилик қилиб юришини кўрганимда, ачиниб кетаман, тўғриси. Бировларни қўя туринг, одам аввал ўзидан уялиши керак. Ўзидан андиша қилмаган, ўзидан ҳаё қилмаган одам бошқалардан қандай уялсин?..

“Онажон, тиланчилик қилманг!..”

Анча йиллар олдин вилоят газетасида ишлаб юрган кезларим ҳар куни ишга бораётганимда транспортда оппоқ рўмол ўраб, эгнига узун камзул кийган кекса аёлга кўзим тушарди. Тушликка чиққан пайтларимда ишхонамиз яқинидаги бозор йўлагида ҳалиги аёлни қўлини чўзиб ўтган-кетгандан садақа тиланаётганига кўзим тушарди. Раҳмим келиб бир-икки йўл кира ва тушликдан ортирган пулимдан садақа ҳам берганман. Қиш кунларининг бирида мен ўтирган такси ҳайдовчиси қор кечиб бекатда дийдираб ўтирган ҳалиги кампирга тўхтамай ўтиб кетганди, салондаги аёллар ҳайдовчига “Яхши иш қилмадингиз, бечора совуқда ўтирибди, олиб кетсангиз бўларди” дейишганди, таксичининг жаҳли чиқиб, энсаси қотди:
-    Қўяверсаларингиз-чи!? Топармон-тутармон тўртта ўғиллари бор, қизлари бадавлат оилаларга тушган, ҳаммаси ўзига тўқ. Лекин бу кампир ёзнинг жазирамасию, қишнинг қаҳратонида ҳам тиланчиликка чиқаверади. Болаларига ҳам ҳайронман, онасини йўлдан қайтарса бўлмасмикан?! Ҳозир машинага чиқарсам ҳам манзилга борганидан кейин қўлини очиб бир дуо қилади-ю, индамай чиқиб кетади. У гадойнинг пули кўп, мен ишламасам бўлмайди, болаларимни боқишим керак. Гапга бирин-кетин йўловчи аёллар аралашишиди. Бири кампир гадойчилик қилишини тушига авлиёлардан бири кириб “Сен тиланчилик қилиб пул топгин-да, тушган пулларни етим-есирларга, болалар  уйларига эҳсон қил” дегани билан изоҳлаганини айтишса, яна бир аёл гадойлик қилиб юргани учун ўғиллари онасини бир неча марта калтаклаганини, шунга қарамай кампир уйидан қочиб чиқиб тиланчилик қилишини гапирди. Бошқа аёл эса, тиланчи кампирнинг қизи билан синглиси овсин эканини, қизи онасининг гадойлик қилишидан ор қилишини, бир неча марта акаларига, яқин қариндошларига “онамга айтинглар, тиланчилик қилмасинлар. Овсинларим кўчага чиқишса, бугун ёмон туш кўргандим, қуда хола-аянгизга пул ташлаб ўтдим, деб пичинг қилишади” деб зорлангани ҳақида гапирди.  Ҳозир ҳам туғилиб ўсган шаҳримга борганимда ўша, собиқ ишхонам яқинидаги бозорда тиланчилик қилаётган кампирни кўриб қоламан. Кўз олдимга кампирнинг одамлардан уялиб бошини эгиб олган ўғиллари, қайнбўйинлари олдида елкасини қисиб юрган қизлари келади. Ва тиланчи кампирнинг  тушига аллақандай авлиё кириб тиланчилик қилишини айтгани ҳақида эшитганимни эслайман. Ўйланиб қоламан, давлат тайинлаб қўйган қарилик пенсиясини ойма ой олаётган бўлса, фарзандларининг топиш-тутиши яхши бўлса бу кампирга яна нима керак экан? Наҳотки, “тушимга гадойчилик қилишга ишора берилди” деган гапига одамларни ишонади, деб ўйласа? Умуман, кўча-куйда, йўлларда, ер ости ўтиш жойларида бозорларда, аҳоли гавжум жойларда тиланчилик қилиб юрганлар қилиқларидан ор қилишмаса?!..

Туғруқхона “талончи”лари

Мулоҳазаларимизни қоғозга тушираётганимизда таҳририятга  Тошкент шаҳридан онахон муштарийимиз қўнғироқ қилдилар.
-    Яқинда ўғлим эгизак қизли бўлди. Келин билан чақалоқларни олиб чиққани боргандик. Туғруқхонадаги ажабтовур томошаларга ҳайрон қолдим. Жой қуриб қолгандай тиланчи-лўлилар туғруқхонани ҳам “забт” этишибди. Нима эмиш, эшик олдидаги қоровулларга ҳар ойда қирқ беш минг сўмдан  “доля” тўлармиш-да,  бемалол “фаолият”ини давом эттирармиш.  Ҳамширанинг қўлидан чақалоқни оламан десам, тиланчи қурмагур мошинаниг эшигини ёпиб чақалоққа қўл чўзяпти. Нима эмиш, “аввал менга пул берасиз, кейин чақалоқни оласиз” дейди. Ҳамма ёғи кир-чир, ифлос, чанг бўлиб ётган тиланчи беғуборгина гўдакни қўлига олишига чидолмадим. Ўша ерда тиланчини уришиб, олдимиздан ҳайдаб солдим. Тавба, кўча-ку, бозорларда одамларнинг тинчини бузиб юргани етмагандай, туғруқхонага ҳам “ҳужум” уюштиришибди-да.  Тиланчилар ҳам қайдан пул олишни билишади-да. Тиланчиларнингку, фаҳм-фаросати, ўзига яраша, лекин ўша туғрруқхонанинг шифокорларининг кўзи қаерда экан? Туғруқхона, шифохоналарда дуч келган кишилар, иркит тиланчиларнинг кириб-чиқишини назорат қилишса бўлмайдими?..
Исм-насабини сир тутишимизни илтимос қилган муштариймизнинг бу сўзларига  ортиқча изоҳнинг ҳожати бўлмаса керак.  Ҳовлисини тиланчи- лўлилар эгаллаб олган туғруқхонанинг мутассаддилари, баъзи-баъзида ташқарига чиқиб,  эшикдан-ким к иряпти, ким чиқяпти деб, атрофга эътиборли назар ташлаб қўйсалар  фойдадан холи  бўлмасди.     
Бир дугонам овқатдаги ёғли гўштни емайман, деб отиб юборган уч яшар ўғилчасига  гўшт олиш учун пул кераклигини, пул учун меҳнат қилиш кераклигини, ҳозир у отиб юборган гўшт бўлагини олиш учун ота-онаси бир ой ишлагани ва уларга маош берилганини, ана шу пулга улар гўшт сотиб олишганини эринмай тушунтирди. Орада иш жараёнидаги қийинчиликларни ҳам бола тилида уқтириб ўтишни унутмади. Дугонам ва унинг жажжи болачасининг ўзаро суҳбатларини эшита туриб, кўчадаги тиланчиларни  ўйладим. Тиланчи ёш боласига пулни қандай топишини нима деб тушунтирар экан-а?..

Умида АЗИЗ 

Ҳозир сайтимизда 149 та меҳмон бор, сайт аъзолари эса йўқ