1. Skip to Menu
  2. Skip to Content
  3. Skip to Footer

Сўнгги қўнғироқ...

Ҳар қандай жамиятнинг ўзига хос маънавий эҳтиёжлари мавжуд бўлади. Булар орасида билим етакчи ўринни эгаллайди. «Илм - дунёнинг иззати, - деган эди Абдулла Авлоний. - Илм инсон учун ғоят олий ва муқаддас бир фазилатдир. Зероки, илм бизга ўз аҳволимизни, ҳаракатимизни ойна каби кўрсатур. Зеҳнимизни, фикримизни қилич каби ўткир қилур».

Дарҳақиқат, билим олиш инсон камолотида улкан вазифалардан бири ҳисобланади. Билим олиш ҳақида сўз кетса, аввало кўз олдимизга тарбия ўчоғи ҳисобланмиш мактаб келади. Ҳақиқатан мактаб тарбияси, билимлари инсоннинг келгуси фаолиятига таянч, асос бўлиб хизмат қилади. Ҳар бир даврда, ҳар бир давлатда мактаб аталмиш даргоҳга нисбатан катта масъулият, талаб ила ёндашиб келинган. Мамлакатимизда ҳам Мустақиллик йилларида юрт тараққиёти учун илм-фаннинг аҳамияти янада ортди. Бунинг исботи ўлароқ ана шу давр мобайнида «Кадрлар тайёрлаш миллий дастури»-га мувофиқ 69 та янги мактаб барпо этилди, 40 мингдан ортиқ ўқувчига мўлжалланган 50 дан ортиқ академик лицей ҳамда 650 мингдан ортиқ ўқувчига мўлжалланган 1000га яқин касб-ҳунар коллежлари ишгатуширилди. Бу билим даргоҳларида ҳар йили Очиқ эшиклар куни тадбирлари ўтказилиб келинмоқда. Бу йилги мактаб битирувчилари ҳам аллақачон ўз йўналиш ва қизиқишларига асосланган ҳолда бирор лицей ёки коллежга ҳужжат топширишни дилига тугиб қўйган бўлса ажаб эмас. Албатта, яқин кунларда сўнгги қўнғироқ садолари остида жонажон мактаблар бағридан чиқиб, қалдирғоч мисоли эркин парвозга шайланган битирувчилар ҳадемай коллеж ва лицейлар томон ошиқадилар. Унга қадар эса...

«Сўнгги қўнғироқ...». Бу жумла ҳар кўнгилда ўзгача жаранглайди, айниқса, битирувчилар қалбида. Неча йилдирки, остона ҳатлаётган ҳар бир синф ўқувчилари томонидан тўққиз йил бирга таҳсил олган дўст-дугоналари, меҳрибон устозлари билан биргаликда Битирув оқшомлари, Хайрлашув кечалари ўтказилиб келинмокда. Бу ҳатто мактабларда анъанага айланиб қолаётганини ҳам кузатамиз. Тўғри, катта ҳаётга кириш арафасида битирувчиларнинг бу каби тадбирларни ўтказиши албатта яхши, аммо «ҳар неда меъёр дуруст» дейдилар... Яқинда бир дугонам шу ҳакда сўз очиб қолди:
-Май охирида синглимнинг битирув оқшоми эмиш. Бунга сарфланадиган харж пулини эшитиб ойимнинг капалаги учди. «Ҳаммани эсида бир умр қолсин» деб оқшомни ҳашаматли ресторанда нишонлашаркан.

Ресторан «аренда»си соатига унча пул, яна умримда номини эшитмаган таомлари учун мунча пул, бунинг устига, ҳамма қизлар бир хил байрам либоси тиктираркан, бунгаям пул... Ўзи мени шартнома асосида ўқитишса, яна синглимнинг репетиторларигаям қанча сарфланяпти. Шундай пайтда дабдабали байрамлар ўтказишнинг нима кераги бор? Унинг ўрнига шу маблағни ўзига керакли китоблар, кираётган коллежи учун дарсликлар олиш, олий ўқув юртига тайёрланиш учун сарфласа бўлмайдими? Нега ўқитувчилари шуни ўйламайди, йўл кўрсатмайди?

Чиндан ҳам бу каби ўйлар бугун ҳар бир битирувчининг оила аъзолари, ота-онаси кўнглидан ўтаётган бўлиши табиий. Ўзи йил бўйи турли йиғим ва харажатлардан битирувчиларнинг боши чиқмаган оўлса. Бугун устоз аталмиш зот, ўз ўқувчисининг келажаги, тарбияси ҳақида фикр юритяптими ёки ўқув йили сўнгида «оқшом»ни бошқа синфларникидан кўра дабдабалироқ, «бир умрга татигулик» қилиб ўтказиш ҳақида ўйлаяптими? Асли инсон онгида нима «бир умрга татийди»? Тафаккур, ахлоқий тушунчалар тизими эмасми? Мактаб ўкувчига фақат билим берибгина қолмай, тарбияни ҳам устоз мисолида ўргатиши керакмасми? Юртбошимиз бугунги кунда дунё бўйича жаҳон молиявий-иқтисодий инқирози кетаётган бир пайтда Ўзбекистон шароитида унинг таъсири ва оқибатларининг олдини олиш учун бир неча вазифаларни келтириб ўтиб шулар баробарида қатъий тежамкорлик тизимини жорий этиш лозимлигини ҳам таъкидлайдилар. Ота-боболарими ҳам азалдан исроф гунохлигини уқтириб яшаганлар. Ўқувчи буни фақат китоблардагина ўқимай балки илм даргоҳида амалий исботини ҳам кўриши лозим. Зеро шундагина ундан коми шахс чиқишига ишониш мумкин. Президентими ҳам бежиз «...маънавий жиҳатдан мукаммал ривожланган инсонни тарбиялаш, таълим ва маърифни юксалтириш, миллий уйғониш ғоясин рўёбга чиқарадиган янг авлодни вояга етказш давлатимизнинг энг муҳим вазифаларида бири бўлиб қолади», деб таъкидлаб, «бизга битирувчилар эмас, мактаб таълими ва тарбиясин кўрган шахслар керак»лигини айтади. Ҳа, мактабдаги «сўнгги қўнғироқ» бу илк қадам. Ҳали колеж ёки лицей, олий ўқув юрти қўнғироқларин тинглаш учун бажарилажак ишлар сероб. Бунинг учун ҳашаматли Битирув оқшоми қай даражада керак?.. Хулоса эса сиздан...

Нодирабегим

Ҳозир сайтимизда 83 та меҳмон бор, сайт аъзолари эса йўқ