1. Skip to Menu
  2. Skip to Content
  3. Skip to Footer

Беҳаё тарғиблар шарт эмас

 

 

 

Касбимизга оид манбалардан бирини кўздан кечира туриб, «халқнинг савиясини ўстирадиган ҳам, пасайтирадиган ҳам оммавий ахборот воситалари» деган мазмундаги фикрни ўқиб қолдим.  Юқоридаги мулоҳазани фикран таҳлил қилар эканман, кўнглимдан кечганларни бизга қадрдон муштарийлар билан баҳам кўрмоқликни айни муддао деб билдим.
Чиндан ҳам оммавий ахборот воситаларининг  халқнинг маънавиятига, савиясига таъсир кучи катта. Маълумки, халқнинг зиёли қатлами ўзига керак бўладиган, соҳасига, мутахассислигига оид манбалардан, рисола ва нашрлардан фойдаланишни, жумладан, матбуот нашрларини ва телерадиоканалларни танлашни маълум даражада эплайди. Бироқ оддий кишилар, ўсиб келаётган келажак авлод, умуман олганда ёшлар қатлами ўзига фойдали ёки фойдасиз нашрни танлай олиши бирмунча мулоҳазали ҳолат. Чунки уларнинг ақлий салоҳияти ва савияси ҳали тўла шаклланиб улгурмаган бўлади. Оқибатда эса айрим олди-қочди нашрларнинг  ўқувчиси кўпаяди. Нега деганда, ёшлар учун санъаткор халқининг юриш-туриши, нима кийиб, нима еб-ичиши қизиқ. Қолаверса, санъаткорларимизнинг ўзлари ҳам шахсий ҳаётлари билан боғлиқ бўлар-бўлмас гап-сўзлар билан одамлар орасида шуҳрат қозонишга ўрганиб қолишди. Ҳарқалай, ижод дегани ўртамиёнага ҳам тортмаса, қўшиқчиман деб юриб, қойиллатиб бир қўшиқни хиргойи ҳам қилолмагандан кейин нима биландир ном қозониш керакку-а, тўғрими?

Санъаткорнинг шахсий ҳаёти- тираж ошишининг гарови!

-    деган бемаъни фикрга таяниб иш кўради айрим кўнгилочар газеталарнинг мутасаддилари. Аксарият хусусий нашрлар тираж кўтариш ва ўқувчилар сонини оширишнинг энг “қулай” йўлини топиб олган. Муқоваларда эл орасида, янаям тўғрироғи ёшлар ўртасида таниқли бўлган хонанда, актёр ё актрисаларнинг антиқа ҳолатдаги суратларини босиб, ўқловдек ёзувлар билан “Фалончи Писмадончиев иккинчи маротаба уйланяптими?”, ёки “Пистончи Фалончиева биринчи эри ҳақидаги ҳақиқатларни ошкор қилади” ва ҳоказо, ваҳоказо мазмундаги сарлавҳаларни бериш билан тиражини кўтараётган нашрлар ўқувчи савияси билан ўйнашаётгани хусусида қачон ўйлашаркин?..

Умуман олганда машҳурларнинг шахсий ҳаёти билан боғлиқ миш-мишлар газетхонларга нега керак? Қўшиқчи бўлса қўшиғини тинглашсин, актёр ёки актриса бўлса ўйнаган ролларидан завқ олишсин-да, санъаткорларнинг шахсий ҳаётига мўраламай қўяверсин. Аслида, хоҳ санъаткор, хоҳ ижодкор, хоҳ оддий ишчи бўлсин, шахсий ҳаёти билан боғлиқ муаммо ёки ютуқларни эл-юртга ошкор қилиши миллий менталитетимизга ҳам тўғри келмайди ва ҳам ахлоқ-одоб мезонларига мос тушмайди. Халқимиз бежизга оилани қўрғон деб атамайди. Кишининг қўрғонига дуч келган одам қадам босавериши жоиз эмас. Қолаверса, сир – асрори ҳаммага аён бўлган кишининг шахсига ким қизиқиш билдирадию ундайларни ким ҳам ҳурмат қилади? Газеталар-ку даромадини ўйлаб таниқли кишиларнинг шахсий ҳаёти билан боғлиқ гап-сўзларни тарқатишдан хижолат бўлмайдилар, хўш ўша ҳаёти эл-юртга достон бўлаётганларнинг ўзи бу шармисорликдан хижолат чекмайдиларми? Авваллари санъат кишиларининг шахсий ҳаётига оид хабарларни тарқатиб юрадиган газета ходимларининг “ижод” намуналаридан ўша миш-мишлар қаҳрамонининг ўзи хабардор бўлмаса керак деб ўйлардик. Аммо минг афсуски, таниқли шахсларнинг (ўзини машҳур деб ўйлайдиганларнинг!) ўзлари ҳам ўзи ҳақидаги эшитгани қулоқ уяладиган гап-сўзларни бе-е-емалол оммавий ахборот воситалари орқали халққа баралла айтишдан тап тортмас эканлар!..

“Қонуний эримдан ажрашиб, жазманимга тегаман!”

деди мусиқий телеканалларнинг бирида эфирга узатиладиган кўрсатувда ёшлар орасида машҳур бўлган FM радионинг аёл бошловчиси. Даставвал  экранда сочларини ёйиб, оёқларини чалиштирганча, бемалол жазмани билан муносабатларини элга дастурхон қилаётган бошловчи аёлни кўрсатаётган кўрсатувга анграйиб қарадим. Ҳалиги бошловчининг овози менга ҳам ёқарди.  Телевизор орқали шармандали иқроридан кейин ундан кўнглим қолди. Бу қандай беҳаёликки, ўзбек аёли қонуний эри билан бирга яшамаслигини ва яқин орада ундан ажрашиб, жазманига турмушга чиқишини телевизор орқали бутун оммага мақтаниб ўтирса!? Барака топкур, одам деганда бирозгина бўлса ҳам андиша деган нарсанинг бўлгани яхши. Машҳур, элга таниқли дегани — ҳушига келган ишни қиладиган шармандага шаҳар кенг дегани эмас-да ахир!
Қолаверса, шоу бизнес кишилари атрофидаги бўлар-бўлмас хабарларни тарқатиб тирикчилигини ўтказиш учун ёзадиганлар (ундайларни журналист деб тан олмайман! “Ғийбатчи” деган тамға уларга жуда мос келади-ю, ҳартугул кимнингдир шахсиятига тегиб қўйишдан тортиниб, тилимни тийдим!) журналистика касбининг маданияти, касб одоби ҳақида ўзларидан бироз аввал шу соҳага қадам қўйган ҳамкасбларидан сўраб-билиб олишса, шохлари синиб қоладими дейман. Отарчию ўйинчиларнинг атрофида гирдикапалак бўлиб юрадиган газетчилар ўзлари ёзадиган тумтароқ жумлалар мажмуасига “Пиар” мақола деб ном қўйволишаркан. Нима эмиш, кимнингдир муҳаббати ёки оиласи умуман шахсий ҳаётига доир хабарларни ёзиб чиқарса, ўша одамнинг машҳурлиги янада ортармиш. Шундай беўхшов рекламани айрим шоучиларнинг ўзлари ҳам уюштиришади. Ўтган йилининг ёз ойларида санъаткорларга уч-тўртта шеър ёзиб бериб, ўз таъбирича машҳур бўлган шоирчалардан бири янаям таниқли бўлиш мақсадида ўзини ўлдига ҳам чиқарганди. Ана шунақа, шоу оламида баъзан бировга айтишга уяладиган ҳолатлар ҳам бўлиб туради. Айрим хусусий нашрларга эса бундай вазиятлар анча қўл келади. Айниқса, шоу бизнес дунёсидаги қизларнинг турмушга чиқиши олди-қочди газеталарнинг бозорини анча юриштириб юборади. Ҳа-да, ҳар ойда турмушга чиққан актриса ёки қўшиқчи қизнинг қорнини қаппайтириб, ҳомиладорлигини кўз-кўз этиб тушган суратини муқовага бергани сари, харидор Фалончихон Писмадончиевада бошқоронғулик қандай кечаётгани, эри (аксарият санъаткор қизларнинг куёви ижарга олинган бўлади!), қайнона-қайнотаси унга қандай  ёрдам бераётгани билан қизиқиб газетани сотиб оладими? Ана ундан кейин янги турмуш қурган оилаларда томошанинг авжи бошланади! Таъкидлаш жоизки, ўзбекчиликда аёлининг юкли эканини элга

Кўз-кўз қилиш мутлақо уят

ҳисобланди. Миллий қадриятларимиз, урф-одат, расм-русумларимиз билан мутлақо ҳисоблашмайдиган (аксарият мақолалари хорижий газета-журналлар ва интернет сайтларидан олинган, ўғирланган десам ҳам ёлғончига чиқмайман!) айрим матбуот нашрлари эса ўз манфаати йўлида масъулият, андиша ва шарқона одоб тамойилларини буткул унутган ҳолда кенг оммага аллақаёқдаги ашулачию актирсаларнинг токсикози ҳақида вайсашдан тўхтамайди. Дунёқараши ҳаминқадар бўлган, нари борса коллежни амал-тақал қилиб тамомлаган ёш келинчак уялмай куёвига тихирлик қила бошлайди: “Фалончи ўйинчи бошқоронғу бўлганида эри унақа нарса топиб келибди”, “Писмадон актриса ҳомиладор экан, қайнонаси ошхонага йўлатмай, ўзи овқат пишириб бераркан”... Худо хайрингни бергурлар, нима бало, шармисорликнинг ҳам “замонавий” хиллари бор эканми?! Бир пайтлари момою оналаримиз ҳам ҳомиладор бўлишган, фарзанд кутишган-ку! Ўша пайтларда ҳам санъаткорлар, актриса, ҳофиза аёллар бўлганку. Ўша машҳур қўшиқчи аёлларнинг, актрисаларнинг турмушга чиқиб бола туққанини биров эшитмаган-билмаган. Бизнинг аёллар эса уларга тақлид қилиб ўзини мажбуран бирор нимага бошқоронғу қилмаган. Барака топгур газетчилар, тушунамиз, хусусий нашр ортида даромад кўриш, пул топиш илинжи турибди. Аммо ўзбекчиликда ҳар қандай манфаатдан ҳам устун турадиган АНДИША ҳисси борлигини унутманглар! Яна бир нарса хаёлингиздан фаромуш бўлмасин, ҳамкасб биродар, ётволиб беҳаё тарғибларни оммага тақдим қилишликнинг ҳеч ҳожати йўқ. Шундоқ ҳам хорижий телеканаллар, газета-журналлар ва интернет сайтлари орқали юртимизга кириб келаётган миллийлигимизга мутлақо ёт унсурлардан ёшларни қандай асраб қолиш ҳақида бош қотиравериб чарчадик. Сизнинг тарғибларингиз энди ортиқча!

Хулоса ўрнида

“... Газетачиликда ёзилганидан кўра ёзилмаган қонунлар кўп. Уларнинг ҳаммасига ҳам риоя қилиш лозим бўлади...”- дейди устоз журналист Аҳмаджон Мелибоев “Қирқ бешинчи бекат” деб номланган кундалик-эсселар тўпламида. Ҳақиқатдан ҳам газета-журналларга, телевидение ва радиога чиқиш қилишнинг ёзилган ва ёзилмаган қонуниятлари кўп. Уларга риоя қилмаган журналист нафақат ўзи фаолият кўрсатадиган матбуот ёки оммавий ахборот воситасининг обрўсини туширади, балки ўқувчининг маънавияти, савияси ва салоҳияти билан ҳам ўйнашган, унга салбий таъсир кўрсатишга уринган ҳисобланади.  Умид қиламизки, муҳтарам ҳамкасбларимиз бу хусусида чуқурроқ мушоҳада қиладилар ва ўзларининг ким эканликларини унутмаган ҳолда, вазифаларига масъулият билан ёндашадилар. Унутманг, ўртоқ журналист, халқ, ўқувчи, томошабин ишончини оқлаш мавриди аллақачон келди!

Умида АЗИЗ

Ҳозир сайтимизда 93 та меҳмон бор, сайт аъзолари эса йўқ