1. Skip to Menu
  2. Skip to Content
  3. Skip to Footer

“Яхши киши ёмонлик кўрмагай, ҳаргиз”

—... Баъзан  нарсаларни ўйласам, ҳайрон қоламан,- деб қолди таассуф аралаш ҳайрат билан ҳамкасб дўстларимдан бири.-  Ўзи биз одамзотга берилган ҳаёт жуда қисқа, шуниям қадрига етмай  аллақаёқдаги бефойда нарсаларга сарфлаб юборамиз. Инсон боласи бировга ёмонлик қилмай, ҳасад қилмай, уришмай-талашмай яшаса бўлмасмикин-а?..
Дўстимнинг  суҳбат орасида айтганларини мулоҳаза қила туриб, чиндан ҳам  азиз умримизнинг, саломатлигимизнинг қадрини билмай ўзимизга ўзимиз жабр қилаётганимизни  мулоҳаза қилдим. Қайсидир файласуф “Доно ўзгаларнинг хатосини кўриб, ўзини ўнглайди. Ақлли ўз хатоларидан хулоса чиқариб уларни такрорламасликка уринади, ахмоқ эса адашгани сари янглишганини билмай хатога йўл қўяверади” деган экан.
“... Ҳар кимки ёмон бўлса жазо топқусидир”,  деб шоҳ ва шоир бобомиз кишиларга ёмонлик қиладиганлар кимсаларнинг қисматини абадиятга дахлдор сатрларида битган эди. Айримларимиз юқоридаги мисралар мағзини чақиш нари турсин, оддийгина, кунда кунора қулоғимизга чалинадиган “Бирни кўриб фикр қил, бирни кўриб шукр қил” деган нақлни унутиб қўйганмиз.  Бировга ёмонлик қилишликнинг,  дилини оғритишнинг  албатта жавоби бор. Мусулмон кишининг товонига кирган ниш ҳам гуноҳига каффоратлигини далил этади саҳиҳ ҳадислар. Бироқ  ёлғон дунёнинг ишвакор жонон каби бевафо мол-давлатига, мансабу амалига ҳаволаниб биродар диндошларимизга озор берамиз. Омади чопган танишимиз, давлати кўпаяётган биродаримизга ҳасад қилиб, унга қарши зарба бериш истагида беҳаловат бўламиз.  Икки гапнинг бирида “мусулмонмиз” деган иборани  такрорлаб толмаймизу феъл-атворимиз, амалдаги қилмишларимиз  нафақат мусулмончиликка хос эмас, балки уялгулик!..
—    Анча аввал акаларим бозорда савдо қилишарди, -дейди қўқонлик муштарийимиз Музаффар Шамсиддинов.- Улар билан бир растада савдо қиладиган бир одам акамларнинг иши юришиб кетаётганини кўриб ҳасади келганми, нуқул ғайирлик қилиб жанжал  чиқаравераркан. Охир оқибат даҳанаки жанглар муштлашувга айланибди. Ҳалиги киши девдай кучи бор, гавдали , акаларим  чуваккина эмасми, икки акамни ҳам урибди. Камига касалхонага ҳам ётволибди, “мени уришди, жароҳатландим” деб мелисага  шикоят қилибди. Қариндошими аллакими судда ишлар экан, хулласи калом, акам анча пайт ишдан қолиб терговма тергов сарсон бўлди. Ҳалиги киши эса, “фалон миқдорда пул берсанг, даъвойимдан кечиб, аризамни қайтариб оламан, бўлмаса қаматаман” дебди. Акам айтган пулини қилиб берди. Орадан кўп ўтмай ўн беш яшар қизи дарахтдан йиқилиб вафот этди... Бегуноҳ одамларнинг дилини оғритиб, қақшатганнинг балоси беайб қизига урганмикин... Эшитишимча, ўшандан кейин ҳам инсофга келмабди, яна аллақанча ғаламислик қилиб юрган. Бошқа одам бўлса, фарзанд доғининг қийноғидан кўзлари очилиб, ўзини тафтиш қилган, иймонга кирган бўларди.  Яқинда ўша одамни жинни бўлиб вафот этгани ҳақида эшитиб қолдим. Соппа соғ юрганди, нима сабаб бўлиб ақлдан озган, билмайман...
Кўнгил — Аллоҳнинг уйи. Уни обод қилганга Яратганнинг мукофоти беҳисоб эканлиги ваъда қилинган муборак китобларда. Кўнгилни оғритган, унга озор берганга эса жазо муқаррар экани Аллоҳнинг улуғ Китоби ва Пайғамбар (с.а.в)нинг саҳиҳ ҳадисларидан бизга маълум.
Аллоҳ  таоло Қуръони Каримда шундай марҳамат қилади: “Мўмин ва мўминаларга улар бирон гуноҳ қилмасликларидан туриб озор берадиган кимсалар ҳам бўҳтон ва очиқ гуноҳни ўз устларига олибдилар”. (“Азҳоб” сураси 58-оят)  Яъни, иймон аҳлига ҳеч бир гуноҳ-жиноят қилмасалар-да озор берадиган кимсалар ўз устларига ёлғон, бўҳтон ва улкан гуноҳни юклаб олган бўладилар. Мулоҳаза қилинг, биродар,  биз гуноҳнинг гуноҳлигини унутиб қўймаяпмизми?..
Расулуллоҳ (сав) шундай деганлар: «Мусулмонга мусулмоннинг номуси, моли ва қони ҳаромдир. Тақво шудир. Мусулмон биродарини ҳақорат қилиши кишининг ёмонлигига етарли далилдир» (Термизий ривояти).
—    Таниган танимаганининг шаънига бўҳтон гаплар гапириб,  уни  ёмон отлиққа ачиқариб юрадиган бир қўшнимиз бўларди,- дейди бир дугонам.- Кўзига кўринган аёл борми, бўлди, орқа-олдига қарамай уни  “ахлоқи бузуқли”лигини, ҳатто ҳеч тортинмай “фалончи билан юриш”ини ҳам гапириб ташларди. Бу қилиқлари ҳам камдек  Аллоҳнинг хоҳиш-иродаси билан бирор жисмоний нуқсони бор кишини кўрса, таҳқирлаб, устидан кулиб юрарди.  Бувим раҳматли, “Шу хотинга Худонинг ўзи тўзим берсин-а, ҳар бир айтган гапимиз ҳисоб-китобли. Бу оғзидан чиқаётган ҳар бир бўҳтон гапи учун жавоб беришини ҳеч ўйлармикан”, деб аттанг қилардилар. Бувим раҳматли бўлиб кетдилару , ўша хотиннинг аччиқ қисматини биз кўрдик. Ғийбат бўлмасин, тўнғич ўғлини уйлантирганди, биринчи невараси туғма тил-забонсиз – гунг туғилди. Меҳнаткаш, бировга озори етмайдиган одамларнинг болаларини ўғрига чиқариб юрарди, ўғиллари уйида қандайдир наркотик моддаларни экиб, ўстирган  экан, ҳуқуқ-тартибот ходимлари хабар топиб жавобгарликка тортишди. Биттаю битта қизи ўн олти ёшида “севиб-қолдим”, “ўламан саттор, шунга тегаман” деб обрўли бир хонадоннинг ўғлига узатилганди,  икки болали бўлгач арзимаган нарсага, оиласи бузилиб, икки нораста гўдакни эриникига ташлаб, ота уйига қайтди. Ғийбат бўлиб гуноҳга шерик бўлмайлигу, эридан ажрашиб ҳам тек юрмади. Акалари билан келинойиларининг тинчини бузаверганди, охири улар уйга сиғдиришмади. Боши очиқ аёл ишлагани хорижга кетди. Афсуски, у ёқларда ҳам тинч юрмаган экан. Икки йил деганда қорнини қаппайтириб кириб келдию, бироз вақт ўтиб фарзандли бўлди. Худо кечирсин, боланинг отаси кимлигини ўзи ҳам билмаса керак... Ҳозир ҳамманинг бошидан бўҳтон мағзавасини қуйиб юрган ўша қўшни хотин тил-забонсиз, бир томони ишламай тўшакка михланиб ётибди. Одамзот қилган амалларининг жавобини нафақат нариги дунёда, балки шу дунёда ҳам оларкан, деб ўйлайман қўшнимизнинг қисматини ўйласам...
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам шундай марҳамат қилганлар: “Мусулмон мусулмоннинг биродаридир, унга зулм қилмайди, уни таҳқирламайди, ёрдамсиз ташлаб қўймайди”. Сўнг: “Тақво мана бу ердадир”, дея кўксларига уч марта ишора қилдилар ва: “Мусулмон биродарини ҳақорат қилиши кишининг ёмонлигига етарли далилдир” дедилар. (Муслим ривояти).
Тил билан берган озор — тиғ билан берилган озордан минг чандон ўткирроқдир. Бегуноҳ инсонлар ҳақига бўҳтон ва туҳмат гапларни айтиш билан уни ҳақорат қилмоғи, одамларга ҳар хил лақаблар қўйиб, масхаралаб юрмоғи жуда хунук ҳолат ва ундайлар энг ёмон хулқли кимсалардирлар.
Чин инсоний фазилатлар эгаси биродарига оғири тушмайдиган, озори етмайдиган бўлади. Одамлар ундан рози бўлса, қўни-қўшни, яқин дўсту ёрлари мамнун бўлса, қалбида кибр- риё бўлмаса, тили ёлғон ва бировлар ҳақидаги бўҳтон гап-сўзлардан бегона бўлса, ундай кишининг иймони саломат ҳисобланади.  Орамизда шундайлар кўпайиб, ҳар бир амалимиз кўнгилларни обод этиш, биродарларимизни қувонтириш ва хайрли мақсадлар сари эврилсин...

Баҳор Турсунзода

Ҳозир сайтимизда 73 та меҳмон бор, сайт аъзолари эса йўқ