1. Skip to Menu
  2. Skip to Content
  3. Skip to Footer

Дил бузар

Ҳозир сиз ўқиётган сатрлар мақоланинг учинчи варианти. Мен ҳозир гапирмоқчи бўлган масала шу қадар мураккаб эканлигидан, аввалги икки вариантида нимадир камдек туюлаверди менга ва ҳар сафар қайтадан ёзишга мажбур бўлдим. Аминманки, агар мақолани ҳозир яна ўқисам, яна ўзгартиришлар киритган бўлардим - чунки «у нарса қолиб кетибди, бу нарса қолиб кетибди» деб фикрим ўзгариши аниқ.
Ҳаммаси интернет саҳифаларидаги Gооglе.соm хизматининг ўзини илоҳ деб эълон қилгани ҳақидаги хабардан бошланди. Нимамиш, инсоният тасаввуридаги илоҳ тушунчасига айнан Gооglе роса мос тушармиш. Gооglе ҳамма нарсани билади, Gооglе ҳамма ерда, Gооglе дуоларга жавоб беради, Gооglе ўлмайди, ҳеч нарсани унутмайди. Ва ҳоказо ...ва ҳоказо...» деб ёзилган thechurchofgoogle.org манзилида, тавба-тавба дейиш керак-ку, бу илоҳга ибодат қилиш йўллари, дуолар, буйруқлар ва ҳатто пайғамбарларининг рўйхати ҳам берилган. Хуллас, томи кетган ғарбликларнинг яна бир жиннилиги!
Яхшики бизда хали интернет ғарбдагидек кенг оммалашмаган, акс ҳолда «googlism» динининг бир неча миллиондан ошган вакиллари орасида ҳамюртларимизни ҳам учратган бўлармидик... Балки алла-қачон бир-иккита телба бу динни қабул қилиб улгургандир ҳам, аммо мен бошқа нарсага эътибор қаратмоқчиман - «Gооglе»-ку ўзини расман илоҳ деб эълон қилибди, аммо ўзини илоҳ деб эълон қилмасдан туриб орамизда шу вазифани бажариб юрган «Gооglе» сифат бошқа «илоҳ»лар йўқ эмас-ми? Уларни қай даражада таниймиз ва улардан қай даражада сақланамиз - ҳеч ўйлаб кўрдикми?
Масалан, ТЕЛЕВИЗОР деган матоҳ. Рости, агар бизнинг кундалик ҳаётимиздан бехабар бир ўзга сайёрлик яшаш тарзимизни кузатадиган бўлса, аминманки, «булар сиғинадиган нарса телевизор бўлса керак» деган тасаввур ҳосил қилган бўларди. Ўзингиз ўйлаб кўринг-уйимизнинг энг кўринарли жойи телевизорга ажратилган, ҳар бир кунимиз уни ёқиш билан бошланади ва то у ўчирилмагунича уйқуга ёта олмаймиз. Унга термулганча овқатланамиз, газета ўқиймиз, фарзандларимизни тарбиялаймиз, уй вазифаларни бажарамиз, чарчасак ёнбошлаб оламиз, ўнг елкамиз оғриса, чап елкамизга ағдариламиз, тик туриб кузатамиз, ўтириб кўрамиз, ётволиб томоша қиламиз. Гуёки ундан чиқаётган нур бизни қандайдир «илоҳий» энергия билан таъминлайди ва «руҳимиз» ундан озуқа олиб, қониқиш ҳосил қиламиз. Дам олиш кунлари тунгги «таҳажжуд»-ларни канда қилмаймиз. «Махсус нур» чиқадиган кунларни ўтказиб юбормасликка ҳаракат қиламиз, олдиндан ишларимизни шунга мос равишда режалаштирамиз ва керак бўлса маълум нарсалардан воз кечамиз. Буни кузатиб турган ўзга сайёралик наздида кирамиз, кир ювамиз, телефонда гаплашамиз, кечирасиз-у, телевизор билан ҳисоблашиб намоз ўқиймиз!
Бундан ташқари телевизор илоҳига бўлган эътибор кучаядиган махсус ойлар бор, тақвим ҳам мукаммал ишланган — эркаклар учун алоҳида, аёллар учун алоҳида бу ойлар. Адашиб бир-бирига устма-уст тушиб қолганида эса «ибодатимиз» кучлилигидан оила ришталарини ҳам, меҳр-мурувватни ҳам унутамиз! Кўпимизда ҳатто иккита, учталаб телевизор бор битта хонадонда! Мақоми янаям баландларникида эса ошхонада ҳам, ҳатто машинасида ҳам (!) телевизор ўрнатилган! Зўр "обид"мизда ахир!
Билмадим, бунақа гапириш тўғримикан, лекин ўша «Gооglе»дан кам жойи йўқ бизнинг телевизоримизнинг.
Туппа-тузук аёллар тунги сериални кўришмаса ухлай олишмайди ҳозир. Худди ибодати қолиб кетганидек афсус чекади, ё тавба.
Динимизда битта ибодатни тугатиб, кейингисининг вақтини орзиқиб кутган саҳобалар ҳақида эшитгандик. Битта сериал тугаши билан кейингисининг вақтини орзиқиб кутаётган ҳозиргиларнинг улардан нима фарқи бор?
«Сериалга ўзи қизиқмайман, лекин кўргани бошқа нарса йўқда ахир!» деб овутамиз ўзимизни. Йўқ опажон, мен сериалингизни ёмонламаяпман, мен гапираётган нарса - телевизор. «Кўргани яхши нарса йўқ»лиги эса биздаги тележурналистларнинг нўноқлиги. Яхшиям йўқ экан, йўқ бўлганида шунча ўтирибсиз унинг қаршисида, агар тележурналистларимиз сал фаолроқ бўлишганида, унда бомдоддан хуфтонгача турмасмидингиз «илоҳингиз» олдидан?!
Телевизорни дин дейиш балки хатодир, лекин у камида касаллик деб аталишга ҳақли. Ароқхўрликдан, наркоманликдан ўтса-ўтадики, асло қолишмайди бу бало!
«Мен ўзимни телевизор кўришдан исталган вақт тўхтата оламан» деб айтаётганимизнинг ўзиёқ арокхўрларнинг «ташлайман десам любой вақт ташлаб юбораман» деган гапини эслатади-ку!
Нима кўрганимиз эмас, қанча кўрганимиз муаммо қилиб қўйилаётганига нима дейсиз? Телевизор кўрмай ўтказган кунларимизнинг камлиги (йўқлиги деб ўқинг!) ва «мен икки соатдан кўп кўрмайман» деб бошқаларга вақтини камайтириб айтишимиз ароқхўрларнинг «икки юз грамм ичдим холос» деган гапини эслатмаяптими?
Сизга тушунарлироқ бўлиши учун мисол - ТНТ каналида (Няня спешит кўрсатув бор. Кўрсатувнинг ҳар сонида битта оиланинг муаммолари таҳлил қилинади ва профессионал энага ўша оиланинг муаммоларини ҳал қилиб беради. Эсладингизми, эслатиш ҳам шартмас ўзи — мендан ҳам яхши биласиз буни! Хуллас, ўша кўрсатувнинг ўтган сонларидан бирида фарзандларининг қалбига йўл топа олмаётган ота-онага профессионал энага ҳафтада бир кун телевизор кўрмасликни маслаҳат берди. Қарабсизки, телевизорсиз ўтган кунларда овқат маҳали ота-она ва фарзандлар ўзаро суҳбатлашишди, бирга кўнгилхушлик қилишди, бир-биларини яхшироқ таниб, ЯРАШИБ олишди. Ота-онанинг хурсандлигини кўрсангиз эди — «профессионал энага яшасин, оиламизни бузилиб кетишдан сақлаб қолди!» Ваҳоланки, ўша профессионал энага телевизор илоҳига сиғинадиган оилага куфр келтиришни ўргатиб кетди! Яна динга ўхшатиб юбордим-ми? Нима қилай, Қодирий ҳам Кумушни хоҳламай ўлдирган дейишади-ку, менда ҳам ўзи шунақа ёзилиб кетяпти!
Телевизор кўришни дин десам жаҳлингиз чиқяпти, ароқхўрлик десам хафа бўляпсиз, майли, кашандалик деб таъриф бера қолай. Ҳар ҳолда сигаретанинг жазоси бироз енгилроқ! Лекин азоби ҳам аниқ-умрингиз қисқаради. Муттасил сигарета чекиб юрувчи кашанда ўрта ҳисобда уч-олти йил эрта ҳаётдан кўз юмса, муттасил телевизор кўрув-чи одамнинг умри ўн-ўн беш йилга қисқаради. Йўқ, ўн-ўн беш йил эрта ўлмайди, балки шу умрни телевизор қаршисида беҳуда ўтказиб юборади! Бу эса эрта ўлгандан ҳам ёмонроқ, менимча!

Ҳозир сайтимизда 132 та меҳмон бор, сайт аъзолари эса йўқ