1. Skip to Menu
  2. Skip to Content
  3. Skip to Footer

Бозорнинг озорлари

 

— Бозордаги ажабтовур ишларни қаранг,-   деди Қўйлиқ бозори яқинидаги бекатдан автобусга чиққан аёл куйиниб. –Қассобдан гўшт нархини сўрасам, “ўн олти минг” деди, “тарозинингиз тўғрими?” деб сўрасам, “ўн саккиз минг сўмдан берсангиз, ҳалол қилиб тортиб бераман” дейди.
—    Шу электрон тарозининг ҳам иложини  қилишибди-да,- дея гапни давом эттирди иккинчи аёл.- Одамларга нима  бўляпти ўзи? Бировнинг ҳаққи ҳеч  замонда юқмайди-ку. Одамларнинг пешона териси эвазига топилган пулни болаларига едиргани Худодан қўрқишмасмикан?..

Ўғриликнинг “ҳалол” йўли

Йўловчи аёлларнинг куюнганича бор. Тўғриси, шу пайтга қадар ўзим ҳам бу каби воқеаларга кўп дуч келгандим. Автобусда гувоҳи бўлганим сабаб дам олиш куни Юнусобод ва Қўйлиқ бозорларига тушдим. Аввал гўшт расталарини кўздан кечирдим. Гўшт бозорига тушиб, гўштнинг нархини сўрасангиз, тоғни урса талқон қиладиган йигитлар тарозига «ҳаром» қилиб тортиб берса ўн тўрт минг сўм, «ҳалол» қилиб тортиб берса ўн саккиз минг сўмлигини айтишади.
— Бу нима деганингиз? - ҳайратим ошди.
— Энди, тирикчилик, — деб жавоб беришади пинагини ҳам бузмай.
— Ажабо, бу қанақаси бўлди энди, ўғирликнинг ҳам “ҳалол” йўлини топибсизлар-да.
— Бозор деб қўйибди-да буни. Бизга ҳам осон эмас, — кўкрак керади “уддабурро”  сотувчи.
— Астағфируллоҳ, — таажжубланаман. - Тирикчилик  инсофу диёнатни сотиш ҳисобига ўтарканми?.. — “Уддабурро” бу малолланишни ё эшитмайди, ё эшитиб эшитмаганга олади...
Юқорида таъкидлаганимдек, бозорларимиздаги бу оғриқли ҳолатларга кўпчилигимиз дуч келганмиз. Баъзида эътибор берамиз, баъзида ўзбекчилигимизга бориб парво қилмай, “уддабурро”лар ҳисобига уч-тўрт сўмимиздан кечиб кетаверамиз ва бу ана шундай «уддабурро»ларнинг янада кўпайишига сабаб бўлмоқда.
— Бир куни бозорга тушиб ёнимдаги пулимни чамалаб гўшт сотувчига ўн минг сўмлик гўшт ўлчаб беришини сўрадим, — дейди ҳамкасбим. — Сотувчи у ёқ қилди, бу ёқ қилдию, “Мана, сизга ўн икки минг сўмлик гўшт бўлди” деди. Унга пулим ўн минг сўмлигини, ортиқчаси йўқлигини айтгандим “Энди нима қилай, тарози ўн икки минг сўмлик тортибди-да” дейди. Ўзи ишдан ҳориб-чарчаб қайтяпман, бунинг устига сотувчининг иддаоси жонимдан ўтиб “Сенга ўн минг сўмлик гўшт тортгин дедим, пулимга яраша оламанда ахир?!” деб бақирганимни биламан, “Олинг кеннайи, шунга ўн минг сўм берсангиз бўлди” дейди инсофсиз. Мени содда билиб, ўн минг сўмлик гўштга ўн икки минг сўм ундирмоқчи бўлган экан-да...
Қўйлиқ бозорига кўп борганим учун бундай ҳолатларга жуда кўп дуч келаман. Масалан, бир дўконда шакарнинг нархи 3300 сўм, шундоқ дўконнинг ёнида стол қўйиб (бу ноқонуний бўлса керак) савдо қилаётган йигит шакарнинг нархини қоғозга катта-катта ҳарфларда «3200 сўм» деб ёзиб қўйибди.
Сотувчи йигитдан ҳайрон бўлиб:
— Нега сизда арзон, тарозингиз тўғрими, ука? — деб сўрасангиз.
— Хоҳласангиз ҳалол қилиб тортиб бераман, нархи 3300 сўм бўлади, — дейди кўзларини лўқ қилиб.
Яна бир дўконда бир кило товуқ оёғининг нархи 12000 сўм, дўконнинг шундоқ ёнида «уддабурро» сотувчилар 10500 сўмдан сотишяпти. Ҳайратингиз ошиб, сабабини сўрасангиз,  яна юқоридаги жавобни оласиз.
Бозор маъмурияти наҳотки бундан бехабар бўлса?! Улар «уддабурро» сотувчиларнинг олдидан кунда бир неча марта ўтиб қайтади-ку. Билганлар қимматроқ бўлса ҳам тарозидан урмайдиган растадан савдо қилиб кетаверади? Билмаганлар эса...
Бу очиқчасига қаллоблик, ўғриликнинг «ҳалол» йўли, харидорнинг ҳаққидан уриб қолиш эмасми?!

БИРОВНИНГ ҲАҚҚИ — ТАНҒИРНИНГ ЎҚИ

— дейди, халқимиз. Норози луқма ҳеч қачон ҳеч кимга буюрмаган ва буюрмайди ҳам. Бу ҳақида кўп гапирилган ва ҳануз гапириляпти ҳам. Аммо... нақароти “тирикчилик” сўзи билан қайтариладиган қўшиқни мадҳиясига айлантириб олганлар шу оддийгина ҳақиқатни ё занг босган тафаккурлари билан англаёлмаяптилар ёки тан олишдан қўрқяптилар. Ҳа, кўзларингиз ҳарфларда адашмади: ҚЎРҚЯПТИЛАР! Нега деганда ундайларнинг ўзи ҳам бировларнинг ҳаққини егани билан бири икки бўлмаётганини, топганида барака йўқлигини, минг бир машаққатда ҳали уни алдаб, ҳали буни авраб топган пули яхшиликка буюрмаётганини жуда яхши билади. Барибир негадир ўзини шу йўлдан қайтармайди. Таассуфки, нимагалигини ўзи ҳам билмайди.

Ҳалол луқма емаган ўғиллар

Маҳалламизда кексароқ бир одам яшайди, қўни-қўшни ўша хонадондан ҳазар қилгандек ҳадеганда кўп кирди-чиқди қилмайди. — Ўғиллари қамалиб чиққан, гиёҳванд ва бошқа бало-баттарларга йўлиққан, меҳнат қилиб нон топишни истамайди. Ҳалиги хонадон бошлиғининг ҳам эл орасида ҳурмати ҳаминқадар. Инсон элда яхши амаллари ё қобил фарзандлари билан нуфуз топади. Маҳалладошимиз бу икки нарсадан ҳам бебаҳра қолганлардан экан. Одамларнинг айтишича, фарзандларининг қисматидан куйиниб “Ҳамма айб ўзимда. Мен болаларимга ҳалол едирмаганман. Бировнинг ҳақини еб улғайган болалардан тағин нима ҳам кутардим” деган экан. Бир пайтлари шу маҳалладошимиз болалар боғчаларига сут ташийдиган юк машинасини ҳайдаган экан. Ўшанда сут солинадиган цистерна ичига тахта қўйиб олганмиш. Сабаби машина юрганда сут чайқалармишу, унинг ёғи тахтада қолиб қотиб қолармиш.  Болаларнинг насибасидан қийилган ёғни амакининг болалари еган, ортгани сотилган. Хуллас, маҳалладош амаки ноҳалол луқма билан боқиб ўстирган ўғилларидан ҳануз тинчигани йўқ...
Маҳфуза Эркиноваб Тошкент вилояти.
Раҳбаримизнинг ўғли ўттизни қоралаб қўйди, ҳалигача уйлантирмаган. Қерга совчиликка боришса рад этиляпти. Ишхонамиздаги компьютерларнинг ичидаги қиммат турадиган қандайдир механизмларини ўғирлаб сотиб юборган. Камига кўрингандан қарз олиб ҳалигадақа аёлларга сарфлаб юборар экан, фарз берганлар ишхонамизга келиб, раҳбаримиз билан жанжаллашишди. Жамоадагиларнинг айтишича, ходимларга кўринолмай бошлиғимиз хонасида йиғлаб ўтирганмиш. Ҳалол луқма емаган боладан яна нима кутади?! Ҳар гал маош берилса минг бир баҳонаю боис билан пулларимиздан ушлаб Қолади. Шунақа пайтлар ишдан ҳам кўнглим совуб кетади. Ишлаган маошингни тўлиқ олмасанг, бир ой иссиғу совуқда асабларингни, соғлигингни кеткизиб ишласангу маошга келганда аллакимлар ҳузурини кўрса, тилга қарғиш келмай дуо келармиди? Ундайларнинг боласи товламачи бўлмай, ота-онасини куйдирмай ким куйдирсин?!.
Шаҳло Иброҳимова, Бухоро вилояти.
Фарзандларингиз сизнинг жаннатингиз ёки жаҳаннамингиздир, деб марҳамат қилганлар Пайғамбаримиз(с.а.в.). Мулоҳаза қилинг ватандош, тирикчилик баҳонасида, фарзандларингиз қисматини ўзингиз қора қилиб қўймаяпсизмикан? Биродар, фарзандингизга тарбия бериш билан сиз келажагингизни бино қиляпсиз, унутманг, унинг фитратида яхши-ёмонингиз уняпти.

ЭНГ ЁМОН, ЭНГ ОҒИР  ҚАРҒИШ

— Илоҳим буюрмасин! - деган хитоб эканини биласизми, юртдош?  Бу дуойибад хонумонингизга ўт қўйиб, икки дунёингизни куйдириб юбориши мумкинлигини ҳеч мулоҳаза қилганмисиз? Жўнгина бир мисол: ёғлиққина палов есангиз ҳам, бир тишлам қотган қора нонни сувга ивитиб есангиз ҳам кунингиз ўтади. Ҳали камбағалнинг ўтмай қолган куни ёки бойнинг чўзилган куни ҳақида эшитмаганмиз. Эшитмаймиз ҳам. Хотиржам юрак билан беҳаловат кўнгил орасида еру осмончалик фарқ бор. Кексаларнинг “оч қорним — тинч қулоғим”, “яримта нон роҳати жон” деганларини кўп эшитганмиз. Бу нақллар нимага ишора қилишига бирда эътибор берамиз, бирда йўқ. Шунинг учун ҳам пул топяпмизу, хотиржамлигимизни йўқотяпмиз. Топганларимиздан кўра йўқотганларимиз кўп. Йўқотаётганларимиздан хулоса чиқармаётганимиз, бу чигалликларни мулоҳаза қилмаётганимиз-да яна ачинарли.
— Эртадан кечгача югураман топганимнинг баракаси йўқ, — деб нолиймиз.
— Итдай ишлайман бирим-икки бўлмайди, — деб ёзғирамиз.
— Мен қиляпман ўттиз, Худо қиляпти тўққиз, — деб оғринамиз. Аммо ҳеч биримиз ноқис ақлимиз, моғор босган тафаккуримизнинг кўр кўзларига тушган пардани сидириб мулоҳаза қилмаймизки, кимларнидир НОРОЗИ қилиб топган мол-дунёимизга қандай барака қўнсин?! Одамларни оғринтириб топган пулимиз қандай буюрсин? Бир кило гўшт ёки шакар ўрнига саккиз юз-тўққиз юз грамм олиб кетган харидор қорнига куюнмайди, биродар, қадрига оғринади у!..
Яна бир аччиқ ва очиқ ҳақиқат: ҳар ким алдаса ўзини алдайди, фириб берса ўзини фириб беради. Бу дунёда ҳам нариги дунёда ҳам амалларга яраша ажр берилади. Фикримизча, нима демоқчилигимизни муҳтарам ўіувчи яхши англаб етди. Сизда қандай мулоҳазалар бор?

Умида Азиз

Ҳозир сайтимизда битта меҳмон бор, сайт аъзолари эса йўқ