1. Skip to Menu
  2. Skip to Content
  3. Skip to Footer

Худбинлик нуқсон!..(ми?)

Ҳар бир киши ўзича бир дунё. Яратган ҳар бир бандасига ўзига хос феъл-атвор ато этган. Кимдир меҳрибон, безозор, мулойим. Биров эса қаҳри қаттиқ, қайсар, ўжар. Яна кимлардир худбин,  ҳар қандай ҳолатда ҳам ўз манфаатини устун қўядиган бўлади. Холисан айтганда, баъзи инсонларга юқорида тилга олинган хусусиятларнинг ҳаммасидан оз-оздан берилган бўлади ва бундай шахслар ҳам кишилар кўнглига озор бермайдилар, ҳам ён-атрофдагиларнинг ҳурматига сазовор бўладилар ва ҳам ўзларини хафа қилиб қўймайдилар.
Аммо яна бир тур кишилар бўладики, улар ҳаддан ортиқ худбин ва ўзларини беҳад яхши кўрадилар. Бундайлар билан мулоқотда бўлиш, яқин муносабат ўрнатиш аксарият ҳолларда қийинчилик пайдо қилади. Нега деганда, худбинлар ўзларини ҳаддан ортиқ севганлари сабабли, арзимаган майда-чуйда келишмовчиликлардан, озгина эътиборсизликдан фожиа ясайдилар. Ҳаттоки, ўзини эътибордан четда қолган, кўнглига озор етган деб ҳисоблайдилар. Аксар ҳолларда худбин одамларнинг аслида нима хоҳлаётганини билиш мушкул. Охири йўқ ғижиллашиш, бемаврид эркалик, асабни эговлайдиган инжиқлик ва жондан тўйдириб юборадиган қайсарлик... Буларнинг бари худбин кишининг феълида кўзга ташланадиган ёқимсиз ҳолатлар. Агар мабодо уларнинг  характерига кўзгу тутиб, аксини ўзларига кўрсатсангиз борми, нақ худбин хоним ёки жанобнинг иззат нафсига текканликда, боз устига унинг дилини оғритганликда айбланасиз.
Умуман олганда, худбинлик ўзи қандай хислат? Унинг инсон феълига ўрнашиши қай  тарзда кечади?

Худбинлик туғма хислатми?

Ёки ҳаёт давомида шаклланадими? Айрим юртдошларимизнинг мавзу юзасидан мулоҳазаларини билиш мақсадида шу саволлар атрофида сўров ўтказдик.
—    Табиатан олганда, ҳаммамизда ҳам худбинликдан бор. Бусиз бўлиши мумкин эмас,- дейди иқтисодчи Шерали Эргашев.-  Айримларнинг худбинлик ҳисси жуда кучлилигига эса, улар туғилиб ўсган муҳит, ота-онасининг тарбияси сабаб бўлади. Айримлар фарзандларини ҳаддан ортиқ эркалашади, уларнинг нуқсонини кўпда ўзларига айтмай, аксинча, озгина ютуқларини ҳам кўпиртириб мақташлари ва шунга ўхшаш кўп ҳолатлар боланинг худбин бўлиб улғайишига хизмат қилади.
Ўқитувчи Малика Абдураҳмонованинг фикрлари эса қуйидагича:
—    Худбинлик туғма хислат эмас. Одам ёмон бўлиб туғилмаганидек, худбин бўлиб ҳам туғилмайди. Ҳар қандай  феъл-атвор кишида ҳаёт давомида шаклланади. Менинг фикримча, оилада ота-онанинг меҳри фарзандга етмас ё бола қониқарли даражада яқинларидан меҳр-эътибор кўрмаса, бу унинг келгусида худбин киши бўлиб улғайишига хизмат қилади. Шунингдек, болани тенгдошларидан устун эканлигини ва қайсидир маънода бошқаларга нисбатан унда ижобий хислатларнинг кўп эканини тез-тез таъкидлаш ҳам болада кибр-ҳаво пайдо қилади. Худбинликнинг энг катта кўриниши эса – кибр. Кибрли кишида ҳар қандай салбий хусусиятларни кузатса бўлади. Ўз мақсадлари йўлида атрофидагиларга озор беришми, одамларни менсимасликми... Хуллас, гап оилага бориб тақалади.
—    Худбин инсонлардан жамиятга зарар етмайди, аксинча ундайларнинг жамиятга фойдаси тегади,- деган фикрни илгари суради наманганлик муштарийимиз Гулнозхон  Раҳматова.- Масалан худбин, ўзини яхши кўрадиган киши жиноятга қўл урмайди. У бировга азият етказишни эмас, аксинча ўзига манфий вазият туғдирмаслик учун ҳам қалтис ишлардан нарироқ юради. Унинг фикрича, у ҳаммадан кўра энг яхшисига муносиб. Ўзини шундай олий даражотда санаган кишидан  жамиятга ҳам бошқаларга ҳам зиён етказиши мумкин эмас. Тўғри, қайсидир маънода худбинлиги йўлида кимнингдир дилини оғритиб қўйиши, кимнидир ранжитиши мумкин. Аммо бу ҳолатни фавқулода фожиа ҳисобламайман. Бу албатта, менинг фикрим.
Мақолада кўтарилган мавзу юзасидан руҳиятшунос Дилафрўз Эгамбердиева дейдики:
—Худбинлик – эгоизм атамаси “эго” сўзидан олинган бўлиб, “ўзим” деган маънони билдиради. Ўз манфаатларини ўзгалар манфаатидан юқори деб билганларга эгоист (худбин), унинг бу хислатини эса эгоизм (худбинлик, худпарастлик) дейилади. Масалага назарий ёндошадиган бўлсак, ҳамма ҳам озгина бўлсада худбин, чунки ҳар бир шахс учун ўз эҳтиёж ва манфаатларини қондириш ниҳоятда муҳим аҳамият касб этади. Акс ҳолда, биологик унсур сифатида мавжуд бўлишимиз ҳам қийин бўларди. Шунингдек, соф худбинлардан ўзини қадрлай биладиган кишиларни ҳам ажрата олиш зарур. Биринчидан, худбинлик хислати биологик асосга эга. Яъни, ҳаётда эгоист ёки унинг тескариси альтруист бўлишимиз кўп жиҳатдан туғилишимиздан белгиланади. Бу фикрнинг нақадар ҳаққонийлигини оилангиздаги яқинларингиз характерида синаб кўришингиз мумкин.
Иккинчидан, туғма берилган ҳисларнинг ташқи ифодаланиши ва шаклланаётган шахсдан кескин ифодаланган худбиннинг юзага келиши икки омил билан белгиланади:
—    Худбинлик ҳисларининг генетик дастури қай даражада кучлилиги;
—    Туғма берилган ҳисларни тўлиқ намоён бўлиши учун қулай шарт-шароит, худбинлик ҳисларини шахс шаклланаётган муҳитдаги қийматлик даражаси.  
Худбин киши фақат ўзини ўйлаб атрофидагилар манфаатини ўз хоҳиш-истакларига бўйсундирига ҳаракат қилади. Бу атрофдагиларга бир қатор ноқулайлик келтиришини билсада, барибир ўз манфаати устунлик қилади. Худбинларда асосан, кибр, манманлик, ўжарлик хусусиятлари кўзга ташланади. Бундай салбий ҳиссиётлар кишининг асабига ёмон таъсир кўрсатади. Худбин кишиларнинг асабий, қизиққон ва жиззаки эканликлари шундан бўлса, ажаб эмас.
“Худбинлик — ўзини ўзи севиш эмас, аксинча, бу севгининг ҳаддан ошиб кетмоғлигидир” деган эди файласуфлардан бири. Менимча, бу мулоҳаза худбин кишилар учун берилган тарифлар ичида ҳақиқатга яқинроғи. Эътибор берган бўлсангиз, худбин кишининг ҳатти-ҳаракатларида баъзан мантиқ етишмайди. Худбинлик асосан манманлик ва ўжарлик билан ифодалангани учун, худбин кишининг қовушмаган қайсарлик билан  атрофидагиларни хуноб қилиши, жанжалли вазиятларни юзага келтириши билан одамларнинг дилини оғритиб қўйишгача боришади.
—    Бу феълимдан нафақат яқинларим, мени таниган-билганлар азият чекади, балки ўзим ҳам қийналаман,- дейди худбинликда фавқулодда ном чиқарган дугонам.- Шундай ҳолатлар бўладики, ўзимнинг ноҳақлигимни, тортишишга ўрним йўқлигини билиб туриб баҳслашман. Вужудимда иккита руҳ яшайди гўё. Бири қайсар, ўзидан ўзгани кўзи кўрмайдиган, ўжар, урушқоқ қиз, иккинчиси биринчисининг феъл-атворидан тамоман уяладиган, ақлли, ҳар қандай ҳолат ва вазиятни, ҳар қандай инсонни тўғри тушунадиган оқила қиз. Ҳар гал худбинлигим туфайли қийналганимда, шу бугундан ўзгараман, энди бундай яшамайман, ахир  мен аслида ёмон инсон эмасман-ку, деб ўзимга ўзим сўз бераман. Лекин минг афсуски, ҳар гал сўзим сўзлигича қолиб кетаверади. Бу ҳатто  турмуш қуришим, жуфтимни топиб, бахтли бўлишимга ҳам халал беряпти... Худбинлик ҳаёт давомида шаклланади, деган гап бекор экан. Мен асли худбин бўлиб яралган, худбин бўлиб туғилган эканман...
Худбинлардаги қайсарлик киши ҳаётида кўп панд берадиган характер хислати- пирнципиаллик билан ифодаланди. Яъни, аксарият ҳолларда улар қилаётган ишининг нотўғри эканлигини билиб туриб, ўзларини идора этолмай қоладилар. Гўёки фикрларининг қаршиликка учрагани уларнинг камситилгани ёки уларга нисбатан ҳурматсизлик.
—    Мендаги бу кескин ва радикал (ўз феъл-авторини, талабларини мажбурий равишда ўзгаларга ўтказишга уринадиган) характерга оиламдаги муҳит ва тарбия сабабчи, -дейди худбинлиги билан ҳаммани эзиб юборган яна бир танишим.- Болалигимдан уйимдагилар ҳар қандай ҳолат ва вазиятда менинг фикримни инобатга олишарди. Менга ота-онам буйруқ сифатида эмас, илтимос, ялиниш оҳангида иш буюришган. Мен хоҳлаган нарса худди истаганимдек амалга ошган. Бу эса менда ўзимга нисбатан ҳаддан ортиқ ишончни пайдо қилди. Инсон қачон кибрли бўлади, қачонки унинг ўзига бўлган ишончи ҳаддан ошиб кетса. Бу феълим туфайли қийналяпман. Ортиқча асабий зўриқиш, жаҳлдорлик, ва тушкун кайфият мени баттароқ худбинга айлантиряпти... Бундай ҳаёт азобдан бошқа ҳеч нарса эмас...
Сал аввал хориж интернет нашрларидан бири худбинлиги чегарадан ошиб кетган бир кишининг қуюшқонга сиғмайдиган иши ҳақида ёзган эди. Ўзига ҳаддан ортиқ ошиқ йигит ўзининг суратига... уйланишни эълон қилибди! Камига, ўз сурати билан никоҳдан ўтказишни сўраб никоҳни қайд этиш ходимларига мурожаат этибди... Ана шунақа, баъзан худбин кишиларнинг ҳатти ҳаракатларидан на мантиқ, на фаросат кўринади...
“Одам ўзининг нархиниям, қадриниям билиши керак. Нимага муносибу, нимага лойиқ эмаслигини билмайдиган одам ҳеч қачон ўзини ҳурмат қилмайди ва ўзини ҳурмат қилмайдиган киши ўзгаларни ҳам ҳурмат қилолмайди” деган гапни кўп такрорлардилар устоз ҳамкасбимиз. Чиндан ҳам,  инсон ўзини яхши кўриши, ҳурмат қилиши, ўзига ишониши керак. Аммо ҳар нарсада меъёр бўлгани маъқул. Жумладан кишининг ўзига бўлган эътиборида ҳам. Аслини олганда, ҳар бир инсон худбин, ўзини яхшиликларга муносиб билади. Бироқ унутмаслик даркорки,  ўзимизга яхши кўринган нарсаларни яқинларимизга ҳам раво кўришлик билан ўртадаги  меҳр- муҳаббат ришталари янада маҳкамроқ боғланади. Зеро, Пайғамбар (с а в) шундай марҳамат қиладилар: “Ўзингиз яхши кўрган нарсаларни бошқаларга ҳам раво кўрмагунингизча ҳақиқий мўмин бўлолмайсизлар”...

Умида АЗИЗ

Ҳозир сайтимизда 77 та меҳмон бор, сайт аъзолари эса йўқ