1. Skip to Menu
  2. Skip to Content
  3. Skip to Footer

Моҳипайкар Кўсем Султон Усмоний Султон Аҳмаднинг рафиқаси

Ҳуррам Ҳасаки Султон Сулаймон Қонунийнинг аёли

Ёмон хаёллардан қутулиш учун нима қилай?

Ёшим йигирма иккида, уйланмаганман. Аллоҳга шукр, беш вақт намоз ўқийман. Кейинги пайтларда фаҳш ишлар ҳақида ўйлайдиган бўлиб қолдим.  Баъзан бу хаёллар билан намозим ҳам бузилади. Булар охир-оқибат зинога олиб бормасмикин, деб қўрқяпман. Нима қилай? Маслаҳат беринг.

ЖАВОБ: Аллоҳ таоло «Нур» сурасида айтади: «Сен мўминларга айт, кўзларини тийсинлар ва фаржларини сақласинлар. Ана шу улар учун покликдир. Албатта, Аллоҳ нима иш қилаётганларидан хабардордир».
Ушбу ояти каримада зинодан сақланишнинг энг бош омили – номаҳрам аёлларга эркакларнинг шаҳват назари билан қарашлари ман қилинмоқда. Аллоҳ таоло Пайғамбаримиз Муҳаммад мустафо соллаллоҳу алайҳи васалламга хитоб қилиб, мўмин эркакларни номаҳрам аёлларга назар солишдан тийилишга ва фаржларини зинодан сақлашга буюрган.
Бу дегани, эркак киши ҳожатдан ташқари қарамасин, деганидир. Мисол учун, бир номаҳрам аёлга назари тушиши билан бошқа томонга кўзини бурсин, унга қараб туравермасин, қараши шаҳват назарига айланиб кетмасин, деганидир. Чунки аёл кишига бир муддат давомий қараш эркак одамда шаҳвоний туйғуни қўзғотади. Шаҳват билан қараш зинога олиб бориши ҳам мумкин. Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам бундай қарашларни «кўз зиноси» деб атаганлар.
Имом Бухорий ривоят қилган ҳадисда Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам қуйидагиларни айтадилар: «Одам боласига зинодан бўлган насибаси ёзилгандир. Икки кўзнинг зиноси назар солишдир. Тилнинг зиноси гапиришдир. Икки қулоқнинг зиноси эшитишдир. Икки қўлнинг зиноси ушлашдир. Икки оёқнинг зиноси юриб боришдир. Нафс орзу ва иштаҳа қилади, фарж эса, уни ё тасдиқлайди, ё ёлғонга чиқаради».
Мусулмон эркак номаҳрам аёлга қайта-қайта қарамаслиги лозим. Имом Термизий Бурайда розияллоҳу анҳудан ривоят қилган ҳадисда Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Эй Али, назарга назарни эргаштирма! Биринчиси фойда бўлса, иккинчиси сенга зарардир», деганлар. Дарҳақиқат, биринчи назарда зарур мақсад ҳосил бўлади. Аммо кетма-кет қараш, аввал айтилганидек, шаҳват қўзғотади.
Шунингдек, бехосдан назар тушиши ҳам гуноҳ эмас. Имом Муслим ривоят қилган ҳадисда Абдуллоҳ ал-Бажарий розияллоҳу анҳу: «Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламдан бехосдан тушган назар ҳақида сўраган эдим, кўзимни бошқа томонга буришни амр қилдилар», дерлар.
Исломда эркаклар номаҳрам аёлларга шаҳват назари билан қарашдан қайтарилибгина қолмай, балки бу амрга риоя этганлари учун ажру савоб ва маънавий мукофотлар ҳам ваъда қилинади. Имом Табарий Абдуллоҳ ибн Масъуд розияллоҳу анҳудан ривоят қилган ҳадиси қудсийда: «Албатта, (номаҳрамга) назар қилиш иблиснинг заҳарланган ўқларидан биридир. Ким Мендан қўрқиб, у (назар)ни тарк қилса, бадалига бир иймон бераманки, унинг ҳаловатини ўз қалбида топади», дейилган.
Имом Аҳмад Абу Умома розияллоҳу анҳудан ривоят қилган ҳадисда Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Қай бир мусулмон бир аёлнинг гўзалликларига назари тушсаю, сўнгра кўзини олиб қочса, албатта, Аллоҳ уни шундай ибодатга алмаштирадики, унинг ҳаловатини топади», деганлар.
Эркакларни номаҳрам аёлларга назар солишдан қайтарувчи ушбу оятни нотўғри талқин қилиб, Аллоҳ таоло эркакларни аёлларга шаҳват назари билан қарашдан қайтарган, аёллар ўзларини авайлаб, шаръий кийимда юришга амр қилинмаган, дейиш мутлақо нотўғридир. Чунки аёлларнинг ҳижобда юришлари лозимлиги ҳақида бошқа оятларда ҳукм бор.
Номаҳрам аёлларга назар солмаслик ҳақидаги амрдан бир неча ҳолатлар истисно қилинган. Масалан, бир одам уйланмоқчи бўлса, у аёлга назар солиши нафақат мумкин, балки мустаҳабдир. Имом Муслим ривоят қилган ҳадисда Муғийра ибн Шўъба розияллоҳу анҳу қуйидагиларни айтадилар: «Уйланмоқчи бўлиб, бир аёлга совчи қўйган эдим. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам мендан: «Уни кўрдингми?» деб сўрадилар. Мен: «Йўқ», дедим. У зот соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Сен уни кўр, бу, албатта, ораларингизда яқинлик ҳосил қилади", дедилар.
Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳу ривоят қилган бошқа бир ҳадисда Расули акрам соллаллоҳу алайҳи васаллам ансорийлардан бир аёлга уйланмоқчи бўлган кишига: «Сен уни кўргин, ансорийларнинг кўзларида бир нарса бўлади», деганлар.
Имом Аҳмад Абу Ҳумайддан ривоят қилган ҳадисда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Биронтангиз бир аёлга уйланмоқчи бўлса, унга назар солмоғида гуноҳ йўқдир, чунки у уйланмоқ ниятида назар солади», деганлар.
Шунингдек, жиноятчини аниқлаш мақсадида текшириш ўтказаётган шахслар ҳам шу мажбурият юзасидан аёл кишининг юзига қараса бўлади. Қозининг хусумат билан ёки гувоҳлик учун келган аёлга ҳукм чиқариш мақсадида вазифа юзасидан қараши мумкин. Табиб ҳам тиббий мақсадларда қараса жоиз. Албатта, бу ҳолатларда синчиклаб қараш ҳақида сўз кетмоқда.
Ояти каримадаги «ва фаржларини сақласинлар» ибораси фақат фаржни зинодан сақлашни эмас, бошқа ҳаром нарсалардан ҳам, жумладан, бошқаларнинг назари тушишидан ҳам сақлашни ўз ичига олади. Аввало, бировнинг авратига қарашдан кўзни тийиш керак. Фақат эркакларнинг хотинларнинг аврат жойларига қараши тақиқланаётгани йўқ, балки эркак эркак кишининг авратига, аёл аёл кишининг авратига қараши ҳам ман этилмоқда.
Имом Муслим ривоят қилган ҳадисда Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Эр киши эр кишининг авратига назар солмайди, аёл киши аёл кишининг авратига назар солмайди», деганлар.
Имом Абу Довуд Ҳазрати Али розияллоҳу анҳудан ривоят қилган ҳадисда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам у кишига: «Тирикнинг ҳам, ўликнинг ҳам сонига назар солма», деганлар.
Шу ўринда ўз-ўзидан, эркак кишининг қайси жойлари аврат ҳисобланади, деган савол келиб чиқади. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам эркак кишининг аврати киндигидан тиззасигача эканини айтганлар. Мусулмон эркак киши авратини бошқаларга кўрсатмаслиги лозим.
Имом Термизий ривоят қилган ҳадисда саҳобалардан Журҳад ал-Асламий: "Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам биз билан ўтирган эдилар, сонимнинг очиқ турганини кўриб: «Сон аврат эканини билмайсанми?!» дедилар», деб айтганлар.
Шунингдек, киши ўзи ёлғиз қолганида ҳам яланғоч бўлиб юриши яхши эмас. Имом Термизий Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг бундай деганларини ривоят қилади: «Яланғоч бўлишдан сақланинглар, чунки фақат қазои ҳожат ва аҳлига яқинлашиш пайтидагина ажраладиган зотлар сизлар билан доимо биргадирлар». Яъни, фаришталар доим сизлар билан бирга, улардан уялинг, деганлар.
Имом Ибн Можа ривоят қилган ҳадисда қуйидагилар зикр этилади: Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Ўз хотининг ва чўрингдан бошқасидан авратингни беркит», дедилар. Бир сўровчи: «Эй Аллоҳнинг Расули, агар бир киши ўзи холи бўлса-чи?» деб сўради. Шунда у зот соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Аллоҳ таборака ва таоло ундан ҳаё қилмоққа ҳақлироқдир», дедилар.
Бўлмағур хаёллардан Аллоҳдан паноҳ тиланг ва бошқа фойдали иш билан банд бўлишга ҳаракат қилинг. Абдуллоҳ розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг: «Эй ёшлар жамоаси, сиздан ким никоҳга қодир бўлса, уйлансин. Албатта, у кўзни тўсувчи ва фаржни сақловчидир. Ким қодир бўлмаса, рўзани лозим тутсин, бу унинг учун бичилишдир», деганларини эшитдим».
Ушбу ҳадисдаги «никоҳга қодир бўлса» деб таржима қилинган ибора арабчада «боъа» дейилиб, моддий, маънавий ва жисмоний жиҳатдан никоҳга қодирлик маъносини англатади. Демак, шу маънодаги қудратга эга бўлган ҳар бир мусулмон шахс уйли-жойли, оилали бўлишга ҳаракат қилмоғи лозим бўлади. Агар никоҳга моддий ёки маънавий жиҳатидан қудрати етмаган, сарф-харажатни кўтара олмайдиган ёки уйланса, умр йўлдошига зулм қилишдан ўзини тўхтата олмайдиган ёшлар бўлса, рўза тутмоқлари керак. Шу йўл билан улар шаҳват қўзғалишини босадилар. Чунки рўза туфайли кишининг шаҳвати пасайиб, худди бичилган кишига ўхшаб бошқа жинсга шаҳват билан қарамайдиган, фаржини зинога ишлатиш хавфи туғилмайдиган ҳолга келади.
Оддий ҳолатларда эса, бу икки хавфнинг олдини никоҳ олади. Никоҳдаги шахс ўз шаҳватини ҳалол йўл билан қондиргани учун кўзи номаҳрамларга қарашдан тийилган, фаржи ҳаромга юришдан сақланган бўлади. Бу ҳадиси шариф мўмин-мусулмонларни ёшлик чоғларидан, никоҳга қодир бўлишлари билан оила қуришга чорловчи ҳадиси шарифдир. Ҳаётимизда бу ҳадисга амал қилишга интилишимиз керак (Аллоҳ билувчидир).

Ҳозир сайтимизда 34 та меҳмон бор, сайт аъзолари эса йўқ