1. Skip to Menu
  2. Skip to Content
  3. Skip to Footer

Моҳипайкар Кўсем Султон Усмоний Султон Аҳмаднинг рафиқаси

Ҳуррам Ҳасаки Султон Сулаймон Қонунийнинг аёли

Аёлларни эркакларга ўхшаб намоз ўқиши

Ҳанафий мазҳабимизнинг мўътабар китобларида эркак ва аёлнинг намозлари ўртасида фарқ борлиги баён қилинган. Лекин замонамиздаги баъзи тоифалар эркак ва аёлнинг намозининг кўриниши бир хил бўлади, деб даъво қиладилар. Қуйида аёлларга хос бўлган ҳамда эркакларнинг намозидан фарқли ҳолатлари ва далилларини келтирамиз:
"Аллоху акбар” деб намозга кириш пайтида аёллар қўлларини елка баробарида кўтаради;
Қўл боғлашда аёллар икки қўлларини кўкраклари устига қўядилар;
Руку пайтида аёлларнинг кўл бармоқлари ёйилмайди, балки жипс ҳолда бўлади; Икки тирсаклари билан қимтиниб, уларни биқинларига теккизиб туради, тиззалари бироз букилади, эркакларга ўхшаб беллари билан бошлари тўғри бўлмайди, балки руку деса бўладиган даражада эгиладилар;
Саждага борганларида ҳам қимтинган ҳолларида қоринларини икки сонларига тегадиган қилиб сажда қиладилар;
Қаъдада ўтириш пайтида аёллар икки оёқларини ўнг томонга чиқариб, чап думбасига ўтирадилар;
Саждада аёллар билакларини ерга теккизиб, қимтиниб турадилар;
Бирор намозни овоз чиқариб ўқимайди ("Мухта-сарул виқоя” ва "Оламгирия” китоблари).
Уламоларимиз ушбу фарқларга кўплаб ривоятларни далил сифатида келтирганлар. Жумладан,
Абдуроббиҳ ибн Сулаймон розияллоҳу анхудан ривоят қилинади:
«Мен Умму Дардони (розияллоҳу анҳо) кўрганман. У (намозда) икки қўлини икки елкаси баробаригача кўтарар эди» (Имом Бухорий ва Ибн Абу Шайбалар ривояти).
Зайд ибн Абу Ҳабиб розияллоҳу анхудан ривоят қилинади:
"Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам намоз ўқиётган икки аёлнинг олдидан ўтдилар ва: "Қачон сажда қилсангиз, гўштнинг баъзисини ерга теккизинг. Албатта, аёл киши бунда эркакка ўхшамас", дедилар" (Имом Абу Довуд ривояти).
Али розияллоҳу анҳу: "Қачон аёл киши сажда қилса, қимтиниб ўтирсин, икки сонини қорнига ёпиштирсин”, деганлар (Имом Ибн Аби Шайба ривоят қилган).
Ибн Умар розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: У зот шундай дедилар: "Қачон аёл киши намозда ўтирса, бир сонини иккинчи сони устига қўяди. Қачон сажда қилса, қорнини сонига имкони борича қимтиниб теккизади. Чунки, Аллоҳтаоло унга назар солиб туради ва "Ҳой, фаришталарим! Сизларни гувоҳ қиламанки, уни мағфират қилдим", дейди” (Ибн Адий “Комил" китобида ва Байҳақий “Сунан” китобида ривоят қилган).
Юқоридаги ҳадис ва асарлардан маълум бўладики, аёл кишининг намози имкон қадар сатрли бўлиши керак. Шунинг учун эркак ва аёлнинг намозида маълум бир фарқлар бўлиши табиий ҳолат ва бу шариатимиз-да ҳам эътиборга олинган. Валлоҳу аълам.

Шайх Нуриддин Холиқназар ҳафизаҳуллоҳ
Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси, муфтий,
Фатво маркази директорининг
"Фиқҳ ва ақидага оид ихтилофли масалалар ечими" китобидан

Ҳозир сайтимизда 57 та меҳмон бор, сайт аъзолари эса йўқ