1. Skip to Menu
  2. Skip to Content
  3. Skip to Footer

Интернетдаги қиз-аёллар БЕҲАЁ...ми?

Таҳририятга келган мактублардан сатрлар:

“... Виртуал мулоқотлар , қизлар билан танишиш, синовимдан ўтмаганлари билан беҳаё суҳбатлар қуриш жону дилим эди. Токи бир воқеа ҳаётимга чуқур из қолдирмагунигача. Хуллас, интернетда таниқли актрисалардан бирининг суратларини қўйиб олиб, “Гули” деган исмда профил очган қиз билан танишиб қолдим. Менинг ҳам сайтдаги исмим бошқа эди. Бир-икки гаплашганимиздан кейин қизни учрашувга таклиф қилдим. Айтилган вақтда, айтилган жойда ўтирсам, учрашув жойига... синглим келяпти... У ҳам мени кўриб қотиб қолди... Тилимгача музлаб қолдим... Сайтда гаплашганимизда унга айтган беҳаё таклифларим, унинг шармисорона жавоблари... Шундан бери сайтларга умуман йўламайман... Синглимнинг эса юзига ҳам қарагим келмайди... Ўша “учрашув” кейин уни қаттиқ дўппосладим, қўлидан телефонини олиб қўйганман... Лекин юрагимни қандайдир изтироб кемиргани кемирган... Мен синглим билан танишган нечанчи йигит эканман-а?..”
Шуҳратжон, Самарқанд вилояти.

“... Қаердан ҳам ўша дугонамни учратдиму, унинг маслаҳати билан “одноклассники.ру” деган расво жойга кириб қолдим, деб ўзимни ўзим қарғашдан бошқа иш қўлимдан келмаяпти. Сайтга чиройли гулларнинг расмини қўйиб, қайддан ўтдим. Кейин бирин-кетин қиз-йигитлар билан таниша бошладим. Танишларим орасида Элбек деган йигит билан бир-биримизга анча ўрганиб қолгандик. У телефон рақамимни сўради, эримдан қўрқиб бермадим. Кейин “балки ўзингиз яширин рақамдан қўнғироқ қилиб турарсиз, эрингиз бўлмаган пайтда”, деб рақамини қолдирибди. Хабардаги сонларни кўриб ҳушим бошимдан учиб кетди... У ерда эримнинг телефон рақами турган эди!.. Вазиятга янада ойдинлик киритиш учун бегона рақамни яшириб олиб хабардаги рақамга териб кўрсам, гўшакдан эримнинг овози эшитилди... Юрагим бўлиниб кетди. Бу ерда ким хиёнаткор, менми ё эримми?!..”
Н. Андижон виляти

Бугунга келиб  замондошларимиз  орасида виртуал мулоқотлар авж олгани ҳеч кимга сир эмас. Бир томондан жуда қулай восита. Мобил телефон алоқасидан арзонроқ ва имкониятлари кенг.  Бир томондан эса виртуал ҳаётга ошнолик оқибатида орамизда талайгина салбий ҳолатлар рўй бериб, ҳаттоки бундай воқеаларнинг охири оилаларнинг бузилишигача боряпти. Иш, хизмат юзасидан интернет сайтларидан фойдаланадиганлар учун оғирини енгил, яқинини узоқ қилаётган виртуал мулоқотлар, айримлар учун кераксиз ва нохуш иллатларга хизмат қилмоқда.
Виртуал танишув мулоқотлари оқибатида оиласи бузилаётганлар, номига қора чапланаётган, алданиб қолаётган қизлар ҳақида кейинги пайтда кўп эшитяпмиз. Бундай мулоқотларнинг салбий таъсири ҳақида  қанча кўп гапирганинг сари, одамлар унинг домига шунча кўп ўралашиб қолишяпти. Нима учун? Нега инсонлар учун фойдали кўринган ривожланишнинг бу маҳсули кишилар ҳаётига раҳна солишга уринаётган пайтда ундан ўз ўрнида ва фақат зарурият юзасидан фойдаланишни билмаяптилар? Бу ҳақида бирор киши билан фикрлашишга тўғри келса, албатта интернетдаги қиз-аёлларни ахлоқан тарбиясиз, беҳаёликда айблашади. Бу мулоҳазалар нечоғли тўғри? Ҳақиқатдан ҳам

Интернетдаги қиз-аёллар БЕҲАЁ...ми?

Биз шу ва шунга ўхшаш саволларга жавоб топиш илинжида турли танишув сайтлари бўйлаб виртуал “саёҳат” уюштирдик ва у ердаги қиз-аёларни суҳбатга тортишга уриндик.
—    Мен турмушимдан ажраганман, -деди жарангдор оҳанжамали NIK name (яширин тахаллус) остида сайтда ўтирган бир аёл юборган саволимизга жавобан,- ҳозир биров билан биров қизиқмайдиган замон бўлди. Мен шу ерда бахтимни учратишим мумкин. Шунинг учун ҳам анкетамни қайд этганман. Интернет орқали жуфт топиш ҳозир ҳайратланарли ҳолат эмас-ку...
—    Бу гаплар бекор,- деди яна бир қиз.- Менинг  чет элларда танишларим, дўстларим, қариндош –уруғларим бор. Улар билан мулоқотда бўламан, кўришаман. Нега энди интернетдаги қизлар ҳақида ёмон фикрларга боришади? Интернет кириб келмасидан олдин ҳам енгилтак қизлар бўлганку! Ҳамма нарса одамнинг ўзига боғлиқ. Нимадан қай мақсадда фойдаланишига...
—    Ўзим иш юзасидан интернетдан фойдаланиб тураман. Лекин беҳаё мақсадларда ҳар хил сайтларда профиллар очиб, йигитларга, оилали эркакларга ибосиз жумлалардан тизиб хабар йўллайдиган қизлар ҳам йўқ эмас,- деб жавоб йўллабди яна бир қиз виртуал сўровимизга.- Уларнинг қўйиб  олган суратларини кўриб уят ва шармандаликдан тош қотасиз. Кўпчилик йигитлар ҳам ахлоқсизликни тарғиб қилувчи сайтлардан шармандали суратларни қўйволиб қизларнинг исм-фамилияси билан танишишяпти. Умуман олганда, бу борада бир томонлама фикр айтиб бўлмайди. Негаки, хайрли мақсадларда, яқинлари, дўсту биродарлари билан алоқа қилиш учун сайтларга кираётган қиз-аёллар ҳам бор. Лекин юқорида айтганимдек жирканч истаклар билан сайтларда кечаю кундуз изғиб юрганлар ҳам йўқ эмас. Ҳамманинг ўзига инсоф берсин...
Шу ўринда яна бир оғриқли мулоҳаза кишига тинчлик бермайди: айрим аёллар оилали бўлишига қарамай, эри, рўзғори, болаларидан қизғонган вақтини  “одноклассники.ру”, “фейсбук” ва яна алламбало танишув сайтларида ўтказишларига нима дейсиз? Шундай аёллардан бирини биламан. Оилали, турмуш ўртоғи, икки нафар ширингина фарзанди бор. Хуллас, хоним қачон қарсангиз одноклассники.ру” сайтида ўралашиб юрган бўладилар. Ҳатто айрим пайтларда у сайтда  ўтирган вақт иш жараёнига ҳам тўғри келади.  Аёл билан яқин таниш бўлганлигим сабабли эридан яширинчи профил ва NIK nameларда интернетда изғишини биламан. Умуман олганда, Оилали аёлларнинг интернетнинг танишув сайтларида ўралашиши нечоғли тўғри?
—    Интернетдаги ҳамма қиз- аёлларни ёппасига беҳаё дейиш нотўғри,- дейди журналист Аброр Адҳамзода.- Танишув сайтлари орқали танишиб, оила қуриб, айни пайтда бахтли яшаб юрганлар талайгина. Бироқ, оилали  аёлларга танишув сайтларида нима бор экан? Ёнида эри бўлса уларга яна ким керак? Оилали аёлларга танишув сайтларида ўрин йўқ. Танишув сайтларида 99 фоиз ҳолатда ёлғон маълумотлар жойлаштирилган бўлади. Оилали аёл  уердан кимни ё нимани қидиради?.. 
Одамлар интернетда аллақандай виртуал олам яратмоқчи ва шу оламига ўзини ишонтирмоқчи бўлишади. Бу – менинг фикримча руҳий касалликнинг бир тури бўлса керак.
Хуллас, ҳамма гап тарбияга бориб тақаляпти. Тарбиясиз, маънавиятсиз, одоб-ахлоқи бир пулга қиммат киши устидан ҳар қандай йўл билан назоратни кучайтирсангиз ҳам, барибир тийиқсизлигини қилади...
Тошкент шаҳрида истиқомат қилувчи газетхонимиз Нозима Султонова муаммо хусусида мулоҳазаларини билдирар экан, шундай дейди:
—    Сиз айтаётган интернет сайтлари бало бўлди, тўғриси. Бир қариндошимизнинг 12 йиллик турмуши  шу сабабдан бузилиш арафасида.  Йигит топармон-тутармон, яхшигина уддабурро, оилапарвар эркак эди. Хизмат сафарида юрган кезлари аёли  “одноклассник.ру” сайтидан ким биландир танишиб олибди. Хуллас аввал ёзишмалар, кейин телефон мулоқотлари, ундан кейин  уялма-нетмай учрашишибди... Учрашишганда қарашса, ҳалиги эркак эрининг яқин дўсти бўлиб чиқибди... Гап-сўзлар одамлар оғзидан йигитнинг қулоғига ҳам етибди. Ҳалиги хотин шундан кейин ҳам ўзини йиғиштирмаяпти. Болаларини олиб онасиникига кетиб қолган. Йигитнинг яқинлари “Ажрашма, ўртада фарзандларинг бор, болаларнинг тақдирини ўйла”, дейишса, беномус хотин, “Мен энди ярашмайман” деб ўзини осмондан олиб, ҳатто эрига таввалло қилиб, пушаймонлик ҳам билдирмаяпти. Шайтон йўлдан оздирса, ҳеч гап эмас экан. Аввломбор оилали, рўзғорли, бола-чақали хотинга интернетда бало борми?! Шунақалар уй ишларидан қандай вақт ортиришади, ҳайронман. Вақт топиши ҳам майликуя, танимаган-билмаган одамлари билан мулоқот қилишнинг нима қизиғи бор экан уларга?! Аёллар ўзини ўзи хароб қилишяпти-да...

Зинонинг замонавий тури

Танишув сайтларида кўрсатиладиган маълумотлар аксар ҳолларда ёлғон бўлиши кўп ҳолларда тасдиғини топган. Айрим ахлоқсиз эркаклар домига тушиб қолаётган қизларни гапга тортсангиз албатта интернет ёки телефон орқали танишиб қолганини айтишади. Баъзи эркаклар ўзини хотинидан куйган ёки нима сабабдандир турмуши “ўхшамагани”ни рўкач қилишса, айримлари ҳали ҳаётда ўзларига “муносиб жуфт” тополмаётганларини айтиб, қизларнинг кўнглига йўл топишга уринишар экан. Биз бу борада аниқроқ тасаввурга эга бўлиш ниятида, қизлар исми билан турли профиллар очдик ва улар орқали эркакларнинг интернетдаги ахлоқи билан қизиқдик. Таассуфки, ҳаётда ўзимизга таниш бўлган, оилали, чиройликкина турмуши, ориятли аёли, фарзандлари бўлган айрим таниш эркакларнинг “ажрашган”и, баъзиларининг эса ҳанузгача “кўнгил малика”си топилмаётгани бизни таажжуб ва ҳайратга солди! Ҳатто  виртуал танишларимиз орасида ўз яқинларимиз борлигидан... хижолатга қолдик... Азизлар, бу қандай разолат энди?  Кексаларимиз тилидан  “Йўқ йўқни келтиради” деган гапни эшитганмисиз? Қандай қилиб ширингина турмушингизни йўққа чиқаргани тилингиз боради? Бу- бориб турган ношукрлик эмасми?!..  
Эркаклар бирор қиз ё аёл билан муомала қилаётганларида, ўз оналари, опа-сингиллари, рафиқалари ва қиз бола фарзандларининг ҳам аёл жинсига мансуб эканлигини унутмасалар яхши бўларди. Бировнинг қизи, опа ё синглиси, жуфту ҳалолига фаҳшга тортадиган сўзлардан тизиб мактуб юбориш ҳам зинога киради. Шунингдек, кимнингдир эрига ноз-карашма билан чиройли гапларни гапириш ҳам фоҳиша ишнинг бир кўринишидир. Фаҳш ва зино эса жамиятимизда ҳам, динимизда ҳам ҳеч қанақасига оқланмайдиган, шармисорликка маҳкум этадиган гуноҳлар сирасига киради. Ажабо, нега биз гуноҳларнинг уятлигини, уят эса ўлимдан қаттиқлигини тобора унутиб бормоқдамиз?..

Умида АЗИЗ

Ҳозир сайтимизда 95 та меҳмон бор, сайт аъзолари эса йўқ