1. Skip to Menu
  2. Skip to Content
  3. Skip to Footer

Замонавий “горио ота”лар ёхуд болаликнинг муддати қанча?

Биз тилга олмоқчи бўлган мавзу кимлар учундир муҳокама қилишга ҳам арзимасдек туюлиши мумкин. Тўғри-да, ота-она фарзанди камоли йўлида яшар экан, унинг учун ҳеч нарсани аямайди. Айтганини муҳайё қилади. Улар учун фарзандининг бахтидан бошқа ҳеч нарса керак эмас. Бу каби фидойи оталарнинг борлиги албатта яхши. 

АММО... ана шу биргина сўз дунёда ҳамиша тараққиётнинг янги босқичларини очиб бергандек... “Ҳаммаси яхшию, аммо...”
Тўғри, биз ота-оналарни ҳам яхши тушунамиз. Лекин, фарзандлар ҳам уларга муносиб бўлишлари керак эмасми? Орамизда шундай ёшларимиз ҳам борки, ота-онасининг ҳаловатидан ўзларининг бемаъни ҳою-истакларини устун қўйишади. Қарз эвазига бўлса ҳам ўғли ёки қизининг қимматбаҳо либоси учун пул топиб берадиган, йиллар давомида бели майишиб улар учун уйлар қурадиган, туйларига ўзлари истаганча машина, фалон-фалон санъаткорларни олиб келадиган ота-оналар камми. Кўра-била туриб баъзи фарзандлар бундан заррача оғринмайди. Аксинча, яна бошқа камчиликларини пеш қилаверишади.

“ОТАЛИК КАСАЛИ”ГА ЧАЛИНГАНЛАР
Эҳтимол, Бальзакнинг “Горио ота” романини ўқигандирсиз. Ундаги асар қаҳрамони – бечора Горио ота қизларининг бахтли ва шоду-хуррам яшаши учун, уларнинг кибор давраларда виқор билан юришлари йўлида ҳеч нарсадан қайтмайди. Ўзи қотган нон еса ҳам, доим қизларига ҳамма нарсанинг яхшисини илинарди. Охир-оқибатда бор бойлигидан ажралиб, азоб-уқубатлар ичида ўлиб кетади. Қизлари эса ҳатто оталарининг ўлимига ҳам келмайди.
Бир вақтлар Горио ота асарда айтилганидек, “оталик касали”га чалинган эди.

ИМКОН БОРИЧА ФОЙДАЛАНИШ — ЭНГ ОСОНИ...МИ?
Тўғри, фарзанд борки, ота-онасига суянади. Бошига бирор ташвиш тушиб қолса, биринчи навбатда улардан мадад кутади. Озгина қийналса отасига югуради, руҳан сиқилса онасига йиғлайди. Елкасидаги бор ташвишни осонгина уларнинг елкасига ўтказиб қўйишади. Хуллас, имкон борича улардан “фойдаланиб қолиш”га ҳаракат қилади. Нега шундайлиги ҳақида ўйлаб ҳам кўрмайди.
Койинишларимиз бежиз эмас. Кўпчилик балоғат ёшидан ўтган йигит-қизлар ота-онасининг кўмагисиз ҳеч нарса қила олмайди, мустақил тарзда иш юритиш қўлларидан келмайди ёки тўғрироғи, ўзлари буни ҳоҳлашмайди. Бу албатта, ҳали ҳам ўз йўлини топишга қийналаётган, бирор бир касб-корнинг этагидан тутмаган боқиманда ёшларга қарата айтилаётган аччиқ, лекин, ҳақ гаплар. Бу ёшларимиз аллақачон бировнинг кўмагисиз ҳам мустақил иш қила оладиган ёшга етган, аммо, фақат ота-онасининг қўлига қараб қолиши яқинлашиб келаётган мағлубиятларидан дарак бермайдими?

ТАНГАНИНГ ИККИНЧИ ТОМОНИ
Баъзида ҳаётда ногиронларнинг ишлаб, жон койитиб юрганларини эшитиб, кўриб ҳайрон қоламиз. Яқинларимга малол келмайин, деб ҳаракат қилаётган шу яримжон хаста вужуднинг ҳам ўз тирикчилиги учун ҳаракати, интилиши бор.
Мавзу юзасидан баъзи ота-оналар билан суҳбатда бўлганимизда, аксарияти “ўз боламиз учун қиламиз-да” дейишдан нарига ўтишмади. Балки, фарзандларининг камчигини тан олишни, балки ўз хизматларини пеш қилишни ҳоҳлашмади.
Салим Ҳайитов, 3 фарзанднинг отаси:
-Тўғри, баъзида болаларимизнинг айтганини олиб беришга  қурбимиз етмайди. Барибир, уларнинг кўнглига қараймиз. Ўзлари ота бўлганда бизни тушунишар деймиз.
Фарҳод Авазов, 5 фарзанднинг отаси:
-Мен ҳозирги ёшларни ўзимнинг ёшлигим билан  солиштириб ўртада жуда катта фарқни билдим. Уларнинг олдида биз анча ночор эканмиз. Ҳозир ишлаб, пул топаман деган одам учун жуда яхши шароитлар яратилган. Тил биладиган, компьютер техникасини биладиган ёшларимиз кўп. Жилла қурса, ўқишдан сўнг газета, китоб тарқатиб кун ўтказса ҳам бўлади. Тўғри, ёшларимиз орасида доим ота-онасини ташвишга қўядиган, дангасалари ҳам бор. Лекин, ўз иқтидорлари билан улкан ютуқларга эришаётган ёшларимизнинг хизматларидан ҳам кўз юммаслигимиз керак.
Санжар Муродов, талаба:
-Мен ота-онамга оғирлигим тушишини ҳоҳламайман. Мактабни битирганимга 4 йил бўлди. 3 йил ўқишга киролмадим. Афсуски, ҳунар ўрганмаган эканман. Лекин, уйда ҳам бекор ўтиришни истамадим. Шу йилларда автомобилларни ювиш шахобчасида ишлаб юрдим. Баъзида танишларим кўриб қолишидан уялардим. Менинг ҳам улар каби яйраб юргим келарди-ю, бунинг охирини ўйлаб, ёмон иш қилмаяпман-ку, деб ўзимни енгардим. Ниҳоят ўқишга ҳам кирдим. Ҳозир ҳам дарслардан сўнг ишлайман.
Халқаро тажрибалардан

ХИТОЙНИНГ “ЭРКА” БОЛАЛАРИ
Фарзандини эркалашда ҳеч қайси миллат ота-оналари хитойликларга етмаса керак. Улар қонунан фақат битта фарзанд кўришлари мумкин бўлгани учун доим боласи атрофида парвона бўлади. Истаган нарсасини муҳайё қилади. Лекин, шунга қарамай, ўсиб келаётган ўғил-қизига: бир кун келиб сен ҳам ўз боланг учун мана шундай шароитни яратиб беришинг, бунинг учун ҳозирданоқ ҳаракат қилиб, илмли бўлишинг шарт, деб уқтирадилар. Шу боис Хитой ёшлари ҳар қанча эрка бўлмасин, бирор касб-корни эгаллашга, ўзларини ўзлари таъминлашга бор кучларини сарфлайдилар.

СЎНГГИ СЎЗ

Аввало, кимнингдир оғриган ерини тирнаган бўлсак, минг бор узр сўраймиз. “Оталик касали”га чалинган оталаримиз, “болалик касали”дан ҳануз қутула олмаётган ёшларимиз яна бир бор келажакда содир бўлиши муқаррар бўлган мағлубиятлар аламини ғойибона бўлса-да юракдан ҳис қилсалар фақат ўзлари учун фойдадан холи бўлмаслигини эслатиб ўтдик холос.

Сарвар Сафаров тайёрлади

Ҳозир сайтимизда 90 та меҳмон бор, сайт аъзолари эса йўқ