1. Skip to Menu
  2. Skip to Content
  3. Skip to Footer

Келиннинг номини яхшилик билан чиқаринг

Азал-азалдан ўзбек халқи оилага муқаддас тушунча сифатида қараб, уни четдан келадиган гап-сўз, назарлардан пана қилиш, асраб-авайлашга ҳаракат қилинган.  Чиндан ҳам оила  ҳар бир хонадоннинг ўзига хос қўрғони, давлати. Ҳар бир давлатнинг Конституцияси, қонунлари бўлганидек, ҳар бир оиланинг ҳам фақат ўзига хос бўлган қонуни, ўша хонадон аъзолари амал қилиши керак бўлган тартиб- қоидалари мавжуд.  Шу билан бирга, ҳар бир хонадон соҳибининг  рўзғор тутимию, оилавий масалалардаги тажрибаси ҳар хил. Айниқса,  турмушнинг майда икир-чикирлари; қайнона-келин, эр-хотин, қайнсингил- келин, қуда-андачилик ва шунга ўхшаш ҳолатларда ҳар ким ўз дунёқараши ва оилавий муҳитидан келиб чиқиб йўл тутади.  Биз шу мавзуда шаҳримизнинг ибратли хонадон соҳибаларидан бири фахрий ўқитувчи Дилбар ая Умарова билан суҳбатлашдик. Суҳбатдошимиз умр йўлдошлари фалсафа фанлари доктори, профессор Эркин Умаров билан эллик йилдан ошиқ вақтдан бери турмуш йўлларининг тошли-тизиқли сўқмоқлари бўйлаб бирга умргузронлик қилмоқдалар. 

Ая билан келинлик пайтларидан  то ҳозирга қадар умр йўлларидаги излар ҳақида суҳбатлашдик.
—    Институтнинг  учинчи курсида ўқиётган пайтимда узатилганман,- деб хотираларини бошладилар Дилбар ая Умарова.- Ўзига тўқ хонадондан кўп болали, ўрта ҳол оилага келин бўлиб тушдим. Қайнонам раҳматли жуда яхши аёл эдилар, жойлари жаннатда бўлсин. Ҳеч қачон менга қайноналик қилиб қаттиқ гап қилмаганлар, дилимни оғритадиган иш қилмаганлар. Иш буюрмасдилар, ўқишдалигимда ҳатто киймларимни ювиб дазмоллаб, овқатларгача қилиб қўярдилар. Қиз боланинг феъл-атвори онасига қараб андозаланса, келинлик, қайноналик сирларини қайнонасидан ўрганар экан. Хуллас, қайнонам раҳматлининг рўзғор тутумларини кўриб, қайноналик илмини ўрганганман, қизим. Ааваломбор келин бир ниҳолдай гап. Ўзингиз ўйланг, ёш кўчатни опкелиб ўтқазсангизу, уни парвариш қилмасангиз, қандай қилиб ниҳолнинг дарахт бўлишинию мева беришини кутасиз? Худди шундай, келин ҳам ўзга боғдан кўчириб келинган ниҳол. Унга ҳам парвариш, меҳр керак.  Одам боласи беайб бўлмайди, болам.  Домлангиз билан  тўрт ўғил, уч қизни тарбиялаб, вояга етказдик. Аллоҳга шукр, етти фарзандимиз ҳам олий маълумотли, касбу корли бўлиб етишишди. Тўнғич келинимни  ўн саккиз ёшида туширганмиз. Ҳозир айримлар келин излашга тушса дарров ишни  қариндош – уруғиникига бош суқишдан бошлайди. Бу маъқул иш эмас- ҳам тиббий жиҳатдан мақсадга номувофиқ, ҳам инсоний алоқаларга путур етиши мумкин. Шу сабабли таниш-билишларнинг хонадонидаги қизларни кўздан кечириб, келинимни танлаганмиз.
—    Келин танлашда нимага  кўпроқ аҳамият қаратгансиз?- деб сўраймиз аядан.
—    Келин танлаётганимда асосий эътиборни қиз боланинг ташқи кўриниши ё ота-онасининг мол-давлатига эмас, у тарбияланган хонадон муҳитига қаратганмиз. Имкони қадар зиёли, андишали, илм қадрини биладиган, ўзаро ҳурмат-иззатли, аҳил хонадоннинг қизларини танлашга ҳаракат қилганмиз. Боя айтганимдек, тўнғич келиним хонадонимиз аъзосига айланганларида эндигина ўн саккиз баҳорни қаршилаган, беғуборгина қизалоқ эдилар. Айбга буюриш эмас, ҳатто оддий сабзи тўғрашни билмасдилар. Дам олиш кунлари кирларимизни ювиб-чайиб келинимга тутқазардим. Келиним дорга кир ёйса қўни-қўшнилар, “Дилбархоннинг келини икки дор кир ёйди-я, роса чаққон экан” деб ҳавас қиларкан. Хуллас айтмоқчиманки, келин фарзандингиз орқасидан келган фарзанд, аввало унинг номини яхшилик билан чиқарадиган қайнона ҳисобланади. Ўз оилангиздан яхши гаплар чиқиши, хонадонингиздаги меҳр-муҳаббат ва аҳилликка бошқалар ҳавас қилиши учун аввало, сиз- қайнона ҳаракат қилишингиз керак. Гап-гаштак, қўни-қўшнининг даврасида бир-икки марта келиннинг пазандалиги, чаққонлигию, эпчиллигини гапирсангиз бўлди, олам гулистон. Бу гаплар орқаваротдан қудангиз ва келинчакнинг қулоғига етса-ку, ғалаба сизники! Келин ҳам сизга ёқиш, хайрли ёлғонингизни ростга чиқариш учун тиришади.
—    Қайнона-келин муносабатларида куёв яъни ўғилнинг ўрни хусусида ҳам тўхталиб ўтсангиз...
—    Ўғил икки томоннинг ҳам ҳимоячиси бўлиши керак.  Умуман олганда мустақил, ўз фикрига эга, хотинини ҳимоя қила оладиган, шу билан бирга онасини ҳам қадрлай оладиган бўлиши керак. Қайнона ўғлига хотининг ундоқ, хотининг бундоқ деб гинахонлик қилганида, куёвлик мартабасидаги ўғил адолатли равишда қайнона-келин орасида туғилаётган низони бартараф этиши, икки томонга ҳам ётиғида, вазиятни юмшатиш йўли билан тушунтириши яхши натижа беради.
—    Аяжон, айни пайтда арзимаган дилхираликлар, моддиюнга берилишлар, тоғораю саватлар важидан қудачилик оқибатларига путур етаётгандек, назаримда. Халқимизда “Қудачилик – минг йилчилик” деган нақл бор...- деймиз Дилбар ая Умарованинг суҳбатларини жон қулоғимиз билан эшитарканмиз.
—    Ҳақ гапни гапирдингиз, қизим,- дейдилар ая куюнчаклик билан.- Ҳозир баъзи одамлар ҳамма нарсани пул билан ўлчайдиган бўлиб қолди-да. Қудаларнинг қадр қиймати, нуфузию оқибати тоғора-саватлар тўла йўқлов билан белгиланадиган бўлиб қолди. Аллоҳга шукр, қудаларим билан иноқмиз. Шу пайтга довур, бирорта келинимга “бор ота-онангни чақириб кел” демаганман.  Қизидан хато ё камчилик ўтган бўлса, бояқиш ота-онада нима айб?! Уларнинг айби қиз фарзандни дунёга келтириб, боқиб, ўстириб, бирор ҳунарли, касбу корлик қилиб бир хонадонга тайёр хизматкор қилиб юборганими?! Йўқ, келиндан ўтган камчиликни фақат унинг ўзи билан бартараф этиш керак, ҳаттоки  унинг эри-ўғил ҳам бундан хабар топмаслиги даркор. Токи орага совуқчилик тушмасин.
—    Хабарингиз бор, Юртбошимиз томонидан жорий йил “Мустаҳкам оила йили” деб эълон қилинган. Дарҳақиқат, оила мустаҳкам, бахтли ва фаровон бўлса, кўнгил хотиржам бўлади. Ахир, инсоннинг чин бахти унинг оиласи билан белгиланади-да. Аммо бугунга келиб, ёшларимиз орасида оилага  нисбатан эътиборсизлик, бефарқлик билан қараш кўзга ташланяпти.  Оқибати пароканда бўлаётган оилалар, тирик етим бўлиб қолаётган болалар...
—    Нимасини айтасиз?! Буларнинг ҳаммаси сабрсизлик, маънавий дунёнинг қашшоқлашиб бораётганидан. Учта- тўртта бола билан ажралиш ҳеч нима бўлмай қоляпти. Уят йўқ, андиша йўқ. Сабабини сўрасангиз, арзимаган нарсаларни важ қилиб кўрсатишади. “Эрим пул топмайди”, “Эримда кўнглим йўқ” ва ҳаттоки “Бошқасини ёқтириб қолдим” деган шармисорона иқрорларни ҳам эшитасиз. Нима ҳам дердик, болам, ҳаммага Ўзи инсофу тавфиқ берсин.  Оиланинг муқаддаслигини, аёл кишига фақат эр уйидагина бахт топиш тақдир қилинган. Бошқачасига бахтли бўлолмайди аёл. Карьера қилиб ҳам, бозорга чиқиб миллардлаб даромад топиб ҳам, дунё-дунё давлат йиғиб, тақинчоғу тиллага кўмилиб ҳам бахт тополмайди аёл. Қизалоқларимизга худди шу ҳақиқатни улар жуда ёшлигидан бошлаб уқтиришимиз керак. Шояд, шунда улар оиланинг муқаддас эканини чуқурроқ англаб етишса.
—    Аяжон, мазмунли ва ибратли суҳбатингиз учун ташаккур. Илоҳим, яна узоқ йиллар домламиз билан пиру бадавлатликда умгузаронлик қилиш, фарзандлар ва невара-эваралар камолидан хушбахт юриш саодати сизларни тарк этмасин. Соғ-саломат бўлинг.

Баҳор ТУРСУНЗОДА тайёрлади

Ҳозир сайтимизда 62 та меҳмон бор, сайт аъзолари эса йўқ