1. Skip to Menu
  2. Skip to Content
  3. Skip to Footer

Қўл телефонсиз бир кун

Тўпланиб олиб нималарнидир қизиқиб томоша қилаётган бир гуруҳ мактаб ўқувчиларининг олдидан бефарқ ўтиб кета олмадим. Разм солиб қарасам, у на бир китоб, на бир қизиқарли расм, балки қимматбаҳо қўл телефони. Ўртоқлари телефонига ҳавас билан қарашаётганини кўрган болакай эса, гўё математикадан «беш» баҳо олгандек хурсанд.

Бундай ҳодисалар вақт ўтган сайин одатий манзараларга айланаётганлиги бугун сир эмас. Сўзлашув воситаси сифатида дастлаб юзага келган телефонлар айни дамда қулайлиги ва имкониятларининг кенглиги билан алоқа воситалари орасида биринчиликни эгаллаганлиги ҳам шундан. Албатта, турмушимизда мобил телефонларининг ўрнини инкор этиб бўлмайди. Аммо биз бугун эътиборингизни ўқувчи-ёшлар ҳаётида қўл телефонларининг ўрни ва аҳамияти ҳақидаги мулоҳазаларимизга қаратмоқчимиз.
Ҳозир мактаб ўқувчиларининг кўпчилик қисми ўқув қуролларига бўлган эҳтиёждек ўз телефонларига эга. Бу ота-оналарнинг улардан хавотир олмасликлари-ю, тергаб-суриштириб туришлари учун яхши имконият аслида. Лекин кўпинча бола болалигига бориб, телефонни дарс вақти ўчириб қўйиш ва зарур бўлгандагина танаффус пайти сўзлашиш кераклигини унутиб қўяди. Шу масалада ҳозир мактаб тизимида ўқувчиларнинг қўл телефонларига оид маълум ички қоидалар жорий қилинганми? Буни аниқлашда ўқитувчиларга мурожаат қилдик.
Мунаввара Ибодова, кимё-биология фанлари ўқитувчиси:
— Умуман, мактабда ўқувчиларга телефондан фойдаланиш қатъиян маън қилинмаган. Аммо бу улар хоҳлаганда телефондан фойдаланади, дегани эмас. Ўқувчилар дарсга кирдими, бўлди, улар телефонларини ўчириб қўйишлари шарт. Чунки бу нафақат уларнинг, балки биз, ўқитувчиларнинг ҳам фикримизни чалғитади. Дарс жараёнидаги бундай тўхталишдан сўнг ўқитувчи ўз фикрини яна жамлаб олгунча бир мунча вақт ўтади. Шунинг учун ҳам биз бу ҳолатларни назорат қилиб борамиз ва мажлисларда ота-оналардан ҳам дарс вақтида қўнғироқ қилмасликларини сўраймиз. Бевақт қилинган қўнғироқлар болада диққатни жамлай олмаслик, хотира тизимининг беқарорлашиши ҳамда дарс вақтида ўқувчининг хотиржамлиги йўқолишига олиб келади.
Хўш, бу борада ота-оналарнинг фикри қандай, улар фарзандларига телефон харид қилишаётганда унинг қайси жиҳатларига эътибор бериляпти. Ўқувчилар телефон орқали оила аъзолари билан боғланишдан ташқари, телефоннинг бошқа имкониятларидан ҳам фойдаланаётганликларидан ота-она бохабарми? Умуман, болаларга қандай телефонлар олиб берган маъқул, шу ҳақда оналарга юзланамиз.
Раъно Иватова:
— Уч фарзандим мактабга қатнайди. Лекин уларга телефон олиб бермаганмиз. Чунки бошиданоқ шунга оилавий келишиб олганмиз. Назаримда, ўқувчиларга телефоннинг кераги йўқ. Сабаби, телефон болаларни дарсдан чалғитади, оқибатда уларнинг билими пасаяди. Болаларимнинг ўқиши ва интизомини ўқитувчиларининг ўзлари билан юзма-юз ёки телефон орқали боғланиб билиб тураман.
Дилфуза Акобирова:
— Ўғлим юқори синф ўқувчиси, шунинг учун унга телефон олиб берганмиз. Оддий, қулай телефон эканлиги учун у фақат сўзлашув учунгина фойдаланади. Менимча, ўқувчиларга суратга оладиган, радио плеерли, видеотасмали турлари керак эмас. Шунингдек, болаларни кундалигини кўриб боргандек, телефонларини ҳам кузатиб бориш керак. Шунда оилада болалар билан бўладиган мунозараларнинг олдини олган бўламиз.
Бунда ҳар ким ўз фикрини асосли деб билади. Биз ҳам уларнинг айримларига қўшиламиз. Айниқса, миллатимиз менталитетига ёт бўлган турли ҳаёсиз чет эл клиплари ёки уруш-жанжалли, шов-шувга сабаб бўладиган манзаралар-у, кишилар ҳаётининг энг оғир дамлари бўлмиш мотам маросимларини тасвирга олишни уддалаб, сотувга чиқариб юбораётган янги турдаги «олиб-сотарлар» кўпайган ҳозирги вақтда ўсиб келаётган ёш авлод руҳиятини шундай ёмон таъсирлардан асрашда ота-оналаримиз ҳар жиҳатдан оддий, имконият доираси кичик бўлган мобил телефонларини олиб берганликлари маъқул, бизнингча. Бу фикримизга социология-психология фанлари билан жиддий шуғулланиб келаётган ёш олим, социология фанлари номзоди Комил Калонов ҳам қўшилиб, жумладан шундай дейди:
— Бугун дунёнинг айрим мамлакатларида, хусусан Япония таълим тизимида қўл телефонларидан мактаб ҳудудида умуман фойдаланмасликка эришилди. Биз ҳам ўқувчиларга қўл телефонларини тақиқлаб қўёлмаймиз. Чунки тақиқланган нарсага қизиқиш янада ортади. Шунинг учун мактабларда бугун чет элларда ўқувчилар телефондан қай тарзда, қай вақтда фойдаланаётганликлари тўғрисида видеороликлар кўрсатилса, лекциялар, тушунтиришлар олиб борилса, бола руҳиятида таққослаш функцияси яхши самара беради. Бундан ташқари, ҳозир айнан болаларга мўлжалланган телефонлар кашф этиляпти. Ўқувчилар учун уларнинг ёши, характерига мос мусиқалар ишлаб чиқилса ёки танланса, мақсадга мувофиқ бўларди.
Юқоридаги фикрлардан келиб чиқиб яна бир мулоҳазани келтириб ўтишни жоиз деб биламиз. Айнан шу қўл телефонлари сабаб кишилар ўртасида, кўпроқ ёшлар орасида, бир-бирини сўраб-суриштирувлар, тергашлар, керакли-кераксиз ҳисоб беришлар оқибатида бачкана, қўпол муносабатлар кўпаймоқда. Бунга мисол, бир дугонамнинг синглиси унаштирилган, тўйи арафасида фотиҳаси арзимас можаро туфайли бузилди. Яъни, йигит қизнинг қаердалиги-ю, ким билан эканлигини телефон орқали сўраб билади, лекин қизнинг бозорда юрганлигига ишонмай, шовқин-сурон, куй-қўшиқлар эшитилаётганлиги сабаб «сен кўнгилочар ердасан» деб қўнғироқ орқали муносабатларга чек қўяди. Ёки яна бир воқеа, бир аёл телефонда бегона бир кимса билан танишиб қолади... Буни сезган турмуш ўртоғи у билан ажрашади, ўртада эса икки бегуноҳ бола етим қолади. Бундай кўнгилсиз воқеалар кишилар ўртасидаги ишонч туйғусига путур етказиб, оилавий муносабатларнинг дарз кетишига, провардида инсон қадрининг пасайишига олиб келяпти.
Хулоса ўрнида айрим таклифларни бериб ўтмоқчимиз. Бугун баъзи бир хорижий давлатларда «Бир кун автомобилсиз», «Бир кун сигаретсиз» каби лойиҳалар оммалашмоқда. Бизда ҳам, масалан, ўқувчилар ўртасида «Бир кун қўл телефонисиз» деган лойиҳа ташкил этилиб, ўқув ҳафталигининг қайси бир кунига қўйилса, бу ўзининг яхши натижаларини беради. Яъни, бунда бола ўрганиб қолган шахсий телефонисиз ҳам мактабга келиш мумкинлигини, дарсда хотиржам, хаёли бузилмасдан ўтирса бўлишини секин тушуниб боради. Шунингдек, телевидение орқали ҳозир ичимлик сувини тежаш, оилада уларни эътиборсиз қолдирмаслик тўғрисида рекламалар бериб бориляпти. Шундай реклама роликлари ўқувчиларнинг қўл телефонларидан фойдаланиш маданияти тўғрисида ҳам яратилса ва мунтазам бериб борилса, ўйлаймизки, юқорида келтирилган каби кўплаб воқеа-ҳодисаларнинг олдини олган бўламиз.

Наргиза Бекназарова

Ҳозир сайтимизда 68 та меҳмон бор, сайт аъзолари эса йўқ