1. Skip to Menu
  2. Skip to Content
  3. Skip to Footer

Эшик ортидаги супурги

Эътибор берганмисиз, ўзини бой ҳисоблайдиган одам билан ҳамсуҳбат бўлганингизда негадир руҳий тушкунлик, пажмурдалик қалбингизни қамрагандай бўлади. “У бой, мен камбағалман”, деб эмас, шунчаки, ҳеч нарсани ўйламаганда ҳам барибир алланечук забунликдан озорланасиз. Гўёки мол-давлатга иштиёқ қўйган киши қувват сўрғичдек, қалбингиздаги хотиржамлик, шукроналик ва қаноатни сўриб олгандай бўлади. “Қайданам, шунга йўлиқдим-а”, дея ўз-ўзингиздан ёзғирасиз. Аянчли а?..

“БУ БЎСТОН САҲНИДА ГУЛ КЎП, ЧАМАН КЎП...”

Икки йилча аввал бир дугонамнинг тўйида бўлдим. Мезбонлар мени бир тўда хўппа семиз, бўйнию бармоқлари, қулоқларию тишлари тиллаларга тўла хонимлар даврасига бошлашди. Билишимча, бу даврага фақат «нозикроқ» меҳмонлар киритилар экан. Хуллас, ўзга сайёрага тушиб қолган одамдек талмовсираган кўйи уларнинг орасида қимтиниб ўтирдим. Ҳеч бирининг «тил»ига тушунмайман. Улар суҳбатлашаётган мавзу, уларни ташвишга солаётган “муаммо” менга тамоман бегона. Туриб кетишни ҳам, ўтиришни ҳам билмай кўнглимда тўйга келганимдан пушаймон бўлиб турган пайтимда, сигарета буруқситиб даврадошларининг баҳсига якуний фикр билдираётган бойвучча хоним менга осмондан назар ташлагандек сўз қотдилар:
— Синглим, сиз нима иш қиласиз?
— Журналистман. Таҳририятда ишлайман, — деб жавоб бердим, истар-истамай.
— Маошингиз қанча?
Савол истеҳзоли оҳангда эди. Бор гапки, мен бу саволни жавобсиз қолдирдим ва индамай ташқарига чиқиб кетдим. Кейин тўйхонадагиларнинг шивир-шивиридан, ҳар дақиқада патнис янгилаб, кибор хонимлар ўтирган даврани «тавоф» қилишидан билдимки, бойвуччалар хорижга биздан, бизга чет элдан мол ташийдиган тижоратчи аёллар экан. Ўша пайтда даврада виқор тўкиб ўтирган “бозор малика”ларининг гап-сўзи, афт-ангорига қараб уларда хотиржамлик йўқлигини билгандим. Тўйга одамгарчилик, жигарчилик важидан эмас, балки тилла тақинчоқларию қимматбаҳо матолардан тикилган либосларини кўз-кўз қилиш учун келган бойвуччаларнинг юз-кўзида алланечук хавотир ва саросима ўйнар эди. Ҳатто яқин қариндошларининг  қувончли кунида ҳам бозордаги нарх-наво, фойда ва зарар ҳақида гап талашаётган аёлларга қараб, киши кўнглида фақат ачиниш ҳис қилади, холос.
Ҳалиги аёлларнинг башарасидаги кибру ҳаво, манманлик ва риё уларга кўзи тушган кишини сескантириб юборади. Қизиқ, ундайларни оддий одамлардан қандай фарқи бор экан? Меъдаси иккита, бармоқлари йигирматадан, тишлари олтмишта, оғзи ҳам жуфт бўлмаса керак, ҳар ҳолда?..
Бу бўстон саҳнида гул кўп, чаман кўп.
Бўлар мағлуб, ким бўлса ҳаваскеш,
Бу ишта тенгдурур султону дарвеш.
Яъниким, Хоҳ шоҳ, хоҳ гадо бўлсин, ҳавасга берилган киши ҳалокатга учрайди: бу йўлда барча тенгдир, дейдилар ҳазрат Навоий. Яна ҳазратнинг дунё ҳаваслари ортидан югурадиган киши гўёки супургига ўхшайди. Супурги хас-хашак тўплагани учун эшик ортида хор бўлиб ётади, деган маънони англатувчи сатрлари ҳам бор. Дунёнинг яхши нарсалари, жилвакор давлати, бойлиги — гулу чамани бисёр. Унга эришиш мобайнида яна кўпроқ қўлга киритиш учун тиришиш, ўзини қийнаш, ўзига ва атрофидагиларга зулм қилишдир. Зулмнинг охири эса албатта ҳалокатга элтади. Оиласи, эрию фарзандларидан йироқларда бойлик талвасасида тўлғонаётган аёллар учун аёллик нафосати, назокати, мулойимлигини унутгани, ўзлигидан айрилиб дунё ҳавасида сарсон юргани ҳалокатдан далолат эмасмикин...

УМИДИ ЙЎҚ КИШИЛАР

Яқинда бир танишимиз Россияга ишлагани борди. Хотини мақтангудек бўлиб эрининг хорижга иш излаб кетганини гапирганди, таажжубда қолдим. Уларнинг ҳеч қанақа муҳтожлиги, бирор нимага зориқиши йўқ. Қайтанга, ҳамма нарсаси ошиқчаси билан бор. Ҳайратимни йиғиштиролмай, яқин дўстимга танишимнинг ёт тупроқларга нон истаб бораётганини гапириб бердим:
— Ҳайронман, уларга яна нима керак экан-а? Қўшқават ҳовли, янги қурилган икки қаватли коттеж, пойтахтда уч хонали уйи, супермаркети, хусусий ошхонаси бор, тагида сўнгги русумдаги машина. Пул ҳар куни оқиб келяпти. Ҳамма нарсаси бўла туриб яна Россияда нима қиларкан, тавба. Бизда уларда бор ҳеч нарса йўқ, фақат умидимиз бор, холос. Аммо хотиржам яшаб юрибмиз.
Дўстим чор-атрофга истеҳзоли назар ташлаб сўзимни бўлди:
— Адашяпсиз! Ўша сиз ҳамма нарсаси бор деб ўйлаганларнинг аслида ҳеч нарсаси йўқ! Хўш, сиз бой деб ўйлаган ўша кимсаларнинг нимаси ўзиники? Таққан тақинчоғими? Кийган қимматбаҳо кийимими? Ё музлаткичидаги емишими? Балки, тагидаги машинасини, боши устидаги қўшқават уйларни ўзиники деб ўйларсиз?! Йўқ, улар ўзига тегишли деб билган нарсаларнинг ҳеч бири ўзиники эмас! Шунинг учун бечоралар, давлати, пули лиммо-лим бўлганлар хорижга отланишади, устма-уст мол-дунё йиғишади. Негалигини биласизми, чунки уларнинг умиди ЙЎҚ! Бизнинг эса ҳамма нарсамиз — УМИДимиз, келажакка бўлган ИШОНЧимиз, ИЙМОНимиз, БАХТимиз ва албатта Аллоҳимиз бор! Шунинг учун ҳам сизу бизга хорижга чиқиб нон топишнинг ҳеч зарурати йўқ! Яратган Эгам тиш берибдими, шу Ватанда дунёга келишимизни истабдими, демак ризқ-рўзимизни ҳам шу юрт тупроғида бунёд этгани аниқ!
Дўстимнинг айтганларидан таъсирланиш баробарида бироз хижолат ҳам чекдим. Чиндан ҳам, мен бойман, дегувчиларнинг аслида ҳеч нарсаси йўқ экан. Улар абгордан баттар абгор, бечорадан баттар бечора эканларки, беҳисоб молу давлати, тиллою зарлари ҳеч бир корига, дардига ярамас экан.
Хаёлимда бир пайтлар қаердадир ўқиганим ва хотирамга бир умрга муҳрланган бир ривоят келди.
Тақдирнинг бениҳоя тенгсиз гўзал, оқила қизи бор экан. Қарангки, бир вақтнинг ўзида қизга Ақл, Давлат ва Умид деган йигитлардан совчилар келишибди. Тақдир қизини чақириб «Куёв бўлмишни ўзинг танла, қайси бири сенга маъқул?» деб сўрабди. Доно қиз ўйлаб туриб жавобини бошлабди:
— Ақл инсондаги энг олийжаноб фазилатдир. Ақл ёрдамида дўстни душмандан, ҳушёрни эса девонадан фарқлаш мумкин. Лекин Ақлнинг бир айби борки, кишини чалғитиб, хатарли йўлларга солиб қўймоғи ҳам мумкин. «Ақллилик балоси» деб бекорга айтмаслар. Давлат — ишбилармон ва ҳукмдордир. Давлатнинг итоатида кўп нарсалар бор. Бироқ унда вафо йўқ. Агар ихтиёрни ўзимга берсангиз мен Умидни танлагум. Чунки Умид ҳар қандай ҳолатда ҳам инсондан ажралмайди, ҳар қандай ҳолатда ҳам вафодан чекинмай, энг яқин дўст бўлиб қолади...

“ОҒИР КУНИМГА АСҚОТМАЙДИГАН БОЙЛИКДАН ПАНОҲ БЕР...”

...Бир дугонам кўп йиллар аввал ҳаётидаги руҳий тушкунлик оқибатида хасталаниб касалхонага тушиб қолганди.
— Касалхона шифтига термулиб ётган кунларим қўшни хонани ясатиб-безатиб, алоҳида музлаткич, телевизор, юмшоқ мебеллар билан жиҳозлашди, — деб эслайди, бир суҳбатимизда. — Бирор катта амалдор оғриб қолибди, чоғи, деган хаёл билан қўшни хонага кўз ташласам, хотини хизматда. Ўғиллар бемор отага ҳали Москвадан дори-дармон келтиришади, ҳали академику профессорларни олиб келишяпти. Алоҳида самолёт хизматда. Шифокору ҳамширалар ҳам хона эшигини тақиллатиб, рухсат сўраб ийманибгина кириб-чиқишади. Хулласи калом, маълум бўлишича, шоҳона палатадаги бемор ҳеч қанақа амалдор эмас, шунчаки бой одам экан. Ўша ҳаммани зир титратаётган бой ота қизилўнгач саратонига йўлиққан бўлиб, томоғидан бир томчи сув ҳам ўтмас, ошқозонини тешиб қўйиб, емиш юборишаётган эмиш... Ҳалиги бойнинг беҳисоб мол-дунёси, отасининг даврида даврон суриб юрган бойвачча ўғилларининг ҳеч бири бу бедаво дарддан халос бўлишига ёрдам беролмади. Ўшанда фикру хаёлимни чулғаган номақбул иддаоларим учун Яратганга астойдил тавба қилганман... Оғир кунимда иш бермайдиган, дардимга малҳам бўлмайдиган мол-дунёдан мени асра, деган илтижони ўша кундан бери ибодатларимда такрорлайман...  
Ҳақиқатан ҳам, биз бой деб билгувчиларнинг ҳеч вақоси йўқ. Сўнгги русумдаги машинада савлат тўкиб юрган, тўрт фаслга мослаб тўрт қаср қурдирган ва ҳоказо ва ҳоказолари тўлиб тошган бойларнинг кўпчилигининг маънавияти қашшоқ, нотавон эканлигини англаш учун аввало кишининг иймони, инсофи бой бўлиши керак.
«Мана шу қаср, шу автомашина, шу жавоҳиру ёқутлар меники, деб ўйлаймиз. Нодонлармиз биз, — деб куйинадилар устоз адиб Тоҳир Малик ўзларининг «Иймонлашиш умиди» рисолаларида. — Ахир жонимиз узилиши билан булардан ажраймиз-ку? Булар бизга асқотмайди-ку?
Шу кўз, юрак, жигар... меники, деймиз. Зоҳиран тўғри — ҳаёт эканимизда бизники. Аслида оқибатда эса, жон чиқиб сўнгги манзилимизга борганимизда эса улар ўз эгаларини топадилар. Бу аъзоларимизнинг асл эгалари — лаҳад қуртларидир. У ҳолда чин ўзимизники бўлган, бу дунёда ҳам, у дунёда ҳам ўзимизга садоқат билан ҳамроҳ бўлувчи, бошқаларга насиб этмовчи, фақат ўзимизга хизмат қилувчи бирон нимамиз борми? Бор! Бу — иймон!»

“МОЛИГА МОЛ ҚЎШИШ БИЛАН КЕЧИРАР ҲАЁТ...”

“Мўмин кишида икки хусусият бўлмайди: Хасислик ва ёмон феъл”,  — дейилади муқаддас китобларда. Ғаззолий ҳазратлари “Мукошафат-ул қулуб” рисолаларида дейдилар: “Ҳасан Басрийдан хасислик ҳақида сўрадилар ва у шу жавобни берди:
— Хасислик-кишининг ёрдам сифатида бериши керак бўлган ўз нарсаларини эътиборсиз қолдириши, мол-мулкни қаттиқ ушлаб, бирон кимсага ҳеч нарса бермасликни шараф билишидир”.
Айрим бойлар эҳтиёжманд, муҳтожлар тугул топган давлатидан на ўзига ва на болаларига едиради. Ундайлар пулларини санаб, ҳидига маст бўлиш ва ўша пулларни ўз қўлида ушлаб туришдан завқлангани учун ҳам мол дунё тўплашга ҳирсманд бўлса ажабмас.
Дугонам билан шаҳримиздаги номдор дўконлардан бирига кирдик. Дўкон расталарини оралаб юрганимизда қўққисдан уст-боши жуда ғарибона, киши раҳмини келтирадиган даражада мунғайиб ўтирган бир киши диққатимни тортди.
— Анави бояқишга қаранг, туришлари шунчалик ғариб-ки, унга қараган кишининг юрак бағри эзилиб кетади. Шўрлик байрамда болаларини хурсанд қилиш учун кўчага чиққану, бу дўконнинг “супермаркет”лигини билмай кирган, чоғи. Нарх-навони кўриб ўксиниб турибди, — дегандим, дугонам лабларини кулгидан йиғиштиролмай қолди:
— Вой, ҳалиги сариқ телпакли бир чеккада ўтирган кишини гапиряпсизми? У мана шу супермаркетнинг эгаси-ку! Сиз айтаётган ўша “бояқиш”нинг бор-йўғи иккитагина шундай катта дўкони бор...
Шунча давлати бор одам ўзини ерга уриб бу қадар ғарибона юриш учун, кечирасизу, руҳий носоғлом бўлиши керак. Пул топиш, давлат тўплашдан асосий мақсад нима ўзи?! Наҳотки, киши минг бир ранжу машаққат билан йиққан мол-дунёсининг жилла қурганда мингдан бирини ўзига сарф этгиси келмаса? Бойлиги ошиб-тошиб турган бадавлат одам чўпон коржома қилгани уяладиган, мардикор хизматга кийишдан ор қиладиган кийимларни кийишдан ғурурланса, одамга ғалати туюлар экан. Тўғри, камтарлик, камсуқумлик мўминга хос фазилат. Аммо ҳар неда меъёр бўлмоғи дуруст. Тежамкорлик, кибрга берилмаслик чин мўминнинг хусусиятлари. Бироқ ушбу хислатларни зиқналик ва хасислик билан аралаштириб юбориш ҳам бизнингча риёкорликка ўтиб қоляпти. Ундайлар топган нарсасининг завқини ҳам, мазасини ҳам сеза олмайдилар. Топганини ўзидан қизғаниб, фикру ёди бойлик йиғиб, пулларига маҳлиё бўлиб ўтириш билан банд кимсалар ҳақида Абу Ҳомид Ғаззолий шундай дейдилар:
Молига мол қўшиш билан кечирар ҳаёт,
Ворисига қолар молни қилар эҳтиёт.
Този итдай ов тутади, ўзи оч мудом,
Хаёлида бошқа биров ейдиган таом.

ҲОЮ ҲАВАС ВА ДУНЁ ЗАВҚИ — ҲАЛОКАТ ЭЛЧИСИ

Расулуллоҳ саҳобаларидан сўрадилар:
— Ҳаммангиз жаннатга киришни истайсизми?
Саҳоба:
— Ҳа, эй Аллоҳнинг Расули!
Расулуллоҳ:
— Чексиз орзу-ҳавасларни қўйинг, Аллоҳдан ҳаё қилинг!
Саҳоба:
— Биз ҳаммамиз Аллоҳдан ҳаё қиламиз.
Расулуллоҳ:
— Шунчаки уялиш бу — Аллоҳдан ҳаё қилиш эмас. Аллоҳдан ҳаё қилиш — қабрни ва мавҳ бўлажагимизни хотирда тутиш демак. Аллоҳдан ҳаё қилиш — ичи-ташини ва қалбини ёмон ниятлардан ва ёмон фикрлардан асрашдир. Кимки, жони охиратда яхши ҳаёт қозонишини хоҳласа, бу дунёнинг дабдабасидан қочсин. Мана шу нуқтада кишининг Аллоҳдан ҳаё қилиши бошланади ва ҳаё уни Аллоҳ дўстлиги сари элтади.
Бу умматимнинг биринчилари ДУНЁ ЗАВҚИ ва ДАБДАБАЛАРИДАН ҚЎЛ ТОРТИШ билан шафоат ва нажот топадилар.
Умматимнинг сўнггилари эса ХАСИСЛИК ва ҲОЮ ҲАВАС билан фалокатга учрайдилар.
Азиз юртдош, мулоҳазаларимиз кўзгусида ўзингизни кўргандек бўлганингиз ва чин иймону эътиқод билан, Яратган сизга тақдир қилган ризқу насибага шукрона айтганингиз, бой бўлсангиз-да, тақдирнинг инъомидан ҳаволанмай, мискину бечораларга, эҳтиёжмандлардан ёрдамингизни аямаётганингиз, башарти, камхаржроқ бўлсангизу, мен камбағалман, нега эгнимга топсам қорнимга, қорнимга топсам бошимга етказолмайман, менинг гуноҳим нима деб, қисматингизга қилган иддаоларингиздан ўкинган бўлсангиз, шукр қилинг, ҳақиқий БОЙЛИГИНГИЗ — ИЙМОНингиз бутун экан...

Умида АЗИЗ

Ҳозир сайтимизда 56 та меҳмон бор, сайт аъзолари эса йўқ