1. Skip to Menu
  2. Skip to Content
  3. Skip to Footer

Кошонанинг “қашшоқ”лари

 

 

 

... Маҳалла идорасини бошига кўтариб шанғиллаётган аёлни тинчитиш осон бўлмади. Раисдан тортиб, маслаҳатчигача аёлга илтижоланиб нималарнидир уқтиришга уринишди. Ҳартугул аёлга инсоф кирдими ё бисотидаги қарғишу ҳақоратлар тугаб қолдими тинчиб уйига кетди. Маҳалла идорасига турли юмушлар билан келганлар бир-бирига саволчан қараб-қараб қўярдилар. Маҳалла идораси ходимларнининг ўзаро гап-сўзларидан ҳалиги сўнгги урфдаги кийимларни кийиб,  қимматбаҳо тақинчоқларга бурканган аёлнинг болалар учун бериладиган нафақа пулини сўраб жанжал қилгани аён бўлди.
Бу жанжалкаш хонимни маҳалладагилар жуда яхши билади. Эри хорижга қатнайдиган машҳур тижоратчилардан. Шаҳарнинг уч-тўрт бурчагида дўконлари, қаҳвахона-ресторанлари бор. Лекин ҳеч уялмай кам таъминланган оила болаларига берилиши керак бўлган нафақа пулига кўз тикиб туришади.

* * *

...Маҳалла оқсоқоли эҳтиёжманд оилалар учун бериладиган ёрдам пули оладиган оилалар рўйхатини тузаётган котибага Маъсудахоннинг ҳам исм-насабини қўшиб қўйишни айтди. Пул тарқатиладиган куни Маъсудахонга хабар беришганди, аёл аввалига ажабланди. Кейин худди бу унга оғир ботгандек малолланиб вакилларга:
—    Биз муҳтож эмасмиз, Худога шукр, бошимизда бошпанамиз бор, ризқимизни бериб турибди.  Кимгадир кўп, кимгадир камроқ.. Бу ишингиз билан мени ўкситдингиз. Турмуш ўртоғим  вафот этган дегани бу менинг муҳтожман деганим эмас. Бошқа бундай қилманглар, илтимос, болаларимнинг кўнгли ўксимасин...

* * *

Кўча бошидаги ҳашамдор, қўшқаватли ҳовли. Гарчанд икки қаватли қилиб қурилган бўлсада, ҳайбати ва дабдабаси уч-тўрт қаватли давлат ташкилоти биносини эслатади. Дастлаб ҳовлига кўзи тушган одам бегумон шундай мулоҳазага боради. Аммо бу қўшқават иморат ҳеч қандай ташкилот ё идора эмас, оддий ишбилармон (савдогар)нинг “оддийгина” уй-жойи! Ҳовлининг икки қабатида нураб ётган, таъмирталаб  кичкина-кичкина иккита ҳовлича мунғайиб турибди. Бу ҳовлиларда камида ўн-ўн беш жон бемалол яшашади. Ҳашаматли ҳовлида эса ота-она, ўғли, келини ва икки неваарси яшайди. Ҳовлидаги хоналар сони ошхона, ҳаммом, ётоқхона ва ҳожатхона (албатта уларнинг ҳар бири ёзги ва қишкиларга бўлинади!)дан ташқари йигирмадан ортиқ. Олти киши учун эса, борингки ҳар бирига биттадан хона ажратилганда ҳам олтита хона ва майли келинг, сазангиз ўлмасин, иккита меҳмонхона ажратилса саккизта хона ишлатирлар экан. Йигирмата хонанинг саккизтасидан фойдаланилса, демак ўн иккитаси “запас”да туради. Шу ўринда бир савол туғилади: “запас” хоналардан қачон фойдаланиларкан?..

Дабдабали уй “васваса”си

йўлдан оздирган одамларни кулгига олган раҳматли сўз устаси Ҳожибой Тожибоевнинг латифаси эсга тушади шундай ҳовли-уйларни кўрганда. “Бир-биридан ўзиш учун баланд уйлар қурган одамлар, том устига қўшнисиникидан баландроқ кўриниши учун байроқ ҳам ўрнатиб қўйибди” деган эди кулги устаси аччиқ киноя билан. Замонамизга келиб ўша байроқ ўрнини “параболка”лар бемалол эгаллади! Нима ҳам дердик, аввало Аллоҳ зиёда қилсин. Аммо, эҳтиёжидан ортиқча хоналарни қуриб қўйиб, камига уларни гиламу мебеллар билан ясатиб қўйиш ҳам исрофгарчилик эмасми? Ўша хоналарга  кирса беш- олти ойда бир кирилса керак, унга ҳам тозалаш, ювиб-артиш учун. Қолаверса, айримлар қурби етганини важ қилиб, уч-тўрт хўжаликка мўлжалланган ерда бассейн, теннис корти ва яна отига тил келишмайдиган аллақанча нарсаларни қўшиб уй қуради. (Яқин кунларда одамлар ҳовлиси ичида футбол майдонини ҳам қурса ажабланмайман!) Шундоқ ёнгинасида ё маҳаласида 4-5 сотих ҳовлида уч хонадон — ота-она, оилали, бола-чақали ўғиллар яшайди. Тўғри, ҳар кимнинг ўз ҳаёти, ўз тақдири ва Аллоҳ томонидан тақдир қилинган ризқ-насибаси бўлади. Лекин, ўша ҳашамдор ҳовли-жой эгаларининг давлат, халқ, маҳалладошлари олдида ўзига хос мажбуриятлари бўладику. Давлат ҳам Яратган томонидан бандасига юборилдган синов. Аллоҳ таоло бандаларини ўзи истаган нарса билан синайди. Мол-давлат ҳам шулар жумласидан. Дабдабали уй эгалари шу фикр атрофида ҳеч мулоҳаза қилганмикинлар?..
—    Ундайларнинг яна бир “ҳунар”и бор,- дейди Назокатхон Абдусаматова исмли юртдошимиз.- Коммунал тўловлар — табиий газ, электр энергияси, уй-жой, ер-мулк солиғи, иссиқ ва совуқ сувдан миллион-миллион қарзлари бўла туриб бемалол юраверишади. Қарз ҳар қандай ҳолатда ҳам қарз! Бандаси учун қарздорликдан ортиқ маҳкумлик бўлмаса, керак. Сиз айтаётган қўшқават иморатларнинг “султон”ию “малика”си буни англаб етиши учун яна анча йиллар керак...
—    Оламга овоза қилиб тўй қилади (савобмиш),- дейди яна бир муштарийимиз.- Масжидга жар солиб эҳсон қилади (савобмиш). Эй инсон, қарзингни ўз вақтида узмасанг эҳсонинг ўтмайди, деб кўринг-чи, нима дер экан!?. Ўша коммунал тўловлар Меҳрибонлик уйлари, пенсионерларга, ойлик маош ва ҳоказоларга берилишини ҳам билишади. Лекин барибир давлат, эл-юрт, умуман табиий бойликлар учун тўланадиган тўловларга келганда пайсалга солишади. Унинг ўрнига ўтган йили қурилиб таъмирдан чиқарилган уйига уста ёллаб, бошқатдан таъмирлайди. “Ака, бу уйингиз таъмирга муҳтож эмаску, ҳали кечагидек бўёқларининг ҳиди анқияпти” десангиз, “Бунақанги услубдаги таъмир урфдан қолди. ҳозир манавинақаси модада” дейишади бурнини жийириб. Ундайларга Худонинг ўзи  инсоф бермаса, бекор...
Қўқонлик мухлисимизнинг оғриқли фикрлари кўпчиликнинг кўнглидаги айни гаплар бўлса ажаб эмас:
—    Кошонапарастларнинг айримлари эса, на Худодан, на банданинг ҳақидан қўрқишади! Мардикор, уста ёллаб дабдабали, икки ёки уч-тўрт қаватли, ҳаммом-сауна, ошхона, ҳожатхона, теннис корти, бассейнли ҳовли қуришадию уни қурган уста ёки мардикорнинг ҳақини бермайди. Ё бўлмасам умид билан остонасида ишлаганни хордан баттар хор қилиб келишилган маблағдан арзимаган қисмини беради. Тер тўкиб ишлаган бечора шундан ҳам қуруқ қолмаслиги учун тилини тишлаб кетаверади. Энди ўзингиз бир ўйланг, шундай жирканч йўл билан бунёд этилган, қанчадан қанча кўнгилларнинг ўксишига сабаб бўлган уйда яйраб-яшнаб оёқ чўзиб, роҳатланиб яшаш мумкинми?!..
Бобил  минораси ҳақида бир ривоят ўқигандим. Эмишки, қачонлардир инсонлар бир тилда сўзлашган экан. Бир куни ҳамма одамлар тўпланиб “келинглар қудратимизни оламга кўрсатиш учун бир баланд иншоот қурамиз” деб кибру куфрга кетишибди. Ва ўша Бобил минорасини қура бошлашибди. Хуллас, минора битай, деганда Парвардигорнинг қаҳри келиб уларни бир- бирини тушунмайдиган тилларда сўзлашадиган қилиб қўйган экан.  Бу ривоят замирида нечоғли ҳақиқат бор-йўқлиги бизга қоронғу. Бироқ ҳикоят мағзидаги ҳикмат  кишини ўйга толдиради, мулоҳазага чорлайди. Бугун бир-биримиздан ўзиш учун, кимларгадир ким эканимизни кўрсатиб қўйиш учун баланд-баланд, қўшқаватли ҳовли-жойлар, сон-саноғида адашиб кетиладиган хоналар қуриш билан ўзимизга  ҳаддан ортиқ бино қўймаяпмизмикан?  Бу – кибру ҳаво, манманликка мансублиги шубҳасиз. Такаббурлик ва манманлик эса Аллоҳга хуш келмайди. Биз тилимизда Аллоҳни кўп эслаб, амалда унга ёқмайдиган ишларни бажаришдан қачон тийилишни ўрганамиз?..
— Нуҳ алайҳисалом 960 йилдан зиёд умр кўриб, ётганда оёғи ташқарида қоладиган чайла қурган эканлар, -дейди андижонлик муштарийимиз Қодиржон Мамараимов.-  Ўлимлари олдидан “умр шундай тез ўтишини билганимда овора бўлиб капа тикмас эдим” деб атанг қилган эканлар. Шундай буюклар олдида биз ким бўлибмиз? Аммо ҳозирга келиб гап-сўзимиз, феъл-атворимиз қолиб ҳатто уй-жойимиз билан ҳам кибрланадиган бўлдик.  Менимча, бу иллатларнинг таг замирида маънавий танглик, маънавий қашшоқлик ётади...
Мусулмон эканимизни таъкидлаб чарчамаймиз. Бироқ, амалларимизда мусулмончилик қоидаларига ҳар доим ҳам бўйсунавермаймиз. Муслмончиликда беш метрдан баланд уй макруҳ деб фатво берилган. Уй қураётган биродарларимиз ҳеч замонда мусулмончилик илмидан, ислом таълимотидан тўлиқ бохабар уламолардан тиклаётган иморатларининг бўйи, эни, меҳробию пойгаки борасида маслаҳатлашадиларми? Афсуски, бу  ва бу каби саволларга ҳамиша ҳам ижобий жавоб беролмаймиз...
Бу бўстон саҳнида гул кўп, чаман кўп.
Бўлар мағлуб, ким бўлса ҳаваскеш,
Бу ишта тенгдурур султону дарвеш. — Яъниким, Хоҳ шоҳ, хоҳ гадо бўлсин, ҳавасга берилган киши ҳалокатга учрайди: бу йўлда барча тенгдир, дейдилар ҳазрат Навоий. Дунёнинг яхши нарсалари, жилвакор давлати, бойлиги — гулу чамани бисёр. Унга эришиш мобайнида яна кўпроқ қўлга киритиш учун тиришиш, ўзини қийнаш, ўзига ва атрофидагиларга зулм қилишдир.
Бу биз ва биз билан фикр алмашган муштарийларнинг мулоҳазалари эди. Сизда қандай мулоҳаза бор, эй муккаррам, Албатта бу хусусда биз билан ўртоқлашасиз, деган умидда интиҳо нуқтасини қўямиз.

Умида АЗИЗ

 

 

 

Ҳозир сайтимизда битта меҳмон бор, сайт аъзолари эса йўқ