1. Skip to Menu
  2. Skip to Content
  3. Skip to Footer

Эркакнинг жуфти-ҳалоли - катта имтиҳон

Орамизда саодатли инсонлар кўп. Улар - ҳаловатли хонадон соҳиблари. Негаки, асл саодат - оилада топилган бахтдадир. Бундай кишиларнинг ҳаёт йўли кўнгилларда ҳавас уйғотади, ҳаётга эндигина қадам қўяётган ёки ҳаёт йўлида қоқилган инсонларга ибрат бўлади.

«Оила мўъжазгина бир жамиятчадир, бутун инсоният жамиятининг тақдири ҳам оилаларнинг жипслигига боғлиқ», деган эди файласуфлардан бири. Юртимизда тинч-тотув яшаётган, ўзаро ҳурмат ва меҳр-муҳаббат асосида бахтли ҳаёт кечираётган оилалар кўп. Биз юртдошларимиз орасида бўлиб, ана шундай жуфтликларнинг ҳаёт йўллари, ибрат олишга арзигулик
турмуш, рўзғор, оила борасидаги ҳаётий хулосалари, мулоҳазалари билан қизиқиб, ўзига хос репортаж тайёрладик.
- Муҳаббат, ўзаро ишонч, ҳурмат, тўкин турмуш тарзи... Буларнинг қай бири оила мустаҳкамлигини кўпроқ кафолатлайди? - дея сўраймиз турмуш қурганларига эллик йил бўлган отахон муштарийимиз Неъматжон ота Абдушукуровдан.
- Ёш йигит ва қизнинг бир-бирига бўлган интилиши, қизиқиши муҳаббат деб қабул қилинади, - дейдилар улар. - Муҳаббат сайқалланиб, камол топиб, ёшлар бир-бирига синашта бўлиб, оила қурсалар, ундан кейинги ҳаётда муҳаббатнинг номи меҳрга айланиб кетади. Оилада ёстиқдошлар асосан бир-бирига суянчиқ, яхши-ёмон, баланд-паст, оғиру енгилда бир-бирларига кўмакдош, елкадош ва албатта меҳрли бўлишлари шарт бўлади. Ўртада муҳаббат ва меҳр бўлсагина ўзаро ишонч ва ҳурмат бўлади. Киши ишонган, ҳурмат қилган одамигагина муҳаббат қўяди, меҳр билан ардоқлайди. Тўкин, бой-бадавлат  ҳамма нарсаси тўкис одамнинг оиласи ҳаммавақт ҳам тинч бўлавермайди...
Умуман олганда бу саволингизга лўнда қилиб, оила мустаҳкамлигини меҳр-муҳаббат кафолатлайди, деб жавоб беришим мумкин эди. Бироқ, айримлар томонидан ўйлаб чиқарилган, «Севги билан қорин тўймайди» ёки «Меҳр берган, пул беролмайди», деган гапларни маҳкам ушлаб олганларга қарата исбот билан гапиришни лозим топдим. Агар севги-муҳаббат, бир-бирини ҳурмат қилиш ва қўллаб-қувватлаш билан киши қорни тўймаса, эгни бут бўлмаса, меники бўлмасди. Умр йўлимиз давомида кўп қийинчиликларни бошдан кечирдик. Ёвғон шўрва ичган пайтимиз ҳам, эски, тўзиб кетган кийимларни кийган кунимиз ҳам, ижара ҳақига пул тополмай ўксинган дамларимиз ҳам бўлган. Аммо ҳеч қачон аянгиз қовоқ уйиб, менга аччиқ қилмаган. «Сенга тегиб нима кўрдим?!», деб маломат, иддао қилмаган. Мен мақтаниш учун, мақташ учун гапирмаяпман. Агар аёл киши оқила, фаросатли, ҳар қандай шароитда ҳам эркак кишини тушунадиган, сабрли бўлса, мана шу нарса оилани мустаҳкамлайди. Эркак яхши пул топса, уй-жойи, машинаси, хуллас, ҳамма нарсаси мукаммал бўлса-ю, оиласида, аёлининг  олдида ҳурмати бўлмаса, ишдан уйга келаётганда юраги безиллаб, оёғи тормай турса, у оила қандай қилиб мустаҳкам бўла олади?!..
Дарҳақиқат, муштарийимизнинг мулоҳазаларида жон бор. Шу ўринда, бир ривоят ёдга тушди. Унда айтилишича, бир давлатнинг подшоҳи тез-тез касалликка чалинавераркан, табиблар ҳар қанча уринишмасин, давлатпаноҳнинг дардига даво топишолмас экан. Вазирлар ўйлай-ўйлай олис бир юртда яшайдиган донишманднинг ҳузурига бош уришибди. Донишманд подшоҳнинг хасталиги тафсилотини эшитар экан, вазирларга :
- Подшоҳингизга дунёдаги энг бахтли кишининг кўйлагини етти кун кийдиринглар. Шундан кейин тузалса ажабмас, - дебди. Вазирлар ер юзини айланиб бахтиёр кишини излай бошлашибди. Оламда ҳеч ким ўзини тўкис бахтиёр деб билмагани учун ҳам улар узоқ сарсон бўлишибди. Чекка бир даштда деҳқончилик қиладиган бир киши: «Мен бахтлиман!» дебди баралла. Ундан кўйлагини кийиб туриши учун подшоҳга беришини сўрашганида, у одам шукроналик билан жилмайган кўйи, кўйлаги йўқлигини айтган экан...

Энг муҳими - ўзаро ишонч
Мақолани тайёрлаш жараёнида онахон муштарийларимизни суҳбатга тортиш қийин кечди. Улардан бирлари Самарқанди азимдан пойтахтимизга меҳмон бўлиб келган Муаззам ая Соҳибжоновани ҳол-жонларига қўймай, оиладаги ҳаётий тажрибалари ҳақида гапиришларини илтимос қилдик.
- Бугун инсоннинг жамиятда муваффақият қозонишида, ҳаётда муносиб ўрин топишида оиланинг аҳамияти муҳим эканини кўпчилик тушунмаяпти, назаримизда, - деймиз аяга.
— Оиласида бахтли бўлмаган одамнинг ишида ривож ҳам, хайр-барака ҳам бўлмайди. Ундай киши жамиятда обрў-эътибор топиши ҳам даргумон, - дейдилар Муаззам ая камсуқумлик билан.
Суҳбатга онахоннинг 42 йиллик ёстиқдошлари, фахрий ўқитувчи Нарзулла ота Соҳибжонов қўшилдилар:
— Кишилар учун энг муҳими оилавий ҳаёт, оила манфаати ва тақдири ҳисобланади. Шу билан бирга инсонлар учун эркинлик, мустақиллик, урф-одатлар, анъаналар, ҳар бир нарсанинг оилавий фойдаси ва ҳаёт хавфсизлигидир. Оддийгина қилиб айтганда, кишининг жамиятда, иш фаолиятида ютуқларга эришиши, авваламбор оилавий муҳитга боғлиқ. Оиласида бахтли бўлган, уйида хотиржамлиги бор кишининг ишида унум бўлади, ривожланиш бўлади. Эрталаб меҳрли табассум билан кузатиб, кечки пайт ишдан қайтганида мулойим жилмайиб кутиб оладиган аёли бор эркак - дунёдаги энг бахтли эркак. Қолган ҳаммаси иккинчи даражали гаплар...
Германиянинг «Шпигель» журнали ўқувчиларига «Қандай эркакни идеал эр дейиш мумкин?» деган савол билан мурожаат қилиб, энг зўр жавоб учун танлов эълон қилганида, «Ўз рафиқасини идеал аёл деб биладиган эркак - идеал эрдир», деган жавобни ёзган журналхон биринчи мукофотни олган экан. Бу жавобга тўла қўшилмай илож йўқ. 
... “Инсон  бутун ҳаёти давомида сабоқ олиши, кўрган-кечирганларидан хулоса чиқариши яхши фазилат. Шунда у кўплаб хатоларнинг олдини олади, адашишдан сақланади”, деган гапни ўқигандим бир китобда. Хатолар-ку ҳаётни англашга, турмуш  маъносини  тушуниб етишга хизмат қилар. Аммо, турмуш ўртоқ танлашда хатоликка йўл қўйиш... Ёшликда йўл қўйилган хато бутун умр инсонни таъқиб этаверади. Уни ислоҳ қилиш, ҳаётни янгидан изга солиш анчайин мушкул.
- Катта ҳаёт бўсағасида турган ёшларнинг турмуш ўртоқ танлашда адашмасликлари учун нималарга эътибор қаратишларини маслаҳат берасиз? - деб сўраймиз Тошкент шаҳрилик фаол муштарийимиз Юсуфжон отадан.
— Турмуш ўртоқ танлай била олиш ҳам мўъжиза деб биламан. Бошга тушадиган ҳар қандай ишдан, ҳаттоки ёмон кундан ҳам ҳикмат излай билиш керак, - дейдилар отахон бир муддат мулоҳазага чўмиб. - Инсонга Аллоҳдан беизн тикан кирмайди, деган гап бор. Кишининг тақдирига битилган жуфти - унинг чекига тушган имтиҳон. Агар у хайрли ниятлар қилган бўлса, бировга оғири тушмаган, нияти тоза, Худо суйган банда бўлса, хушхулқ, вафодор, оқил турмуш ўртоқ билан сийланади. Шукрки, бу борада каминанинг омади чопган экан... Кўз тегмасин, турмуш ўртоғим асл инсон. Унинг фидойиликлари эвазига бугун мана шундай мартабаларга эришиб, ҳурмату эъзозда юрибман.
Ёшларга маслаҳатим, турмуш ўртоқ танлаш масаласига енгил-елпи қарамасинлар. Аввал ният тоза бўлсин, ундан кейин турмуш ўртоқ танлаётганида унга хотин ёки эр сифатида эмас, бир умрлик ҳаёт йўлидаги йўлдош, наслининг давомчиси, келажагига дахлдор киши сифатида қарасалар яхши бўларди. Яна такрор айтаман, оилавий ҳаётда энг муҳими - ўзаро ишонч. Одам ўзи ишонган кишисигагина муҳаббат қўяди. Ҳаётда ишонч билан яшамасанг, жудаям оғир бўлади. Никоҳ - эр-хотин ўртасидаги абадий шартномадир. Агар шартнома меҳр-муҳаббат асосида тўлдирилган бўлса, бу келишув улар вафот этганидан кейин ҳам  давом этади... Эр-хотин доимо бир-бирини тўлдириб туриши керак. Иккала шахс бир-биридан фақат яхшилик излаши, турмуш ўртоғининг камчиликларини ҳам фазилат санай билиши керак.  Камчиликсиз, нуқсонсиз одамнинг ўзи йўқ. Айб дегани ўзимизда ҳам тўлиб-тошиб ётибди. Ҳар тўкисда бир айб, дейдилар. Бас, шундай экан, турмуш ўртоғимизнинг камини тўлдириб туришимиз шарт. Икки ёрти - бир бутун, деб бежизга айтилмаган...

Ҳамиша бир-бирингизга далда бўлинг...
Замонамиз айрим ёшларининг аллақандай беҳаёликларга «севги» дея таъриф беришлари, «ўлдим-куйдим» деб турмуш қуриб, орадан ҳеч қанча муддат ўтмай ажрашиб кетишлари ва ўртада бегуноҳ гўдакларни сарсон-саргардон қилишлари муҳаббатнинг қадрини анчагина поймол этиб улгурди. Муҳаббатдан бахт топган, севиб-севилиб, бугун пиру бадавлатликда ҳузур топаётган юртдошларимиз ҳам анчагина. Шундай Яратганнинг назарига тушган инсонлардан бири Хушвақт ота Абдусаломовдан сўраймиз:
- Оила ободлигининг асл негизи муҳаббатдами?..
Отахон муштарийимиз енгил кулгу аралаш ёрқин хотираларини эсга олдилар:
— Мен севги-муҳаббат ҳақида чиройли сўзлай олмайман. Аммо айтишим керакки, агар ўзимни аянгиздан бир лаҳза бўлса-да ажралдим, деб ўйласам, дунё кўзимга қоронғу бўлиб кетади. Бундай яшашдан кўра яшамасликни афзал биламан.
Бундай аёл билан насибам қўшилгани - менинг дунёдаги энг бахтли инсонлардан бири эканимдан далолат... турмуш остонасидаги ёшларга маслаҳатим: Ҳамиша бир-бирингизга далда бўлинг, қўллаб – қувватланг. Бир-бирингиз қадрланг, шунда сиз ҳам муҳаббатдан бахт топасиз. Севги ҳам парваришга муҳтож бўлади, муҳаббатингизни ҳеч қачон қаровсиз қолдирманг.

«Оилада аёлнинг масъулияти кўпроқ!»
Чинакам меҳр-оқибат нелигини билмай, ота-онаси билан бир уйда, бир том остида яшаб туриб, уларнинг меҳри, эътиборидан йироқда қийналаётган болалар озмунчами атрофимизда? Айниқса, бугунги кунда жамиятимизнинг энг оғриқли нуқтаси - фарзанд тарбияси бўлиб қоляпти. Замондошларимизнинг кўпчилиги фарзанд улғайтириш деганда, фақат  уни дунёга келтириш, едириш-ичириш, кийинтириш, сандиқ-сандиқ сеп йиғиб тўйлар қилиш, сўнгги русумдаги машиналар олиб бериш-у, қаср-кошоналар қуриб беришни тушуняптилар. Фарзанд тарбияси, одобу ахлоқи, маънавияти билан астойдил қизиқадиганлар, бу борада чуқур мулоҳаза юритиб иш кўрадиганлар кам.
Бола тарбиясида ҳар икки томон ҳам бирдай масъул ва жавобгар. Инсон асл инсон бўлиши учун унга оқил ота, оқила она керак. Афсуски, кўп болаларнинг отаси ҳам, онаси ҳам бор-у, аҳволи етимдан баттар.
—  Боланинг ёмони бўлмайди,- дейдилар яна бир муштарийимиз. - Фақат ота-онасининг эътиборсизлиги, меҳрга ташналик, тарбия тизгинининг қўлдан чиқиб кетиши уларда ёмон хулқлар шаклланишига сабаб бўлади.
Ўзбек оилаларида муҳим рол ўйнайдиган бир ҳолат бор. Бу қайнона-келин муносабати. Хўш пиру бадавлат оилаларимизда қайнона-келин муносабатлари қандай бўлган?
- Ҳеч қачон онам билан аёлимнинг бир-бирларидан ранжиб, ёзғиришганини, хафалашиб қолишганини кўрмаганман ҳам, эшитмаганман ҳам, - дейдилар фарғоналик отахон муштарийимиз Мухторхон ота. - Аянгиз билан келинимиз ҳам бир-бирларини яхши тушунадилар. У келинимизга: «Қарсиллаган келин бўлинг. Юриш-туришда ҳам, ишда ҳам, оилада ҳам кийинишингиз, гап-сўзингиз ўзингизга ярашиб турсин», деб бот-бот такрорлаб туради. Шукр, келинимиз ҳам қайнонасининг истагига мос тушган.
— Қайнона-келин ўртасида можаролар чиқишига фақат катталар айбдор бўлади, - деб суҳбатга киришдилар уларнинг аёллари Фотимахон ая. - Айниқса, қиз узатган оналар ҳушёр бўлишлари, оқилалик билан иш кўришлари лозим. Она аразлаб келган қизига насиҳат қилиб, босиқ бўлишни уқтириш ўрнига куёвнинг ота-онасини айблаб, қизини қайраб жўнатса, оловга мой сепиш бўлади-да... Оила мустаҳкамланиши, бахтли турмуш қуриш учун  аёл кишидан эркак кишига нисбатан кўпроқ масъулият талаб қилинади. Эркак кишининг ҳурматини баланд тутиш, унга далда бўлиб, хайрли ишларга бошлаб туриш керак. Эрнинг топишига қараб ҳурмат қиладиган аёллар бора-бора ўз бахтларини, насибаларини бой берадилар. Эр ризқ берувчи эмас, ризқни Аллоҳ беради! Ана шу оддий, лекин муҳим қоидаларни унутмаган аёлнинг оиласи мустаҳкам, кўнгли хотиржам бўлади...
Юртимизда ана шундай пиру бадавлат отахону онахонларимизга  ўхшаган саодатли жуфтлар, бахтиёр ва мустаҳкам оилалар кўпайишини астойдил истаган ҳолда, репортажимиз жараёнида бир олам завқ-шавқ ва ҳавас туйдик.

Умида Азиз  тайёрлади

Ҳозир сайтимизда 30 та меҳмон бор, сайт аъзолари эса йўқ