1. Skip to Menu
  2. Skip to Content
  3. Skip to Footer

Аёлнинг ватани унинг эридир

Эрим ҳар куни ишга кетиш олдидан, онаси типратикан учадими, дейди. Мен эса, ҳа, дадаси  албатта учади, лекин сал пастроқ  учади, дейман. Сутчи, унинг ранги оқми қорами, агар сиз оқ десангиз оқ қора десангиз қора дейман. 
Бу сўзлар менинг яқин дугонамнинг иқрори. Аввалларига ундан жаҳлим чиқарди, нима ўзингни мустақил фикринг йўқми, эрингга типратикан ҳам учадими, сутнинг ранги қора эмас оқ, деб айта олмайсанми, дер эдим.  У эса, эрим ҳам, мен ҳам фитратан биламиз типратиканнинг учмаслигини сутнинг ранги оқлигини, аммо бу менинг итоатимнинг рамзий белгиси, деди у бир куни.
Аёллар ўзи табиатан шикоятчи ва ношукурроқ бўлади. Уч тўрттамиз йиғилиб  қолсак буни исботлашга ҳожат қолмайди.  Бир куни бир дугонам эридан шикоят қилиб қолди. Эшитганларнинг кўпчилиги, ажраш шу эрингдан, қўлингда гулдай ҳунаринг бор, битта ўзинг ҳам эплай оласан рўзғорни,дейишди. Аммо мен уларнинг фикрига қўшила олмадим. Унга ўз фикримни айтиб қўя қолдим: Сенга ажраш, деяётганларнинг ҳаммасининг эри бор, улар эрларидан ажрашиб кўрмаган. Гуёки боши йўқ танага ўхшаб қоласан. Ҳунар эр ёки ота бўлмайди. Биласанми сен ҳозир манзилни йўқотиб қўйдинг, ўзи шикоят қилишимиз керак бўлган манзил бор. Бир марта эримдан шикоят қилиб  беш ой ҳаловатимни,итоатимни йўқотиб қўйганман, ишонавер.
Мен яхши эслайман бобом кўп номаъқулчиликлар қилар эди, аммо кечқурун уйга қайтганларида бувим уларни ювиб тараб ҳеч нима бўлмагандек яшаб кетаверишарди, дейди Сурхондарёнинг бир чеккасидан келган дугонам.
Нима учун аёл эрталаб вақтли туриб эри ва болалари учун нонушта тайёрлайди?  Оила бўлгани учун менимча. Чет эл сериаллари  ва киноларида томоша қиламиз, хотин ўзи учун қаҳва тайёрлаб ичади  эр ўзи учун.
Хотин бўлиш осонми? Бу жуда қийин. Бу ўзини фидо қилиш дегани. Шунинг учун ҳам  ер шарининг айрим ўлкаларида оила тушунчаси буткул йўқолиб кетмоқда. 
Европада яшаб юрган ўртоғим дабдурустдан қайтиб келди. Нега келдинг, ахир одамлар Европага орзу қилиб ета олмаяпти-ку,-дедим. У: “ Қизим 14, ўғлим 13 ёшга тўлди. У ерда  15 ёшдан кейин болалар ота-онасидан алоҳида яшайди. Болангни тергай олмайсан. Ҳар ҳафтада бир марта мактабида сўровнома тарқатишади. Ота-онанггиз сизнинг эркинлигингизга дахл қилмаяптими, агар шундай бўлса бизга мурожаат қилинг, биз сизни ҳимоя қиламиз, деган мазмунда. Ўша юртда бир  ажнабий танишим саккиз йилга озодликдан маҳрум этилди, сабаби ўсмир қизининг истакларига қарши чиққани учун”- деб жавоб берди.
Бир дугонам Кореяда биттаси Туркияда, болалари уйда отаси билан қолган. Эр уйда хонанишин,албатта. Улар ишлаб пул топаётгандир, аммо пулдан-да қимматроқ нарсаларни йўқотаётганига ишончим комил. 
Ёзувчи Абдулла Қаҳҳорнинг турмуш ўртоғи Кибриё Қаҳҳор ўз хотираларида шундай ёзади: Ҳеч қачон исмимни айтиб чақирмаганлар. Бирга бозорга тушар эдик агар мен одамлар гавжум жойда йўқолиб қолсам, “Қанисиз? Қанисиз?” деб чақирар эдилар. 
Мана буни шарқона оила деб атайдилар.
“Аёлнинг ватани унинг эридир”, дейилади  илоҳий китобларимизда. Унинг ватани борми, демак масжиди ҳам бор. Оиласининг  энг  тўри унинг масжидидир.
Масжидим ва ватанимдан айрилмаслик учун бемалол иқрор бўла оламан: Типратикан учади, сутнинг эса ранги қора.

Муаййада Раҳмон

Ҳозир сайтимизда 100 та меҳмон бор, сайт аъзолари эса йўқ