1. Skip to Menu
  2. Skip to Content
  3. Skip to Footer

"Чин мусулмон эмассиз!"

АҚШ олийгоҳларининг бирида таълим олаётган араб йигити америкалик инглиз қиз билан танишиб қолади. Оддий танишиш мустаҳкам алоқаларга сабаб бўлади. Йигит шу қизга уйланаман деб отасига кўнглини ёради. Табиийки ота бунга кўнмайди. Қайсар йигит икки оёғини бир этикка тиқиб олади. Ота ҳам тутган ерини кесадиган ўта ўжар киши экан, ошиқ ўғлининг ҳолига раҳми келмай:

– Мурдамнинг устидан ҳатлаб ўтиб, кейин уйланасан. Мен тирик эканман бундай орга йўл қўймайман, – дейди.
– Жон дада, хўп денг, – юмшаб, ялинишга ўтади.
– Йўқ дедимми, йўқ! Гап тамом, вассалом!
– Агар қиз Исломга кирсачи?..
– Мусулмон бўлса, унда бошқа гап. Ўша қизда кўнглинг бор экан, начора, мен розиман, оқ сут берган онанг рози. Чол-кампир оқ фотиҳа бериб, тўйингда ўзимиз бош бўламиз.
– Қиз инша Аллоҳ, Исломни қабул этади. У ўқимишли.
Йигит оёғини қўлга олиб, тўғри китоб дўконига чопади. Ислом дини билан таништирувчи инглизча китобларни харид қилади. Шошилганиданми, ё иштиёқу эҳтироснинг зўриданми, ҳар нечук китобларнинг баҳосига қарамай дуч келган китобни олаверади. Қулочини тўлдириб касса ёнига келади. Сотувчи билан нарх талашмай, айтган суммасини санаб унинг олдига қўяди. Қайтимига қарамай дўкондан отилиб чиқади.
Ошиқ оёғи олти, қўли етти бўлган ҳолда маъшуқа ёнига учарди. Қиз бунча кўп китобни ўқиб чиқиш учун қирқ кун муҳлат сўрайди. "Қирқ кун"ни эшитиб йигитнинг капалаги учиб кетди. Бу кунлар кимлар учундир елдек ўтган бўлса, ким учундир йилдек ўтади. Йигит китобни озроқ олсам бўлар экан, деб роса афсусланади.

Орзиқиб кутилган қирқинчи куннинг тонги тун каби қўрқинчли. Ҳавонинг авзойи бузуқ. Осмонни қоп-қора булутлар қоплаган. Қуёш куйган лапмочкадек нурсиз. Нури бутунлай сўнган демоқчи эмасман, нур ўша-ўша, лекин у ўткир нурлар самони забт этган зич қора булутларни ёриб ўтишдан ожиз. Тунд табиат кўплар қатори йигит дилини ғаш қилган. Бунинг устига "қиз Исломни қабул қиладими, йўқми" деган хавф эски ғашлик билан биргаликда унинг дилини аёвсиз тирнайди. Кундан кунга хавотири ошди. Бир вақтнинг ўзида олам ва одам ичи қоронғилашса жуда қўрқинчли бўлар экан.
Кўкдаги нур тўсилган шу ваҳимали соатларда ердан нур таралиб, йигитнинг қоп-қоронғи ботинини ёритиб юборди. Қиз белгиланган кундан кечикмай учрашувга етиб келди. Йигит кўзига ишонмасди. Унинг рўбарусида рўмолга буркан- ган инглиз сулуви осмондан тушган ойдек чарақлаб турарди.
– Омонатларни олиб келдим. Китоблар учун чексиз та-шаккур. Ҳидоятимга сабаб бўлганингиз учун алоҳида раҳмат, – дейди қиз салом-аликдан сўнг.
– А-а-р-рзимайди... – дейди тутилиброқ. Дунёга тенг ҳусн, ўхшаши йўқ гўзаллик қаршисида унинг тили айланмай қолди.
Қизнинг талъати ўзгарганидек, овозида ҳам қандайдир ўзгариш бор эди. Уятчанлик, нимадандир чўчиш, тортиниш яққол сезилиб турарди. Шўх кўзлари билан йигитга тик боқадиган насроний қиз бу гал кўзини ундан олиб қочган. Ўйноқи кўзлар гуноҳ қилиб қўйган бола сингари ерга қадалган.
Йигит эса ўзида йўқ хурсанд. Бир лаҳза ичида унинг хаёлидан нималар ўтмади дейсиз. Ҳали икки қўлини фотиҳага очиб келин-куёвни дуо қилаётган ота-онаси, уни қутлаётган дўстлари кўз ўнгида намоён бўлса, ҳали ясатиқлик машиналарнинг шовқин-сурон кўтариб шаҳар кўчаларида кезиши намоён бўларди. Бир зумда хаёл лентасида ўранган кўккўз қайнонаси пайдо бўлиб қолди, қаранг, унгаям рўмол ярашар экан, деган ўй ҳам виз этиб учиб ўтди. Тўй дастурхони, ҳавасманд ёшлар, хурсанд қариндошлар, бола-бақра қийчуви... Ва ниҳоят, ҳуввуллаб қолган тўйхона... гўшанга томон юраги шошиб, оёғи аста одимлаётган икки бахтиёр ёш қисқа сукунат ичида унинг хаёлидан кечиб ўтди. Хуллас, йигитнинг оғзи қўлоғида. Гўё дунёдаги ягона бахтиёр инсон бугун фақат у. Забони ҳоли оламга таҳдид қилиб дерди:

Бугун мендан бахтли ким бор дунёда,
Фарҳодми, Мажнунми, ё бошқа инсон?!
Қувончим баридан ортиқ зиёда,
Фараҳда тенг келмас жумлаи жаҳон.

Очиғини айтганда, икки ўт орасида қолган бечора хушторнинг қайғулари ариб, шубҳа, хавотирлари кетиб, заҳмат, машаққат чекиб етиб келган ҳозирги қувончга тўла ҳолини таърифлашдан менинг қаламим ожиз. Уни фақат кўриб завқланасиз, қаламга олиш учун катта маҳорат керак. У маҳорат менда топилмади. Қўлимдан келгани шу тўрт қатор шеър бўлди, холос.
– Истасангиз... – "яна олиб келиб бераман" демоқчи эди, лекин тезда гапни буриб: – Бундай китоблар бизникида жуда кўп, борганда ўқийверасиз, – деди. У ҳамон тиржаярди.
– Ташаккур.
– Совчиларни жўнатаверайми?
Қиз жавоб бермайди.
– Нега жимсиз? Уяляпсизми? – қиз сукутини уялишга йўйди.
– Мен шу китобларни ўқиб мусулмон бўлдим, лекин сизга тегмайман. Овора бўлиб совчи жўнатманг.
– Нега?! Тинчликми? – шўрликнинг кўзи қинидан чиқаёз-ди. Қиз эса жим. Йигитнинг ўпкаси тўлиб кетди. Йиғлаб юборишига бир бахя қолди. Ва ниҳоя қиз тилга киради:
– Ушбу китоблар мутолаасидан менга маълум бўлдики, сиз бу китобда ёзилган чин мусулмон эмас экансиз. Узр, мен ҳаётимни чин мўмин йигит билан боғламоқчиман.
Бир оғиз сўз билан йигитга иккита қаттиқ зарба берилган эди. 1-Зарба: Маҳбуба раддияси. 2-Зарба: Чин мусулмон эмаслиги.
Демак у номига мусулмон. Яъни қаллоб, ҳақиқий эмас...
Агар бу сўз бошқа бир бегона киши оғзидан чиққанда-ку, нима қилишни ўзи биларди. Лекин дилини ларзага келтирган аччиқ сўз ўша дилни ишғол этган энг суюкли инсон оғзидан чиқса-чи, унга қандай жавоб қайтаради?..
Энди дардини кимга бориб айтсин? Кимга ичини ёрсин?
Кимга ва қаерга борган тақдирдаям "Башаранг қийшиқ бўлса, ойнадан ўпкалама" деган бир хил жавобни эшитиши аниқ. Йигит шундай тушкун ҳолга тушгандики, бу гал нафақат мендек нўноқ толиб, балки қалами ўткир сўз усталари ҳам мурдадек бесас қотиб қолган мажнуннинг сўниқ ҳолини таърифлашдан, чилпарчин қалбига ёпирилган қандайдир ғамлик ҳис-туйғуларини чизиб беришдан, изоҳлашдан ожиз эдилар.

 

Ҳозир сайтимизда 59 та меҳмон бор, сайт аъзолари эса йўқ