1. Skip to Menu
  2. Skip to Content
  3. Skip to Footer

Энг хайрли аёл

Абу Ҳурайра (р.а.) ривоят қилади: «Расулуллоҳдан (с.а.в.) сўралди:
-    Қайси аёл хайрлироқ? Пайғамбаримиз (с.а.в.):
-    Эри қараган вақтда уни мамнун қиладиган, буюрганига итоат қиладиган, уни хоҳлаган пайтида кўнглини қолдирадиган тарзда унга мухолифот қилмайдиган ва қўл остидаги молни эри норози бўладиган шаклда сарфламайдиган аёлдир, - деб жавоб бердилар» (Аҳмад ибн Ҳанбал, II, 251) .

ИЗОҲ

Ҳадиси шарифнинг охирида «...қўл остидаги молни эри норози бўладиган шаклда сарфламайдиган аёл» жумласининг иккита маъно бор: ҳақиқий ва мажозий. Ҳақиқий маънога ўра эр фақир (қашшоқ) бўлиб, мол ва бойлик аёлга тегишли, яъни мол-мулк хотиннинг тасарруфида. Мажозий маънога кўра эса, мол эркакка тегишли бўлиб, сарфлаш ва тасарруф ҳуқуқи томонидан хотинига берилган (Алийюл - Қори» Мирқот. VI, 413) . Ҳар икки маънода ҳам аёлнинг қўл остидаги бойлик (мулк)ни эри норози бўладиган тарзда сарфламаслиги тавсия қилинган.

ҲАДИСИ ШАРИФДАН ЎРГАНГАНЛАРИМИЗ

1.    Расули Акрам (с.а.в.): «Қайси аёл яхшироқ?» деган саволга жавоб берарканлар, аёлнинг хусусан шу уч сифатига эътибор қаратганлар: Булар, эри унга қараган вақтда уни қувонтириб, мамнун қилиши, шаръий буйруқ ва тавсияларни бажариши ҳамда аёлнинг хоҳ ўзи (нафси) ёхуд хоҳ тасарруфидаги молни (маблағни) сарфлаш хусусида эри норози бўладиган ҳатти-ҳаракатга йўл қўймаслигидир.
2.    «Эри унга қараган пайтда уни хушнуд қиладиган...» аёл, эрига нисбатан яхши муомала қиладиган назокатли ва очиқ чеҳрали аёл демакдир. Ҳанафий фиқҳшуноси ва ҳадис олими бўлган Мавлоно Алийюл-Қори ҳам сурату сийрати (яъни ташқи қиёфаси-ю ички дунёси) гўзал бўлган аёл эр учун сурур устига сурур, нур устига нур эканини ифодалайди (Алийюл Қори. А.г.э., VI 412) . Айниқса кечқурун ишдан ҳорғин ҳолатда чарчаб қайтган турмуш ўртоғини хотини очиқ чеҳра ва табассум билан, ҳурмат ва муҳаббат билан қаршилаб,чарчоқларини кўтаришга ҳаракат қилиши керак.
3.    Аёл эрининг шаръий буйруқларига итоат этиши маъқул талаб ва тавсияларини адо қилмоғи лозим. Бу эрнинг хотинидаги энг муҳим ҳаққидир. Бу нуқтада муслима аёллар Набий (с.а.в.)нинг ушбу насиҳатларига амал қилишлари шарт:
Ишларининг кўплиги туфайли чарчаган Ҳз.Фотима (р.а.) Расулуллоҳнинг (с.а.в.) ҳузурларига келиб, ўзига ёрдам берадиган хизматкор беришларини сўрайди. Шунда оталари (с.а.в.) қуйидаги жавобни берадилар:
«Эй Фотима? Аллоҳдан қўрқ (тақво соҳиби бўл), Раббингнинг фазлларини бажар, эрингни, болаларингнинг хизматларини адо қил. Уйқуга ётиш олдидан 33 марта тасбеҳ (Субҳаноллоҳ), 33 та таҳмид (ал-Ҳамдулиллаҳ) ва 33 марта такбир (Аллоҳу Акбар) айт. Бу хизматкордан кўра яхшироқдир» (Азимободий «Айнул Маъбуд» VIII. 213; Крш. Ҳайсалий, Мажмаъ-уз Завоид Х, 99.100) .
Пайғамбаримиз (с.а.в.) бошқа қизлари Ҳз.Усмоннинг (р.а.) завжалари бўлган Руқайя онамизга (р.а.) эса шундай тавсия қилганлар:
«Қизим! Усмонни сийла: унинг қадрига ет ва ҳурматини жойига қўй. Зеро, асҳобим ичида ахлоқ жиҳатидан менга энг кўп ўхшайдигани Усмондир» (Саъд. «Табақот» VIII. 3) .
Эрига итоат қилиш билан оилада ҳузур-ҳаловатли ҳаётни йўлга қўйган аёлларга Расулуллоҳ (с.а.в.) тарафларидан жаннат хушхабари берилган:
«Турмуш ўртоғини хушнуд (рози қилиб) ўлган аёл, жаннатга киради» (Ибн Можа. Никоҳ, 4) .
Итоат деганда аёлнинг фикрларини инобатга олмаслик, унинг иззат-нафси билан ҳисоблашмаслик ёхуд эрнинг ҳар қандай фикрини унга мажбуран ўтказиш тушунилмаслиги лозим. Бундай ҳатти ҳаракат зулм ва ҳаддан ошиш экани равшан. Ҳар бир мусулмон эркак ва аёл, эр-хотин, турмушнинг барча соҳасида кенгашган ҳолда, бир-бирининг фикрини инобатга олган ҳолда иш юритиши ниҳоятда муҳим. Жаноби Ҳақнинг:
«...Уларнинг ишлари ўзаро маслаҳат (билан) бўлур ва Биз уларни ризқлантирган нарсалардан эҳсон қилурлар»,( Шўро сураси 38-оят)  сўзи мўминларнинг хусусиятларини кўрсатмоқда.
Хусусан Расулуллоҳнинг (с.а.в.) қийин аҳволда қолганларида Ҳз. Хадича онамиз (р.а.) билан, шунингдек Худайбия битимида Умму Салама волидамиз (р.а.) билан маслаҳатлашиб иш юритганлари маълум.
4. Хотинининг итоат қилишини хоҳлаган эр, фақат исломий ҳукмларга амал қилган ҳолатда буюриши ва талаб қилиши лозим. Шаръий бўлмаган истаклар хотин ва фарзандлар тарафидан бажарилмайди. Чунки Расулуллоҳ (с.а.в.) Аллоҳ таолога исён хусусида ҳеч бир инсонга итоат қилинмаслигини билдирганлар. Эр хотинига нимани буюраётганини билиши ва ундан нимани талаб қилаётганининг фарқига бориши шарт. Хотинига тоқатидан ташқари бўлган ҳамда уни қийин аҳволда қолдирадиган ишларни юкламаслиги керак. Акс ҳолда эр хотинига зулм қилган бўлади, бу эса муҳаббат ва ҳурмат ришталарининг узилишига олиб келади.
 «Агар итоат қилишларини истасанг, куч етадиган нарсаларни буюр!» мақоми ҳақиқатан ҳам ҳикматли бир сўздир.
5. Эр-хотин бир-бирини тўшакка чақирганларида қабул қилишлари лозим. Бу хусусда Пайғамбаримиз (с.а.в.) шундай деганлар:
«Эр хотинини тўшакка (ётоққа) чақирганида келмаса ва эри жаҳли чиққан ҳолда ухласа, эрталабгача фаришталар ўша аёлга лаънат айтишади» (Бухорий «Бадъ-ул-Халқ» 7; Абу Довуд. Никоµ, 40; Термизий Ризо 10) .
Ҳатто эрнинг аёлидаги жинсий муносабат ҳаққи нафл рўзадан ҳам устундир. Бу мавзуда Расули Акрам (с.а.в.) шундай буюрганлар:
«Эри ҳузурида бўлган аёл эрининг изнисиз (нафл) рўза тутмайди!» (Бухорий, Никоҳ, 86) .
6.    Аёл ўз тасарруфида бўлган мол-мулкни (бойликни) эри норози бўладиган тарзда сарфлаёлмайди.
7.    Ҳадиси шарифда Расулуллоҳ (с.а.в.) тарафидан таърифланган хусусиятларга эга бўлган солиҳа умр умр йўлдоши, эркак учун ҳақиқатан ҳам бу дунё ҳам охират хазинасидир.
Бир қанча фазилатлари бўлган диндор аёлнинг исломий ҳаёт хусусида эри учун муҳим рол ўйнашини ифодаловчи ушбу ҳадиси шариф ҳам нақадар ибратга лойиқ:
«Аллоҳ кимга солиҳа бир турмуш ўртоғи (аёл) насиб қилган бўлса, динининг ярмида (шахсий ва ижтимоий режада диннинг ҳукмларини бажариш нуқтасида) унга ёрдам берибди. Қолган ярми хусусида Аллоҳдан қўрқсин (тақво қилсин)!» (Ҳоким «Мустадрақ» II. 175)
8. Уйланувчи энг аввало оилада жиддий тарбия кўрган, диний билими ва ахлоқи яхши бўлган турмуш ўртоғини танлаши лозим. Диндор оила, идеал ислом жамиятининг уруғидир, асосидир. Оила фарзандларга тамал таълим берадиган, тарбия, гўзал ахлоқ, одоб ҳам яхши одатларни ўргатадиган бошланғич мактабдир. Бу мактабнинг бир умрлик муаллими, албатта, онадир. Жамиятни ислоҳ қиладиган муршидлар, умматнинг келажагини ўйлайдиган кучли раҳбарлар, олимлару йўлбошчилар ҳам энг аввал шу мактабда етишади. Шундай тарбия масканини барпо қиладиган аёлнинг энг асосий хусусияти тақвоси, диний эътиқоди эрига итоати таслимияти, болаларига бўлган шафқат ва марҳаматидир.
Абу Ҳурайрадан (р.а.) ривоят қилинган: «Аёлга унинг қуйидаги тўрт нарсаси: ҳадиси шарифга кўра: бойлиги, насл-насаби, ҳусни ва дини учун уйланасан. Сен диндорини танла. Акс ҳолда, зарар қиласан» (Бухорий. Никоҳ, 15; Муслим. Ризо, 53; Абу Довуд. Никоҳ 3; Насоий. Никоҳ, 13; Ибн Можа. Никоҳ, 6; Аҳмад ибн Ҳанбал. II, 428.) . Бошқа бир ҳадиси шарифда Расулуллоҳ (с.а.в.) шундай марҳмат қилганлар:
«Туя минадиган аёллар яхшироқдир. Қурайш ўз аёлларини ёшликданоқ болажон ва эрига меҳрибон (итоатгўй) қилиб тарбиялайди» (Бухорий. Никоҳ, 12; Аҳмад ибн Ҳанбал. II, 269) .
Албатта, охирги ҳадиси шарифда мақталган фазилатлар фақат Қурайш қабиласидаги аёлларга эмас, аксинча, ирқи ва ҳудудидан қатъи назар барча мусулмон аёлларга тегишлидир. Чунки Расули Аркамнинг (с.а.в) ҳикмат тўла хабарлари оламшумулдир.

Фотима Сулаймон қизи

Ҳозир сайтимизда битта меҳмон бор, сайт аъзолари эса йўқ