1. Skip to Menu
  2. Skip to Content
  3. Skip to Footer

Шайтон киролмайдиган хонадонлар

Аллоҳдан қўрқиш ҳар бир солиҳ амал асоси ва имонимиз озуқидир. Тақво бўлганидагина тоат, ростгўйлик ва Аллоҳ таолога инобат бўлади. Бу имоний асос мусулмонларнинг Аллоҳни ёдлаш билан, Қуръони карим тиловати билан хонадонларини мунаввар этишларини, Аллоҳ, азза ва жалла, шариатига кўра яшашларини тақозо қилади. Бу асос мустаҳкам бўлган хонадонлар меҳр-муҳаббат, иффат ва поклик хонадонларидир ва уларни Аллоҳ таоло тақво сабабли шайтони рожим қутқуларидан омон сақлайди.
Келинг, шайтони рожим қадам боса олмайдиган бундай хонадонлар билан, уларнинг соҳибларига хос сифатлар билан танишайлик.

Шайтон киролмайдиган хонадонлар
Жинлар ва шайтон

Ҳақ субҳонаҳу ва таоло жинларни оловдан яратди. Улар ҳар хил шаклларга кира олади. Ейди, ичади, уйланади ва наел қолдиради, инсонларни кўра олади, аммо инсонлар уларни кўра олмайди. Уларнинг мўминлари ҳам, кофирлари ҳам бор, уларнинг кофирлари шайтондир. Ҳижр сурасининг 27-ояти мазмуни шундай: "Жинни (яъни, иблисни) эса (одамдан) илгари оташ-оловдан яратган эдик".
Жинларнинг ҳам, инсонлар каби, солиҳлари ва фожирлари бор. Абу Дардо, розийаллоҳу анҳу, ривоят қиладилар: Расулуллоҳ, соллаллоҳу алайҳи ва саллам, айтдилар: "Ҳақ субҳонаҳу ва таоло жинларни уч тур қилиб яратди: бир тури илонлар, чаёнлар ва ер ҳашоратлардир; иккинчи тури ҳаводаги шамолга ўхшаш; учинчи тури ҳисобга тортилади ва жазоланади" (Термизий, "Наводирул-усул").
Абу Саълаба Хушаний, розийаллоҳу анҳу, Расулуллоҳдан, соллаллоҳу алайҳи ва саллам, ривоят қиладилар: "Жинлар уч турдир: бир турининг қанотлари бўлиб, ҳавода учиб юрадилар; иккинчи тури илонлар ва итлардир; учинчи тури қўним топувчи ва кўчувчидир".
Бинобарин, ҳайвонларга эҳтиёт билан муомала қилиниши лозим. Хоссатан, кечқурун эҳтиёт бўлиш керак. Тун жин ва шайтонлар ёйиладиган ва тарқаладиган вақтдир.
Абу Қалаба, розийаллоҳу анҳу, ривоят қиладилар: Расулуллоҳ, соллаллоҳу алайҳи ва саллам, айтдилар: "Итлар ҳам бир жамоа бўлмаганида, уларни ўлдиришни буюрардим. Лекин бир жамоанинг йўқолиб кетишидан қўрқдим. Уларнинг тим қорасини ўлдиринглар, булар жинлардир".
Қоронғи кечаларда жинлар ҳар хил шаклга кирадилар. Мўмин-мусулмонлар ўзларини жинларнинг ёмонликларидан сақлаш учун доимо Аллоҳни ёдлаб юришлари зарур бўлади. Яхшиси улардан узоқ юрган маъқул. Зеро, улар ҳам бизлар каби бир оламдир.
Энди шайтон ҳақида. "Мухторус-сиҳаҳ" луғат китобида унга шундай изоҳ берилган: "Аччиқни чиқарадиган ҳар бир инсон, жин ва ҳайвон шайтондир" (яъни, шайтоннинг ишини қилади).
Заҳҳок ибн Аббосдан, розийаллоҳу анҳу, ривоят қилинади: "Жинлар шайтон эмас. Жинлар ҳам ўлади. Уларнинг мўминлари ва кофирлари бор. Шайтонлар эса иблиснинг болаларидир. Улар иблис билан бирга ўлади".

Ҳар бир инсонда шайтон мавжудлигини Расули Акрам, соллаллоҳу алайҳи ва саллам, баён этганлар. Инсондаги шайтон ўз ишини қилади. Бу нарса унинг кучли эканидан эмас, балки васваса солиш, қизиқтириш, йўлдан уриш каби барча найрангларга моҳир эканидандир. Унинг хилқати, яъни, у инсонларни кўра олиши, инсонлар эса уни кўра олмасликлари бунга ёрдам беради. Аъроф сурасининг 27-ояти мазмуни шундай: "У ва унинг малайлари сизни уларни сиз кўрмайдиган ердан, кўради".
Шайтон найранг қилишга қанчалик моҳир бўлмасин, у қуйида зикр қилинажак сифатларга эга бўлган хонадонларга ва уларнинг аҳлларига дахл ва зиён қила олмайди. Энди шайтон зиён қила олмаидиган, кира олмайдиган хонадонлар ҳақида тўхталиб ўтсак.

Ҳалолдан озиқланувчи хонадонларга шайтон кира олмайди

Аллоҳ таоло покдир, фақат покликни қабул этади. Хонадонимизни ҳаром мол ва таомлардан — етимларнинг молидан, судхўрлик, зўравонлик ва зулм билан топилган моллардан сақлашимизни буюради. Ҳалолдан ризқланган мусулмонни Аллоҳ иблиснинг ҳужумларидан ва ҳийлаларидан сақлайди.
Инсон тановул қиладиган ҳар бир нарса унинг зеҳниятининг ва жисмининг шаклланишига, шубҳасиз, таъсир қилади. Ароқ, наша, афюн каби оғулар истеъмолининг таъсири онида билинса, ўғрилик, порахўрлик, қимор, судхўрлик йўллари билан топилган мол-дунё истеъмолининг таъсири бутун умри давомида акс беради. Шунинг учун динимиз ҳалқум поклигини энг муҳим фарз деб белгилаган. Ҳар бир мусулмон таомининг асли ва топилиш йўллари ҳалол бўлиши лозим. Таомнинг ўзи, асли тоза бўлса-ю, уни қўлга киритиш йўллари ҳаром бўлса, уни еб бўлмайди. Уни топиш йўли ҳаром бўлганидан ейиш ҳам ҳаром бўлади. Ўғрилик, порахўрлик, судхўрлик, босқинчилик, товламачилик, қимор йўллари билан қўлга киритилган ҳар бир нарса ҳаромдир. Бундай нарсаларни истеъмол қилганларнинг қалби қораяди, ҳақни кўрмайди. Улардан меҳр кўтарилади, ўрнини зулм эгаллайди. Уларни шайтон жиловлаб олади.
Бу ўринда яна бир муҳим масалага — етимлар масаласига тўхтамай ўтолмаймиз. Ота-она-сидан ё уларнинг биридан айрилган ҳар бир фарзанд, балоғатга етган ё гўдак бўлишидан қатъи назар, Аллоҳ таоло белгилаган мерос улушини олади. Фарзанд балоғатга етмаган бўлса, унга теккан улушдан бошқаларнинг ейиши мумкин эмас, ҳаромдир. Нисо сурасининг 10-ояти мазмуни шундай: "Етимларнинг молларини зулм йўли билан ейдиган кимсалар ҳеч шак-шубҳасиз қоринларига олов еган бўлурлар ва албатта дўзахга киражаклар!"
Мўминлар етимлар молини емайди. Аксин-ча, уларни қарамоқларига олиб тарбия қилади, ўқитади ва тўғри йўлга бошлайди. Бу асос дарз кетган жойда, етимлар корни ни тўйғазиш ўрнига, уларнинг моли талашиб еб-ичилганида, шайтон бош кўтаради. Уларни забунликка етаклайди.
Мусулмонлар ва уларнинг хонадонлари сақланиши лозим бўлган иллатлардан яна бири судхўрликдир, рибодир. Судхўрлик улкан гуноҳдир. Судхўр Аллоҳнинг, азза ва жалла, душманидир. Бақара сурасининг 275-ояти мазмуни шундай:
"Судхўрлар қиёмат куни тирилтирилганида қабрларидан жин чалган мажнун каби турадилар. Бунга уларнинг рибони байъ каби ҳалол деб эътиқод қилганлари сабабдир".
Аллоҳ таоло рибо қўшилган молни ҳалок қилади ва садақа чиқарилган молга барака ато этади. Рибони еб гуноҳга ботган барчани Аллоҳ таоло ёқтирмайди.
Асли ҳам, топилиш йўллари ҳам ҳаром бўлган таомлар истеъмолининг таъсир доираси истеъмолчи билан чегараланмайди. Унинг фарзандлари ва аҳилларининг барчасида акс этади.
Фарзандларининг иқболини ва салоҳини истаган ота фақат ҳалолдан озуқланиши ва ҳалол касб қилиши шунинг учун ҳам жуда муҳимдир.
Мусулмон озуқи ва озуқ манбаи ҳалол бўлганидан Аллоҳ, азза ва жалла, ҳимоясидадир. Ҳалол еб, ҳалол касб қилган мусулмоннинг хонадонига шайтон кира олмаслиги ва зиён қила олмаслиги шундандир.

Авазхон ҲАЙДАР ўғли тайёрлади

Ҳозир сайтимизда битта меҳмон бор, сайт аъзолари эса йўқ