1. Skip to Menu
  2. Skip to Content
  3. Skip to Footer

Мустаҳкам оила - муқаддас даргоҳ

Оила - инсоният тарихининг ҳамма даврларида жамиятнинг асосий бўғини бўлиб келаётган муқаддас даргоҳ бўлиб ҳисобланади. Ҳақ таоло Ўзининг пайғамбарлари орқали оила масаласига алоҳида аҳамият бериб, унинг мустаҳкам бўлиши, ундан кўзланган мақсад юзага чиқиши учун ҳар қайси даврга мувофиқ низом ва қонунлар жорий этган. Аллоҳ таоло Қуръони каримда уйланиб, оила қуриш пайғамбарларнинг суннати эканлигини таъкидлаб бундай дейди:

وَلَقَدْ أَرْسَلْنَا رُسُلًا مِنْ قَبْلِكَ وَجَعَلْنَا لَهُمْ أَزْوَاجًا وَذُرِّيَّةً

яъни, “Дарҳақиқат, Сиздан илгари ҳам (кўп) пайғамбарлар юборганмиз ва уларга хотинлар ва зурриётлар берганмиз” (“Раъд” сураси, 38-оят ).

Динимиз таълимотларида ҳам оила масаласига катта эътибор берилиб, уни  қандай ташкил қилиш, унинг бошлиғи ким бўлиши, оила аъзоларининг ҳуқуқ ва бурчлари, фарзандлар тарбияси каби муҳим масалаларга тегишли жавоблар берилган.

Маълумки, Ислом таълимоти нақл ва ақлга асосланган бўлиб, инсонни доимо ақлни ишлатишга, мулоҳаза юритишга чорлайди. Аллоҳ таоло дунёдаги барча борлиқ нарсаларни жуфт-жуфт қилиб яратганига ишора қилиб бундай дейди:

(سورة الذاريات ، 49)  وَمِنْ كُلِّ شَيْءٍ خَلَقْنَا زَوْجَيْنِ لَعَلَّكُمْ تَذَكَّرُونَ

яъни, “Биз ҳар бир нарсани жуфт-жуфт қилиб яратдик. Шоядки, (бу нарсалар) сизларга эслатма бўлса”.  (“Зориёт” сураси, 49-оят).

Шу жумладан, инсонлар ҳам жуфт қилиб яратилган. Аллоҳ таоло бу жуфтликни Ўзининг илоҳий оят-аломатларидан бири эканлигини эслатиб, бундай марҳамат қилади:

وَمِنْ آيَاتِهِ أَنْ خَلَقَ لَكُمْ مِنْ أَنْفُسِكُمْ أَزْوَاجاً لِتَسْكُنُوا إِلَيْهَا وَجَعَلَ بَيْنَكُمْ مَوَدَّةً وَرَحْمَةً

Маъноси: “Унинг оятларидан (яна бири) – токи ҳузурларидан ҳотиржамлик ва ором топишингиз учун (яъни сизларга ҳамдам бўлишлари учун) - сизлар учун ўзларингиздан бўлган жуфтларни яратиб қўйганлиги ва ўртангизда муҳаббат ва раҳмат пайдо қилиб қўйганлигидир”. (”Рум” сураси, 21-оят).

Шунга мувофиқ никоҳ орқали уйланиш ва оила қуриш фарзандлар тарбиялаш кўп миллатларда бўлгани каби динимиз таълимотларида ҳам таъкидланганидан муқаддас ҳисобланиб, ўзига яраша тартиб ва қоидалар асосида ташкил этилади.

Ҳазрати пайғамбаримиз Муҳаммад мустафо (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) аёл номини улуғлаш, унинг шаънини кўтариш, оилани мустаҳкамлаш, хотин-қизларнинг ҳуқуқини, фарзандлар тарбиясидаги муҳим масалаларни ҳал қилиб беришда фақат Ислом  умматигагина эмас, балки кишилик жамиятига ибрат ва намуна бўлиб келмоқда.

Аллоҳ таолога беадад шукрлар бўлсинки, азиз юртимизда истиқлолдан кейин аёл қадри ва шаъни тикланди. Аёллар жамиятда ўз ўрни, мавқеи ва сўзига эга бўлди. Бу Асосий Қонунимизда кафолатланиб қўйилди. Унда жумладан бундай дейилади: “Оила жамиятнинг асосий бўғинидир ҳамда жамият ва давлат муҳофазасида бўлиш ҳуқуқига эга”. (Асосий Қонун, 14-боб, 63-модда).

Маълумингизким, она юртимиз истиқлол неъматига мушарраф бўлганидан сўнг келаётган ҳар бир йил жамиятимиз ҳаётининг муҳим бир бўғинларига бағишланмоқда. Бундан мақсад ўша йилда давлатимиз ёки жамиятимиздаги ривожлантиришга, ғамхўрлик қилишга муҳтож бўлган айрим кам-кўстликларни тўлдириш ва секин-асталик билан халқимиз ҳаётини яхшилашга ҳамда жамиятимизни юқори савиядаги фаровон бир жамиятга айлантиришдир. Эҳтимол кимдадир: шу ишларни бу йил фалон йили, келаси йил пистон йили деб ошкора эълон қилмасдан қилса бўлмайдими, деган маънода савол туғилиши ҳам мумкин. Бунга жавобан айтамизки, жамиятда айрим муаммолар ҳам бўладики, уларни ҳал қилишга кўпчилик билан ҳаракат қилингандагина кўзланган натижага эришиш мумкин. Тадбиркорлик, оналик ва болалик, соғлиқни сақлаш, мустаҳкам оила каби масалалар ҳар доим долзарб ва оламшумул бўлиб келмоқда. Бу муаммоларнинг кўпчиликлашиб, бутун халқ ёрдамидагина ечимини топиш мумкин. Ундан ташқари, муайян йилнинг муайян муаммо ва масалага ошкора эълон билан бағишланишида руҳий омил ҳам мавжуд. Бундай ҳолатда кишиларда ўша эълон қилинган у ёки бу муаммога нисбатан ички бир масъулият пайдо бўлади. Айрим одамларнинг дангасалик, масъулиятсизлик каби иллатлар туфайли ичларида яшириниб олиб, бўй кўрсата олмаётган потенциал куч-қувватлари жўш уриб, анча яхши ишлар юзага келиши мумкин. Бунга битта ёрқин мисол қилиб, тугаган 2011 йилимизни олишимиз мумкин. Бу йил “кичик бизнес ва тадбиркорлик йили” деб эълон қилинган эди. Айнан шу йилда халқимиз кичик бизнес ва тадбиркорликка бошқа йиллардагидан кўра кўпроқ аҳамият қаратди. Тадбиркорлар сони анча кўпайди ва ишлаб чиқариш ҳам сезиларли даражада ривожланди. Натижада, Аллоҳ таолога беадад шукрлар бўлсинки, дунёнинг кўплаб ривожланган давлатларини ҳам қийин аҳволда қолдирган иқтисодий бўҳрон ва депрессия бизнинг ўлкамизга хавф сола олмади. Дунёга донғи кетган ғарб давлатлари бугунги кунда иқтисодий кинкирознинг кейинги тўлқинидан қаттиқ хавфга тушиб турган бир вақтда юртимиз иқтисоди яхши кўрсаткичларни кўрсатмоқда ва бу Европа давлатлари томонидан ҳам тан олинмоқда. Қисқаси, муайян йилнинг муайян муаммолар ечимига бағишланиши ўзининг самарасини бермоқда

Мана энди, кириб келаётган янги 2012 йил давлатимиз рахбари томонидан  “Мустаҳкам оила йили” деб эълон  қилинди. Албатта бу иш ниҳоятда ўринли бўлди деб ўйлаймиз. Зеро, оила муаммоси ҳозирги кунда дунёнинг кўплаб давлатларини ўйлантириб келаётган оламшумул замонавий ибора билан айтганда глобал масалалардандир.
Динимиз таълимотларида оила қуришга эркак ва аёл бирдек тарғиб қилинган. Оила қурмасдан, таркидунёчилик йўлини тутиш қораланиб, бунинг акси бўлган никоҳ ибодат даражасига кўтарилган. Ҳазрати пайғамбаримиз Муҳаммад (алайҳиссалом) никоҳланиш фақат ўзларининг суннати эмас, балки ўтган барча пайғамбарларнинг ҳам суннати эканини айтганлар.

Жамият ҳаётида оила қуриб яшашлик нақадар аҳамиятли эканига Ҳазрати пайғамбаримиз Муҳаммад (с.а.в.) таъкидлаб бундай хитоб қилганлар:

يا معشر الشباب من استطاع منكم الباءة فليتزوج فإنه أغض للبصر و أحصن للفرج، ومن لم يستطع فعليه بالصوم فانه له وجاء" متفق عليه.

яъни, “Эй йигитлар! Сизлардан қай бирингиз оила қуришга қурби етса, уйлансин. Уйланиш номаҳрамларга кўз ташлашдан, бузуқликлардан асрайди. Қурби етмаган киши рўза тутсин, токи унга тўсиқ бўлсин”.

Дарҳақиқат, Аллоҳ таоло инсон зотини, у эркак бўлсин ёки аёл бўлсин, нафсий рағбат билан яратган. Айни пайтда ушбу табиий нафс рағбатини ҳалол-пок йўл билан қондиришни буюриб, никоҳни жорий қилган.

Яна бир ҳадиси шарифда:

أربع من سنن المرسلين : الحياء والتعطر والسواك والنكاح

“Тўртта яхши иш  бор, улар пайғамбарлар суннатидан саналади: ҳаё, хушбўйлик, мисвок тутиш ва уйланишдир”, - деб марҳамат қилинади. (Имом Аҳмад ривояти)

Ислом таълимотига кўра, оила Аллоҳ таолонинг розилигини топиш, ҳазрати Пайғамбаримиз (с.а.в.) ахлоқлари, чиройли одоб-ахлоқ билан  зийнатланиш ва пок йўл билан инсоният наслини давом эттириш мақсадида қурилади. Шунинг учун  динимиз оилани никоҳ асосида қуришга алоҳида аҳамият беради ва никоҳни инсоний алоқаларнинг энг муҳими сифатида юксак қадрлайди. Зеро, оила катта жамиятнинг кичик бир бўлаги ҳисобланади. Жамият ёмонлик ва бузғунчиликнинг барча турларидан  холи тинч ва обод  бўлиши, аввало, ушбу кичик жамиятнинг  тинчлиги, тотувлиги, аҳиллигига боғлиқ. Оиладаги тинчлик-хотиржамликни ва саодатни таъмин-лаш оиладаги ҳар бир шахс ўз масъулиятини тўлиқ ҳис қилиши ва бажариши билан барқарор ва мустаҳкамлаш бўлади. Бундай масъулиятни эса, эр ва хотин ўртасини боғлаб турувчи никоҳгина мустаҳкамлаши ва жорий қилиши мумкин.

Ҳозир сайтимизда 59 та меҳмон бор, сайт аъзолари эса йўқ