1. Skip to Menu
  2. Skip to Content
  3. Skip to Footer

Қариндошлар орасида никоҳ мумкинми?

Мен ЮНЕСКО ташкилоти қошида ташкил этилган «Ипак йўли» радиолойиҳасида репортёр бўлиб ишлайман, асосан аёллар масалалари, муаммолари бўйича репортажлар тайёрлайман. Яқинда қариндошлар ўртасидаги никоҳнинг салбий оқибатлари ҳақида туркум репортажлар тайёрлаш учун Наманган вилоятида хизмат сафарида бўлиб қайтдим. У ерда аксарият оилаларда қариндошлар ўртасидаги никоҳни учратиш мумкин. Ака-укалар ҳам бир-бири билан қуда бўлишган. Тиббиёт ходимларининг айтишича, улардан ногирон фарзандлар туғилган. Динимизда қариндошлар ўртасидаги никоҳга рухсат берилганми ва қандай ҳолларда? 

ЖАВОБ: Никоҳи ҳаром қилинган аёллар ҳақидаги далилларни ўрганиб чиқилганидан сўнг уламоларимиз уларни бир неча гуруҳларга тақсим қилишган:
1. Никоҳи абадий ҳаром қилинган аёллар.
2. Никоҳи вақтинча ҳаром қилинган аёллар.
Никоҳи абадий ҳаром қилинган аёллар уч хил бўлади:
а) Насаб йўли билан никоҳи абадий ҳаром қилинган аёллар.
б) Эмизиш йўли билан никоҳи абадий ҳаром қилинган аёллар
в) Қудачилик йўли билан никоҳи абадий ҳаром қилинган аёллар.
Насаб йўли билан никоҳи абадий ҳаром қилинган аёллар қуйидагилар: она ва момолар, қизлар, опа-сингиллар, аммалар, холалар, ака-укаларнинг қизлари, опа-сингилларнинг қизлари.  Ушбу тоифадаги аёлларнинг никоҳи ҳаромлиги Қуръони каримнинг Нисо сурасидаги 23-ояти каримада очиқ-ойдин зикр қилинган.
Эмизиш йўли билан никоҳи абадий ҳаром қилинган аёллар қуйидагилардир:
Ояти каримада бундай аёллардан фақат икки тоифаси - эмиш туфайли ака бўлганлар ва эмиш туфайли опа-сингил бўлганлар зикр қилинган. Қолганлари эса, Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг умумий қоидага айланиб қолган ҳадиси шарифлари: “насаб туфайли ҳаром бўлганлар эмиш туфайли ҳам ҳаром бўлурлар” ҳадисида зикр қилинганлардир. Шу эътибордан қуйидагилар ҳаром бўлади:
1. Эмизган она. Бунга момолар ҳам киради.
2. Эмикдош қиз. Бир одамнинг хотини бегона қизни эмизса, ўша қиз эмизган аёлнинг эрига ҳам қиз бўлади. Чунки, аёлнинг сути эри билан бўлган жинсий алоқаси, ундан бўлган ҳомиласи туфайли пайдо бўлган. Шунинг учун эркак киши ҳам хотинини эмган болага сут орқали боғланади. Бунга эмиш туфайли қизнинг қизи ҳам, ўғилнинг қизлари ҳам киради. Яъни, кишига унинг эмикдош қиз набиралари никоҳи ҳам ҳаромдир.
3. Эмикдош опа-сингиллар. Мусулмон киши ўзи билан эмикдош бўлган опа-сингилларига уйланиши ҳаромдир. Бу хилдаги опа-сингиллар эмиш йўли билан турли ҳолатларда юзага келиши мумкин: а) бир боланинг онасини бегона қиз эмса, улар орасида эмикдошлик опа-сингиллик ёки опа-укалик пайдо бўлади; б) бир бола бегона аёлни эмса, аёлнинг туққан қизлари боланинг опа-сингилларига айланади; в) бир бола ва бир қиз бошқа бир аёлни эмсалар ҳам эмикдош ака-сингил бўлади.
4. Эмикдош аммалар. Бир ўғил бола бегона аёлни эмса, ўша аёл эрининг опа-сингиллари унга эмикдош аммаларига айланадилар ва боланинг уларга уйланиши ҳаром бўлади.
5. Эмикдош холалар. Бир ўғил бола бегона аёлни эмса, ўша аёлнинг опа-сингиллари мазкур болага эмикдош холага айланади ва уларга уйланиши ҳаром бўлади.
6. Эмикдош ака-укаларнинг қизлари. Бола ўз онасини эмган бегона болалар билан, ўзини эмизган бегона аёлнинг болалари билан ва ўзи билан бирга бошқа бегона аёлни эмишган болалар билан эмикдош ака-укага айланадилар. Ана ўша эмикдош ака-укаларга бир-бирларининг қизларига уйланишлари ҳаром бўлади.
7. Эмикдош опа-сингилларнинг қизлари. Эмикдош опа-сингиллар ким эканлигини аввалда айтиб ўтдик. Уларнинг қизларига уйланиш ҳам ҳаромдир.
8. Эмикдошлик қайноналар. Бунда хотинининг эмизган онаси ва момоси кўзда тутилган. У хотинга ақди никоҳ қилиши билан, худди насаб жиҳатидан унга она ва момо бўлган аёллар унинг эрига ҳаром бўлганидек, аёлнинг эмикдошлик она ва момолари ҳам ҳаром бўладилар. Ақди никоҳ бўлса бўлди. У хотин билан бирга яшамай туриб ажрашиб кетса ҳам барибир.
9. Эмикдошлик бўйича ўгай она ва момолари. Бошқача қилиб айтганда бир кишига уни эмизган аёлнинг эрининг бошқа хотинлари ва уларнинг оналари ҳам ҳаром бўлади.
10. Эмикдош фарзандларнинг хотинлари. Бир одамнинг хотини эмган боланинг хотини унинг эрига ҳаром бўлади. Чунки бу ҳолда эмикдошлик ўғилнинг хотини, у эркакка эмикдошлик келин бўлади. Насабий келинга уйланиш абадий ҳаром бўлгандек, эмикдошлик келинга уйланиш ҳам абадий ҳаромдир.
11. Хотинининг эмизган қизи. Айтайлик, бир киши хотин олди. У киши бошқа эридалик чоғида бир қизни эмизган эди. Ўша қиз янги эрга эмикдошлик бўйича ўгай қиз бўлади. Агар эркак хотин билан эру-хотин бўлиб, қовушиб яшаган бўлса, эмикдош ўгай қиз унга абадий ҳаром бўлади. Агар хотинга ақди никоҳ қилиб туриб, бирга яшамай туриб ажрашиб кетса, унинг эмизган қизига уйланса бўлади. Зотан, насаб масаласи ҳам шунга ўхшаш.
Эмикдош қариндошлар билан никоҳда бўлиш ҳаром қилинишининг тўла ҳикмати бошқа ҳукмларнинг тўла ҳикмати каби фақат Аллоҳ таолонинг Ўзига маълум. Аммо бу ҳукмнинг ҳозирча бизга маълум ҳикматлари ҳам бор. Гўдак фарзанднинг суяги ва эти она сути туфайли шаклланади. Бу, инсоннинг бутун вужудида эмган сутининг доимий таъсири бўлади, деганидир. Чунки суяк ва эт инсонда умр бўйи қоладиган ва ҳар лаҳзада бадан-вужудга ўз таъсирини ўтказиб турадиган нарсалардир.
Ана шундай таъсирга эга бўлган бир хил сутдан эмиб катта бўлган кишиларнинг никоҳ алоқасида бўлишлари ўта зарарли бўлади. Уларнинг ўз соғликларига ҳам, улардан пайдо бўладиган зурриётга ҳам катта мусибат етказади. Бунинг устига аёл киши гўдакни эмизганда унга фақат сутинигина ўтказмайди, балки меҳр-муҳаббатини, ўзидаги ҳис-туйғуларни, руҳий-маънавий ҳолатларини ҳам ўтказади. Ана шундоқ нарсаларда шерик бўлган кишиларнинг никоҳ алоқасида бўлишлари яхши эмас.
Худодан юз ўгирганлар ҳам бу ҳақиқатни энди-энди тушуниб келмоқдалар. Она сутидаги хислатларни тан олмоқдалар. Бир куни келиб Исломнинг бу ҳукмини ҳам тан олишлари турган гап (Аллоҳ билувчидир).