1. Skip to Menu
  2. Skip to Content
  3. Skip to Footer

Никоҳсиз туғилганларга уйланса бўладими?

Шариатимиз беникоҳ туғилганларнинг турмуш қуришига, хотинликка олинишига рухсат берганми? Беникоҳ туғилганликлари уларнинг фарзандларига тарбия борасида, насл борасида ёмон таъсир кўрсатмайдими?

ЖАВОБ:  Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Ҳар бир бола фақат фитрат (соф табиат) билан туғилади. Ота-онаси уни яҳудий ва насроний ёки мажусий қилади», дедилар» (Имом Бухорий, Муслим, Абу Довуд, Термизий ривоят қилишган).
 Ушбу ҳадисда Аллоҳ таоло инсонларни соф табиат билан яратса ҳам кейинчалик инсонлар, хусусан, ота-она тарбияси сабабли бу софликка путур етиши, унинг бузилиши ҳақида сўз кетмоқда. «Фитрат» дегани, соф табиат, динни тўғри қабул қилишга бўлган истеъдод деганидир.
Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам дунёда туғиладиган ҳар бир бола соф табиат билан, Аллоҳ таолонинг динини қабул қилиш истеъдоди билан туғилиши ҳақида хабар бермоқдалар. Демак, Аллоҳ таоло ҳеч кимни аввалдан сен яҳудий бўласан, сен насроний бўласан, сен мажусий бўласан, деб мажбур қилмайди. Одамларнинг турли динга мансуб бўлишига сабаб бор: «Ота-онаси уни яҳудий, насроний ва мажусий қилади». Яъни, ота-оналар болаларини ўз динларида тарбиялашлари оқибатида болаларнинг соф табиати бузилиб, яҳудий, насроний ва мажусий бўлиб қоладилар. Шариатимиз беникоҳ туғилганлар билан никоҳланишга рухсат берган. Беникоҳ туғилган бола айбдор ҳисобланмайди. Унинг шахсий ҳолатига қаралади. Яхши бўлса, яхши дейилади. Булар тўғрисида одамлар ичида тарқалган гапларнинг кўпи асоссиз (Аллоҳ билувчидир).