1. Skip to Menu
  2. Skip to Content
  3. Skip to Footer

Бўлажак келинни кўриш мумкинми?

Биздаги одат бўйича унаштиришдан илгари йигит келиб, қизни кўради ва агар ёқса қизнинг васийлари билан келишади, ёқмаса, ташлаб кетаверади. Менинг саволим шундан иборат: айтинг-чи, йигит қизнинг қаерларини кўриши керак? Йигит қизни никоҳ ўқитишдан илгари бир неча марта кўрмоқчи бўлса, бунга шариатнинг ҳукми нима?

ЖАВОБ: Бир одам уйланмоқчи бўлса, ўша аёлга назар солиши нафақат мумкин, балки мустаҳабдир. Имом Муслим ривоят қилган ҳадисда Муғийра ибн Шуъба розияллоҳу анҳу қуйидагиларни айтадилар: «Уйланмоқчи бўлиб, бир аёлга совчи қўйган эдим. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам менга: «Уни кўрдингми?» деб сўрадилар. Мен: «Йўқ», дедим. У зот соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Сен уни кўргин, бу, албатта, ораларингизда яқинлик ҳосил қилади», дедилар.
Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳу ривоят қилинган бошқа бир ҳадисда Расули акрам соллаллоҳу алайҳи васаллам ансорийлардан бир аёлга уйланмоқчи бўлган кишига: «Сен уни кўргин, ансорийларнинг кўзларида бир нарса бўлади», деганлар.
Имом Аҳмад Абу Ҳумайддан ривоят қилган ҳадисда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Биронтангиз бир аёлга уйланмоқчи бўлса, унга назар солмоғида гуноҳ йўқдир, чунки у уйланиш ниятида назар солади», деганлар.
Оила қуриш ниятидаги кишилар бевосита бир-бирлари билан кўришишлари шариат ҳукмига биноан ўтиши керак. Ўзлари хилватда ёлғиз қолишлари мумкин эмас. Маҳрамлардан бирор шахс улар билан бирга бўлиши керак. Йигит қизнинг юзига, икки қўлига назар солса бўлади.
Ҳанафий мазҳабида, қадамига (оёғига) ҳам, дейилган. Юз жамолнинг ойнаси, ундан кишининг чиройи ҳақида тўлиқ хулоса чиқариб олиш мумкин. Қўлдан эса баданнинг бошқа қисмлари, ориқ, семизлик каби ҳолатлар тўғрисида хулоса чиқариб олинади. Ҳаракатдан, юриш-туришдан шундай ҳам тасаввур олса бўлаверади (Аллоҳ билувчидир).