1. Skip to Menu
  2. Skip to Content
  3. Skip to Footer

Қўполликни қандай йўқотиш мумкин?

Яшириб нима қилайлик, баъзи оилаларда эрлар хотинларига зулм қилишади, уларга нисбатан қўпол муносабатда бўлиб, бўлар-бўлмасга, ҳеч бир сабабсиз калтаклашдан тойишмайди. Ислом шариати бундай ҳолатларга қандай муносабат қилади?

ЖАВОБ: Ушбу долзарб саволга жавоб тариқасида Фатво ва илмий баҳслар бўйича Европа Мажлисининг оиладаги қўполлик муолажаси ва талоқдан сақланишга оид қарорларини эътиборингизга ҳавола этишни маъқул кўрдик.  “ФАТВО ВА ИЛМИЙ БАҲСЛАР БЎЙИЧА ЕВРОПА МАЖЛИСИ. Ўн тўртинчи сессия, 23-27 феврал. 2005 йил. Қарор 14\8. “Оиладаги қўполлик ва унинг муолажаси”.
Мажлис оиладаги қўполлик ва унинг муолажаси масаласини ва унга бағишланган илмий тадқиқотларни кўриб чиқди ва қуйидаги хулосаларга келди.
Оиладаги қўполлик дегандан мақсад:
Биринчи: оиладаги қўполлик моддий ва маънавий кучни ношаръий равишда ишга солиб, бошқага озор етказишдан иборатдир.
Иккинчи: Оиладаги қўполлик эрнинг хотинга ва хотиннинг эрга нисбатан, ота-онанинг фарзандларга ва аксинча қўполлик ишлатишини ўз ичига олади. Шунинг-дек, у жисмоний, жинсий, оғзаки, дўқ-пўписа, ижтимоий, фикрий қўполликни ўз ичига олади. Унинг энг хатарли турларидан бири «ор учун ўлдириш»дир.
Учинчи: Оиладаги қўполликнинг сабаблари бўлиб, уларнинг хулосаси қуйидагилардан иборат:
– Диндорликнинг етишмаслиги ва нотўғри тушунча.
– Нотўғри тарбия ва қўпол муҳитда ўсиш.
– Оила ичида ўзаро мулоқот ва маслаҳат маданиятининг етишмаслиги.
– Эр ва хотин орасида турли жабҳаларда, жумладан фикрий жиҳатдан мутаносибликнинг йўқлиги.
– Камбағаллик ва ишсизлик каби яшаш шароитларининг ёмонлиги.
Тўртинчи: Оиладаги қўполлик оқибатида эр ва хотин, болалар ва жамиятга кўпгина хатарли асоратлар етади.
Шу сабабдан мажлис оиладаги қўполликнинг барча тур ва кўринишлари шариат қайтарган нарса эканини таъкидлайди.  Зулм ва озорнинг, ҳаром қилувчи шаръий далиллар эътиборидан қўполликнинг барча турларига яқинлашиш жоиз эмас. Хусусан, раҳм-шафқат, муҳаббат ва сокинлик асосида қуриладиган оилада бу нарсани ишлатиш мутлақо мумкин эмас.
Шу сабабдан мажлис оиладаги қўполликни йўқотиш бўйича Ислом жорий қилган воситаларни яна бир бор таъкидлайди:
1. Диндорлик ва тўғри тарбияни ривожлантириш. Оила ичида ўзаро мулоқот ва маслаҳат маданиятини кучайтириш.
2. Жуфти ҳалолни тўғри асосда танлаш.
3. Зулм, калтаклаш, сўкиш ва хорлашнинг хатарини баён қилишда ваъз ва иршод услубига суяниш.
4. Қўполликни ман қилиш учун икки ҳакам сайлашга ўтиш.
5. Зикр қилинган воситалар наф бермаган чоғда ва эру хотиндан бири қаттиқ туриб олганда талоқ, маҳкама ёки икки ҳакам ҳукми ила ораларидаги никоҳни бузиш.
6. Мажлис мусулмонларга оилада калтаклашдан четда бўлишни тавсия қилади. Зотан, Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам ҳаётлари давомида аёл кишини ҳеч урмаганлар ва «яхшиларингиз зинҳор урмайди», деганлар. 
Қарор 14\9: “Талоқдан сақланиш”.
Мажлис «Талоқдан сақланиш воситалари» борасида тақдим қилинган тадқи-қотларни кўриб, таҳлил қилгандан кейин қуйидагиларга қарор қилди:
Ислом ўзининг оилага хос таълимотлари ва ҳукмларида уни муҳофаза қилишга, унинг бузилиши ва қулашини ман қилишга қаттиқ эътибор қилган. Шунинг учун ҳам эр-хотинлик робитаси мустаҳкам васиқа деб номланган. Ислом агар эр хотинини ёқтирмай қолса ҳам оилавий ҳаётни давом эттиришга тарғиб қилади. Аллоҳ таоло Нисо сурасида: «ва улар ила яхшиликда яшанг. Агар уларни ёқтирмасангиз, шоядки, Аллоҳ сиз ёқтирмаган нарсада кўпгина яхшиликларни қилса» (19-оят), деган.
Шунга биноан мажлис талоқдан сақланиш воситаларидан қуйидагиларни баён қилади:
1. Иймоний томонни, Аллоҳ таолодан қўрқиш ҳиссини, У зот бир тараф иккинчисига зулм ва озор беришини кузатиб туришини англашни кучлантириш. Шунинг учун ҳам, оилага хос оятлар тақвога амр билан якунланган.
2. Эр ва хотин орасидаги муомалада ҳусни хулқ, сабр-бардошга асосланиш.
3. Эр ва хотин иккисидаги руҳий ҳолатларни ҳисобга олиш. Улар иккиси бир-бирига либос, сокинлик, муҳаббат ва раҳмат бўлишлари лозим. Улар бир жондан тарқалганлари юзасидан, икковлари бир-бирларига тақдир, эҳтиром ва шафқат назари билан қарашлари керак.
4. Икки тараф ҳам жуфти ҳалолини танлашда шариатда талаб қилинган сифатларнинг мужассам бўлишига қараб бир-бирини танлаши керак. Никоҳдан олдин шаръий қоидаларга риоя қилган ҳолда бир-бирини кўриш ва суҳбатлашиш каби Ислом эр-хотинликнинг бардавом бўлиши учун жорий қилган воситаларга амал қилиш лозим.
5. Эр ва хотин орасидаги муаммоларни ҳал қилиш бўйича ўзаро мулоқот ва маслаҳат маданиятини йўлга қўйиш керак. Зотан Аллоҳ таоло Қуръони каримда: «Ўзаро рози бўлиб ва маслаҳат қилиб» деган.
6. Икки тараф адолат ва яхшилик асосида бир-бирининг моддий ва маънавий ҳақларини ўз ўрнида адо этишга қатъий равишда амал қилиши керак.
7. Икки тараф ҳам бир-бирини рози қилишга ҳаракатда бўлиши зурур. Шунинг учун ҳам, шариатда жуфти ҳалолини рози қилиш, ораларини ислоҳ қилиш учун воқеликка тўғри келмаса ҳам ёлғон гапиришга рухсат берилган.
8. Ваъз-насиҳат қилиш каби таъсир қиладиган барча воситаларни ишга солиш керак.
9. Эр ва хотин орасини тузатиш учун икки тарафдан биттадан ҳакам сайлаш ишини ҳам йўлга қўйиш керак. Аллоҳ таоло Қуръони каримда: «Агар икковларининг оралари бузилишидан қўрқсангиз, эрнинг аҳлидан бир ҳакам ва хотиннинг аҳлидан бир ҳакам ажратинг. Агар улар ислоҳни ирода қилсалар, Аллоҳ эр-хотиннинг орасини мувофиқлаштиради» (Нисо сураси, 35-оят), деган (Аллоҳ билувчидир).