1. Skip to Menu
  2. Skip to Content
  3. Skip to Footer

Ота оилали ўғлини боқишга мажбурми?

Бир танишимизнинг ёлғиз ўғли оила қурганидан кейин ҳам ҳеч қаерда ишламай, ота-онасига боқиманда бўлиб юрибди. Отаси ишга киришини таклиф этса, “ҳозир иш йўқ, иш топгунимча мени боқиб туришга мажбурсиз” деяётган эмиш. Ота кап-катта ўғлини боқишга мажбурми? Умуман фарзанднинг ота-онада қандай ҳақлари бор?

ЖАВОБ: Исломда фарзандлар зиммасига ота-онани ҳурмат қилиш юклатилгани каби ота-онада ҳам фарзанднинг ҳақлари борлиги тўғрисида таълимотлар келган. Фарзанднинг ота-онадаги ҳаққи Ислом таълимоти бўйича ҳали фарзанд дунёга келмасдан аввал бошланади. Яъни, бўлажак ота ва онанинг бўлажак фарзанди олдида маълум бурчлари бўлади, булар оила қураётган ёш йигит-қизларга тушинтирилади. Ҳар бир ёш инсон, у йигит бўлсин, қиз бўлсин, Ислом таълимотига амал қиладиган бўлса, бўлажак фарзанди ҳаққини оила қуришга тайёргарлик кўришдан бошлаб адо этиш йўлига киради.
Билиб-билмай, фарзанднинг туғилишига, унинг тарбиясига сабаб бўлувчи шахсни танламасдан, кўзига кўринганини олаверган эркак ёки кўзига кўринганига тегиб кетаверадиган аёл фарзандининг ҳаққини адо этмайдиган одамлар ҳисобида бўлади. Фарзандимнинг ҳаққини адо этаман, деган эркак эса фарзандига гўзал, ҳамма тарафдан мукаммал бўлган она танлайди. Аёл бўлса, мана шундай тартибда етук ота танлайди.
Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам ўз ҳадисларидан бирида: «Ўз нутфаларингизга яхши бир жуфтни танланглар, чунки ирқ бир-биридан ўтувчидир», деганлар. Яъни ота-онанинг хусусиятлари, жисмоний, маънавий, руҳий жиҳатлари фарзандга ўтиши, фарзанд ота-онага ўхшаган хислатларга эга бўлган ҳолда туғилиши бу ҳадисда собит бўлган, тажрибада аниқланган ва ҳаммага маълум нарса.
Шунинг учун оила қурилар экан, кишилар боласининг камоли ва тарбиясини ҳам ўйлаб, умр йўлдошининг ахлоқига, инсонийлигига ва бошқа тарафларига қараши керак. Исломда эса келин ёки куёвнинг асосан иймон-эътиқодига, диндорлигига қараш шарт қилиб қўйилган.
Пайғамбаримиз соллалоҳу алайҳи васаллам бу борада: «Қиз боланинг тўрт хислати учун никоҳига қизиқилади: моли учун, жамоли учун, насаби учун ва дини учун, сен диндорини танлагин», деб куёвларига айтганлар.
Айни пайтда куёв танлашда ҳам диндор бўлишини таъкидлаб: «Агар динидан ва хулқидан рози бўлган киши қизингизнинг қўлини сўраб келса, уларни уйлантиринг, агар бу ишни қилмасангиз ер юзида катта фасод иш қилган бўласиз», деганлар.
Тарихдан маълумки, дунёга довруқ сол-ган  алломаларнинг кўплари болалик пайтида оталари ҳаром касб билан топилган бир луқма едирмаган, оналари бетаҳорат эмизмаган. Мана шуларнинг ҳаммаси эътиборга олинганидан, фарзанд йўқлигида унинг қайғусини қилгандан кейин, оила қуриб бирга яшай бошлаганда ҳам инсон, у хоҳ эркак бўлсин ё аёл бўлсин, бўлажак фарзанднинг олдидаги бурчи Аллоҳдан доимий равишда: «Эй Парвардигор, менга солиҳ, соғлом, яхши фарзанд бергин» деб сўраб юриши ва шу маънода шариатда кўрсатилган ишларни қилиб бориши зарур бўлади.
Агар Аллоҳ Ўзи марҳамат кўрсатиб, фарзанд берса, яъни аёл ҳомиладор бўлса, у яхши ният ва истаклар билан ҳалоллик ва покликни яна ҳам кучайтириши лозим бўлади. Ибодат қилиб, бўлажак фарзанднинг иймон-эътиқодини, бахт-саодатини Аллоҳ таолодан сўраб туриши лозим.
Ҳомиладор аёлларга эътибор кучайтирилади, уларнинг жисмоний ва руҳоний ҳолатларини яхшилаш учун уринилади. Бу ҳам бўлажак фарзанднинг ҳаққидаги ҳаракат ҳисобланади. Афсуски кўпчилик бу ишни эътиборсиз қолдиради, лекин Ислом таълимотида мана шу нарсалар бор, уларни яхши билишимиз керак.
Фарзанд туғилганда ота-онанинг аввалги бурчи Аллоҳга шукр қилиш, агар туғилган фарзанд қиз бўлса, хурсандлигини кўпроқ изҳор қилишдир. Чунки Аллоҳ таоло Қуръонда фарзанд беришни зикр қилганда олдин қизларни эслатган. Шу билан бирга ўша оятлар тушаётган пайтда мусулмон бўлмаган тарафларда қиз фарзанд кўришганда ниҳоятда хафа бўлишган ва ҳатто қизларни тириклайин кўмиб юбориш одатларигача етиб боришган.
Ислом бу нарсага қарши ўлароқ, қиз кўрганда ўғилдан кўра кўпроқ хурсанд-чиликни яна ҳам бўрттириб кўрсатишни шариатга киритган. Бу билан қизларнинг ҳаққини ота-онада яна ҳам кўпроқ бўлишини таъминлаган.
Фарзанднинг ота-онадаги ҳақларидан яна бири мазкур фарзанд туғилгани шукронасига ақийқа маросимини қилишдир. Ақийқа ҳар бир боланинг соғ-саломат, тинч-омон ўсишига гаров бўлувчи бир омилдир.
Шундан сўнг боланинг исмини чиройли қўйиш ҳам ота-онанинг бурчларидан, ҳар бир ота-она боласига мусулмонча яхши ном қўйиш мажбуриятидадир. Токи бола катта бўлиб, ақлу ҳушини топганида ўз исмидан уялмайдиган бўлсин ва исм яхши маънони ифодалайдиган бўлсин.
Ота-онанинг фарзанд олдида энг буюк бурчларидан бири фарзандни ҳалол-пок ризқ билан таъминлашдир. Боланинг емоғига ва киймоғига кетадиган ҳар бир сарф-харажатни ҳалол йўл билан топиб сарфлаш лозим. Чунки боланинг ёшлик чоғида унга озуқа бўладиган ҳар бир нарса унинг суяги, қони, эти, руҳининг шаклланишига сабаб бўладиган нарсалардир. Ана шундай пайтда озуқанинг ҳалол бўлиши ўта муҳим нарса ҳисобланади.
Шу билан бирга боланинг ота-онадаги энг улуғ ҳақларидан бири ота-она болани иймон-эътиқод, одоб-аҳлоқ йўлида тарбия қилмоғидир. Тарбия ниҳоятда яхши бўлиши, эътибор билан амалга оширилиши лозим. Ана шу нарсаларга ота-оналар эътибор бериши, болаларнинг ҳаққини адо этиши лозим.
Болаларнинг ота-онадаги ҳақларидан яна бири насабдир. Никоҳнинг асл мақсадларидан бири, оила қуришнинг асл мақсадларидан бири ҳам насабни сақлашдир. Бусиз оила ҳам, жамият ҳам бўлмайди. Фарзанднинг ота-онаси никоҳдан ўтган, ҳалол-пок яшагандагина насаби аниқ ва пок бўлади. Демак, ҳар бир ота-она ўз фарзандини ҳалол-пок насабга мос бўлишини таъминлаш мажбуриятидадир.
Яна шунга ўхшаш нарсалардан биттаси ҳомийлик қилишдир. Ҳар бир бола, у ўғил бўлсин ё қиз бўлсин, етти ёшга киргунича бировнинг ҳимоясига муҳтож. Яъни доимо овқатланиш, кийиниш, ювиниш ва бошқа ҳолатларда катталарнинг ёрдамига муҳтож бўлади, уй ишларини ота-онаси қилиши лозим. Агар Худо кўрсатмасин ота-она йўқ бўлса, бу ишларни яқин қариндошлари амалга ошириши вожиб бўлади.
Ундан кейин болага валийлик қилиш лозим бўлади. Яъни болалар етти ёшдан балоғат ёшига етгунча валийга, ўзидан катта раҳбарга муҳтождирлар. Бу ҳам ота-она тарафидан қилинадиган вазифалардан ҳисобланади.
Нафақа – болаларга кетадиган сарф-харажатларнинг ҳаммасини таъминлаш отанинг бурчидир. Бунга озиқ-овқат, кийим, турар-жой, таълим-тарбия, даволаниш, дам олиш учун кетадиган сарф-харажатлар киради.
Балоғатга етгандан сўнг уйлантириб, оилали қилиб қўйиш ҳам ота-онанинг болалар олдидаги бурчидир. Шундан кейин ота фарзандини боқиш масаласида ихтиёрли, хоҳласа боқади, истамаса йўқ. Мана шу нарсалар амалга ошиб бораётган бўлса, ота-оналар болалари олдидаги бурчларини адо этаётган бўладилар (Аллоҳ билувчидир).