1. Skip to Menu
  2. Skip to Content
  3. Skip to Footer

Қасам ичиб, кейин қайтса бўладими?

Агар хотин эри хафа қилганида жаҳл устида «Сиз топган пулга бундан кейин ҳеч қачон, ҳеч нарса олмайман» деб, Аллоҳ номи билан қасам ичиб қўйса, кейин бундан қайтса бўладими?

ЖАВОБ: Аввало бундай ишларни мутлақо қилмаслик керак. Агар қилган бўлса, қасамида туриш керак. Қасамида турмаса, қасамхўр бўлади. Қасамхўр бўлган шахс эса, каффорат адо этиши лозим бўлади.
Араб тилида «каффорат» сўзи бир нарсани яхшилаб, ҳеч ҳам кўринмайдиган қилиб тўсиб беркитишга айтилади. Шариатда эса, содир этилган гуноҳни ювиш учун адо этиладиган молиявий ёки бадан ибодатига каффорат, дейилади. Ичган қасамини бузишга мажбур бўлган инсон адо этиши вожиб бўлган каффорат қуйидагича:
1. Ўнта мискиннинг қорнини тўйдириш. Мазкур мискинларни тўйдиришдаги ўлчов-каффорат берувчи ўз аҳлига берадиган ўртача таом миқдоридир. Агар каффорат адо этиши лозим бўлган шахс ўн мискинга таом беришни хоҳламаса, иккинчи хил каффораотни адо этиши ҳам мумкин:
2. Ўнта мискинга бир сидра кийим олиб бериш. Кийим ҳам ўша вақтнинг, жойнинг ва қавмнинг ўртача кийими бўлади. Агар бу ҳам ёқмаса, учинчи хил жазо ҳам бор:
3. Бир қул озод қилиш. Қасамини бузган кишига каффораот учун белгиланган жазо чораларидан Ислом дини бева-бечораларга, камбағал-мискинларга қанчалик эътибор билан қарагани очиқ-ойдин кўриниб турибди. Шунингдек, бу мукаммал ва оламшумул диннинг қулчиликка қарши бўлгани ва қулларни озод қилишга қаттиқ урингани ҳам кўриниб турибди. Исломда бу ишлар гуноҳларни ювадиган ибодат даражасига кўтарилгани эътиборга сазовордир.
Оғзига кучи етмайдиган, ўзига эътибор қаратиш ва бир ишни албатта қилиш ёки қилмаслигини таъкидлаш мақсадида Аллоҳ таолонинг номи ила қасам ичиб, сўнгра ўз қасамига содиқ қола олмаган одам аслида Аллоҳга нисбатан катта беодоблик қилган бўлади. Бу ишнинг жазосига бошқачароқ чора ҳам белгилаш мумкин эди. Аммо Аллоҳ таоло айнан фақир-мискин ва қулларга меҳр кўрсатиб, уларнинг фойдасини кўзловчи чораларни белгилаган.
Қасамини бузадиганларнинг ҳаммаси ҳам ўнта мискинни тўйғазиш ёки уларга бир сидра кийим олиб бериш ёхуд бир қул озод қилиш имконига эга бўлавермайди. Уларнинг ичида камбағаллари ҳам бўлиши турган гап. Ана шундай имкони йўқ қасамхўрларга ўзига хос жазо чораси белгиланган:
4. «Ким топа олмаса, бас, уч кун рўза тутсин». Демак, қасамини бузган одам каффоратни адо қилиш учун ўнта мискинни таомлантириш ёки шунча ададдаги мискинга кийим бош олиб бериш ёхуд бир қул озод қилишга молиявий имкони йўқ бўлса, уч кун рўза тутиб бериши вожиб бўлади. Аввалги уч жазо чорасининг ичидан бирини танлаш ихтиёрий бўлиши билан бирга, тўртинчи жазо чорасини адо этишга фақат мазкур уч чорани адо этишга имкони йўқ кишиларгина муяссар бўлади.
Шариатимизда қасамини бузган кишилар учун каффорат адо этишни жорий қилишда аввал зикр қилинган фойдалардан ташқари, тарбиявий омил ҳам бор. Қасамини бузган одамга каффорат адо этишни вожиб қилишда уни ўзига келтириш ва ваъз-насиҳат омили бор. Бир марта каффорат адо этишга мажбур бўлган инсон кейин ҳар гапини яхши ўйлаб гапирадиган ва Аллоҳ таолонинг номи ила қасам ичишдан олдин ўзига бир назар соладиган бўлади. Унинг ҳолини кўрган бошқа кишилар ҳам ибрат олиб, гапларини ўйлаб гапирадиган бўлишади (Аллоҳ билувчидир).