1. Skip to Menu
  2. Skip to Content
  3. Skip to Footer

Ажрашайми ёки сабр қилайми?

Ҳолат шундайки, турмуш қурганимизга олти йил бўлди, икки фарзандимиз бор, иккови ҳам ўғил. Аллоҳ ризқимни кенг қилган, яшашимиз яхши, аммо турмуш ўртоғимдан ҳеч кўнглим тўлмайди. Яъни у фақат мени йўқотиб қўймаслик учун, менинг кўнглим учун ибодат қилади (мен учун ўранади, мен учун намоз ўқийди). Унга тушунтиришнинг деярли барча йўлларини қилиб кўрдим. Турмушимизнинг аввалида фарзанд кўрсак яхши бўлиб кетар, деб ўйлаган эдим, лекин акси бўлиб бормоқда. Уйга ҳам келгим келмайди, уни кўргани кўзим йўк. Умуман унинг дунёқараши жуда тор. Фарзандларимдан кўзим қиймаса-да унинг ўзига ажрашиш ҳақида кўп маротаба айтганман, у эса бунга умуман қарши. Нима қилай, ажрашайми ё умримнинг охиригача сабр қилиб ўтайми? Балки бундан бошқа ҳам йўллари бордир? Саҳобалар ҳаётида ҳам шунга ўхшаш турмушлар бўлганми? 

ЖАВОБ: Бундай ҳолатларда сабр қилганингиз маъқул. Аллоҳ таоло Нисо  сурасида шундай деган: «Ва улар ила яхшиликда яшанг. Агар уларни ёқтирмасангиз, шоядки, Аллоҳ сиз ёқтирмаган нарсада кўпгина яхшиликларни қилса» (19-оят).
Ислом таълимотларига биноан, эр-хотин орасидаги алоқа муҳаббат, севги, раҳм-шафқат ва унсу улфатлик алоқаси бўлиши лозим. Шунинг учун ҳам орага тушган баъзи ноқулай ҳолат туфайли дарҳол бир-бирига зулм қилишга ўтиш керак эмас. Ҳазрати Умар ибн Хаттоб розияллоҳу анҳу хотинига муҳаббати йўқлиги учун уни талоқ қилмоқчи бўлган одамга: «Шўринг қурсин! Оилалар муҳаббат учун қурилганми?! Риоя қани?! Масъулият қани?!» деганлар. Аллома Ибн Касир: «Уларга ширинсуханлик қилинг, яхши муомалада бўлинг, иложи борича кўринишингизни гўзал қилинг», деган.
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Сизларнинг яхшиларингиз – аҳли аёлига яхши бўлганларингиздир. Мен аҳлига яхшиларингизман», деганлар. Пайғамбаримиз алайҳиссалом ўзлари аёлларига гўзал муомалали бўлиб, доимо хурсанд, уларни эркалаган, лутф кўрсатган, нафақаларини кўпайтирган ҳолда яшаганлар.
У зот соллаллоҳу алайҳи васаллам аёллари билан ҳазиллашиб-кулишар эдилар. Ҳатто Оиша онамизнинг кўнгиллари учун у киши билан югуришда мусобақа ҳам қилганлар.
 Инсон ожиз, эртага нима бўлишини билмайди. Шунинг учун ҳам ёқмай қолди, деб хотинига ёмонлик қилишга, уни талоқ қилишга шошилмаслик керак. Чунки: «Шоядки, Аллоҳ сиз ёқтирмаган нарсада кўпгина яхшиликларни қилса». Шоядки, бир муддат ёқмай қолган аёлга кейинчалик меҳр тушиб қолса ёки ундан ажойиб фарзандлар туғилса! Яна бошқа хайр ва баракалар ҳам бўлса! (Аллоҳ билувчидир).