1. Skip to Menu
  2. Skip to Content
  3. Skip to Footer

Уйланмаслик ҳақида нима дейилган?

Бир мусулмон киши “мен уйланмасдан Исломга хизмат қилиб ўтаман” деса бўладими? Бу тўғрида алоҳида кўрсатмалар ҳам борми (айнан уйланмаслик ҳақида?) Савол ўринсиз бўлса, узр.

ЖАВОБ: Ислом никоҳ алоқасини (робитасини) инсоний алоқалар ичидаги энг муқаддас робитага айлантирган. Чунки, бу робита Аллоҳнинг амри ила, Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламнинг суннатлари ила, мўмин-мусулмонларнинг гувоҳлиги ила қуриладиган бир муқаддас алоқадир. Аллоҳ таоло инсон ҳаёти маълум низом асосида, иффат ва поклик асосида, муҳаббат ва севги асосида, ўзаро ишонч ва ҳурмат асосида бўлиши учун никоҳга амр этган. Аллоҳ таоло инсон ҳаётини турли тартибсизлик ва келишмовчиликлардан, ҳаром-ҳаришдан, ифлосликлардан ва уларнинг оқибатидан келиб чиқадиган бало-офатлардан сақлаш учун никоҳга буюрган. Аллоҳ таоло никоҳни барча пайғамбарларининг суннати, азиз-авлиёларнинг одати, инсон зурриётининг боқий қолиши учун, наслининг кўпайиши учун энг яхши васийла қилиб қўйган.
Эркак-аёл ўртасидаги муқаддас робита бўлмиш никоҳ алоқаси туфайли кишилар қуда-анда бўлади, ораларидаги ижтимоий алоқалар ривожланади, дўстлик, меҳрибонлик ришталари мустаҳкамланади. Никоҳ туфайли инсоннинг майли жиловланади, унинг учун хотиржамлик, саодат таъмин этилади. Инсон никоҳ туфайли ўзининг ижтимоий алоқаларида роҳат, таскин топади. Никоҳ туфайли кишилар ўз шарафларини, обрўларини муҳофаза қилишади, обрў-мартабага эга бўлишади.
Никоҳ маданият, аслзодалик, тараққиёт ва илғорлик белгисидир. Никоҳ туфайли инсон ўз иффатини сақлайди ва зино каби ҳаром ишдан ўзини тияди. Шунингдек, никоҳ ёрдамида инсон зоти билан бирга унинг насли-насаби поклиги ҳам сақланиб қолади.
Никоҳ бўлмаса, ким кимдан бўлганини билиб бўлмайдиган ҳолатга келиб қолинади. Никоҳ туфайли оила, деб номланган муҳташам ошён қурилади. Унда эр-хотин, улардан пайдо бўлган ўғил-қизлар, невара-чеваралар бир-бирлари билан муқаддас робита орқали боғланиб яшайдилар. Улар орасидаги қариндошлик алоқалари алоҳида маъно ва мустаҳкамлик касб этган бўлади. Шундай йўл билан оила номли кичик бир жамият пайдо бўлади. Улар бир-бирлари билан қўшилиши оқибатида эса катта жамият юзага келади. Бу борада катта жамиятларни бино деб тасаввур қилсак, оила унинг ғишти ҳисобланади. Ғишт бўлмаса бино тикланмаганидек, оилалар бўлмаса жамиятлар юзага келмаслиги турган гап. Ана шу ғиштлар чиройли бўлса, иморат ҳам чиройли бўлади, ғиштлар пишиқ бўлса, иморат ҳам пишиқ бўлади.
Никоҳнинг, оила қуришнинг бундан бошқа фойдалари ҳам жуда кўп. Шунинг учун ҳам Исломда никоҳга қаттиқ тарғиб қилинган. Имом Шофеъийдан бошқа ҳамма уламолар никоҳни ибодат, дейишган. Улар: Аллоҳ ва Пайғамбар алайҳиссалом амр қилган иш ибодат бўлади, никоҳ айни шундай ишлардандир, дейишган.
Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳадиси шарифларидан бирида: «Ва бирингизнинг жинсий ҳожатида ҳам ажр бор», дейилган. Шунда кишилар: “шаҳватини қондиришда ҳам ажр бўладими?” дейишганида: Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Ўша шаҳватини ҳаромдан қондирганда гуноҳ бўлармиди? Ҳалол йўл билан қондирганда савоб бўлади», деган маънода сўз айтганлар.
Зино хавфи бор вақтда никоҳ ҳаждан олдинги ўринга қўйилади. Имом Табароний ва Ҳокимлар Анас розияллоҳу анҳудан ривоят қилган ҳадисда Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Кимни Аллоҳ солиҳа аёл билан ризқлантирган бўлса, батаҳқиқ, динининг ярмига ёрдам берибди. Энди, иккинчи ярмида Аллоҳга тақво қилсин», деганлар.
Ҳатто Зоҳирий мазҳабидагилар никоҳга тарғиб қилувчи шаръий далилларни ўз одатларича тушунишиб, мўътадил пайтида никоҳ фарз бўлади, дейишган.
Лекин ҳамма далилларни яхшилаб ўрганиб чиққан жумҳур уламолар никоҳнинг шаръий ҳукми ҳақида қуйидагиларни айтишган:
Никоҳда бўлиш шариатга Қуръони карим, Суннати набавия ва Ислом умматининг ижмоъи орқали киргандир:
1. Аллоҳ таоло Қуръони каримнинг бир неча оятларида мўмин-мусулмонларни никоҳда бўлишга, уйланишга, оила қуришга амр этган.
2. Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам ўзларининг кўплаб ҳадиси шарифларида никоҳга тарғиб қилганлар.
3. Ислом уммати, жумҳур уламолар никоҳ зарур нарса эканига доимо иттифоқ қилиб келишган.
Турли кишиларнинг ҳолатига қараб никоҳда бўлишлари ҳукми ҳам турлича бўлади:
1. Вожиб-фарз. Агар бир инсон никоҳли бўлмаса, зинога боришига очиқ-ойдин ишониб етса, никоҳга кетадиган сарф-харажатга эга бўлса, никоҳдаги шеригига зулм қилмасдан ҳаққини адо этишига ишонса, бундай одамга никоҳ вожиб бўлади. Чунки мусулмон кишидан ўз иффатини сақлаш, ҳаром ишдан тийилиш талаб этилади. Ислом шариатида “вожиб нарсани қилиш учун керак бўлган нарсани қилиш ҳам вожибдир” деган қоида бор, ушбу қоидага шу ўринда амал қилинади. Киши ўз иффатини сақлаши, ҳаром ишга бормаслиги вожиб, шу вожибни қилиш учун никоҳ – уйланиш лозим. Демак, у одам учун уйланиш, оила қуриш вожиб бўлади. 
2. Ҳаром. Агар бир инсон никоҳланса, ўзининг никоҳидаги шеригига зулм қилиши ва зарар етказишига очиқ-ойдин ишониб етса, бундай одам учун оила қуриш ҳаром бўлади. Бу ҳолатда Ислом шариатининг “ҳаромга олиб борувчи нарса ҳам ҳаромдир” деган қоидаси ишга тушади. Бировга зулм қилиш, зарар етказиш ҳаром. Ўша зулм ва зарардан иборат ҳаром иш никоҳ туфайли бўлиши аниқ бўлгани учун унга олиб борадиган йўл – никоҳ ҳам ҳаром бўлади.
3. Макруҳ. Агар бир инсон никоҳланса никоҳдаги шериги – жуфти ҳалолига нисбатан ўзидан зулм ва зарар келишидан қўрқса, аммо бунга тўлиқ ишонмаса, бундай одам учун никоҳ макруҳдир.
4. Суннати муаккада. Мўътадил инсон учун, зинодан қўрқмайдиган, оила қурса жуфти ҳалолига зулм қилишдан, зарар етказишдан ҳам қўрқмайдиган киши учун оила қуриш суннати муаккададир. Ушбу ҳолат кишилар орасидаги оммавий ҳолатдир. Ушбу ҳолат, унинг ҳукми оят ва ҳадисларнинг кўплари баён этган ҳолатдир. Никоҳнинг, оилали бўлишнинг суннати муаккада эканига Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг уйланганлари ва никоҳда бардавом бўлганлари, саҳобаи киромлар ва кейинги авлодларнинг бу ишда бардавом бўлганлари далилдир. Ҳанафийлар: бу суннати муаккада вожибга тенг, дейишади. Ким бу ишни қилмаса, тарки суннат қилган бўлади.
5. Мубоҳ. Уйланишга рағбат қилдирувчи нарсалар ҳам, ундан манъ қилувчи нарсалар ҳам бўлмаган ҳолда никоҳ мубоҳ бўлади.
Ушбу зикр қилинган нарсалардан кейин никоҳ – оила қуриш динимиз тарғиб қилган ибодат эканини билиб олдик. Эркакдир, аёлдир, ҳар бир мусулмон шахс оила қуришдек масъулиятли ишга жиддий эътибор бериши лозим. Шу ишга киришишдан олдин оила нима, у нима учун қурилади, оила қайси асосда қурилмоғи кераклигини билиб олгани яхши бўлади. Динга хизмат қилиш учун уйланмаслик шарт эмас. Агар ўйлаб кўриладиган бўлса, динимизга асосан уйланганлар (уйланмаганлар эмас) хизмат қилишган (Аллоҳ билувчидир).