1. Skip to Menu
  2. Skip to Content
  3. Skip to Footer

Уйланмоқчи бўлган қизимни кўришим мумкинми?

Шайх ҳазратлари, Аллоҳ насиб қилса, яқинда яхши оиладан бир қизга уйланмоқчиман. Аммо никоҳгача ўша қизни кўриб, танишишим мумкинми ёки бу шариатга хилоф ишми? Жавобингиз учун олдиндан раҳмат!

ЖАВОБ: Совчи қўйилаётган қизга назар солиш лозим ва лобуддир.
Оиша розияллоҳу анҳодан ривоят қилинади: «Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Мен сени тушимда икки марта кўрганман. Бирдан бир киши сени ипак матога ўраб кўтариб келиб, бу сенинг хотининг, дер эди. Очиб қарасам, сен бўлар эдинг. Мен: агар бу Аллоҳнинг ҳузуридан бўлса, амалга оширади, дер эдим», дедилар» (Имом Бухорий ва Муслим ривоят қилишган).
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг тушларида Оиша онамизни ипак чойшабга ўраб, кўтариб олиб келган киши фаришта Жаброил алайҳиссалом бўлганлар. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг тушлари ҳам ваҳий маъносида бўлади. Шу йўл билан Аллоҳ таоло Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васалламга бўлажак хотинлари Оиша онамизни икки марта кўрсатган. Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам: агар шу тушлар Аллоҳ томонидан бўлса, Аллоҳ уни рўёбга чиқаради, мен Оишага уйланаман, деб ўйлаганлар. Кейинчалик шундай бўлган ҳам. Аллоҳ таоло бу ишни ҳикматсиз қилмаган. Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам Оиша онамизни у кишига уйланишдан олдин икки марта худди ўнгларида кўргандек бўлганлар.
Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Набий соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳузурларида эдим. Бир киши у зотнинг олдиларига келиб ансорийлардан бир аёлга уйланмоқчи эканини хабар қилди. Шунда  Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Унга назар солдингми? дедилар. «Йўқ» деди у. «Бор, унга назар сол! Ансорийларнинг кўзларида бир нарсаси бўлади» дедилар» (Имом Муслим ва Насоий ривоят қилишган).
Бу ҳадисда уйланмоқчи бўлган одам ўзининг бўлажак умр йўлдошига назар солиши, ҳатто кўзидаги фарқни текшириб-англаши ҳам жоизлиги баён қилинмоқда. Уйланувчига шунга ўхшаш маслаҳатлар беришнинг жоизлиги билинмоқда.
Жобир розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Қачон бирингиз бирор аёлга совчи қўймоқчи бўлсангиз, агар унинг никоҳига чорловчи нарсага назар солишга қодир бўлса, шуни қилсин» дедилар» (Имом Абу Довуд, Шофеъий ва Ҳоким ривоят қилишган).
Демак, уйланишдан олдин ўзининг бўлажак умр йўлдошига назар солиш жоиз. Ҳадиснинг давомида саҳобалар бунга амал қилиб, уйланмоқчи бўлган қизларига қандай назар солганлари, уни ёқтириб сўнгра уйланганлари ҳақида сўз кетган. Қуйидаги ҳадис ҳам шу маънода келган: Муғийра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «У киши бир аёлга совчи қўймоқчи бўлганида Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Унга назар сол, чунки бундоқ қилиш иккингиз орангизда бардавомликка керакдир», дедилар» (Насаий ва Термизий ривоят қилган ҳамда «ҳасан» деган).
Демак, шариатда бўлажак турмуш йўлдошига назар солишга ижозат беришнинг ҳикмати бир-бирини ёқтириб, муносиб кўрса, кўнгли тортса, кейин турмуш қуришга ўтиши учундир. Лекин бундай шаклдаги назар солишнинг, бир-бирининг кўришнинг ҳам ўзига яраша одоблари бор:
Аввало, мазкур кўриш-суриштириш унаштирилишдан аввал бўлади. Шунинг учун бу ишда жуда ҳам эҳтиёт бўлиш керак. Кўриш оқибатида турли-туман гап-сўзлар тарқалмаслиги керак. Ҳатто бир-бирини ўзига мос эмас деб топилганда ҳам, ёқмай қолган тарафнинг шаънига тегадиган гап-сўзлар тарқаб, хафа қиладиган бўлмаслиги керак. Ушбу кўришишдан кейин маъқул топилса, унаштирилади, бўлмаса гап-сўзсиз тарк қилиниши керак.
Иккинчидан, мазкур кўришиш, танишиш вакил воситасида ёки шахсий иштирок билан бўлиши мумкин. Имом Аҳмад, Табароний, Ҳоким ва Байҳақий ҳазрати Анас розияллоҳу анҳудан ривоят қилган ҳадисда айтилишича: «Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам Умму Сулаймни ўзлари учун бир аёлни кўриб келишга юборганлар ва: «Товони устидаги пайига қара ва бўйнининг икки томонидан ҳидлаб кўр», деганлар. Бу каби нарсаларни, албатта, аёл киши қила олиши мумкин, холос.
Шунингдек, келинликка намзод куёвни кўриш, уни яқинроқдан таниш учун ўз вакилини юбориши мумкин.
Оила қуриш ниятидаги кишиларнинг бевосита бир-бирлари билан кўришишлари шариат ҳукмига биноан ўтиши керак. Ўзлари хилватда ёлғиз қолишлари мумкин эмас. Маҳрамлардан биронтаси албатта бирга бўлиши керак. Йигит қизнинг юзига, икки қўлига назар солса, кифоя қилади. Ҳанафий мазҳабида, қадамига (оёғига) ҳам, дейилган. Юз жамолнинг ойнаси, ундан кишининг чиройи ҳақида тўлиқ хулоса чиқариб олиш мумкин. Қўлдан эса, баданнинг бошқа қисмлари, ориқ, семизлик каби ҳолатлар тўғрисида хулоса чиқариб олинади. Ҳаракатидан, юриш-туришидан унинг умумий аҳволи, бўйи-басти, қомати, чаққон ёки секинлиги ва ҳоказо ҳолатлари ҳақида тасаввур ҳосил қилиш мумкин. Икки тараф бир-бирини ёқтиргандан кейин унаштириш мумкин бўлади (Аллоҳ билувчидир).