1. Skip to Menu
  2. Skip to Content
  3. Skip to Footer

Жинсий тарбия қандай олиб борилади?

Афсуски, ҳозирги кўпгина ўспирин ва ёшлар Исломга зид бўлган жинсий ҳаётни тарғиб қилувчи филм, телесериал, телекўрсатув, мусиқа, видеоклип, журнал, интернет ва ҳоказолар таъсири остида шаклланишяпти. Албатта биз, мусулмон ота-оналар фарзандларимизни бундай хил таъсирдан имкон борича  чеклашимиз ва асрашимиз шарт. Лекин фарзандларимиз жамоат жойларига (кўча, мактаб ва ҳоказо) кириб борганда мактабдошлар ёки дўстлар орқали бундай таъси рга тушишлари мумкин. Яъни айтмоқчиманки ҳозирги глобал асримизда бу каби «ташвиқот» ҳамма ерда бор ва ота-оналар буни назорат қила олиши  ниҳоятда мушкул. Шундан келиб чиққан ҳолда биз бундай таъсирнинг олдини олиб, фарзандларимизга жинсий одоб ва ахлоқ масалаларига оид исломий таълим ва тарбияни беришимиз зарурми? Зарур бўлса ўзимиз бевоситами ёки билвоситами (масалани исломий китоблар, устозлар орқали) ва фарзандларимизнинг неча ёшидан бошлаб, қандай усул ва тартибда беришимиз керак?

ЖАВОБ: Динимизда жинсий тарбияни болалар жуда ёшлигидан бошлаш тавсия қилинган. Болаларнинг ётоқларини алоҳида қилишни тавсия қилувчи ҳадислар бор. Шу йўл билан уларнинг жинсий майлларининг эрта бузилиши олди олинади. Кейин қиз ва ўғил болаларни алоҳида ўйнатиш ва ўқитиш, аврат масаласини англатиш ва тақво каби омиллар тушунтириб борилади. Шу тариқа сиз айтган нарсаларни кўришни йўққа чиқарувчи маънавий тўсиқ пайдо қилинади. Вояга етганларга эса, китоблар орқали, катталарнинг тушунтиришлари ёрдамида бу масала тушунтирилади. Энг асосийси, ёшларимизга ҳозир Ғарб олами ташвиқ этаётган бузуқ ахлоқнинг мусулмонларга ҳеч қандай дахли йўқлигини, бу нарсалар мусулмонлар ахлоқини бузиш учун атайлаб тарғиб қилинаётганини етказиш лозим (Аллоҳ билувчидир).