1. Skip to Menu
  2. Skip to Content
  3. Skip to Footer

Эр хотинини қандай йўлга солса бўлади?

Кўпинча оилавий можаролар хотиннинг эрга нисбатан итоатсизлигидан келиб чиқади. Ҳадеб хотини билан тортишишдан тўйган эрлар ё хотинини талоқ қилиб қутулади ёки “бутун ҳақ-ҳуқуқлар”ни хотинга топшириб қулоғи тинчийди. Бундай ҳолатларда қандай исломий ечим таклиф этилади?

ЖАВОБ: Аёл кишида эрига нисбатан ҳурматсизлик, итоатсизлик пайдо бўлса, аввал ваъз-насиҳат тавсия этилади. У фойда бермаса, жойни бошқа қилиб ётиш лозим. У ҳам таъсир қилмаса, зарар етказмасдан уришгача рухсат этилган. Эр-хотиннинг ораси бу билан ҳам тузалмаса, эрнинг қариндошларидан бир киши, хотиннинг қариндошларидан ҳам бир киши ҳакам этиб сайланади ва улар эр-хотинни яраштириш чораларини кўрадилар. Бу чора-тадбирларнинг ҳеч бири фойда бермай, эр-хотиннинг бирга яшаши икковларига ҳам чексиз азоб-уқубатга айланиб қолгандагина талоққа рухсат берилади.
Нисо сурасидаги бир неча оятларда оилани тартибга солиш, ҳар кимга ўз ху-сусиятига қараб вазифа белгилаш, вужудга келадиган муаммоларни ҳал қилиш йўллари ҳақида сўз кетади: «Аллоҳ баъзиларини баъзиларидан устун қилгани ва молларидан сарфлаганлари учун эркаклар аёлларга раҳбардирлар. Солиҳа аёллар-итоаткор ва Аллоҳнинг ҳифзи-ҳимояси бўйича ғойиб (эр)ларининг муҳофазасини қилувчилардир. Бош кўтаришларидан хавф қилинган аёлларга ваъз-насиҳат қилинг, ётоқларида ҳижрон қилинг ва уринг. Агар итоат қилсалар, уларга қарши бошқа йўл ахтарманг. Албатта, Аллоҳ юксак мақомли буюк зотдир» (34-оят).
Ҳар бир жамиятга раҳбар лозим. Раҳбари бўлмаган жамиятда тартиб-интизом, тинчлик-омонлик ва хайр-барака бўлмайди. Ислом таълимотлари бўйича, оила энг муҳим жамият бўлиб, катта жамиятнинг асосий пойдевори ҳисобланади. Пойдевори пишиқ иморат мустаҳкам бўлганидек, оилалари аҳил-мустаҳкам бўлган жамиятлар ҳам бақувват бўлади.
Шундай муҳим муассаса бўлган оиланинг раҳбари бўлмаслиги мумкин эмас. Нима учун Исломда оила раҳбарлиги эркакка берилади? Бу саволга юқоридаги ояти каримада шундай жавоб берилади: «Аллоҳ баъзиларини баъзиларидан устун қилгани ва молларидан сарфлаганлари учун эркаклар аёлларга раҳбардирлар».
Демак, оила раҳбарлиги бобида Аллоҳ эркакни аёлдан афзал қилиб яратибди. Дарҳақиқат, эркак киши ўзининг жисмоний тузилиши, ички ва ташқи қиёфаси, асабий, руҳий, нафсоний ва бошқа жиҳатларидан оила раҳбари бўлишга мос яратилган. Бунинг устига, оилани қуриш ва уни тутиб туриш, бу йўлдаги барча сарф-харажатлар ҳам эркак киши зиммасида. У катта меҳнат эвазига топилган молу мулкининг беҳуда кетмаслиги лозимлигини ўйлайди, оилани мустаҳкам ҳолда тутиб туришнинг чора-тадбирларини кўришга мажбур бўлади.
Аллоҳ таоло ҳеч бир ишни беҳикмат қилмайди. Жумладан, эркак  киши оила раҳбари бўлса ва у ўз раҳбарлигини шариатда кўрсатилгандек адо этса, бундай оилалар бахт-саодатга эришмоқда. Бу кўрсатмага юрмаган оилалар эса, бахтсизликка учрамоқда, шундайлардан ташкил топган жамиятлар ҳам кулфат ва бебахтликка дучор бўлмоқда. 
Аммо мусулмон жамиятларда ҳам баъзан бу умумий қоида бузилганини кўрамиз. Эркак раҳбар бўлган оилада ҳам ноқулайликлар юзага келиб туради. Агар шундай бўлаётган бўлса, бу одамларнинг, хусусан, ўзини мусулмон ҳисоблаётганларнинг айби биландир. Афсуски, кўплар ояти каримада кўзда тутилган раҳбарликни қаҳр, жабр ва зулм ўтказишнинг имкони деб тушунадилар.
Аслида, бу раҳбарлик масъулиятдир. Масъулият бўлганида ҳам, улкан масъулиятдир. Ушбу масъулиятга биноан, эркак киши оиланинг, жумладан, аёлнинг ҳомийлигини, боқувини, муҳофазасини адо этмоғи лозим. «Солиҳа аёллар-итоаткор ва Аллоҳнинг ҳифзи-ҳимояси бўйича ғойиб (эр)ларининг муҳофазасини қилувчилардир». Яъни, мўмина, солиҳа аёлларнинг табиатида эрига итоаткорлик бордир. Биз «итоаткорлик» деб таржима қилаётган сўз ояти каримада «қонитатун» лафзи ила келган. Бу сўз ўз иродаси, рағбати ва муҳаббати ила итоат қилиш маъносини англатади.
Демак, мўмина, солиҳа аёлларнинг эрларига итоати ўз масъулиятини тушунган ҳолдан келиб чиққан бўлади. Қўрққанидан, мажбурлашдан ёки бошқа бирор босим-тазйиқдан эмас. Бу итоат ўзини тушунган, ҳаётдаги ўрнини, вазифаси ва масъулиятини ҳис этган гўзал инсоннинг итоатидир.
Мўмина, солиҳа аёлларнинг табиатларидан яна бири – улар: «Аллоҳнинг ҳифзи-ҳимояси бўйича ғойиб (эр)ларининг муҳофазасини қилувчилардир». Яъни, эрлари ёнларида турган пайтлардагина эмас, улар бирор сабаб билан оиладан узоқда (ғойиб) бўлган чоғларида ҳам уларнинг ҳақ-ҳуқуқларини, обрў-эътиборларини муҳофаза қиладилар. Муҳофаза қилишлари ҳавою нафсга мувофиқ  ёки ўз фикрларича, ёхуд эрларининг талабига биноан бўлмайди. Балки бу борада ягона ҳакам, белгилаб берувчи олий томон – Аллоҳ таоло бор. Шунинг учун ҳам оятда «Аллоҳнинг ҳифзи-ҳимояси бўйича», дейилмоқда. Аллоҳнинг ҳифз (муҳофаза) қилишга буюрган нарсаларини ҳимоя қиладилар.
Имом ибн Жарир Табарий ва Ибн Аби Ҳотимлар Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилган ҳадисда Пайғамбаримиз Муҳаммад алайҳиссалом: «Аёлларнинг яхшиси назар солсанг – хурсанд қиладиган, амр қилсанг – итоат этадиган ва ғойиб бўлсанг – сени ўз нафсида ва молингда муҳофаза қиладиганидир», деганлар.
Имом Аҳмад Абдурроҳман ибн Авф розияллоҳу анҳудан ривоят қилган ҳадисда Пайғамбаримиз алайҳиссалом бундай деганлар: «Агар аёл киши беш вақт намозини ўқиса, бир ой рўзасини тутса, фаржини сақласа ва эрига итоат қилса, унга: «Жаннатнинг қайси эшигидан хоҳласанг, киравер», дейилади».
Лекин беш қўл ҳам баробар эмас, баъзи аёллар солиҳалик мақомига лойиқ бўла олишмайди. Ҳаддиларида турмай, эрларига қарши бош кўтариб, беодоблик, итоатсизлик кўрсатишади. Шундай ҳолларда нима қилиш керак?
Уларга ҳолатларига қараб муомала қилинади. Итоатсизлик аломатлари кўриниб, эрни беҳурмат қила бошлаганида, унга ваъз-насиҳат қилинади. Ваъз-насиҳат самара бериб, муносабатлар изга тушиб кетса, айни муддао. Агар фойда бермаса, хотиннинг итоатсизлиги, исёни давом этаверса, бошқа чора кўрилади.
Иккинчи босқичдаги чора ҳижрон, яъни бирга ётмаслик, гаплашмасликдир.  Албатта, ҳижрон ваъз-насиҳатдан кўра анча таъсирлидир. Чунки бу масалада аёллар жуда ҳассос бўлишади. Эрларининг уларга эътиборсизлиги, гаплашмай қўйгани кўзларини каттароқ очишга мажбур этади. Ҳали инсофларини йўқотмаган бўлишса, бу нарса ўзларига келишларига, хатоларини тузатишларига сабаб бўлади.
Аммо бу чора ҳам таъсир қилмаса, аёл буткул инсофини ютиб, итоатсизликда, исёнда давом этаверса, бу унинг яхшилик билан йўлга кирмаслиги аломати. Энди унга нисбатан янада таъсирчанроқ чора, ўзини билмаганларга қилинадиган муомала қўлланилади, яъни, урилади: «Бош кўтаришларидан хавф қилинган аёлларга ваъз-насиҳат қилинг, ётоқларида ҳижрон қилинг ва уринг».
Аммо уриш деганда, қаттиқ калтаклаш, аъзоларини синдириш, бирор жойини кўкартириш ёки бошқа йўллар билан жароҳат етказиш тушунилмаслиги керак. Ўтган аҳли солиҳ уламоларнинг биридан ушбу ояти каримада изн берилган уришнинг маъноси ҳақида сўралганида: мисвок ёки бирор бармоғи билан туртиш, деган эканлар.
Ҳадис китобларида ривоят қилинишича, Муовия ибн Ҳайра ал-Қушайрий розияллоҳу анҳу: «Эй Аллоҳнинг Расули, хотинларимизнинг биздаги ҳақлари нима?» деб сўраганида, Пайғамбар алайҳиссалом: «Агар таом есанг, унга ҳам едирасан, кийим кийсанг, унга ҳам кийдирасан, юзига урма, ёмон сўкма, ташқарида ҳижрон қилма», деганлар.
Бошқа бир ҳадисда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Аллоҳнинг чўриларини урманглар!» деганлар.
Бунга ўхшаш ҳадислар кўп. Кўриниб турибдики, ояти каримадаги уришга бе-рилган изн фақат сиёсат учун, ўзини билмаган аёлларга таъсир ўтказиш учундир.
Аёл киши табиатан аччиғи тез чиқадиган, таъсирчан, шошқалоқ бўлади. Сал нарса баҳонасида эрига нисбатан итоатсизлик ва беодоблик қилиб қўйиши мумкин. Аммо кейин ўзига келиб, итоатга қайтса, уларга қарши чора кўришга зарурат қолмайди. Юқорида саналган чора-тадбирларни ҳам қўллаш шарт бўлмайди.
«Агар итоат қилсалар, уларга қарши бошқа йўл ахтарманг». Бу нарса оилани мустаҳкамлашга омил бўладиган ишдир. Чунки бир-бирига нисбатан кечиримли бўлиш доимо яхшилик омилидир. Агар ким бу кўрсатмаларга юрмаса, ўзидан кўрсин. Чунки: «Албатта, Аллоҳ юксак мақомли ва буюк зотдир».
Мазкур чораларни қўллаш билан оилавий муаммолар батамом ҳал бўлиб қолмайди. Баъзида булар ҳам наф бермаслиги мумкин. Ундай ҳолатда нима қилиш кераклигини  Нисо сурасидаги кейинги оят баён қилади: «Агар икковларининг оралари бузилишидан қўрқсангиз, эрнинг аҳлидан бир ҳакам ва хотиннинг аҳлидан бир ҳакам ажратинг. Агар улар ислоҳни ирода қилсалар, Аллоҳ эр-хотиннинг орасини мувофиқлаштирур. Албатта, Аллоҳ билувчи ва хабардор зотдир» (35-оят).
Бу ояти каримада гап келишмовчилик ҳам эр, ҳам хотин томонидан чиққан пайтида кўриладиган чора ҳақида кетмоқда. Бу ҳолатда оиланинг сирини ташқарига чиқармасдан ҳал этишнинг иложи қолмаган бўлади. Энди бошқалар аралашиб бўлса ҳам оилани сақлаб қолишга уринилади.
«Агар икковларининг оралари бузилишидан қўрқсангиз, эрнинг аҳлидан бир ҳакам ва хотиннинг аҳлидан бир ҳакам ажратинг». Эр ўзи рози бўлган қариндошини, хотин ҳам ўзи рози бўлган бир қариндошини ҳакамликка тайин қиладилар. Розилик кейинчалик ҳакамлар чиқарган ҳукмга ҳам рози бўлишлари учун керак бўлади.
Албатта, ҳакамлар ақлли, тажрибали, турмушнинг пасту баландидан хабардор  кишилар бўлиши лозим. Табиийки, икковлари ҳам Аллоҳдан қўрққан ҳолда, адолатли ҳукм чиқаришга ҳаракат қилишлари керак. Ҳакамларнинг асосий вазифаси эру хотин орасини ислоҳ қилишдир. Шунинг учун ҳам ояти каримада:  «Агар улар ислоҳни ирода қилсалар, Аллоҳ эр-хотиннинг орасини мувофиқлаштирур», деб ҳакамларга ислоҳчилик нисбати берилмоқда.
Худди шу тушунчадан келиб чиқиб баъзи уламолар: «Ҳакамларга  фақат яраштириш – ислоҳ ҳуқуқи берилган», дейдилар. Бошқалари эса, ҳолатни ўргангач, ислоҳ қилишнинг иложи йўқлигига амин бўлишса, эру хотинни ажратиб қўйсалар ҳам ҳақлари бор, шунингдек, уларга тегишли жазо чораларини, молу мулкка оид масалаларни ҳам ҳал қилишади, дейдилар.
Ҳазрати Усмон ибн Аффон вақтларида худди шу ояти каримага амал қилиб иш юритилгани тафсир китобларимизда нақл қилинади: «Ақийл ибн Абу Толиб Фотима бинти Утба ибн Робиъага уйланган эди. Аёл: «Сен менга сабр қилсанг, мен сенга нафақа бераман», деган эди. Эри кўчадан келса: «Утба ибн Робиъа ва Шайба ибн Робиъалар қаерда?» деб сўрарди. Бир куни эри: «Дўзахга кирсанг, сенинг чап томонингда бўлишади», деб жавоб қилди. Хотин кийимларини кийиб, халифа ҳазрати Усмон ҳузурига бориб, бўлган воқеани айтди. Ҳазрати Усмон кулдилар-да, Абдуллоҳ ибн Аббос билан Муовия ибн Абу Суфёнларни чақириб ҳакам этиб тайинладилар ва уларга: «Агар яраштиришни истасангиз – яраштиринг, ажратишни истасангиз – ажратинглар», дедилар.
Албатта, ҳакамлар ўзларининг инсоний чекланган илмлар ва имконлари доирасида ҳукм чиқарадилар. Қолгани эса, ҳар бир нарсани ўзининг чексиз илми ила билувчи ва ҳар бир ишдан хабардор Аллоҳ таолонинг Ўзига ҳавола. «Албатта, Аллоҳ билувчи ва хабардор зотдир». Юқоридаги шу оятларни далил қилиб замонамиз уламолари ҳам талоқнинг олдини олиш учун ўз тавсияларини тартибга солишган (Аллоҳ билувчидир).