1. Skip to Menu
  2. Skip to Content
  3. Skip to Footer

Қандай келинни танлаган маъқул?

Ҳар бир киши турмуш қуриш арафасида ўзимга мос, эсли-ҳушли, одобли қиз билан ҳаётимни қурсам, деб орзу қилади. Лекин камдан-кам оилаларда чинакам бахтли, осуда турмушни кузатиш мумкин. Мен ҳам яқинда уйланмоқчиман. Кейин афсусда қолмаслик, жанжал-можароларга учрамаслик учун қандай қизни хотинликка танлаганим маъқул? Бу борада маслаҳат берсанглар.

ЖАВОБ: Шунинг учун ҳам, келин танлашда жуда эҳтиёт бўлиш керак. Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг кўрсатмаларига амал қилиш керак. Бошқа кўрсатмаларга амал қиламан деб, эркаклар учун дунёдаги энг зарарли фитнага учраб қолмаслик керак.
Ибн Аббос розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Бир киши Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳузурларига келиб: «Аёлим қўл узатувчининг қўлини ман қилмайди», деди. «Уни ўзингдан узоқлаштир», дедилар. «Нафсим унга эргашишидан хавф қиламан», деди. «Ундан фойдаланиб юр», дедилар у зот» (Абу Довуд ва Насаий ривоят қилган).
Ушбу ҳадисдаги, «аёлим қўл узатувчининг қўлини ман қилмайди», деган жумла эркаклардан ўзини олиб қочмайди ёки мол-мулкни ҳаддан ташқари исроф қилади, деб икки хил таъвил қилинган. Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам бундай хотинни талоқ қилиб юборишни маслаҳат берганлар. Лекин, эр хотинини талоқ қилса ундан кўнгил уза олмай, ўзи қийналишини баён қилган. Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам: ундай бўлса ундан фойдаланиб юравер, деганлар. Шундан “қўлни ман қилмаслик” дегани мол-мулкни исроф қилиш маъносида экани келиб чиқади. Чунки Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам эркак кишининг қўлини қайтармайдиган аёл билан бирга яшайверишни маслаҳат беришлари мумкин эмас.
Муносиб келин ҳақида келган ҳадиси шарифларни ўрганганимиздан кейин хулоса қилиб айтадиган бўлсак, Ислом дини уйланишдан олдин умр йўлдошини танлашга алоҳида эътибор беришга чақирган экан. Чунки, шу йўл билангина оиланинг пойдевори мустаҳкамланган бўлади. Шу йўл билан оила қуришдан кўзланган софлик, унс-улфат, бахт-саодат ва хотиржамликка эришиш эшиги очилади. Умр йўлдошини танлашда эса, унинг сифатлари ичида диндорлик, солиҳалик, одоб-ахлоқ ва мустақимликка биринчи ўрин берилиши керак экан.
Чунки никоҳ ва оила қуриш умр савдоси. Бир умрга керак нарса. Диндорлик умр ўтиши билан қувватланиб борадиган нарса. Одоб-ахлоқ, солиҳлик умр ўтиши билан сайқаллашиб, зиёдалашиб борадиган нарса. Ушбу соҳибига доимо йўлдош ва доимий яхшилик келтирувчи сифатларга эга бўлган умр йўлдошини танлаш оила қуришдаги энг муҳим омиллардан бири ҳисобланади. Бошқа сифатлар эса вақтинчалик ва кибру ҳаво ҳамда ғурурга сабаб бўлувчи сифатлардир.
Шунинг учун ҳам Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг Имом Ибн Можа, Баззор ва Байҳақийлар ривоят қилган ҳадисларида: «Аёлларни ҳуснлари учун никоҳингизга олманг, эҳтимол у (ҳусн) умрни ҳалок қилар. Ва уларни моли учун ҳам никоҳингизга олманг, эҳтимол у (мол) уларни туғёнга кетказар. Уларни дин учун никоҳингизга олинг. Албатта, қора, хунук чўри бўлса ҳам, афзалдир», деганлар. Мусулмон киши ўзига яхши умр йўлдоши танлар экан, оиласини мустаҳкам бўлиши, оила аъзоларининг бахтиёр бўлиши билан бирга бўлажак фарзандлар ва уларни муносиб мусулмонлар қилиб ўстиришни ҳам кўзда тутиши керак.
Уламоларимиз барча ҳужжат ва далилларни ўрганиб чиқиб ҳамда бошқа омилларни ҳисобга олиб, муносиб келин танлашда қуйидаги нарсаларга эътибор берилиши кераклигини таъкидлаганлар: 1. Диндорлик. 2. Серфарзандлик (бу сифат қариндош-уруғ аёлларга қараб билинади). 3. Аввал турмуш қурмаган бўлиши. 4. Диндор ва қаноатли оиладан бўлиши. 5. Ҳасаби-насаби яхши бўлиши. 6. Ҳуснли бўлиши (чунки эрнинг кўнгли тўқ бўлади, муҳаббат қўяди, бошқаларга қарамайди). 7. Қариндошлардан бўлмаслиги. Қариндошга уйланса, болалари заифҳол бўлиш эҳтимоли кучли. Яна, Аллоҳ кўрсатмасин, келишмовчилик бўлиб қолса, қариндошлик алоқаларига путур етиши ҳам мумкин. Бегонадан бўлса, болалар заифҳол бўлмайди. Куёв келиннинг баҳонаси билан уларнинг қариндош-уруғлари ҳам қуда-анда бўладилар, ижтимоий алоқалар ривожланади. 8. Бир хотиндан зиёда қилмаслик. Чунки, кўпхотинликнинг машмашаси ҳам кўп. Шартларини бажо қилиш ҳам қийин (Аллоҳ билувчидир).