1. Skip to Menu
  2. Skip to Content
  3. Skip to Footer

Қизнинг розилиги шарт эмасми?

 Бир киши қизини дўстининг ўғлига беришни аҳд қилган. Қиз мўмина бўлиб, бир солиҳ йигит билан турмуш қурмоқчи экан. Ота қизнинг кўнглига қарамай, дўстимнинг ўғлига тегмасанг, сени оқ қиламан, деди. Қиз рози бўлди. Шундай вақтда отага қулоқ солиши керакми? Отанинг оқ қилиши тўғрими ёки нотўғрими?

ЖАВОБ: Бу саволингизга жавоб тариқасида қуйидаги ҳадисни келтириш мумкин: Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Жувон аёлдан маслаҳат сўрамай туриб у никоҳланмайди. Қиз боладан изн олинмай туриб у никоҳланмайди», дедилар. «Эй Аллоҳнинг Расули, изни қандай бўлади?» дейишди. У зот «Сукут сақламоғи», дедилар» (Имом Бухорий, Муслим, Абу Довуд, Термизий, Насоийлар ривоят қилишган). Бошқа бир ривоятда: «Жувон хотин ўз нафсига валийсидан кўра ҳукмлироқ. Қиз боладан эса, изн сўралади. Унинг изни сукутидир», дейилган.
Бу ҳадиси шарифда никоҳ масаласида қиз ва аёлларнинг розилиги шарт экани, эркаклар, яъни оталар, акалар ва бошқалар уларни бирор кишига турмушга чиқишларини сўраб совчи келганида ўзлари жавоб бериб юбормай, маслаҳат қилиб розиликларини олишлари кераклиги баён қилинмоқда.
Замонлар ўзгармай, ишлар тескарисига айланмай туриб нафақат мусулмонларда, балки дунёнинг барча халқларида бир қизга совчилик қилиш оила бошлиғи бўлмиш отага гап очиш, ундан розилик сўраш билан бўлган. Оддий инсоний одоб-ахлоқ, халқларнинг урф-одатлари шуни тақозо қилган ва қилади ҳам. Ислом дини оталарга ёки уларнинг ўрнига қолган валийларга қизнинг ўзидан розилик сўрашни тавсия қилади. Чунки  ҳолат ўзи шуни тақозо қилади. Ўзининг илмисиз, розилигисиз бировни эрга бериб юбориш тўғри эмас.
Агар эрга тегиши ҳақида сўз кетаётган шахс эрдан ажраган жувон бўлса, у ўз розилигини очиқ-ойдин айтиши шарт. Чунки у оила кўрган, эркак киши билан муносабатда бўлган, никоҳ масалаларида тажрибага эга, бундай гапларни гаплашиб юрган. Энди очиқ маслаҳатлашишдан уялмайди ҳам.
Маслаҳат қиз боланинг турмушга чиқиши ҳақида бўлаётган бўлса, бир оз бошқача йўл тутилади. Агар у очиқ жавоб берса, ўзининг иши, ўша жавобига қараб иш қилинади. Аммо индамаса, сукут розилик аломати бўлади. Муслима қизлар одоб-ахлоқ, ҳаё, эҳтиром доирасида тарбия топганлари туфайли ўз отаси, яқинлари билан ўз никоҳи тўғрисида уялиб, индамаган бўлади. Шунинг учун қиз боланинг уялиб индамагани унинг розилиги ҳисобланади.
Лекин индамаслигига норозилик аломатлари қўшилса, бундай сукутни розилик, деб бўлмайди. Бундай ҳолларда оналарни ишга солиш яхшироқ бўлади. Зотан жорий одатлар ҳам шунга айланиб қолган.
Имом Абу Довуд ривоят қилган ҳадисда Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Аёлларни қизлари ҳақидаги ишга таклиф қилинглар», деганлар. Яна ўша кишидан ривоят қилинади: «Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Етим қиздан ўзи ҳақида изн сўралади. Агар сукут сақласа, ўша унинг изни бўлади. Агар бош тортса, уни мажбур қилинмайди», дедилар» («Сунан» эгалари ривоят қилишган).
“Етим қизлар” деганда отаси ва валий бўладиган қариндошлари йўқ бўлгани туфайли бошқа бир одамнинг тарбиясида ўсган қизлар тушунилади. Одатда бундай қизларни ўзларидан сўраб-сўрамай эрга бериб юбориш одатий ҳол бўлган. Аммо хоҳ етим бўлсин, хоҳ етим бўлмасин, қизларни мажбур қилиб эрга бериш шариатга мутлақо хилоф эканини мана шу ривоятлардан кўриб турибмиз. Бундай қилиш катта зулм ҳисобланади.
Ислом ҳукмларидан бехабар кишилар қизларга Аллоҳ томонидан берилган ушбу ҳақни поймол қилиб келишган. Улар қизларнинг розилигини сўрамай, норози бўлишса, уриб-сўкиб ҳам эрга беришган. Бу эса, Ислом душманлари томонидан доимо динимизга айб этиб қўйилган. “Мусулмонман” деб юрганларнинг бундай ношаръий ишлари ўзларига гуноҳ бўлиши билан бирга, динимиз душманлари тегирмонига сув ҳам қуйишини эсдан чиқармаслик керак бўлади.
Хансаъ бинти Хизом ал-Ансория розияллоҳу анҳодан ривоят қилинади: «У кишини жувон ҳолида отаси сўрамай эрга берди. Бу унга ёқмай Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳузурларига келди. Шунда у зот у(ота)нинг никоҳини рад этдилар» (Имом Бухорий ва Абу Довуд ривоят қилишган).
Демак, жувон аёлни ўзидан сўрамай ёки мажбур қилиб бировнинг никоҳига бериб бўлмайди. Ислом дини бундай вақтда ўша аёлга қозига арз қилиш ҳақини беради. Арз қилинган чоғида эса қози ундоқ никоҳни бузиш ҳақида ҳукм чиқаради. Изн сўрамай никоҳлаган чоғида, иш аёлнинг розилигига боғлиқ бўлиб қолади. У “розиман” десагина никоҳ никоҳ бўлади., бўлмаса бузилади.
Бир бокира қиз Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳузурларига келиб, отаси уни эрга берганини, у эса ёқтирмаётганини зикр қилди. Шунда Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам ихтиёрни ўша қизга бердилар» (Имом Абу Довуд ва Аҳмад ривоят қилишган). Яъни, ўша қиз никоҳда қолишни ирода қилса, никоҳ ақди кучга киради, бўлмаса йўқ.
Бу Исломда аёл-қизларнинг эрки, ҳақ-ҳуқуқларига қанчалик риоя қилинишини кўрсатади. Зотан, шу ҳукмдан бошқаси тўғри ҳам эмас. Чунки никоҳ – умр савдоси, кўнгил масаласи. Кўнглига ёқмаган одам билан бир ёстиққа бош қўйиб, умр бўйи яшаш осон бўлибдими? Одатда эркаклар аввал ўзлари рози, талабгор бўлиб совчи қўйганларидан уларнинг розилиги ҳақида ривоятлар келмаган. Розилик ҳақида асосан аёл-қизлар ҳақидаги ривоятлар келган. Бу ҳаёт тақозосидир (Аллоҳ билувчидир).