1. Skip to Menu
  2. Skip to Content
  3. Skip to Footer

Ўз-ўзидан талоқ тушиши мумкинми?

Дугонам турмуш ўртоғининг яқинлик қилишга қодир эмаслиги ва қайнонасининг зулмларига чидай олмай йигирма бир кунда қонунан ажрашди. Қиз эрининг ожизлигига кўниб яшамоқчи ҳам эди, лекин қайнонаси уни беҳуда нарсалар учун азоблайверди. Ҳатто ўғлининг ожизлигини билатуриб, келинни маҳалла олдида айблаган. Қиз охири сиқилишлар сабабли касалхонага оғир аҳволда келтирилган. Шундан кейин қизнинг отаси судга ариза бериб, ажраштириб олган. Лекин эри талоқ бермайман, деб туриб олди. Ҳозир уларнинг ажрашишганига бир йилдан ошган. Бу ҳолатда уларнинг шаръий никоҳи ҳам бузилган ҳисобланадими? Яъни бу ҳолатда талоқ ўз-ўзидан тушиши мумкинми?

ЖАВОБ: Талоқ ўз-ўзидан тушмайди. Бундай ҳолатларда хотин ариза бериб, ажрашиш ҳуқуқига эга. Бу нарса шариатда «хулуъ» дейилади. «Хулуъ» сўзи луғатда «кийим ечиш» маъносида кўпроқ ишлатилади. Шариатда эса хотин кишининг арз қилиб, бир нарса бериб эри билан ажрашишига “хулуъ” дейилади. Чунки эр-хотин Қуръон таъбири билан бир-бирига кийим ўрнида бўлади. Аллоҳ таоло  Бақара сурасида: «Бас, агар иковларининг Аллоҳнинг чегараларида тура олмаслигидан қўрсангиз, хотин берган эвазда икковларига гуноҳ йўқдир. Ушбулар Аллоҳнинг чегараларидадир. Бас, улардан тажовуз қилманг» (229-оят), деган.
Ушбу ояти карима асосида Ислом шариатида хулуъ ҳукми жорий қилинган. Эр-хотин бирга яшаш иложи қолмаса, агар бирга турсалар, гуноҳ иш содир бўлиши муқаррар бўлиб қолса, хотин ажрашишни истаб эрига фидя (тўлов) бериб, уни рози қилган ҳолда ажрашиб кетса бўлади.
Бу масалада «Мухтасари Виқоя»нинг соҳиблари қуйидагиларни айтади: “Ҳожат тушганда маҳрга яроқли нарса эвазига хулуъ қилса бўлади. Бунга ҳозиргина ўрганган оятимиз ва қуйидаги ҳадиси шариф далилдир. Ибн Аббос розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Собит ибн Қайснинг хотини Набий соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳузурларига келиб: «Эй Аллоҳнинг Расули, мен унга хулқда ҳам, динда ҳам бирор айб қўя олмайман, лекин Исломда куфрон бўлишини ёқтирмайман», деди. Шунда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Унга боғини қайтариб берасанми?» дедилар. «Ҳа», деди аёл. «Боғни қабул қилиб ол-да, уни бир талоқ қил», дедилар» (Имом Бухорий ва Насоий ривоят қилишган).
Собит ибн Қайс розияллоҳу анҳу Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламнинг айтганларини қилди ва шу тариқа Исломда биринчи хулуъ собит бўлди. Хулуъ боин талоқдир. Чунки Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам хулуъни бир боин талоқ ҳисоблаганлар.
Аёлга бадалини бермоқ вожиб бўлади. Яъни, эридан хулуъ қилаётган аёлга хулуънинг бадалини эрига бериш вожиб бўлади. Эрга, агар айб ўзида бўлса, бадални олиш, агар айб аёлда бўлса, ортиғини олиш макруҳдир. Яъни, эр ўзининг айби билан хотинни хулуҳ қилишга олиб келган ва хулуҳ эвазига хотин маҳрнинг бадалини қайтариб бераётган бўлса, уни олиш эрга макруҳдир. Аммо айб хотинда бўлса ва у маҳр бадали устига ортиғини ҳам бераётган бўлса, эрга ўша ортиғини олиш макруҳ бўлади. Собит ибн Қайс розияллоҳу анҳу Жамила розияллоҳу анҳога бир боғни маҳр қилиб берган эди. Собит розияллоҳу анҳу ўзлари одобли, диндор бўлсалар ҳам чиройли эмас эканлар. Шунинг учун хотинлари Жамилага ёқмаганлар.
Бошқа ривоятларда зикр қилинишича, Жамила розияллоҳу анҳо Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламга “Бир куни пардани кўтариб кўчага қарасам, у бир гуруҳ одамлар билан келаётган экан, ичларида ундан кўримсизи, ундан хунуги йўқ экан”, деган. Шунинг учун у куфрони аҳшир, яъни эрга итоатсизлик бўлишдан қўрққан. Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам Жамиланинг ажраш истагини Собитга айтганларида у: «Эй Аллоҳнинг Расули, мен унга энг яхши молимни, яъни боғимни маҳр қилиб берган эдим”, деган. Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам Жамила розияллоҳу анҳога «Унга боғини қайтариб берасанми?» деганлар. Бу савол жавобига Жамила розияллоҳу анҳо: «Ҳа, устига бошқа нарса ҳам бераман», деган. «Зиёданинг кераги йўқ», деганлар Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам.
Маҳр бўлиши жоиз нарсани хулуъга берса ҳам бўлади. Уламоларимиз хулуънинг миқдори ўша аёлга берилган маҳрдан ортиқ бўлмагани маъқул, дейишади.
Хулуъ Исломда аёл киши учун эрдан ажрашишга очиб берилган йўлдир. Эр ажрашишни хоҳласа, талоқ қилади. Хотин ажрашишни хоҳласа, қозига арз қилиб хулуъ қилади.
Агар мол эвазига ёки мол бериш шарти билан талоқ қилса-ю, аёл қабул қилса, боин талоқ тушади. Хамр ва тўнғиз эвазига бўлса, эрга ҳеч нарса лозим бўлмайди. Хулуъда боин, талоқда ражъий тушади. «Сени минг тилло эвазига талоқ қилдим” деганда ёки «Сени минг тилло бериш шарти билан талоқ қилдим” деганда хотин шартни қабул қилдим, деса, орага бир боин талоқ тушади. Чунки икки ҳолатда ҳам талоқ хотиннинг қабулига боғлиқдир.
Хамр ва тўнғиз мусулмон киши учун қийматга эга мол эмас, шунинг учун уларни бериши ҳам лозим бўлмайди. Буларга ўлимтик ва ҳур инсон кабилар ҳам киради. Ана шу пайтда хулуъда боин, талоқда ражъий тушади. Чунки бериладиган эваз ботил бўлганидан сўнг лафзларга эътибор қилиш керак бўлади. Хулуъ боин талоқни, талоқ эса ражъийни тақозо қилади.
Агар аёл мингнинг эвазига уч талоқни сўрасаю, эр бир талоқ қўйса, бир боин талоқ тушади ва мингнинг учдан бири лозим бўлади. Минг бериш шарти билан бўлганда, Абу Ҳанифанинг наздида, бир ражъий талоқ тушади ва ҳеч нарса бериш лозим бўлмайди. Араб тилида эваз билан шартнинг орасида катта фарқ бўлади.  Шунинг учун, бу икки маъно ишлатилганда ҳукмлар икки хил бўлади. Хулуъ аёлнинг ҳақида эваз олди-бердиси ҳисобланади. У мажлис билан чегараланади. Шунинг учун у айтганида қайтиши ва ихтиёр қилиш шарти тўғри бўлади.  
Хулуъ қилишни хоҳлаган аёл мол бериши лозим бўлгани учун бу иш унинг учун савдога ўхшаш нарсага айланиб қолади. Хулуъ масаласини ўша мажлиснинг ўзида ҳал қилиши лозим.  Ундан кейинга қолдиришга ҳақи йўқ. Шунинг учун, у хулуъни таклиф қилганидан кейин эр қабул қилишидан олдин гапини қайтариб олишга ҳақлидир. Эр «минг тилло бериш шарти билан сен талоқсан» деганида аёл қабул қилдим, деса, унинг уч кунгача ихтиёр ҳақи собит бўлади. Бу муддат ичида эр талоқни қайтариб олса, талоқ ботил бўлади. Аёл талоқни ихтиёр қилса, талоқ тушади ва эрга минг тилло бериш вожиб бўлади.
Хулуъ эрнинг ҳақида қасамдир. Шунинг учун, ҳукмлар аксинча бўлади. Яъни, қайтиши мумкин эмас ва унга ихтиёр ҳақи ҳам берилмайди. Масалани ўша мажлиснинг ўзида ҳал қилмасдан кейинга қолдирса ҳам бўлади. Бошқа ҳукмларда ҳам шундай йўл тутилади (Аллоҳ билувчидир).