1. Skip to Menu
  2. Skip to Content
  3. Skip to Footer

Никоҳ ўзича боғланаверадими?

Бир биродаримиз икки ёш ўртасида бир-бирига қалбан, ҳеч қандай номақбул ниятларсиз, чин меҳр муҳаббат уйғониши билан шаръий удумларсиз ҳам никоҳ тўғридан-тўғри  боғланади, аммо бу каби никоҳ одобсизлик саналмаслиги  учун шаръий қоидаларга амал қилиниши лозим, деб айтганди. Шу масалага қандай маслаҳат берасиз? Қалбларнинг бир-бирига меҳр-муҳаббат уйғониши билан никоҳ тузиладими? 

ЖАВОБ: Биродарингизнинг гапи ғирт ёлғон ва аҳмоқликдир! Ҳар кимларнинг ўзининг хомхаёлига келган нарсани гапириб юриши шариат эмас! Шариат Аллоҳнинг ҳукмидир!
«Никоҳ» луғатда «қўшилиш», «жамланиш», «яқинлашиш» маъноларини англатади. Шариатда эса, никоҳ бир боғланиш бўлиб, у туфайли икки боғланувчига бир-биридан шаръий асосда қасдан ҳузурланишни ҳалол қилишдир. Ҳанафий мазҳабининг таърифида эса, никоҳ бир боғланиш бўлиб, у туфайли қасдан ҳузурланиш, яъни, эр кишининг никоҳида шаръий монеъ бўлмаган аёл кишидан ҳузур олишини ҳалол қилишдир. Таърифдаги «аёл» сўзи билан аёл кишидан бошқа билан никоҳ боғланиши мумкин эмаслиги, яъни, никоҳ боғланиши фақат бир эркак ва бир аёл орасида бўлиши мумкинлиги келиб чиқади. «Никоҳида шаръий монеъ бўлмаган» деганидан шариат никоҳини ҳаром қилган аёлни никоҳлаб бўлмаслиги чиқади. Мисол учун, бутпараст аёлга, маҳрам – яқин қариндош аёлга уйланиб бўлмайди.
Никоҳнинг шариатга киритилишига далил Қуръон, Суннат ва Ижмоъ орқали собит бўлган. Никоҳнинг тугуни “ийжоб” ва “қабул” билан боғланади. «Ийжоб» никоҳ ақдида иштирок этадиган икки томоннинг биридан шу масалада аввал содир бўладиган нарса, «қабул» эса иккинчи ўринда содир бўлган нарсадир. Мисол учун, бир эркак аёл кишига: «Менга хотин бўлишга розимисан?» деса, «ийжоб» бўлади. Аёл унга: «Розиман» деб жавоб берса, «қабул» бўлади. Ёки аксинча бўлиши ҳам мумкин. Валийлар ёки вакиллар орқали ҳам «ийжоб-қабул» бўлиши мумкин. Ҳанафий мазҳабида фақат ийжоб ва қабулгина никоҳнинг рукни ҳисобланади.
Ийжоб ва қабулда ишлатилган иборалар абадийликни ифода қилиши шарт. Вақтинчаликни ифода қилса, бўлмайди. Вақтини тайин қилиб, фалон ойга, фалон йилга никоҳландик, дейилса, никоҳ ботил бўлади. Шунинг учун ҳам муваққат никоҳ ва мутъа никоҳи ҳаром бўлади.
Уларнинг лафзи «завважту – «никоҳланишга рози бўлдим» ва «тазавважту – никоҳландим» каби ўтган замон феъли ёки «заввижни – «менга никоҳланишга рози бўл» деганда, «никоҳландим» дейиш каби буйруқ ва ўтган замон феъли билан ифода этилади. Ёки бир тараф никоҳ рағбатини билдирганда иккинчи тараф «қабул қилдим» деса ҳам бўлади. Икки тараф бунинг маъносини билмасалар ҳам, бари бир. Умуман арабчани билмайдиган одамлар ийжоб ва қабул лафзларини ўз тилларида ифода қилишлари мумкин.
Никоҳ ақди никоҳ, уйланиш ва бир нарсани ўша вақтнинг ўзида мулк қилиб беришни англатиш учун ишлатиладиган лафзлар билан тўғри бўлади. «Никоҳ» ва «уйланиш» маънолари Қуръонда келгани учун мазкур икки лафзни ишлатиш афзалдир. Аммо «мулк», «ҳиба», «садақа» каби ўша вақтнинг ўзида мулк қилиб беришни англатувчи сўзлар турли сабабларга кўра ишлатилиб қолса ҳам, никоҳ дуруст бўлаверади. Одатда, «никоҳ» ва «уйланиш» лафзлари ишлатилиши ҳаммага маълум ва машҳур. Ақд пайтида мулк қилиб беришни англатмайдиган «ижара», «ҳузурланиш», «гаров» каби сўзлар билан ақди никоҳ собит бўлмаслигига барча фуқаҳолар иттифоқ қилганлар.
Икковлари бир-бирининг лафзини эшитмоқлари ва икки мукаллаф мусулмон ҳур эркак ёки бир ҳур эркак ва икки ҳур аёл ҳозир бўлиб, биргаликда иккисининг лафзларини эшитмоқлари шартдир. Келин-куёв бир-бирларининг ийжоб ва қабул ҳақидаги лафзларини эшитмоқлари шарт. Чунки, овози эшитилмаган шахс ғойиб шахс билан баробардир. Шунингдек, куёв келиннинг ийжоб ва қабул ҳақидаги лафзларини ҳозир бўлган гувоҳлар ҳам эшитмоқлари шарт.
Оиша розияллоҳу анҳодан ривоят қилинади: «Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Валийсиз ва икки одил гувоҳсиз никоҳ йўқдир», дедилар» (Аҳмад ва Байҳақий ривоят қилишган).
Валийни Ҳанафий мазҳаби никоҳнинг шартларидан бири деса ҳам, бошқа мазҳаблар никоҳнинг рукнларидан бири, деган. Шунга биноан, «валий» никоҳнинг тўғри бўлиши унга боғлиқ шахс бўлади. Одатда ота ёки унинг ўрнига қолган шахс валий бўлади. Валийлар тартиби, ота йўқ бўлса, бобо, туғишган ака-ука, ота бир ака-ука, она бир ака-ука, амаки бўлиб кетаверади. Ҳанафий мазҳабида, одам танлашни билмайдиган, алданиб қоладиган киши ҳам валий бўлмайди, дейилган. Валий никоҳда ўзининг ўрнига вакил тайин қилиши жоиздир.
Ушбу ҳадисда зикр қилинган нарсалардан бири – икки адолатли гувоҳсиз никоҳ бўлмаслигидир. Шоҳид (гувоҳ)сиз никоҳ бўлмайди. Ана шу гувоҳлар икки шахснинг ҳалол-пок йўл, никоҳ йўли билан оилавий турмуш қуришганига шоҳид бўладилар. Бошқа кишиларга ҳам буни етказадилар. Шунингдек, эру хотин орасида никоҳ масаласида даъволашув бўлиб қолса, қозининг олдида гувоҳлик ҳам берадилар. Ушбу эътиборлардан никоҳ гувоҳсиз бўлиши мумкин эмас.
Никоҳда гувоҳлар икки эр киши, Ҳанафий мазҳабида икки эр киши бўлмаса, бир эр киши, икки аёл киши бўлса ҳам, бўлаверади. Фақат аёл кишиларнинг ёлғиз ўзларининг гувоҳлиги  кифоя қилмайди.
Гувоҳларда қуйидаги шартлар бўлиши лозим:
1. Ақл. Мажнун киши гувоҳ ҳисобланмайди.
2. Балоғатга етганлик. Ёш бола гувоҳ ҳисобланмайди.
3. Ҳур. Қул гувоҳ бўлмаган.
4. Мусулмонлик. Мусулмон эмас киши гувоҳ бўлмайди.
5. Икки гувоҳ ҳам никоҳланувчи икки томоннинг гапларини эшитиши керак.
6. Гувоҳ адолатли–диний жиҳатдан тўлиқ одам бўлса яхши бўлади. Бўлмаса, адолати суриштирилмаган, ёлғончилиги, фосиқлиги маълум бўлмаган киши ҳам бўлаверади. Ҳанафий мазҳабида бу масала бошқа мазҳабларга қараганда бир оз кенгроқ олинган.
«Маҳр» никоҳ ақди ёки эру хотин бўлиш билан эр зиммасига юкланадиган, хотинга бериш лозим бўлган молдир.
Аллоҳ таоло Нисо сурасида: «Аёлларга маҳрларини чин дилдан чиқариб беринглар. Агар улар ундан бирор нарсани ўз розиликлари ила берсалар. Бас, уни енглар, ош бўлсин», деган (4-оят). Ушбу ояти карима эрга маҳр бериш вожиб эканини англатувчи тўртта ояти каримадан биридир. Ақди никоҳ бўлиши билан маҳр бериш вожиб бўлади. Агар қовушмай туриб ажрашадиган бўлсалар ҳам. Лекин, маҳрни бериш никоҳнинг шарт ёки рукнларидан эмас. Усиз ҳам никоҳ бўлаверади, аммо олди-бердиси қачон бўлса, бўлаверади. Ушбу оятда эр ўзига хотин бўлишга рози бўлган аёлга маҳрни оғриниб эмас, чин кўнгилдан чиқариб бериши лозимлиги уқтирилмоқда. Маҳр келиннинг ўз мулкига айланишига ҳам, ишора қилинмоқда.
Аёл маҳрни олганидан кейин нима қилса, ўзи билади. Жумладан, ушбу оятда зикр қилинганидек, эрига қайтариб берса ҳам ўзининг иши. Агар келин ўз ихтиёри билан рози бўлиб, берган маҳрининг ҳаммасини ёки бир қисмини қайтариб берса, эр уни бемалол олиб, тасарруф қилса, бўлаверади.
Имом Бухорий, Муслим ва Аҳмад Саҳл ибн Саъд розияллоҳу анҳудан ривоят қилган ҳадисда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам уйланмоқчи бўлган кишига «Агар бир темир узук бўлса ҳам топ», деганлар. У зот бирор никоҳни маҳрсиз қўймаганлари собитдир. Мусулмонларнинг барчаси никоҳ маҳрсиз бўлмаслигига ижмоъ қилганлар (Аллоҳ билувчидир).