1. Skip to Menu
  2. Skip to Content
  3. Skip to Footer

Талоқдан қандай сақланса бўлади?

Ҳозирги пайтда қўйди-чиқди кўпайиб кетган. Бу одамларнинг оилавий ҳаётга масъулиятсизлик билан ёндошаётганлари, талоқни жўн санаётганлари туфайли содир бўлмоқда. Талоқдан сақланишнинг қандай шаръий йўллари бор?

ЖАВОБ: Сиз айтаётган масала ҳозирги пайтда нафақат юртимиз мусулмонларини, балки бутун дунё халқларини ташвишга солиб турибди. Бу борада жуда кўп илмий анжуманлар ташкил этиляпти, тадқиқотлар ўтказиляпти, қарорлар қабул қилиняпти. Сўзимиз исботи сифатида Фатво ва илмий баҳслар бўйича Оврупа Мажлисининг 2005 йил 23-27 февралда бўлган ўн тўртинчи сессиясининг “Талоқдан сақланиш” бўйича қарори матнини келтириб ўтмоқчимиз:
 “Мажлис «Талоқдан сақланиш воситалари» борасида тақдим қилинган тадқиқотларни кўриб, таҳлил қилгандан кейин қуйидагиларга қарор қилди:
1. Ислом ўзининг оилага хос таълимотлари ва ҳукмларида уни муҳофаза қилишга, унинг бузилиши ва қулашини ман этишга қаттиқ эътибор бергандир. Шунинг учун ҳам эр-хотинлик робитаси мустаҳкам васиқа деб номланган. Ислом агар эр хотинини ёқтирмай қолса ҳам оилавий ҳаётни давом эттиришга тарғиб қилади. Аллоҳ таоло Нисо сурасида: «Ва улар ила яхшиликда яшанг. Агар уларни ёқтирмасангиз, шоядки, Аллоҳ сиз ёқтирмаган нарсада кўпгина яхшиликларни қилса» (19-оят) деган.
2. Шунга биноан мажлис талоқдан сақланиш воситаларидан қуйидагиларни баён қилади:
1) Иймоний томонни, Аллоҳ таолодан қўрқиш ҳиссини, У зот бир тараф иккинчисига зулм ва озор беришини кузатиб туришини англашни кучайтириш. Шунинг учун ҳам, оилага хос оятлар тақвога амр билан якунланган.
2) Эр ва хотин орасидаги муомалада ҳусни хулқ, сабр-бардошга асосланиш.
3) Эр ва хотин иккисидаги руҳий ҳолатларни ҳисобга олиш. Улар иккиси бир-бирига либос, сокинлик, муҳаббат ва раҳмат бўлишлари лозим. Улар бир жондан тарқалганлари юзасидан, икковлари бир-бирларига тақдир, эҳтиром ва шафқат назари билан қарашлари керак.
4) Икки тараф ҳам жуфти ҳалолини танлашда шариатда талаб қилинган сифатларнинг мужассам бўлишига қараб бир-бирини танлаши керак. Никоҳдан олдин шаръий қоидаларга риоя қилган ҳолда бир-бирини кўриш ва суҳбатлашиш каби Ислом эр-хотинликнинг бардавом бўлиши учун жорий қилган воситаларга амал қилиш лозим.
5) Эр ва хотин орасидаги муаммоларни ҳал қилиш бўйича ўзаро мулоқот ва мас-лаҳат маданиятини йўлга қўйиш керак. Зотан, Аллоҳ таоло Қуръони каримда: «Ўзаро рози бўлиб ва маслаҳат қилиб» деган.
6) Икки тараф адолат ва яхшилик асосида бир-бирининг моддий ва маънавий ҳақларини ўз ўрнида адо этишга қатъий равишда амал қилиши керак.
7) Икки тараф ҳам бир-бирини рози қилишга ҳаракатда бўлиши зурур. Шу-нинг учун ҳам шариатда жуфти ҳалолини рози қилиш учун, ораларини ислоҳ қилиш учун воқеликка тўғри келмаса-да ёлғон гапиришга ҳам рухсат берилган.
8) Ваъз-насиҳат қилиш каби таъсир қиладиган барча воситаларни ишга солиш керак.
9) Эр ва хотин орасини тузатиш учун икки тарафдан биттадан ҳакам сайлаш ишини ҳам йўлга қўйиш керак. Аллоҳ таоло Қуръони каримда: «Агар икковларининг оралари бузилишидан қўрқсангиз, эрнинг аҳлидан бир ҳакам ва хотиннинг аҳлидан бир ҳакам ажратинг. Агар улар ислоҳни ирода қилсалар, Аллоҳ эр-хотиннинг орасини мувофиқлаштиради», деган» (Аллоҳ билувчидир).