1. Skip to Menu
  2. Skip to Content
  3. Skip to Footer

Талоқ кўпайишининг сабаблари нима?

Ҳозирги пайтда ёшлар орасида (ҳатто катталар ўртасида ҳам) хотинини бўлар-бўлмасга талоқ қилиш, айрим жувонларнинг “талоғимни берасан” дея тихирликлари одат тусига кириб бўлди. Энг ачинарлиси, одамлар талоқ сўзини тилга олишдан қўрқмайдиган бўлиб кетяпти. Бундай ёмон ҳолатга нима сабаб бўляпти, бу тинмай урчиб кетаётган “талоқлар”дан қандай қутилиш мумкин?
«Талоқ» сўзи луғатда моддий ва маънавий тугунни ечиш маъносини англатади. Шаръий истилоҳда эса, махсус лафз ила никоҳни кетказиш ёки ҳалоллигини нуқсонга учратишга «талоқ» деб айтилади.
«Махсус лафз»дан мурод, талоқ ёки унинг маъносини англатувчи лафздир. «Никоҳни кетказиш» эса, никоҳ ақдини ечиб, орадаги маънавий боғланишни йўқотиш деганидир. Бу уч талоқ ила юзага келиб, шундан сўнг талоқ қилинган аёл ўзини талоқ қилган шахсга ҳалол бўлмай қолади. «Ҳалоллигини нуқсонга учратиш», дегани эса, бир талоқ қўйса, уч талоқ ҳақидан битта камайиб, хотиннинг унга ҳалоллиги нуқсонга учраган бўлади.
Ҳар бир ўзини ва динини билган мусулмон киши Ислом дини оила мустаҳкамлигини ўзига шиор қилиб олганини яхши билади. Динимизда оила мустаҳкамлиги учун керак бўлган барча чоралар кўрилган. Минг афсуслар бўлсинки, динимизни яхши билмаганимиз ва унинг таълимотларига амал қилмаганимиз учун оилавий ҳаётимизда ҳам қатор муаммолар, хусусан оила бузилиши ва унга боғлиқ ишлар кўпайиб бормоқда.
Бу ноқулай ҳолат айниқса талоқ масаласида ўзини яна ҳам очиқ намойиш қилмоқда. Ҳозирги кунда талоқ масаласини сўраб юрган кишилар диний савол сўраганлар ичида кўпчиликни ташкил қилиши сир эмас. Бу бало ҳатто тўйларидан ўн беш ёки йигирма кун ўтган келин-куёвлар орасида ҳам оз эмас.
Жоҳил куёвлар талоқ билан келинни ўзига бўйсундириш пайида бўлади. Саркаш келинлар ўзларининг «талоғимни бер» дейишлари билан қўрқмасликларини намойиш қилмоқчи бўлади. Натижада, фароғат ошёни бўлиши керак бўлган оила инқирозга кетади.
Аёлига гапини ўтказа олмайдиган ношудлар талоқ билан уларни йўлга солмоқчи бўлади. Эрларининг ношудлиги учун уларни назар-писанд қилмай қўйган хотинлар жумбушга келиб, талоқдан тап тортмасликлари билан ўзларининг жасоратларини кўрсатмоқчи бўлади. Натижада, фароғат ошёни бўлиши керак бўлган оила таназзулга кетади.
Аммо улари ҳам, булари ҳам ораларига талоқ тушганидан кейин муродимга етдим, дея тинчиб қолишмайди. Балки, талоқ тушган кунининг эртасидан талоққа йўл ахтариб имомлару маҳалла раислари, қариндошлару қуда-андалар -- ҳамманинг бошини гаранг қилишни бошлайди. Кечагина осмондан келиб ҳеч кимнинг насиҳатини қабул қилмаган, ҳеч нарса кўзига кўринмаган «ботирлар» энди ҳар қандай насиҳатни қабул қилишга тайёр бўлиб қолишади. Ораларидаги болалари кўзларига кўриниб, уларни тирик етим қилишнинг ёмонлигини эслаб қолишади...
Шу пайт белни маҳкам боғлаб орага «ўртачилар» тушади. Улар нима қилиб бўлса ҳам мақсадга етиш учун бўлган-бўлмаган турли баҳонани излаб топишади. Биттаси эр ёшлик қилиб талоқ қилганини узр сифатида келтиради. Ҳолбуки, ўша ёшлик қилган одам ўғил уйлаб, қиз чиқарган бўлиши ҳам мумкин. Бошқаси: бу ўзича талоқ десам, хотиним қўрққанидан олдимга тушиб отасиникидан уйимизга келаверади деб ўйлабди, дейди. Албатта, хотинига, уйга юр дейиш, шу ҳолатга муносиб сўз топиш ўрнига, сени талоқ қилдим, деган довдирни аёли билан қайта яраштиришга домла ҳам иккиланиб қолишини «ўртачи» хаёлига ҳам келтирмайди. Учинчи доно «ўртачи»нинг “бу бола хотинини жуда яхши кўрар экан, қаранг, яхши кўрганидан талоқ қилибди”, деганини ўзим эшитмасам, ҳеч кимнинг бу гапни нақл қилганига ишонмас эдим. Ўша доно «ўртачи» хотинини яхши кўргани учун талоқ қилган «муҳаббат қурбонини» домланинг ҳузурига эмас, руҳий хасталар шифохонасига олиб бориш зарурлигини ўйламасмикан?! Шунча машмашалар ўрнига эр-хотин орасидаги можарони талоқни ўртага қўшмай бошқа йўллар билан ҳал қилса бўлмайдими?! Ахир талоқ туфайли Аллоҳнинг Арши ларзага келади-ку! Нима учун бу нарсалар ўйлаб кўрилмайди?!
Менимча, бу муаммода аҳли илмларнинг ҳам «ҳисса»лари бор. Одамлари-мизга бу каби масалаларни кераклигича баён қилиб берилмагани ҳам ўзини кўрсатса керак. Оилани мустаҳкамлаш, талоқнинг олдини олиш масалалари кўпроқ ва осонроқ тушунтирилмаган бўлиши мумкин. Демак, шу кунлардаги талоқлар кўпайишини одамларга кенг тушунтириш, талоқ фақат энг ночор қолингандаги чора эканини англатиш, ёшларнинг диний билимларини ва маърифатини ошириш билангина бу ёмон ҳолатни жиловласа бўлади. Орамиздаги талоқ муаммосининг жиддийлашишига сабаб бўлаётган омилларни пухта ўрганиб чиқиб, уларнинг олдини олиш ва уларга қарши чора кўришни йўлга қўйишимиз зарур.
Аввало талоқнинг ички ва ташқи сабаблари борлигини билиб олишимиз лозим. “Ички сабаб” деганда, оила ичидаги, бошқача қилиб айтганда, эр-хотин орасидаги муносабатлардан келиб чиқадиган сабаблар кўзда тутилган бўлади. “Ташқи сабаблар” деганимизда, оила ташқарисидан, эр-хотиннинг ўзларидан бошқа тарафлардан чиқадиган сабаблар кўзда тутилади.
Қуйидаги сатрларда ҳозирда бизга маълум бўлган талоқнинг сабабларидан баъзилари ҳақида қисқача сўз юритамиз. Талоқнинг ички сабаблари қуйидагилар:
1. Эр-хотин орасида оилавий ҳаёт, никоҳ, талоқ каби мавзуларда керакли илмнинг етишмаслиги. Кўпгина ёшлар никоҳланганларидан кейин оилавий турмушга ўз тенгдошлари қилган тавсиялар асосида қарашади. Тўй вақтида ва оилавий ҳаётнинг бошланишида келин-куёвнинг яқинлари уларга қандай қилиб бўлса ҳам умр йўлдошини «гаҳ деса, қўлга қўнадиган қилиб олиш» ҳақида маслаҳатлар беришади. Бундай маслаҳатлар кўпинча маслаҳатгўйнинг ўта тор, бачкана тажрибаларига асосланган бўлади. Қўполроқ қилиб айтганда, ўзига енг бўлолмаган бошқа бировга ёқа бўлгуси келади. Бундай «жайдари» маслаҳатларни ўйласанг, уялиб кетасан киши.
Аслида эр ва аёл оилада қандай муносабатда бўлиши керак, деган саволларга мазкур маслаҳатлар ҳеч қачон жавоб бера олмайди. Аксинча, улар оилада алоқаларнинг кескинлашувига сабаб бўлади. Оилавий алоқалар асрлар давомида тажрибаларда қарор топади, узоқ вақт мобайнида шаклланади. Ҳар бир миллатнинг тарихан шаклланган ўзига хос ҳаётий тажрибалари бор.
Энг муҳими, динимизнинг мукаммал таълимотлари бор. Ана ўша таълимотларни ҳар бир оила аъзоси қунт билан ўрганиши керак. Уларга оғишмай амал қилиш йўлига ўтиши керак. Бозордан сотиб олинган бирор асбобни ишлатишдан олдин уни бузиб қўймасликдан қўрқиб ва яхши ишлашини йўлга қўйиш учун унга қўшиб берилган таълимотлар қоғозини қунт билан қайта-қайта ўқилади. Нима учун умр савдоси бўлган, икки дунё жавобгарлиги бўлган оилани мустаҳкамлаш борасидаги илоҳий таълимотлар билан танишиб қўйишга жиддий қаралмайди?!
Аллоҳга шукр, аввал бўлмаса ҳам, ҳозирда оила ҳақидаги динимиз таълимотлари ҳақида анча китоблар чиқди. Бошқа воситалар билан ҳам бу таълимотлар тарқатилмоқда. Бир оз аҳамият бериб, уларни ўрганиб ҳаётга татбиқ қилиш ўзимизнинг бахтимиз эканини доимо ёдимизда туриши керак.
2. Оиланинг бузилишига кўп сабаб бўлаётган омиллардан бири ичкиликбозлик ва гиёҳвандликдир. Уламоларга талоқ масаласида мурожаат қилаётганларнинг кўплари бу муаммога ичкилик ичгани, гиёҳвандлик ёки зино каби гуноҳлар туфайли мубтало бўлгани маълум ва машҳур. Аллоҳ ҳаром қилган бу нарсаларни қилиб қўйиб, ўз бошига кўпгина бало-офатларни жалб этувчи шахслар оилалари бошига ҳам талоқ балосининг тушишига сабаб бўладилар.
Ичкиликбозлик барча кулфатларнинг, жиноятларнинг сабабчиси, жамиятни бузувчи қаттол ва ёвуз офат. Ҳазрати Усмон розияллоҳу  анҳудан Имом Насаий келтирган мана бу ривоят ана шунга энг яхши далил: «Майхўрликдан сақланинглар, зеро у барча кулфатларнинг онасидир. Қадим замонда яхши фазилатли, хулқли бир бой киши бўлган. Енгилтак аёллардан бири уни йўлдан оздирмоқчи бўлибди. Баҳона билан уни ҳузурига таклиф этибди, бояги киши тўғри кўнгил билан уникига борибди. Аёл уни хонада бир бола ва бир кўза май билан қарши олибди. Сўнгра аёл мақсадига кўчибди: «Қасам ичиб айтаманки, мен сени меҳмонга эмас, мен билан ишрат қилгани чақирдим. Шартимга кўнмасанг ё майни ичасан ёки болани ўлдирасан. Акс ҳолда уйдан чиқармай шарманда қиламан», дебди. Бояги одам: «Энг осони май ичиш экан, шуни ичиб қўя қолай» дебди ва майни сипқорибди. Охири маст бўлиб, болани ҳам ўлдирибди, зино ҳам қилибди... Ушбу ҳодиса сизларга ибрат бўлсин, токи май билан иймон бир-бирига ёт эканига Аллоҳ гувоҳдир».
Ичкиликбозлик ва гиёҳвандликнинг нақадар ёмон қабоҳат экани хусусида Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламдан бир неча ҳадиси муборак ворид бўлган: «Ичкиликни севувчилар жаннат ҳузуридан бебаҳрадирлар»; «Аллоҳ таоло мени бутпарастликдан қайтарганидан сўнг майхўрлик ва киши-лар билан жанжаллашишдан сақланишга чақирди».
Шунингдек, гиёҳвандлик, қиморбозлик, фоҳишабозлик каби ярамас иллатлар ҳам кишиларнинг инсоний қиёфасини йўқотувчи, ҳаром ишларга етакловчи ифлосликлардандир. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам таълим берганларидай, ана шундай ҳаром, номақбул ишларни кўрганда қўл билан тўхтатишга уринайлик, имкони бўлмаса сўз билан тўхтатайлик, бордию бунинг ҳам иложи бўлмаса иймон заифлигига далолат бўлса-да, уни қалбан-фикран тўхтатайлик.
3. Оилаларнинг бузилишига сабаб бўлаётган омиллардан яна бири эр-хотинларнинг бир-бирлари билан бўлаётган алоқаларида сабр ва бағрикенгликнинг етишмаслигидир. Табиийки, оилавий ҳаётда турли ҳолатлар содир бўлиб туради. Шу жумладан, эр-хотин ўртасида келишмовчиликлар ҳам чиқиши мумкин. Шошқалоқлик, тез аччиқланиш, талашиб-тортишиш, тирноқ остидан кир ахтариш ва ўзидан бошқаларга ўхшаш ҳаёт кечиришни талаб қилиш каби ишлар хотинга ҳеч қачон обрў келтирмаган, келтирмайди ҳам. Бундай ишлар оилавий ҳаётни бузишга, уни ёруғ дунёдаги жаҳаннамга айлантиришга хизмат қилади, холос.
Шунинг учун ўрни келганда ғазабни ютиш, ёқмаса ҳам оилавий ҳаёт ҳурматидан баъзи нарсаларга чидашга одатланиш керак бўлади. Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Мўмин мўминага ғазаб қилмасин, агар унинг бир хулқини ёқтирмаса, бошқасини ёқтирур», дедилар» (Муслим).
 Эр хотинининг бирор ёмон хулқидан норози бўлиб, унга ғазабини тўкиб солмасин, ўша пайтда хотинининг яхши фазилатлари ҳам борлигини унутмасин. Эр хотинининг ёмон хулқини иложи борича авф этишга, яхши хулқини эса, бўрттириб кўрсатишга уринсин. Ана шунда ҳаётлари яхши ўтади. Ушбу набавий амр-насиҳатни ҳар бир мўмин эркак яхшилаб ёдлаб олмоғи даркор.
Шу билан бирга мўмина аёллар ҳам бунга амал қилсалар яхши бўлади. Бундай пайтларда аёл киши оқилона йўл тутмоғи лозим. Оқила аёллар тезда ўзини ўнглаб олиб сулҳга ўтади ва эрига бу борада эсидан чиқмайдиган дарс беради. У ўз эрига енгил пайтида ҳам, оғир пайтида ҳам яқин киши, дардкаш, маслаҳатчи бўлади. Уни сабр-чидамга даъват қилади, тушкун кунларида кўнглини чўктирмай, доимо олдинга интилишга ундайди.
Минг афсуслар бўлсинки, ҳаётда аёлларимиздан баъзилари бўлган-бўлмаган нарсага талоқ сўрашни ўзларига эп кўрадилар. Бу иш мўмина-муслималарга мутлақо тўғри келмайдиган иш ва гуноҳдир. Савбон розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Қай бир аёл узрли сабабсиз эридан талоқ қилишни сўраса, унга жаннатнинг ҳиди ҳам ҳаром бўлади», дедилар» (“Сунан” эгалари ривоят қилган).
Эридан беҳудага талоқ қилишни сўраган аёл жаннатга кириш у ёқда турсин, унинг ҳидини ҳам ҳидлай олмайди. Бу ҳадиси шарифда аёлларнинг оилавий ҳаётдаги энг заиф жойларидан бири муолажа қилинмоқда. Одатда баъзи аёллар сал нарсага эрига ундоқ бўлса, мени талоқ қилиб қўй, деб туриб олишади. Эрнинг хаёлида ҳам йўқ бўлган масалани кўндаланг қилиб қўйиб туриб олишади. Ушбу нотўғри иш оқибатида гап кўпайиб, жанжал кучаяди ва иш талоқ билан тугайди. Эр хаёлида йўқ нарса бўлмиш талоққа хотини томонидан мажбур қилинади. Шу-нинг учун ҳам ҳадисда ушбу ишни қиладиган аёллар учун қаттиқ ва шиддатли жазо борлиги хабар қилинмоқда. Албатта, ҳар бир мўмина-муслима аёл бу ҳадиси шариф маъносини ўзига яхшилаб сингдириб олиши лозим.
Турмушда ҳар хил ҳолатлар бўлиши турган гап. Одам бир хил туравермайди. Эркаклар хато қилиши, баъзидан зулм қилиб юбориши ҳам мумкин. Лекин ўша ҳолатни орага талоқни қўшмай муолажа қилиш ҳам мумкин-ку! Аёллар иложи борича эрларидан талоқни талаб қилмасликлари керак. Шунингдек, эркаклар ҳам ўзларини бу гапни айтишдан сақлашлари лозим (Аллоҳ билувчидир).